Линклар

Шошилинч хабар
11 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:07

Мувозанат топиш. Украинадаги уруш Марказий Осиёни қандай ўзгартирди?


Pоссия президенти Владимир Путин Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан.
Pоссия президенти Владимир Путин Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан.

Россиянинг Украинага босқинига 2 йил тўлди. Бу уруш глобал дунёга иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан катта таъсир кўрсатди ва геосиёсий ўзгаришлар учун эшик очди.

Москва узоқ вақтдан бери Марказий Осиёда асосий ўйинчи бўлиб келган, бироқ уруш Марказий Осиёда Россия ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб юборди. Ўз навбатида бу Хитой, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи учун қатор имкониятлар яратди.

Марказий Осиёнинг икки йиллик муҳим иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлардан кейинги кўриниши қандай бўлади?

Озодлик Украинадаги уруш Марказий Осиёни қандай ўзгартирганини таҳлил қилиш учун беш нафар етакчи эксперт ва журналист билан суҳбатлашди.

РОССИЯ БИЛАН МУНОСАБАТЛАРДА ЯНГИ "НОРМАЛЛИК"

Темур Умаров, Берлиндаги Карнеги Россия-Евросиё маркази таҳлилчиси

Темур Умаров.
Темур Умаров.

Уруш бошида Россия Марказий Осиё учун зарарли ҳамкор сифатида кўринди, яъни у билан ҳамкорлик қилиш мумкин эмас, деган фикр ҳукмрон эди. Бироқ сўнгги икки йиллик уруш бошқа ҳақиқатни очиб берди, яъни Россия яккаланиб қолгани ва дуч келаётган иқтисодий қийинчиликларга қарамай, у минтақа учун муҳим ҳамкор бўлиб қолмоқда.

Икки йил ўтган бўлса ҳам, Марказий Осиёдаги авторитар режимлар Москвани муҳим шерик деб билган ҳамкорликнинг баъзи тармоқлари мавжуд, айни пайтда Россиянинг ўзи ҳам минтақанинг бешта давлатини ўзи учун ёпиқ дунёга бир эшик сифатида фойдали деб билади.

Марказий Осиёда Россияга нисбатан жамиятнинг қарашлари ривожланди. Одамлар энди Россияни бошқа ракурсдан қабул қила бошлади. "Марказий Осиё Барометри" ва "Демоскоп" томонидан ўтказилган сўровларга кўра, минтақа шимолида Россияга нисбатан норозиликнинг янги тенденцияси ортган. Украинадаги уруш жамоатчилик кайфиятини ўзгартиришда ҳал қилувчи роль ўйнади. Россиянинг Украинага бостириб кириши жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Марказий Осиёга қаратди ва минтақа энди халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб турибди.

Ҳозирда Марказий Осиё давлатлари кун тартибида анчайин мураккаб масалалар бор. Биринчидан, улар халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишлари керак, аммо бу ерда асосий муаммо ташқи молиявий ва сиёсий имкониятларни ички тараққиётга айлантира олишда. Иккинчидан, улар Россия ва бошқа глобал ўйинчилар билан муносабатларида нозик мувозанатни ушлай олиши керак. Россиянинг ҳаракатларини кўркўрона қўллаб-қувватлашдан қочиш ва бир вақтнинг ўзида Россия билан зиддиятга бормаслик. Бу мувозанат Марказий Осиёнинг келажакдаги барқарорлиги ва фаровонлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

ҚОЗОҚ ДИПЛОМАТИЯСИ УЧУН СИНОВ

Крис Риклтон, Озодлик радиосининг Олмаотадаги Марказий Осиё бўйича мухбири

Крис Риклтон.
Крис Риклтон.

Россия кучлари Украинага бостириб киришидан бир неча ҳафта олдин, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2022 йил январдаги тўс тўполонларда ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун КХШТ(ОДКБ) қўшинларини олиб кирди.

Аммо уруш бошланганидан кейин Қозоғистон Украина шарқидаги Россия аннексия қилган республикаларни қатъиян тан олмаслигини қатъиян билдирди. Қозоғистоннинг нейтрал позицияси россиялик депутатлар ва Кремль тарғиботчиларининг ғазабини келтирди.

Қозоғистон қандай қилиб «икки қайиқда мувозанат сақлашга» муваффақ бўлди?

Хитойнинг ёрдами.

2022 йил сентябрида Хитой етакчиси Си Цзиньпин пандемиядан кейинги биринчи хорижий ташрифини Қозоғистонга амалга оширди. Си Остонада “Хитой ҳар қандай кучларнинг «мамлакатингиз ички ишларига аралашувига қатъиян қарши туради» дея ваъда берди. Бу Ғарб доҳил Москвага ҳам берилган сигнал эди. Шу баёнотдан сўнг шимолдан бўлаётган босим бироз сусайди.

Германия канцлери Олаф Шольц 29 сентябрь куни Берлинда Марказий Осиёнинг бешта президенти билан учрашди.
Германия канцлери Олаф Шольц 29 сентябрь куни Берлинда Марказий Осиёнинг бешта президенти билан учрашди.

Марказий Осиёнинг бешта раҳбари Германия канцлери Олаф Шольц билан бир хил форматдаги музокаралар ўтказди. Кейинроқ, Франция президенти Эммануэл Макрон Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф билан келди. Тоқаев Туркия ва Яқин Шарқ давлатлари билан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Бу дипломатик манёврлар Кремль учун зиддиятли янги статус-кво ўлароқ баҳоланди.

ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРНИ ИШГА СОЛИШ

Лука Анчески, Глазго университетининг Евроосиё тадқиқотлари бўйича профессор

Лука Анчески
Лука Анчески

Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган анча қутбланган геосиёсий муҳитдан муваффақиятли ўтиб олди дейиш мумкин.

Минтақадаги икки асосий давлат Қозоғистон ва Ўзбекистон Кремль билан масофа сақлашга ўтди. Улар давом этаётган босқинни жиддий танқид қилмаганига қарамай, Россия тарафдори сифатида кўрилмайди.

Урушнинг иқтисодий жиҳатларига назар ташлайдиган бўлсак, Марказий Осиё урушдан маълум даражада фойда олди. Минтақанинг камтарона иқтисодга эга икки давлати Қирғизистон ва Тожикистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Россиядан пул ўтказмаларининг ўсиши ва Россия билан ўзаро савдо ҳажмининг ортиши минтақа иқтисодиётини ҳам бирмунча оширди.

Кўп нарса Ғарбнинг келажакда қандай муносабатда бўлиши ва бу қулай шарт-шароитлар ўрта муддатли истиқболда сақланиб қоладими ёки йўқ шунга боғлиқ. Масалан, бир томондан Россияга қўйилган санкциялар таъсирининг сусайиши Марказий Осиёнинг урушдан олган иқтисодий ютуқларини камайтириши мумкин бўлса, бошқа томондан Ғарб Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «олтин ўрталикни ушлаш» сиёсатини қийинлаштириши мумкин.

ХИТОЙ, РОССИЯ ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ

Жулиа Шиорати, Лондон Иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби тадқиқотчиси

Жулия Шиорати
Жулия Шиорати

Россиянинг Украинага босқинига икки йил тўлар экан, Хитойнинг Москвага нисбатан позицияси мувозанатлаштирувчи характерда давом этмоқда. Хитой юқори даражадаги учрашувлар ва билвосита иқтисодий ёрдам орқали Украинага томон дипломатик саъй-ҳаракатларни кучайтирди.

Ўтган йили Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И украин ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан учрашди. Пекинга Украинанинг янги элчиси тайинланди – бу лавозим 2021 йилдан бери бўш турган эди.

Пекин ва Москва Украинага босқиндан олдин ўзаро «чексиз» ҳамкорлик ҳақида эълон қилди. Бу орқали Хитой Ғарбга қарши биргаликда курашиш учун муҳим деб билган Россия билан муносабатларини юқори ўринга қўйишга ҳаракат қилди.

Пекин, шунингдек, уруш атрофидаги глобал имижини ўзгартиришга ҳаракат қилди, ўзини нейтрал тинчликпарвар сифатида кўрсатиб, тинчликка эришиш бўйича ўз режасини тақдим қилди.

Хитой ва Россия ўртасида қанча вақт мувозанат сақлаб тура олиш Марказий Осиё давлатлари учун асосий саволлардан бири. Пекин ва Москва минтақа ва кенгроқ қўшничилик ҳақида гап кетганда, кўплаб муштарак манфаатларга эга, буни Афғонистон, Ғазо ва Эрон бўйича икки мамлакатнинг ўхшаш позицияларидан ҳам кўриш мумкин.

ЕВРООСИЁДАГИ САВДО УЧУН ОЧИЛИШ

Эмил Авдалиани, Тбилисида жойлашган Европа университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори

Эмил Авдалиани
Эмил Авдалиани

Украинадаги уруш Марказий Осиё давлатларини ташқи сиёсатида жасоратли бўлишга туртки берди ҳамда минтақанинг глобал савдо йўлаги сифатидаги аҳамиятини оширди.

2022 йил февралигача Европа Иттифоқи ҳам, Хитой ҳам Россия орқали Осиё ва Европа ўртасидаги шимолий савдо йўлига аҳамият бермай келган. Урушгача Хитой ва Европа Москванинг кенг темир йўл тармоғи ва қулай божхона амалиётидан фойдаланиб келарди. Қора денгиздан Каспий бўйлаб Марказий Осиёга қадар чўзилган Ўрта йўлак кўп жиҳатдан эътибордан четда қолган эди.

Аммо вазият Россия босқинидан кейин ўзгарди. Ғарб давлатлари, Хитой, Туркия ва савдо йўлидаги бошқа давлатлар йўналишни янада кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Украинадаги уруш Марказий Осиё мамлакатлари учун кўпроқ имкониятлар яратди. Қозоғистон мисолида айтадиган бўлсак, уруш Остонага Россия бошчилигидаги бир қанча ташкилотларга аъзо бўлишига қарамай, Россияга иқтисодий қарамликни қайта кўриб чиқиш ва камайтириш имкониятини берди.

Қозоғистон Марказий Осиё савдо йўлагида асосий драйверлардан бири, мамлакатда сармоялар ва савдо ҳажми ошган.

Кенгроқ маънода уруш ва унинг ортидан Москвага киритилган Ғарб санкциялари Россиянинг таъсирини чеклаб уни Марказий Осиёдаги бошқа ўйинчилар жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Япония, Эрон, Туркия, Хитой ва Форс кўрфази давлатлари қаторига қўшди.

Шу нуқтаи назардан, Украинадаги уруш Россиянинг Марказий Осиёдаги гегемонлигига барҳам беряпти дейиш мумкин.

Бу жараён Россия ўрнига янги муқобил иқтисодий ва сиёсий шериклар пайдо бўлиши билан янада жадал давом этади.

Форум

XS
SM
MD
LG