Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Муфтий, ота ва ўғил. Рамзан Қодиров Ўзбекистонга нима учун борди?


Рамзан Қодиров Тошкентда. 27 май, 2024
Рамзан Қодиров Тошкентда. 27 май, 2024

26-27 май кунлари Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия президенти Владимир Путин билан делегация таркибида Ўзбекистонда бўлди. Чечен делегацияси Тошкентга ушбу сафарини Қодировнинг шахсий ютуғи, Чеченистон раҳбарининг мусулмон мамлакатларидаги обрў-эътиборининг тасдиғи сифатида тақдим қилмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Kavkaz.Realii таҳририятининг аниқлашича, Россиянинг бошқа минтақа раҳбарларидан фарқли Рамзан Қодиров Ўзбекистонга сафари давомида мезбон томон билан бирон келишувга эришмаган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 26 май куни Владимир Путин билан бирга Тошкентга келди. Шунга қарамай, у ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ва Россия минтақалари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун “Чеченистон делегацияси” билан келганини маълум қилди.

Россия-Ўзбекистон: Мирзиёев Путинга қучоқ очди, Рамзан куёвлар зиёфатида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:44 0:00

Чеченистон делегацияси аъзолари орасида унинг 17 ёшли ўғли Эли Қодиров, жияни Ёқуб Закриев ҳам бор эди, у Ғарб компанияси кетганидан кейин «Данон»нинг Россиядаги филиалини бошқармоқда. Шунингдек, Давлат Думаси депутати Адам Делимханов, Чеченистоннинг Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги ваколатли вакили Бехан Таймасханов, республика бош вазирининг хавфсизлик блоки бўйича ўринбосари Абузаид Висмуродов ва республика раҳбари маслаҳатчиси Адам Шаҳидовлар ҳам Тошкентга келди.

Ажабланарлиси шундаки, республиканинг янги тайинланган Бош вазири Магомед Даудов айрим шартномаларни имзолаши керак бўлишини ҳисобга олсак, делегация таркибида бўлиши керак эди.

Чеченларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ҳақида гапирар экан, Қодиров бу мамлакатни Чеченистонда яхши билишлари ва севишларини, чунки отаси бу ерда ўқиганлигини айтди: Аҳмад Қодиров 1982 йилда Бухоро Мир-Араб мадрасасини тамомлаган, 1986 йилда эса Тошкент ислом институтига ўқишга кирган. Чеченистон раҳбарияти Қодировнинг шахсий ҳис-туйғуларига асосланиб, унинг отасининг устози ва яқин дўсти, ўша вақтда Тошкент ислом институти ректори бўлган марҳум муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф орқали узоқ вақтдан бери Ўзбекистон билан алоқаларни сақлаб келган.

Чеченистон – Татаристон

Икки давлат президентларининг Тошкентда бўлиб ўтган музокараларида товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Путинга Чеченистон раҳбаридан ташқари Татаристон раҳбари Рустам Миннихонов ҳам ҳамроҳлик қилди. Татаристон матбуоти икки мусулмон минтақаси раҳбарларининг сафарда иштирок этишини Россия президентининг Россиянинг ислом олами билан ўзаро ҳамкорлиги стратегияси сифатида баҳоламоқда.

Шу билан бирга, Чеченистон ва Татаристондан келган икки делегациянинг ролини таққослаб бўлмайди: Чеченистон раҳбарининг иштироки расмиятчилик бўлгани тадбирларда кўриниб турди. Қодиров ва унинг атрофидагилардан фарқли ўлароқ, бу йиғилишда Татаристон раҳбари сўзга чиқди.

Ўзбекистон бош вазири Арипов мамлакатнинг барча ҳудудлари Татаристон билан ҳамкорлик қилишни исташини таъкидлади. Миннихонов журналистларга ўз лойиҳаларини таништирди – улардан учтаси Чирчиқ, Жиззах ва Бухоро шаҳарларида амалга оширилади.

Чеченистон, Россиянинг бир қанча вилоятларидан фарқли ўлароқ, бирорта ҳам савдо-иқтисодий шартнома имзоламаган.

Қодировнинг “биродарлик муносабатлари” ифодасидан ташқари кўрсатадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. У Чеченистон “Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр” деб мужмал гаплар айтди. Қодиров, шунингдек, ўтган йили унинг қизи, ўша пайтда Чеченистон Маданият вазирлиги раҳбари Айҳат Қодирова Ўзбекистонга ташриф буюрганини ҳам эслатиб ўтди. У йил давомида аниқ лойиҳага айланмаган “маданият соҳасидаги ҳамкорлик” ҳақида ҳам гапирди.

Ўзбекистон президенти даҳшатли қотилликларга масъул кўриладиган Рамзан Қодировга ноëб совға йўллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00

2023 йил июнь ойида Ўзбекистон авиаташувчиси Грознийдан Тошкентга тўғридан-тўғри рейсни йўлга қўйди – бу муҳим сайёҳлик йўналиши бўлиши тахмин қилинганди. Аслида, парвоз фақат субсидияланган, дея қайд этади Грозний аэропорти ходими Kavkaz.Realii билан суҳбатда. Ўзбекистонда чеченлар жамоасининг йўқлиги сабабли у фақат қўшни давлатларга қизиқиш ёки камроқ ҳолларда республика муфтияти томонидан ташкил этиладиган Бухоро, Самарқанд ва Хивадаги сўфийлар мақбараларига зиёратчиларга қизиқ бўлиши мумкин. Парвоз ҳафтада бир марта амалга оширилади – қўшни Маҳачқалъа аэропортидан эса Тошкентга ҳафтасига иккита рейс бор.

Аммо бу саёҳат Қодиров учун иккинчи ўғли Элини "ёруғликка олиб чиқиш" имконияти бўлди, у катта ўғли Ахмат ва учинчи ўғли Адамдан фарқли ўлароқ, номаълум сабабларга кўра бундай эътибордан маҳрум эди. Элининг расмий делегация таркибидаги иштироки Тошкентда “Ахмат Арена” спорт мажмуасини қуриш режалари билан изоҳланди: 2024 йил мартидан бошлаб Эли республика бокс федерациясини бошқариб келади ва «Ахмат» спорт клуби бош директори ҳисобланади.

«Шоумен» кўчада?

Россия Федерал тадқиқот институтларидан бирининг Шимолий Кавказ бўйича эксперти (хавфсизлик сабаб ўз номини ошкор қилишни истамаган - таҳр.) фикрича, Чеченистон раҳбари Ўзбекистонга сафари чоғида одатдагидан кўра кўпроқ "шоумен"дек таассурот қолдирди.

“Россиянинг бир қанча вилоятларидан фарқли ўлароқ, Чеченистон раҳбарлари ҳам делегация таркибида бўлган, аммо Ўзбекистон билан бирорта ҳам савдо-иқтисодий шартнома имзоламаган. Бироқ Қодиров одатдагидек ўзини кўрсатди ва чеченларнинг Ўзбекистон ҳақидаги барча тасаввурларини марҳум отасининг Бухоро мадрасасида ўқиганига боғлади, ваҳоланки, бу чеченлар учун унчалик қизиқ эмас”, дея таъкидлайди суҳбатдош.

Айни пайтда, Ўзбекистонда кўп асрлик тасаввуф анъаналари бор. Бу ердан дунёга машҳур мусулмон олимларидан бири, ҳадис илми асосчиларидан Имом Муҳаммад ал-Бухорий етишиб чиққан.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари институти (SOAS) Замонавий Марказий Осиё ва Кавказ маркази илмий ходими Алишер Илҳомов фикрича, Россия минтақалари раҳбарлари, жумладан, Қодировни давлатлараро ҳамкорликка жалб этишдан бир қанча мақсадлар кўзланган.

Қодировни Ўзбекистон учун «муҳим» шахсга айлантирган нарса унинг Россия президенти билан ишончли муносабатларидир

“Биринчиси, ушбу минтақавий раҳбарлар кенгашини тузиш ва Россия Федерациясининг ҳар бир субъекти раҳбари билан музокаралар олиб бориш, аслида Ўзбекистонни Россия билан боғлайди: нафақат давлат раҳбарлари, балки минтақалар раҳбарлари даражасида ҳам. У Ўзбекистонни Россия иқтисодий ва сиёсий маконига жалб қилади.

Иккинчидан, Рамзан Қодировнинг Ўзбекистон Президентининг икки куёви билан яқин муносабатини унутмаслигимиз керак, дея давом этади у. Чеченистон раҳбари уларнинг шахсий хавфсизлик тизимини яратишда ёрдам беради: уларнинг хавфсизлик ходимлари Чеченистонда тайёргарликдан ўтади, шундан сўнг сиёсатчилар уларнинг хизматларидан фаол фойдаланади.

Қодиров делегациянинг бошқа барча аъзолари орасида ажралиб туришини намойиш этмоқда. Ислом анъаналарига содиқлигини кўрсатмоқда. У Россия президенти билан яхши, ишончли муносабатлардадир. Буларнинг барчаси уни Россия делегациясида алоҳида ажралиб туради ва Ўзбекистон учун ўзига хос «муҳим» шахсга айлантиради”, дея хулоса қилади Илҳомов.

  • Рамзан Қодиров хориждаги мусулмонларга нисбатан зулмни кескин танқид қилади, лекин Россияда, жумладан, қамоқхоналардаги мусулмон ҳуқуқлари поймол этилишига эътибор бермайди. Чеченистоннинг ўзида республика раҳбарияти томонидан маъқулланмаган ислом оқимларига амал қилганлар таъқиб қилинмоқда.
  • Чеченистон ҳукумати Африкадаги камбағал болаларга ёрдам беради, деди республика раҳбарининг қизи Хадича (Карина) Қодирова 2023 йилда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган форумда. Таҳлилчилар бу вазиятни бемаънилик деб атайди: Россия 2022 йил ёзида тузилган битимдан чиққани сабабли, Украина буғдойини Қора денгиз орқали Африкага етказиб бўлмади.
  • Рамзан Қодиров радикал ҲАМАС гуруҳининг Исроил ҳудудига ҳужумидан сўнг “Фаластин ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини” маълум қилди. Сиёсатшунос Иван Преображенскийнинг фикрича, Чеченистон раҳбарининг позицияси Россия расмийларининг ушбу можаро бўйича норасмий йўналишига тўлиқ мос келади.

Форум

XS
SM
MD
LG