Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:34

OzodDayjest: "Тил масаласида ëн беришлар бўлмаслиги шарт!"


Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган.
Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган.

Давлат идораларига давлат тилида мурожаат қилишга доир қонун лойиҳаси парламентда қабул қилинмади. Таниқли актриса қўли узун шахслар унга жазманлик таклиф этгани ҳақида сўзлаб берди. Олий Мажлис депутати тиббиётнинг бирламчи бўғинида штатлар қисқартирилганини танқид қилди.

________________________________________________

Давлат тили мақоми масаласи: Нега Россияда мумкин, Ўзбекистонда эса йўқ?

“Миллий тикланиш” партияси таклиф этган давлат идораларига давлат тилида мурожаат қилишга доир қонун лойиҳаси парламентда қабул қилинмади. Бу ҳолат ижтимоий тармоқлар ҳамда маҳаллий матбуотда танқидий баҳоланди.

“Биз томондан тил борасида ҳеч қандай ён беришлар бўлмаслиги шарт! Ён бериш, келишиш, муроса қилиш сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, тижорий масалаларда мумкин ва керак. Лекин тил масаласида эмас!” деб ёзади таниқли ёзувчи ва олим Улуғбек Ҳамдам (“Оила даврасида” газетаси, 29 апрель).

Ёзувчига кўра, ўзбек тили давлат тили мақомида экан, барча мулоқотлар (жумладан, мурожаатлар ҳам) давлат тилида юргизилиши, мамлакатда яшаётган барча халқлар давлат тилини ўрганиши шарт.

У.Ҳамдам Ўзбекистоннинг тил сиёсатига нисбатан Москва босим ўтказса, дипломатик йўл тутиб, Россиянинг тил борасидаги сиёсатини ўзига кўзгу ўлароқ тутишни тавсия этган.

“Бировларнинг мушугимизни “пишт” дейишлари ёмон, албатта. Лекин бундай “пишт”ларга эътибор берадиган даражада заиф эканлигимиз – ундан-да ёмон. Уйғониш, уйғониш ва яна уйғониш керак! Йўқса, “пишт”лар ҳадемай еру кўкдан ёмғиру селдек ёғила бошлайди”, деб огоҳлантиради у.

Адлия вазирининг маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова ҳам бу масалага муносабат билдириб, нега Франция ёки Россияда ягона тилда иш юритиш мажбурий бўлиши мумкин-у, Ўзбекистонда мумкин эмас деган саволни қўяди.

“Қизиқ, Франция 51 фоиз бошқа тилда гаплашадиган аҳолиси билан ягона француз тилида иш юритишни қандай жорий этди экан-а? Демократия маёғи бўлган бу ўлка халқаро конвенциялар талабларига қарамайдими ё биз халқаро конвенциялар талабларини нотўғри тушунамизми? Нега французларда мумкин, бизда эса йўқ? Нега Россияда мумкин, бизда эса йўқ? Нега Грузия, Арманистон, Озарбайжонда мумкин, бизда эса йўқ?” деб ёзди Ш.Соатова.

Актриса Наргиза Абдуллаева: Жазман бўлишни рад этганим учун мени санъатдан узоқлаштиришди

Таниқли актриса Наргиза Абдуллаева “Севимли” телеканалига берган интервьюсида айрим шахсларнинг ножўя таклифларига кўнмагани ортидан кинода кўринмай кетгани ҳақида сўзлаб берди.

“Жуда катта таклифлар тушган, мени санъатдан олиб ташлашган. Мен уларнинг таклифига кўнмаганим учун. Шунақа қўли ҳаммаёққа етадиган инсонлар бор эди. Мен уларнинг жазмани бўлмаганим учун санъатдан узоқлашишимга тўғри келган”, дейди актриса.

Аммо қўли узун шахслар айнан ким эканига ойдинлик киритмаган.

Шунингдек, биринчи турмушидан ажрашган Н.Абдуллаева иккинчи хотин бўлиш учун таклифлар бўлгани, аммо уларни рад этганини айтган.

“Иккинчи оила таклифи ҳам бўлган, бекитмайман. Ҳашаматли уй-жой, қиммат машина, хоҳлаган жойингизга борасиз, лекин бу менинг бахтиммас. Бировнинг эрини бекитиб олиб юриб кўчада... Уники у, меники эмас... Яхши кунларини мен билан ўтказмайди, тўй-ҳашамларда ёнимда туриб бера олмайди”, дейди актриса.

Аввалроқ Ирода Носирова, Шаҳзода Муҳаммедова, Феруза Норматова ва Жайрона каби актрисалар ҳам Daryo.uz нашрига санъатда ном ва нон топиш йўлида ножўя таклифларга дучор бўлганлари ҳақида гапириб берган эди.

Олий Мажлис депутати тиббиётда штатлар қисқаришини танқид қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова соғлиқни сақлаш тизими, хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинида штатлар қисқартирилганини танқид қилди (“Ўзбекистон овози” газетаси, 2021 йил 16-сон).

Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар невропатологи, болалар отоларингологи, болалар эндокринологи, болалар офтальмологи, болалар ортопед-травматологи каби бир қатор мутахассислар сони кескин қисқартирилган. Педиатр учун муассасага битта иш ўрни ажратилган.

“Демак, педиатр 6 соат ишлайди ва соат 14:00 дан сўнг поликлиникада педиатр шифокор қабули бўлмайди. Педиатр меҳнат таътилида ёки касаллик варақасида бўлган вақтда ҳам шу ҳолат”, дейди асли тиббиёт соҳаси вакили бўлган депутат.

Чақалоқларда эмлаш ишларини хавфсиз амалга ошириш учун албатта невропатолог кўриги зарур. Бола ривожланишининг назорати тўғри олиб борилиши учун ҳам маълум муддатда тор доирадаги мутахассислар кўриги талаб қилинади. Аммо таклиф қилинган штат жадвалига кўра бу ишни амалга оширишнинг умуман иложи йўқ.

“Оилавий поликлиникалар учун муассасага 1 иш ўрнида акушер-гинеколог штати таклиф қилинмоқда. Оилавий поликлиникага 40-50 минг аҳоли бириктирилган бўлса, унинг тенг ярми аёллардан иборат. Акушер-гинеколог зиммасига фақат ҳомиладорлар назорати эмас, балки барча ёшдаги қизлар ва аёллардаги гинекологик касалликларни аниқлаш ва даволаш юклатилгани ҳисобга олинса, бу меъёрни поликлиника тизимидан мутлақо бехабар одам таклиф қилгани маълум бўлади”, деб ҳисоблайди М.Ворисова.

Қолаверса, оилавий шифокорлик пунктлари ва ҚВП учун мудир штати киритилмаган. Бу вазифа врачлардан бирига юкланган.

“Бундай ҳолатда шифокор аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, беморларни аниқлаш ва даволаш билан шуғуллансинми ёки битмас-туганмас ташкилий ишлар биланми?..” дея савол қўяди у.

Депутат М.Ворисова амбулатор-поликлиника тизимидаги барча муассасаларни аҳоли сонига қараб тоифаларга ажратиш ва штатларни тиббий ёрдам ҳажмига кўра қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG