Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 04:15

Россия Думаси қоида бузган муҳожирни бирданига бадарға қилмасликка рухсат берди


21 декабрь куни Россия Давлат Думаси суд ҳакамларига миграция қонунчилигини бузган айрим хорижликларни мамлакатдан бирданига бадарға қилмаслик рухсатини берувчи қонун қабул қилди. Янги қонунга кўра, бир йил давомида қоидани такрор бузган муҳожирга 7 мингдан 10 минг рублгача жарима солиниб, депортация қилинади.

Россия парламенти маҳаллий миграция қонунларини бузган муҳожирларга нисбатан қўлланилиб келинган жазо чораларини бирмунча енгиллаштирди.

Чоршанба куни Россия Думаси иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган қонун лойиҳасига кўра, бир йил давомида такрорий қоидабузарлик содир этган мигрантгина Россиядан мажбурий равишда чиқариб юборилади. Рус парламенти миграция қонунчилигини бузганларга депортация ва мамлакатга киритмаслик чораларини қўллаш қоидаларига аниқлик киритгани маълум қилинди.

Қонун маҳаллий судларга бир маротаба миграция тартибларини бузган муҳожирларни депортация қилмаслик мумкинлиги рухсатини ҳам берди. Маъмурий қонунбузарликлар Кодексига жорий этилган “мазкур қонун ташаббусчиси Россия ҳукумати” экани расман хабар қилинди.

Шу тариқа, мамлакатдан депортация қилинган меҳнат муҳожирларининг аксарига таниш бўлган Россия Маъмурий қонунбузарликлар Кодексининг 18.8 моддасига киритилган ўзгартишларга биноан:

1 Банд. Россияга кириш ва у ерда яшаш қоидаларини бузган: миграция қайдига вақтида турмаган, Россияда яшаш жойини тегишли идораларга аниқлаштирмаган, Россия ҳудудидан транзит ҳаракатланиш қоидасини бузган хориж ватандошига 2 мингдан 5 минг рублгача жарима солинади ва эҳтимол – судьянинг ихтиёрига кўра -Россиядан маъмурий бадарға қилиш чораси қўлланилади.

1.1 Банди. Россия ҳудудида яшашга оид тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ёки ҳужжатларини йўқотиб қўйган, аммо тегишли идорага (полицияга) бу ҳақда хабар бермаган, ёҳуд яшаш муҳлати тугаб Россиядан чиқиб кетмаган хорижликка, гарчи бу ҳаракатлар жиноий жазога тортувчи аломатларга эга бўлмасагина -2 мингдан 5 минг рублгача жарима солинади ва Россиядан маъмурий бадарға қилиш чораси қўлланилади.

2 Банди. Россия ҳудудида миграция картасида белгилаган фаолият билан шуғулланмаган хорижликка 2 мингдан 5 минг рублгача жарима солинади ва – судьянинг ихтиёрига кўра -Россиядан маъмурий бадарға қилиш чораси қўлланилади.

3 Банди.1 ва 2 бандларда кўрсатилган қоидабузарликлар Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ёки Москва ва Ленинград вилоятларида содир этилса, 5 мингдан 7 минг рублгача жарима солинади ва эҳтимол Россиядан маъмурий бадарға қилиш чораси қўлланилади.

3.1 банди. 1.1 бандида кўрсатилган қоидабузарликлар Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ёки Москва ва Ленинград вилоятларида содир этилса, 5 мингдан 7 минг рублгача жарима солинади ва эҳтимол Россиядан маъмурий бадарға қилиш чораси қўлланилади.

4 банди. Агарда хориж ватандоши 1 ва 2 бандда белгиланган қоидабузарликларни бир йил давомида такрорий маротаба содир этса, 5 мингдан 7 минг рублгача жарима солинади ва мажбурий тарзда Россиядан бадарға қилинади.

5 банд. Агарда хорижлик юқорида кўрсатилган қонунбузарликларни бир йил давомида такроран содир этган бўлса, унга 7 мингдан 10 минг рублгача жарима солинади ва у Россиядан мажбуран чиқариб юборилади.

Янги жорий этилган ўзгартишларда суд ҳакамлари қоидабузар муҳожирнинг оилавий шароити, унинг Россияда яшаб келиши давомийлиги, Россия ватандошлигига қилган мурожаати, топаётган даромади, Россияда яшаётган яқинлари бор-йўқлиги, соғлиги ва бошқа шу каби хусусиятларни инобатга олиши мумкинлиги ҳам белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, миграция мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда коррупция ва инсон ҳақлари бузилишининг кўплаб ҳолатларини юзага келтираётган депортация ва бадарға қилиш чораларини мутлақо бекор қилишни талаб қилиб келмоқда.

Боз устига, Россия Ички ишлар вазирлиги Россиянинг деярли барча минтақаларида очилган ўнлаб Хориж ватандошларини сақлаш марказлари (СУВСИГ лар) депортация қилинаётган муҳожирлар билан тўлиб тошгани, суд приставлари эса уларни бадарға қилишга федерал бюджетда маблағ йўқлигини тан олиб келаётгани тўғрисида хабар берилган эди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бугунга келиб Россияга кириш тақиқланган муҳожирлар сони 2 миллионга яқинлашиб қолган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG