Тошкентнинг Юнусобод тумани имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов эркакларнинг доялик қилишига қарши маърузаси матбуотда "нотўғри талқин" этилаëтганини айтиб, айрим ахборот воситаларини фитнакорликда айблади.
7 апрел кунги Жума ваъзида Юнусобод имоми ўз маърузасининг "эркаклар гинекология билан умуман шуғулланмасин"¸ деган маънода талқин этилишини "янглиш", деб баҳолади.
- Биз доялик ҳақида маъруза қилган эдик. Аслида, бу маърузани кўпчилик тушунмади. Қиз болани дояликка ўқитиш керак. Аёлларга аёл киши доя бўлиши керак, эркак киши бўлиши мумкин эмас. Эркак кишини эркак доктор, аёл кишини аёл доктор кўрмоғи - бу менинг талабим эмас бу, шариатимизнинг талаби бу, - деди имом Раҳматуллоҳ Сайфуддинов.
42 ёшли имомнинг 31 март кунги жума ваъзида эркаклар доялик қилиши "шармандалик" ва бунга чек қўйиш керак, деган чақириғи ижтимоий тармоқда ва турли сайтларда зиддиятли фикрларга сабаб бўлганди.
Юнусобод тумани имом-хатиби бу ҳақда хабар берган Озодлик, Би-Би-Си ва "Америка овози" радиоларини фитнакорликда айблади.
- Фитна қилишяпти. "Ўзбек имоми доя эркаклардан воз кечайлик", деган мазмунда фитна каби саволларни ташлаб одамларни фикрини билишга… жоҳилларга шу нарсани ташлашяпти. Ҳатто рус тилли қавм орасига менинг маърузамни қўйишиб, фикрларинг нима деяпти. Бу рус тиллиларга тегишли эмас бу гап, - деди имом.
Маърузасига қарши изоҳ қолдираётганлар эса, имомнинг ишонишича, "хориждаги номақбул" шахслардир.
- Эркаклардан ким қарши фикр билдирган бўлса ярми доя эркаклар, ярми ҳизбий, ваҳобий оппозиция ватанга келолмаётган хориждаги номаъқул одамлардан бўляпти бу изоҳларда. Сиёсатимизга қарши бўлганлар ҳориждан туриб тош отяпти, - дейди Юнусобод имоми Раҳматуллоҳ Сайфутдинов.
Озодлик Юнусобод имом-хатибининг эркаклар доялик қилмаслиги кераклиги ҳақидаги чақириғи юзасидан муносабат олиш учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига боғланди.
Қўмита расмийлари бу борада бирон изоҳ беролмасликларини айтишди.
Озодлик Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам боғланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик боғланган ходими бу ҳақда фақат матбуот хизмати баёнот беришини айтди.
Вазирлик Матбуот хизмати бошлиғи Фурқат Санаев билан боғланиб бўлмади.
Ўзбекистогнлик тилшунос Фарида Шариф Юнусобод имомининг баёноти юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига қилган мурожаатига ҳамон жавоб олмаганини билдиради.
- Мурожаатимда мен, айни иддаога муносабат билдирилишини сўрадим. Чунки менинг назаримда, тиббиёт муассасалари учун кадрлар тайёрлаш масаласи давлат органлари томонидан ечилиши лозим, - дейди тилшунос.
Фарида Шариф тошкентлик имомнинг маърузаси аёллар ҳуқуқларига қарши эканини айтди.
- Умуман, унинг аёлларга эркак шифокорларни яқинлаштирмасликни талаб қилишга нима ҳақи бор? Аёллар бизда ўз соғлиғини қандай ҳимоя қилишни ўзлари танлаш ҳуқуқига эгадир, - дейди Фарида Шариф.
Ўзбекистон Конституциясида дин давлатдан ажратилганлик тамойили таъминланади.
Конституциянинг 61-моддасида "Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган" деб ёзилган.
Ўзбекистонлик руҳшунос олим ва ёзувчи Маҳмуд Йўлдошев шифокорларни аёл ва эркакка ажратиш нотўғри дейди..
- Ўлим ва ҳаёт масаласи турганда жинсига қараб врач танламайди. Менинг фикрим муллалар муллалигини қилсин, дунёвий ишларга аралашмасин. Бизнинг давлатимиз - дунёвий давлат. Агар улар дунёвий ишларга бурнини суқадиган бўлса албатта уларнинг бурнини қонун йўли билан қисқартиришга, яъни Ўзбекистон республикасининг асосий қонуни Конституция билан чеклашга тўғри келади. Ўша қонунимизда касб танлашда касб жинсга қараб танланади дейилмаган. Демак, менинг, ёки бошқа бирон кишининг врач гинеколог бўлишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ким хоҳламаса фалончига даволанишга боришни , бошқасига бораверсин. Ҳеч ким фалон дўхтирга борасан деб мажбурланмайди, - дейди Маҳмуд Йўлдош.
Ўзбекистонда эркакларнинг доялик қилишини ман этиш чақириқлари биринчи марта янграëтгани йўқ.
Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида таниқли ҳофиз, ўша пайтда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлган Шерали Жўраев ҳам туғруқхоналарда фақат аёллар ишласин, деган таклифни илгари суриб чиққан. Бу ҳақда журналист Жаҳонгир Муҳаммад ўз хотираларида келтириб ўтганди.