Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2025, Тошкент вақти: 02:48

"Ҳокимиятнинг мақсади - пул қилиш". Тошкент бозорларида тасвирга олиш пуллик бўлади


Тошкентдаги бозорларнинг бирида олинган сурат. Архив.
Тошкентдаги бозорларнинг бирида олинган сурат. Архив.

Тошкентдаги савдо масканларида фото ва видео тасвирга олиш учун тўлов жорий этилиши жамоатчилик, хусусан, ижодкорлар орасида ташвиш уйғотди.

Расмий хабарда бу фақат тижорий контентга тааллуқли экани айтилган, аммо қарорда ҳужжатли лойиҳаларнинг ҳам пулли экани документалистлар фаолияти борасида аниқлик киритилиши керак бўлган саволларни пайдо қилган.

Ўзбекистонлик фотожурналист Умида Аҳмедова пойтахтдаги бозорлар ва йирик савдо мажмуаларидаги одамларнинг қизғин, кундалик тирикчилик акс этган ҳаётини тасвирга олиш имкониятлари чекланишидан хавотирда.

Шаҳар ҳокимияти савдо ҳудудларида съемка қилиш учун соатига 5 миллион сўм миқдорида тўлов жорий қилган.

Аҳмедова кўп йиллардан бери "Тошкент ўтмиши" туркумидаги суратларни ижтимоий тармоқлар ва кўргазмалар орқали намойиш қилиб келади.

“Чет элликларга текин экан. Яхши. Унда эртага ўз тарихимизга оид расм ва видеоларни чет элликлардан сўраб юрамизми?” - деди у "Озодлик" мухбири билан суҳбатда.

Умида Аҳмедова мол бозорида олган суратлардан бири. Архив.
Умида Аҳмедова мол бозорида олган суратлардан бири. Архив.

Янги тартиб 2025 йил 14 февралда қабул қилинган “Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириладиган йиғимлар ва хизматлар қийматининг янги миқдорлари” ҳақидаги қарорга ўзгартириш сифатида киритилди.

“Тошкентни одамлар учун табиати энг қулай жойга айлантиришни ваъда берган ҳозирги ҳокимга амалда шаҳарни қай аҳволга олиб келганини ёнидагилар қачондир юзига ҳам айтар. Ҳозирча эса ҳокимиятнинг мақсади фақат пул қилиш, деб тушунилади, вассалом”- деб ёзди собиқ депутат Расул Кушербоев.

Расмий хабарда бу қоида оммавий ахборот воситалари ва чет эллик туристларга тааллуқли эмаслиги қайд этилган. Танқидлардан кейин ҳокимият берган тушунтиришга кўра, қуйидагилар тўлов қилиши шарт:

  • Мунтазам равишда реклама, интеграция ва “просмотр”лардан пул топадиган йирик блогерлар ва инфлюенсерлар;
  • Клиплар, реклама роликлари, ҳужжатли лойиҳалар, сериаллар ёки фильмлар суратга оладиган тижорат студиялари ва медиа ишлаб чиқариш гуруҳлари;
  • Ўз товарлари ва хизматларини тарғиб қилиш учун бозор ҳудудидан фойдаланадиган компаниялар.

Йиғилган тўловлар бозор инфратузилмасини яхшилашга сарфланиши қайд этилган.

Умида Аҳмедова Тошкентдаги бозорларнинг бирининг ҳудудида олган сурат. Архив.
Умида Аҳмедова Тошкентдаги бозорларнинг бирининг ҳудудида олган сурат. Архив.

Қарор қабул қилишдан аввал ижодий ҳамжамият билан очиқ мулоқот ўтказилгани ёки жамоат фикри ўрганилгани ҳақида маълумот йўқ.

Ўзбекистонлик продюсерлардан бири "Озодлик" билан суҳбатда бу тартибни қўллаб-қувватлаб, ижодий муҳитни тартибга солишнинг бир чораси, дея баҳолади:

“Бозорлар сифати паст новелла, вайн ва сериаллар майдонига айланиб кетди. Бу иш билан шуғулланаётганлар аслида яхши даромад топишяпти. Улар, албатта, тўлаши керак. Етказилган зарар учун тўлов шарт”, дейди Озодлик билан суҳбатда исмини очиқламасликни сўраган тошкентлик продюсер.

Ўзбекистонда бозорлар ва бошқа савдо ҳудудларидан ижодий майдон сифатида ҳам фойдаланилади. Блогерлар ва хонандаларнинг бозорларда суратга олинган вайн ва клиплари сони ортган. Шунингдек, теленовелла, фильм ва сериалларда ҳам бозор манзараларига кенг ўрин берилади.

Режиссёрлардан бирининг айтишича, бундай тасвирга олиш жараёнлари одатда, бозор маъмурияти билан олдиндан келишилган ҳолда ўтказилади. Айрим ҳолларда пул эвазига, баъзан реклама қилиш шарти билан амалга оширилади.

Янги тартиб билан энди бу каби келишувлар фақат расмий тартибда, бозор маъмуриятига белгиланган тўловни амалга ошириш орқали йўлга қўйилади.

Аммо қарор матнида ҳужжатли лойиҳалар устида ишлайдиганлар ҳам тўлов қилишлари шартлиги ёзилган. Фотожурналист Умида Аҳмедовани айнан шу ташвишга соляпти.

“Менинг шогирдларим бор. Бизда ҳеч қандай буюртма ҳам, грант ҳам йўқ, шунчаки тасвирга оламиз, шунчаки ўрганамиз. Энди бунинг учун 5 миллион сўмни қаердан топамиз? Ахир, бу 450 долларга яқинку. “Халқнинг қандай яшаётганини билишни истасанг, бозорига бор”, дейилади. Бозорда турли одамларни кўрасан. Одамларнинг тирикчилиги шу ерда. Уларнинг кўриниши, кийиниши ҳар-хил. Суратга оласан. Сурат эса - вақт белгиси, бу - ҳужжат. “Стрит-фото” деган жанр бор, бу ҳам фотографиянинг бир йўналиши. Бутун дунёда бор, кўргазмалар ўтказилади. Агар шундай кўргазмаларга таклиф тушса, “Бозорга бориб суратга олиш учун пул тўлашимиз керак экан, шунинг учун стрит-фотода қатнашолмаймиз”, деб айтамизми?”

Аҳмедова қоидаларнинг мавжудлигидан кўра, унинг амалда қандай ишлаши кўпроқ саволлар уйғотишини таъкидлайди. Яъни, унинг фикрича, қарорлар ҳужжатда ёзилганидек эмас, балки мансабдорлар манфаатига қараб қўлланилиш эҳтимоли кўпроқ.

Самарқанддаги Регистон майдони атрофида олинган сурат.
Самарқанддаги Регистон майдони атрофида олинган сурат.

Тошкент ҳокимияти қарор қабул қилишдан бир ой аввал, октябрда парламентнинг қуйи палатаси мамлакат бўйлаб фото ва видеога олиш тартибига оид қонун лойиҳасини ҳам маъқуллаган. Унга кўра, кўчада одамларни уларнинг розилигисиз суратга ва видеога олишга рухсат берилмайди. Бу нафақат маҳаллий аҳолига, балки чет эллик сайёҳларга ҳам тааллуқли.. Мақсад - фуқароларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш, айниқса, вояга етмаганларнинг хавфсизлигига эътиборни кучайтириш экани айтилган.

Аммо кузатувчиларнинг таъкидлашича, агар қонун қабул қилинса, у қандай ишлаши ва тасодифан кадрга тушиб қолган одамларга нисбатан қандай қўлланилиши борасида механизмлар аниқ эмас.

“Ёш сайёҳларни кўпроқ ғиштдан қурилган ёдгорликлар ва мақбаралар эмас, балки Шарқнинг экзотикаси қизиқтиради: кундалик ҳаёт, миллий анъаналар, либослар, эски шаҳар қисмининг тор кўчалари, бозорлар ва тандирлар. Сайёҳлар буларнинг барчасини камерага муҳрлашни исташади ва ҳозиргача буни муаммосиз уддалаб келишган. Янги қонун эҳтимолий сайёҳларни чўчитадими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади” - дейди бухоролик фотограф Анзор Бухарский.

Фото ва видео тасвирга олишга оид чекловлар кўплаб мамлакатларда мавжуд. Масалан, Францияда шахснинг розилигисиз суратни тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин, Германияда эса шахсий тасвир ҳуқуқи қатъий ҳимоя қилинади. Японияда яширин суратга олишга қарши қатъий чоралар бор, Сингапур ва Буюк Британияда эса, айрим жамоат жойларида тижорий суратга олиш учун рухсат талаб этилади. Ўзбекистон расмийлари ҳам бу каби қоидаларни тушунтиришда хориж тажрибасини мисол қилиб кўрсатишади.

“Аввал Франция ёки Англия каби бўлайлик, кейин гапирайлик. Уларга ўхшаб ривожланган мамлакатни қурайлик, қонунларнинг ишлашиши таъминлайлик, кейин гапирайлик. Ўзи бизда фотография санъат сифатида эндигина ривожланаётган бўлса… ” - дейди Умида Аҳмедова.

Тошкент метросида олинган сурат. 2019 йил.
Тошкент метросида олинган сурат. 2019 йил.

Ўзбекистонда Ислом Каримов президентлик даврида кўчаларда ёки жамоат жойларида тасвирга олишга қаттиқ чекловлар қўйилганди. Жумладан, Тошкент метросида кўп йиллар давомида сурат ва видео олиш тақиқланган. Бу чеклов фақат 2018 йил 1 июндан бошлаб бекор қилинган. Аммо ҳозиргача давлат органлари биноларини ёки уларга яқин ҳудудларда тасвирга олишга рухсат берилмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG