Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:07

Таҳлил: Москвадаги норозилик намойишларига расмий жавоб бурилиш нуқтаси бўладими?


Москва кўчаларидан олинган суратлар жуда таниш.

Дубулға, қора-кўк камуфляж, тиззадан тепагача этик – ботфорт кийиб олган полиция махсус қўшинлари намойишчиларини резина таёқ билан уради, бошқаларни қўл-оёғидан кўтариб олиб бориб, полиция машиналарига тиқади. Аксарияти шортик, футболка, кроссовка, баъзилари эса бейсбол кепкаси кийиб олган ва тадбирни смартфонига ёзиб олаётган намойишчилар уриниб-туртиниб, мазахомуз сўзлар билан шиорлар айтиб бақиради.

Бироқ 27 июль кунги вазият бошқача бўлди ҳамда мақсад нима, нега ҳозир ва энди нима бўлади, қабилидаги саволлар туғилди.

Россия пойтахтидаги норозилик намойиши вақтида 1400 га яқин киши ҳибсга олинди. Намойиш чоғида Москва шаҳри мэрияси олди оломонга тўлиб кетди.

Норозилик намойишига либерал сиёсат фаолларининг 8 сентябрь куни Москва шаҳар кенгашига бўлиб ўтадиган сайловга номзод кўрсатиши билан боғлиқ муаммолар туртки берди. Намойиш вақтида “Путинсиз Россия!” ва “Россия озод бўлади!” сингари шиорлар янгради.

Бир неча ҳафта олдин сайловга масъул идоралар ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб, мустақил номзодларни рўйхатга олмаган эди.

Мухолифатнинг Алексей Навальний, Леонид Волков, Любовь Соболь ва Илья Яшин сингари фаоллари бунга норозилик сифатида шаҳар мэрияси ёнида рухсат этилмаган митинг ўтказиш даъвати билан чиқди. Москва шаҳри ҳокимияти, аввало, мэр шаҳар аҳолисига элдан бурун бундай қилмасликни уқтира бошлади.

Бошларда калтак ҳам синди.

Баъзи маълумотларга кўра, бу 2011-12 йиллардаги норозилик тўлқинидан кейинги энг ёмон сиёсий зўравонлик бўлди. Ўшанда сайлов натижалари сохталаштирилгани ва Владимир Путиннинг бош вазирликдан яна президентликка қайтишидан ғазабланиб, ўн минглаб одам кўчаларга чиққан эди.

Ҳайратомуз шафқатсизлик

Кремль фаолиятини узоқ йиллардан бери кузатиб келаётган таҳлилчилар фикрича¸ ҳафта охирида ҳуқуқ-тартибот ходимларининг намойишчиларга кўрсатган шавқатсизлигининг ажабланадиган жойи йўқ.

Путин ва унинг ититфоқчилари бўйича эксперт, сиёсатшунос Лилия Шевцова фикрича, намойишчиларга қарши жавоб чораси Кремль учун чеклов қай даражада мавжудлигини кўрсатади.

‒ Кремлдагилар Горбачёв даврини яхши эслайди: уларга деразасини сал очсанг, эшикни катта очиб олади... ва шу тариқа ҳаммаси бошланади, ‒ деб ёзди у Москвадаги “Эхо Москви” радиостанцияси вебсайтидаги изоҳида. ‒ Йўқ, ҳукумат бунга рухсат бера олмайди. Босим ҳукуматнинг истагига ҳам қарамай, давом этаверади. Бунақа тўплар гараждан олиб чиқилгач, улар ўз ҳаракат мантиғига эга бўлади.

Ҳисоб-китобларга кўра, дам олиш куни бўлиб ўтган норозилик намойишига, расмийлар ёки мухолифат иддаосига қараб, 3500 дан 20 000 минггача киши чиққан. Бир ҳафта олдин пойтахтда бўлиб ўтган шунақа намойишга 22 000 дан ошиқ одам чиққани хабар қилинган эди.

Экспертлар фикрича, ҳокимият идораларининг намойишни шафқатсизлик билан тарқатиб юборишга уриниши унга бунчалик кўп одам чиқиши мумкинлигини кутмаганидир.

Айни пайтда гап Владимир Путиннинг 20 йилга яқин ҳокимиятни эгаллаб тургани ва 2024 йили унинг президентлик ваколати тугагандан сўнг нима бўлиши ҳақида кетмоқда.

Бундан кейин нима бўлади?

Беш йилдан сўнг Путиннинг ҳокимиятда қолиш-қолмаслиги, мабодо қолмаса, унинг ўрнини ким эгаллаши аниқ эмас.

2018 йил мартида ОАВ тўлиқ Кремль назоратидалиги ва сайлов жараёни тўлиқ бошқариб турилгани сабабли Путин ишончли ғалабага эришган эди. Аммо унинг обрўси маошлар турғунлиги, пенсия ёшининг оширилиши, “”Единая Россия” партиясига нафрат ва ички сиёсатдан норозилик сабаб туша бошлади.

Қизиғи шундаки, Навальний ва бошқа сиёсий ташкилотлар айтмоқчи бўлаётган гапини¸ телеканаллар ўзи учун ëпиқлигига қарамай, оммага етказишнинг уддасидан чиқмоқда.

“Р.Политик” консалтинг фирмаси раҳбари, таҳлилчи Татьяна Становая фикрича, полициянинг намойишчиларга нисбатан қаттиққўллиги Кремль мухолиф ташкилотларга нисбатан қандай сиёсат юритишни билмай қолгани аломатидир.

“Масаланинг осон ечими йўқ”

Становаяга кўра, ҳукуматнинг шошиб қолаётгани жорий бўҳрондан чиқиш ечими осон эмаслигини кўрсатади. Унинг фикрича, Россия жиддий ноаниқлик даврига кирди.

Мухолиф ташкилотлар ҳафта ичида яна бир норозилик намойишини ўтказиш учун кўмак ахтараётган бўлса, ҳокимият идоралари айрим ҳибсга олинганларни майда ва маъмурий қонунбузарликлар учун судга тортиш билан овора.

Навальний 30 кунга кесилгани сабабли яқин ҳафталарда намойишларда қатнаша олмайди. Яшин шаҳар кенгаши депутатлигига номзод бўла олмагач, 10 кунга қамалди, бошқа таниқли мухолифат вакиллари ҳам ҳафта охиригача қамоқдан чиқмайди.

Экспертлар тахминича, мухолифат вакиллари намойишдан олдинги, унинг вақтидаги ёки кейинги ҳибсга олишлардан чўчимайди.

Мухолифат 50 000 кишини кўчага олиб чиқса, оғир вазият вужудга келиши мумкин, бундай намойишни на махсус қўшин, на миллий гвардия қон тўкишларсиз тарқатиб юбориши мушкул. Ҳокимият идоралари бунга йўл қўймаслик учун қўлидан келган барча иш қилади, одамларни қўрқитиш, ҳатто Навальний билан бўлгани каби мухолифат етакчиларини заҳарлаш усулларини ҳам ишга солиши мумкин.

XS
SM
MD
LG