“Кайфиятлар зўр, энди бу ёғига сингилларимиз келадими, укаларимиз келадими, амма-хола келадими, кўришаверамиз энди”, - дейди Хоразмнинг Шовот туманида яшовчи этник туркманлардан бири.
Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасидаги “Шовот-Тошҳовуз” трансчегаравий савдо зонаси 17 ноябр куни расман очилди.
Уни президентлар Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов Тошкентдаги учрашув пайти масофадан ишга туширишди.
Қўшма савдо маркази Ўзбекистон томонида 3 гектар, Туркманистон томонида ҳам 3 гектар майдонни эгаллайди.
Шу куни савдо зонасига визасиз кириш мумкинлиги ҳақида хабар топган юзлаб одам чегара томон оқиб кела бошлади.
“Бозор яхши. Ажойиб. Менга ёққан тарафи, Тошҳовуздан укамизга келин олганмиз. Йигирма йил бўлди уйи томонига ўтолмайди. Онасини йигирма йил бўлди кўрмаган. Менга сиз кўриб келинг, деди. Келдим шунга. Ҳозирча туркман томони ёпиқ экан. Агар туркман томони очилса, кўришишади Худо хоҳласа”, дейди Шовотнинг Бешмерган қишлоғилик Манзура.
Савдо зонасининг Туркманистон томони бир ҳафта кечикиш билан очилди.
Хоразмлик блогер Равшан Тожиев 23 ноябр куни зонанинг туркман томонига ўтган илк ўзбекистонликлардан бири бўлди.
“Туркман томонга ўтдик, ҳеч қанақа муаммо бўлмади, олдинига қизил паспорт керак бўлади деб айтишаётганди, қизил паспорт ҳам шарт эмас, виза ҳам шарт эмас, бемалол ўтаверади. Туркман гиламлари бор, озиқ-овқат маҳсулотлари бор. Туркман тарафидан маҳсулотлар нисбатан арзон кўринди менга. Манат олишяпти, баъзилар сўм ҳам олишади. Ўзбекистон томонида сўмга ҳам, манатга ҳам долларга ҳам савдо қилса бўлади. Бозорни Туркманистон томонида меҳмонхоналар бор, Ўзбекистон томонида ҳам замонавий меҳмонхоналар, ресторанлар бор. Кимдир Хоразмга у томондан келин олган, у томонда ота-оналари қолган бўлиши мумкин. Энди мана шу зонага келиб, 15 кунгача меҳмонхонада қолиб дийдорлашишлари мумкин бўляпти”, - дейди Тожиев.
Энг ёпиқ чегара
Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга.
Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1 минг 650 километрни ташкил этади.
Ўзбекистонликлар учун айнан Туркманистон чеагараси энг ёпиқ чегара сифатида кўрилади.
Туркманистон фуқароларига Ўзбекистонга, Ўзбекистон фуқароларига эса Туркманистонга кириш учун виза лозим.
Ўзбекистон фуқаролари Туркманистонга виза олиш учун элчихона ёки консулхонага мурожаат қилишлари керак бўлади.
Туркманистонликлар эса Ўзбекистонга электрон виза билан кира олади.
Туркманистон ватандошлари учун Ўзбекистонга ўн кунлик виза нархи 20-35 АҚШ долларини, ўттиз кунлик виза эса 40-55 АҚШ долларини ташкил қилади.
Ўзбекистонликлар учун Туркманистонга кириш қимматроқ. Туркманистонга ўн кунлик виза 85 АҚШ доллари, 20 кунгача бўлган виза нархи эса 105 АҚШ долларини ташкил қилади.
Расмийларнинг қайд этишича, “Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонаси умумий аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд бўлган иккита муҳим ҳудуд Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ўртасида савдо алоқаларини кучайишига хизмат қилади.
Айни пайтда янги қурилган эркин савдо зонаси чегарадаги тўсиқлар боис узоқ йиллардан бери саёҳат қилишда қийинчиликларга дуч келаётган икки давлат фуқаролари учун кўришиш имконияти ҳамдир.
“Бу ерда Туркманистондан қариндошингизни чақириб, хоҳласангиз сиз Туркманистон томонига ёки тукрманистонли қариндошингиз Ўзбекистон томонига ўтиши мумкин. Агар сиз Туркманистон томонига ўтмоқчи бўлсангиз оддий ID ҳужжат билан келасиз. Ичида ресторанлар бор, шу ерда ўтириб қариндошларингизни дийдорига тўйиб кетишингиз мумкин экан”, - дейди Равшан Тожиев.
Янги зона икки давлат тадбиркорларига умумий инфратузилма ва соддалаштирилган тартиблардан фойдаланган ҳолда эркин савдо қилиш имконини беради.
Бозор икки асосий блокда 112 та савдо қатори, 28 дўкон ва 16 чакана савдо нуқталарини ўз ичига олади. Бу ерда хоразм гуручи, туркман гиламларидан тортиб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналарни харид қилса бўлади.
Паспорт ёки ID карта билан хоҳлаган киши чегарачилар расмий қайди ва божхона кўригидан ўтиб, бозор ҳудудига кира олади.
Бозор павильонларидаги барча бўлинмалар ҳали тўлиқ банд этилиб, ишга тушмаган. Шундай бўлса-да, дўконларни кўздан кечириб, керакли буюмларни сотиб олаётганлар кўп.
Ўзбекистон томонида савдо асосан сўм ва долларда. Баъзи савдогарлар манатда ҳам савдо қилишади. Туркманистонда нархлар асосан манатда. Айрим дўкондорлар сўм ва доллар қабул қилишларини айтишади.
Прага шаҳрида яшовчи туркман ёзувчиси Худойберди Холли Ўзбекистон ва Туркманистон чегарасида бозор очилиши икки халқ орасидаги кўприк бўлиб хизмат қилади дейди.
“Бозорни фойдаси кўп. Бозор бор ерда одам бор. Чегарада бозор очилганини эшитиб ҳурсанд бўлдим. Шоиримиз Маҳтумқули “Ҳар бир ерда бир бозорсиз шаҳардан қуриб ётган чўл яхши” деб ёзган. Бу бозор икки халқ орасига қўйилган бир кўприк бўлиб хизмат қилади”, - дейди туркман ёзувчиси.
"Бир-бирига оғам дейдиган икки эл"
Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари Тошкентда масофадан чегарадаги савдо зонасини очишар экан, хоразмлик таниқли хонанда Каримбой Раҳмонов шу маросимда фаҳрий меҳмонлар орасида эди.
Озодлик билан суҳбатда Каримбой Раҳмонов чегарада бозор очилишини тарихий воқеа деб атади.
“Бу воқеани икки халқ узоқ кутди. Менинг устозим раҳматли Бобомурод Ҳамдамов мени икки юртим бор, бири ота юртим, бири она юртим, деб айтар эди. Менинг ҳам икки юртим бор, бири ота юртим, бири она юртим. Тақдиримиз бир. Менинг ҳам Туркманистонда қариндошларим бор. Бу икки халқни борди-келдиси учун яхши воқеа бўлди. Қолаверса, ўтган ҳафта Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳаммедов Тошкентга келганида мени ҳам шу учрашувга таклиф қилиндим. Икки халқ алоқаларига бағишлаб қўшиқ ҳам ёздим, шу қўшиқни айтдим, Ўзбек-Туркман дўстлиги деган.
“Икки туққан, икки эл, Бир бирига оғам дер, Бир бирига болам дер, Ўзбек-туркман дўстлиги”
Расман Туркманистонда 6,5 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 8-10 фоизи ўзбеклар экани айтилади.
Ўзбекларнинг аксари Хоразмга қўшни Тошҳовуз вилоятида яшайди. Қорақалпоғистон ва Хоразмда айни пайтда катта туркман обалари бор.
Бу халқлар нега махсус очилган зонага бориб учрашишлари керак? Нега чегаралар тўлиқ очилмайди, визасиз борлди келди йўлга қўйилмайди?
"Хроника Туркменистана" нашри бош муҳаррири, Австрияда яшовчи Фарид Тухбатуллин Озодлик билан суҳбатда бу саволга жавоб берди:
“Сабаби Туркманистон ёпиқ мамлакат бўлиб қоляпти. Чегаралар очиқ бўлган пайтда Тошҳовуз ва Хоразм қиз олиб, қиз узатган. Сапармурат Ниёзовга суиқасд уринишидан сўнг чегаралар ёпилди. Бир муддат чегара атрофидаги туманлар аҳолисига имтиёзли кириб-чиқиш тартиби белгиланган эди, бу ҳам тўхтаб қолди. Бердимуҳамедов даврида чегарада ёқилғи қўйиш шохобчаси очиш ғояси илгари сурилди. Бу ҳам амалга ошмади. Ҳозир чегарада савдо маркази очилибди, умид қиламан, бу лойиҳа ишлаб кетади, лекин Туркманистон томонидан муаммо бўляпти. Туркманистон режими четга ахборот сизишидан қўрқади, фуқаролари чегара оша яқинлари билан кўришишини истамайди, чунки мамлакат аҳолиси қашшоқ, мустабид режим остида қолмоқда, ахборот четга чиқишини истамайди, ёпиқ режим”, - дейди Тухбатуллин.
Туркманистонда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.
Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.
Шовот-Тошҳовуз савдо зонаси ишга туширилиши пилот лойиҳа сифатида кўрилмоқда ва кейинроқ Олот (Бухоро вилояти) ва Фороб (Лебап вилояти) шаҳарлари орасида янги трансчегаравий зона қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мирзиёев: "Девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз"
“Янги Ўзбекистон” газетасида Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.
Мақолада минтақа мамлакатлари узоқ йиллардан кейин биринчи марта биргаликда олдинга юриш, умумий ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган янги босқичга кириб келгани таъкидланади.
Мақолада охирги йилларда чегара масалалари узил-кесил ҳал этилиб, давлатлар ўртасидаги чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айлангани айтилади.
Шунингдек, сўнгги саккиз йилда Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробарга, ўзаро савдо эса икки бараварга ошган. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етгани, минтақадаги қўшма корхоналар сони кескин кўпайгани тилга олинади.
Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз», деб ёзган президент.
Форум