23 декабрь куни Жиззах вилояти Фориш туманида атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтади.
«Ўзатoм» агентлиги 26 ноябрь куни берган эълонида АЭС қурилишига қизиққан барчани эшитувларга таклиф қилди.
«Ўзатoм» агентлиги 2026 йил баҳорда, Форишда кичик АЭС учун бетон қуйилиши бошланади, деб маълум қилган ва жамоатчиликни лойиҳанинг хавфсизлигига ишонтиришга уриниб келади.
Жамоатчилик тинглови нима учун фақат Фориш туманида ўтказилишига изоҳ берилмаган. Қўшни Қозоғистон ўтган йил октябрида АЭС қурилиши бўйича умумхалқ референдуми ўтказган эди.
"Ўзатoм" агентлиги берган эълонда, эшитувлар 23 декабрь, соат 11:00 да Жиззах вилояти, Фориш туманининг Боғдон аҳоли пунктидаги 30-сон Маданият марказида ўтиши маълум қилинди.
Жиззахдаги атом электр станцияси бўйича эшитувлар - Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича биринчи жамоатчилик эшитувидир.
Бу эшитувларни нега пойтахтда эмас, балки Форишда ўтказишга қарор қилингани сабаблари ҳозирча расман очиқланмади.
“Бу АЭС бўйича илк эшитув. Назаримда, Халқаро атом энергияси агентлиги талаби билан ўтказишга мажбур бўлишяпти. Нега Тошкентда эмас, Форишда қилишаётгани сабаби - АЭС масаласида ҳисоб сўраётган жамоатчилик ва медиа вакилларининг келиш эҳтимолини максимал даражада камайтириш, менимча. Кимдир Тошкентдан бел боғлаб йўлга чиққанда ҳам, Форишгача узоқ йўл - етиб борадими ёки боришига йўл қўйишадими ҳали, деган савол бор. Бунинг устига шахсан мен қор, совуқда бунча йўлга бора оламанми-йўқми - ҳозир аниқ билмайман, мисол учун”, дейди тошкентлик жамоат фаоли.
Бундан ташқари, бу маросимни "эшитув" деб атаркан, "Ўзатoм" агентлиги конкрет қандай тадбирни назарда тутмоқда ва бу тадбир қандай форматда, кимлар иштирокида ўтишини ҳам ҳозирча очиқлагани йўқ.
Форишда техник жиҳатдан қурилиши бошланган АЭС - Ўзбекистонда энг бошидан бери жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлаётган минтақадаги илк атом станцияси лойиҳасидир.
“ЎзАтом” агентлиги бунинг кичик станция ва хавфсиз бўлишини таъкидлаб келмоқда. Жумладан, 26 ноябр кунги эълонда ҳам АЭСнинг техник кўрсаткичлари яна таъкидланди:
- Умумий қуввати: 2110 МВт;
Йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш: 16-17 млрд кВт·соат;
Ўзбекистоннинг энергия балансидаги улуши: 12-15%;
Эксплуатация муддати: 60 йил;
Янги иш ўринлари:- 13 минггача қурилиш даврида;- 2 минггача эксплуатация даврида.
Кузатувчиларга кўра, расмийлар маҳаллий аҳолини янги ва яхши маошли иш ўринлари ҳамда узилмайдиган электр таъминоти ваъдаси билан АЭС лойиҳасига қизиқтирмоқда.
Аммо экспертлар, аҳоли умидлари тўлиқ оқланмаслиги, аксинча бу кичик АЭС - бундан ташқари, келажакда режаланаётган яна бир кичик ва яна 2 та катта атом станцияси - аҳоли учун муаммо ва битмас хатар манбаига айланиб қолишидан хавотирда.
“Мана ҳозир кўраётган бўлсангиз, Белорусдаги ВВЭР-1200 энекргоблокларнинг бири ўчяпти ва бироздан кейин ёняпти, яна бири зўрға ишлаб турибди. Бу энегоблокларнинг бир кунлик ўчиши миллионлаб доллар туради. Шунинг учун АЭС лойиҳалари ҳақида эшитув эмас, балки баҳс ва муҳокамалар ўтказиш керак. Унда фақат расмийлар эмас, жамоатчилик ва малакали мутахасисслар иштирокини таъминлаш зарур”, дейди кимё фанлари доктори Ҳусан Турсунов.
Ўзбекистон расмийларига кўра, Форишдаги атом станцияси Россиянинг РИТМ-200Н реакторларига эга кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси асосида қурилади, кейинчалик шу лойиҳа асосида Жиззах вилоятида умумий қуввати 330 МВтга тенг 6 та энергоблок қурилиши режаланган.
“ЎзАтом” агентлиги Форишдаги АЭС лойиҳаси “хавфсизлик нуқтаи назаридан атом энергетикаси соҳасида энг илғор технологиялардан ҳисобланган ВВEР-1000 ҳамда РИТМ-200Н реакторларидан иборат”, деб таъкидлашда давом этмоқда.
Аммо, Ўзбекистондаги илк АЭС учун нега айнан муқаддам дунёнинг ҳеч бир нуқтасида қуруқликда қўлланмаган РИТМ-200Н реакторлари танланди, дея экспертлар ўртага ташлаган саволларга расмийлар жавоб бермаётир.
Бундан ташқари аксар экспертларда бу станцияларнинг, расмийлар таъкидлагани каби, иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлишига ҳам жиддий шубҳа бор.
Дунё атом энергетикаси харитасига қаралса, энергиянинг бу тури қайта тикланувчи манбалардан олинаётган энегетика соҳаси билан рақобатда ютқазаётганини кўриш мумкин.
Мутахассисларга кўра, бунинг сабаби - АЭСлар қурилиши кўп маблағ ва вақт талаб қилиши.Сўнгги расмий рақамларга кўра, 2024 йилда дунё бўйича бор-йўғи 6 та янги атом реактори ишга туширилган, улар умумий ҳисобда 6,8 ГВт қувват энергия берган.
Аксинча, энергетика эҳтиёжи катта бўлган йирик давлат - Хитой 2024 йилнинг ўзида 277 ГВт қуёш энергияси ва бу жами дунёдаги атом энергетикаси ўсишидан деярли 70 баробар кўп.
Шу боис, аксар давлатлар эҳтиёж учун зарур энергияни тўлиқ қуёш, шамол каби қайта тикланувчи манбалардан олишни кўзламоқда ва айнан шу соҳага катта сармоя киритмоқда.
Ўзбекистон президенти Мирзиёев жами энергия эҳтиёжининг 16 фоизи қайта тикланувчи манбалар, жумладан шамол, қуёшдан олинаётгани ва 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 50 фоиздан оширилишини айтган.
Шундай экан, қурилиши йиллаб вақт оладиган, қимматга тушадиган ва энг муҳими, келажакда катта хатар манбаи бўлиб қоладиган АЭС ларни қуриш - қурганда ҳам, дунёга ядровий таҳдид солаётган Россия билан ҳамкорликда қуриш - нега керак?
Бу савол жамоатчилик фаоллари томонидан такрор-такрор ўртага ташланмоқда. Аммо, расмийлар бу саволга очиқ-ойдин жавоб бергани йўқ.
“Ҳозир сунъий интеллектга ажратилаётган триллионлаб доллар пул ажратиляпти, айниқса АҚШ, Хитойни ҳисобга олсак. Россия эса бу масалада камида 50 йил орқада қолган, агар бундан кўп бўлмаса. Бундан кейин ҳам қолиб кетади, чунки қанақа инқирозда эканини кўриб турибсиз. Шунинг учун, ҳадемай Россиянинг бу АЭС лойиҳалари уловидан тушови қиммат, кераксиз матоҳга айланиб қолади, менимча. Менимча шундай бўлиши аниқ. Ҳадемай 10 -15 йил арзон ва хавфсиз энергия манбалари ва технологиялари чиқиши мумкин. Шунақа экан, биз нима қиламиз бунақа қиммат ва хавфли технологияни олиб ишлатиб?!” дея савол ташлайди Турсунов.
Айрим экспертларга кўра, АЭС каби узоқ давом этадиган ва маълумотларни сир сақлаш мумкин бўлган лойиҳаларни танлаш истаги ортида, Ўзбекистондаги аксар йирик инвестицион лойиҳаларида бўлгани каби, ҳокимиятга яқин бизнесларнинг ташқи қарз ҳисобига келаётган маблағларни ўзлаштириш мақсади ётиши эҳтимоли катта.
Ўзбекистондаги АЭС қурилиши, жумладан, энергетика соҳасидаги давлат буюртмаларининг энг йирик пудратчиси ва ўн минглаб ишчиларнинг маошини вақтида бермагани учун қарздорлик можаролари марказида бўлиб келадиган Enter Engineering ширкатига берилгани хабар қилинган
“АЭС қуриш дегани — ўзи узун ва қайта-қайта узайтирилган вақт горизонтида чексиз пул ўзлаштириш-ку очиқланмаган ва лекин бенефициарларнинг асосий мақсади. GTL завод қурилишини бир-бир яримга йилга чўзиб, нархини икки карра шишириш мумкин, мис бойитиш фабрикалар қурилишини 2-3 йил чўзиш ва 3 карра қимматлаштириш мумкин. Шундаям самарасиз лойиҳалар топширмаса, ишга тушмаса, энг оптимистлар ҳам савол қўйишни бошлайди”,
деб ҳисоблайди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Иқтисодчи тилга олган GTL заводи ўз вақтида Ўзбекистон ғазнасига 4 миллиард долларга тушган ва унинг асосий қурувиси айнан Enter Engineering ширкати бўлганди.
Бу ширкат эса Кремлга яқин деб кўриладиган ўзбекистонлик бизнесмен Бахтиёр Фозиловга тегишли. Фозиловга тегишли яна бир йирик қурувчи Eriell Group - Ўзбекистонда умумий қиймати миллиардлаб долларга тенг 228 лойиҳани қўлга киритгани расман хабар қилинган.
Бу лойиҳаларнинг асосий қисми – кончилик ва металлургия саноати, нефть сектори, туризм, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва йирик бинолардан фойдаланиш каби стратегик муҳим соҳаларда.
Хусусан, GTL заводи ишга тушмади ва аксинча, сув текинга - 1 миллиард долларга сотувга қўйилди. Бундан ташқари, шахсан Мирзиёев назорати остида Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ишга туширилган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида кетма-кет авария юз берди, одамлар ўлди.
Шунга қарамай, АЭС лойиҳаси ҳам бизнес манфаатлари Кремлга боғлангани айтилган Фозиловга тегишли ширкатга берилиши ортида - худди табиий газ масаласида бўлгани каби - ҳукуматга яқин элитанинг Кремл билан муштарак бизнес манфаатлари ётибди, деган тахминлар тилга олинмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, айни пайтда бу каби лойиҳалар Украинага босқини боис санкцияларга учраган Крмел учун, сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон ва эндиликда Қирғизистонни ҳам назорат остида ушлаб туришнинг самарали воситаси бўлиб қолиши мумкин.
АЭС қуриш тўғрисидаги келишув Ўзбекистон ва Россия томонидан 2018 йилда имзоланган. 2024 йил май ойида томонлар РИТМ-200 реакторлари асосида кичик қувватли станциядан лойиҳани амалга оширишни бошлашга келишиб олган.
2025 йил сентябрда эса АЭС комбинирланган бўлиши, умумий қуввати 2 ГВт бўлган икки йирик установка ва 110 МВтли икки кичик реакторни ўз ичига олиши хабар қилинди. Лойиҳа қиймати дастлабки маълумотларга кўра 1 миллиард доллардан ошмайди.
Куни кеча Бишкекка сафар қилган Россия президенти Владимир Путин худди шундай АЭСни Қирғизистонда ҳам қуриш ҳақида музокаралар ўтказди.
Бундай музокаралар муқаддам Қозоғистон ҳукумати билан ҳам ўтказилган, у давлатда ҳам жамоатчиликнинг кескин муҳокамалари остида АЭС қуришга ҳозирлик жараёни бошланган.
Форум