Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:54

Пахта терими тугаяпти, аммо унинг харид нархи ҳануз номаълум


Ўтган йили ҳам пахтанинг харид нархи пахта топширилиб бўлганидан кейин эълон қилинган.
Ўтган йили ҳам пахтанинг харид нархи пахта топширилиб бўлганидан кейин эълон қилинган.

Ўзбекистонда пахта терими мавсуми охирлаб боряпти. Бир қанча туманлардаги фермерлар пахта топшириш шартномасини бажариб ҳам улгурди.

Аммо фермерлар шу пайтгача пахтанинг харид нархи қанча эканлигини аниқ билмайди. Озодлик суриштирган Андижон, Фарғона, Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд вилоятидаги фермерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу борада сукут сақлаётганидан шикоят қилди.

Биргина Бухоро вилоятида кластерлар бир килограмм пахтага 7120 сўм нарх белгиланганини фермерлар айтмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матубот хизмати Озодликнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб бермади.

Тошкент вилояти, Бўка туманидан Озодликка мурожаат қилган, тазйиқ бўлишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, уч йилдан буён пахтанинг харид нархида ўзгариш бўлгани йўқ:

“Бўка тумани фермерлари 2019 йилда “АПК Бўка” кластерга ўтказилган эди. Ўша йили бир кило пахта харид нархи 4530 сўм бўлди. 2020 йилда 4400 сўм бўлди. Ўтган йили ҳам пахтани териб топшириб бўлганимиздан сўнг нархни эълон қилишган эди. Бу йил ҳам шундай бўлади, шекилли. Масалан, бизнинг туманда пахта топшириш режаси бажарилди, лекин харид нархидан дарак йўқ. Ўтган йил бир литр солярканинг нархи 6,5 минг сўм эди, бу йил 10 минг сўмдан олдик. Минераль ўғитлар нархи ҳам икки бараварга ошиб кетган”.

Фермернинг айтишича, пахтанинг харид нархи ҳар йили шартнома қилинганда аниқ ёзилиши керак, лекин ҳеч қачон бундай бўлмаган:

“Ҳар йили бўм-бўш бланкага мажбуран печат бостирилади. Ғаллага шартнома қилинди, унга ҳам худди шундай. Бундай мажбурлов ҳоким, милиция ва прокурор учлиги томонидан амалга оширилади. Қани печат босмай кўрингчи, бир кун ҳам ишлолмайсиз. Бу йил ҳам сайлов ўтиб бўлганидан сўнг, ўзлари хоҳлаган нархни қўйиб, хоҳласанг шу дейишади. Президент ҳокимлар фермер ва кластер ўртасидаги ишга бошқа аралашмайди деб айтади, лекин амалда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ”.

Самарқанд вилоят, Пайариқ туманидаги фермер Наргиза Убайдуллаеванинг айтишича, улар ҳам харид нархи аниқ эмас пахтани топширишда давом этмоқда:

“Пахтанику топширяпмиз, лекин Ўзбекистонда ҳали пахта нархи чиқарилмаган. Неча сўмга нархлаб беради, ҳали билмаймиз. Пахтанинг нархини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаб беради экан, аммо ҳозирча ҳеч қандай хабар келгани йўқ. Мана, ғаллани ҳам экиб бўлдик, лекин кимга экканимизни ҳали билмаймиз. Ҳеч ким биз билан шартнома ҳам қилгани йўқ. Кластер ҳали ғаллани экиш учун бир сўм ҳам пул бергани йўқ, шартнома ҳам қилгани йўқ”.

Озодлик суриштирган Андижон, фарғона, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳам пахтанинг харид нархи айтилмаган.

Биргина Бухоро вилоятидаги кластерлар пахтанинг харид нархини 7000 сўм атрофида белгилаганини жондорлик фермер Шуҳрат Раззоқов Озодликка айтди:

“Бир тонна пахтани 7 миллион 120 минг сўмдан кластер биздан олди. Режадан ташқари топширган пахтамизга 30 фоиз қўшиб беряпти. Бугун 429 миллион сўмга ПК олиб келдим. Жондор туманидаги иккита кластер шунчадан нарх берди пахтага”.

Ўзбекистонда пахта ва буғдой харид нархини ҳар йили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилаб беради. Пахта терими бошланганига қарийб икки ой бўляпти, аммо ҳануз нархномадан дарак йўқ.

Озодлик пахта харид нархи нега шу пайтгача белгиланмаганига жавоб олиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Нигора Ходжаеванинг Телеграм-каналига савол қолдирди. Хабар ўқилди, деган белги чиққан бўлса-да, матбуот котибидан жавоб бўлмади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар ижобий самара бермаганини фермерлар кўп таъкидлайди.

Уч йилдан буён қишлоқ хўжалиги соҳасида кластер тизими ташкил этилганига қарамай, ҳали ҳам маҳаллий ҳокимият икки мустақил субъектнинг ишларига аралашишдан тўхтагани йўқ.

Фермерлар кластерларни шартномадаги ўз мажбуриятларини бажармаганликда, ҳукуматни эса пахта ва буғдой харид нархини жуда ҳам паст белгилашда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG