Маҳаллий матбуотда эълон қилинган хабарларга кўра, Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссияга Ўзбекистон президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов раҳбарлик қилади.
Олдинроқ Абдуҳакимов раҳбари бўлган вазирлик ҳукумат таркибидан чиқарилиб, қўмитага айлантирилган ва президент администрациясига бўйсундирилган эди.
Махсус комиссияга, жумладан,
- табиий чангланиш кучайган пайтда саноат корхоналари, транспорт, иссиқлик таъминоти ва бошқа соҳаларда чекловларни жорий қилиш;
- транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш:
- атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир қилувчи моддалар ёққан иссиқхоналар ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча ёки тўлиқ тўхтатиш каби ваколатлар берилган.
Президент фармонига мувофиқ, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар олиб кирадиган ҳаво тозалагичлари 20 фоизлик божхона божидан озод қилинади, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги барча иссиқхоналар шошилинч тартибда газга ўтказилади.
Ушбу қарорни олқишлаган иқтисодчи Юлий Юсупов "ўзи умуман ҳаво тозалагичларига божхона божи нима учун жорий қилинганди?" деган саволни қўйди.
Президент Мирзиёевнинг фармони Тошкент ва бошқа шаҳарларда ҳавонинг кескин ифлосланиши юзасидан тармоқларда аҳоли ва фаоллар норозилиги кучайгани фонида эълон қилинди.
Сўнгги кунларда пойтахт устидаги қурум ва унинг бурин ва кўзни ачиштирувчи ҳиди маҳаллий ахборот воситалари ва тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.
Фаоллар ҳукуматни муаммога жиддий эътибор қаратишга чақириб, турли шаклларда норозилик билдиришган. Баъзилар муаммони қўшиқ қилиб куйласа, бошқаси сарказм, айримлар мурожаат орқали билан етказишга уриняпти.
“Афсуски, бунга нисбатан “чоралар кўрилмоқда, ҳаракат кетаяпти” деган расмий баёнотлар етарли эмас. Ҳаво шунчаки ўзи тозаланмайди. Давлат реал чоралар кўриши керак: қурилиш ва автотранспорт бўйича қатъий чекловлар жорий этиш, оммавий дарахт экишни тизимли равишда йўлга қўйиш (коррупциядан ҳоли), саноат чиқиндиларини назорат қилишни кучайтириш, ҳаво сифатини очиқ ва шаффоф мониторинг қилиш ва бу борада халққа ҳисобот бериш. Бу фақат экологик масала эмас, балки саломатлик ва ҳаёт сифати масаласи. Шунинг учун ҳам ҳукумат бу муаммони кечиктирмасдан стратегия даражасида ҳал этиши шарт” – деб ёзган ҳуқуқ фаоли Гулноз Мамарасулова Фейсбук саҳифасида.
IQ Air индексида Тошкент ҳавосининг ифлосланиш кўрсаткичи кўпинча "ҳаёт учун хавфли" деган даражани кўрсатмоқда. “Ўзгидромет” агентлиги аҳолига иложи бўлса ташқарига чиқмасликни, кўчада ниқоб тақишни тавсия қилган. Ўзбекистон пойтахти сўнгги пайтлари халқаро рейтингда энг зарарли шаҳарлар рўйхатининг юқори ўринларидан тушмаяпти.
Кузатувчиларнинг таҳлиллари муаммонинг бошланиши Шавкат Мирзиёев президентликка келган даврга тўғри келишини кўрсатади. Тошкентлик фаоллардан бири Дмитрий Середин Телеграмдаги каналида муаммонинг сабаблари ҳақида ёзди.
“Тошкентда ҳаво ифлосланишининг сабаблари, бу сўнгги 7–8 йил давомида тўпланиб келган хатолардан иборат кўп қатламли муаммо. Асосий нуқсон 2017–2018 йиллари юз берди: шаҳарнинг тасдиқланган Бош режасисиз ва экологик экспертизасиз оммавий қурилишлар бошланди. Шаҳарнинг ноёб географик жойлашуви тоғ олди ҳудудида эканини инобатга олиш ўрнига, ҳокимиятлар шамол йўналишини эътиборсиз қолдириб, баланд кўп қаватли бинолар қурилишига “яшил чироқ” берди".
Середин 2022-2023 йиллари газ танқислиги сабаб иссиқхоналар ва корхоналар паст сифатли кўмир ва бошқа зарарли ёқилғилардан фойдаланаётганини таъкидлаб, бу масалани "Кўмир Ренессанси ва Иссиқхона ҳалқаси” деб атади.
Муаммо авжига чиққан ва норозилар ортиб бораётган бир вақтда президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябр куни ҳаво сифатини яхшилаш бўйича қарор қабул қилди.
Ҳужжатга кўра:
- 1 декабрдан ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида АИ-80 бензини сотуви тўхтатилади.
- Тиғиз вақтларда шаҳар ичида юк машиналари ҳаракати чекланади.
- Қурилиш объектларига ҳаво сифатини ўлчовчи станциялар ва камералар ўрнатилади.
- Лойиҳалаш жараёнида шамол йўналиши ва тезлигини инобатга олиш талаби қўйилади.
- 2025 йил охиригача Тошкент шаҳри ва вилоятидаги иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Бу чоралар муҳим қадам сифатида баҳоланаётган бўлса-да, “нега бу масалага аввалроқ эътибор қаратилмади?” деган савол очиқлигича қолмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров октябрда ойида экспорт қилинган газ иссиқхоналарга бутун мавсумга етиши мумкинлиги хақида ёзди:
“Октябрда 22 млн.долларлик газ экспорт қилинган, бу ўтган йилнинг шу даврига (60,9 млн.доллар) ва сентябрдагига (51,5 млн.доллар) нисбатан кам, лекин ҳатто шу ҳажмдаги газ (тахминан 100 миллион куб) Ўзбекистоннинг барча иссиқхоналарига етиб ортган, Тошкент ва йирик шаҳарларнинг экологияси барқарорлигини сақлаган бўларди. 10 ой давомида 568,2 млн.долларлик газ экспорт қилинган (бу Ўзбекистоннинг бутун иссиқхоналарига қиш қандай келишига қараб камида 5, кўпи билан 6 мавсумга етадиган газ).
“Ўзгидромет” директори Шерзод Ҳабибуллаев 24 ноябрда муаммо шу кунларда ҳал бўлиши хақидаги оптимистик баёнот билан чиқди:
"Синоптикларимиз прогнозига кўра, амалга ошган инверсия жараёни 24-ноябргача давом этиши мумкин. Шу вақтгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳолдир. Об-ҳаво барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан сезиларли яхшиланади".
21 ноябрда Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳаводаги қурумни ва ифлосланиш даражасини камайтириш мақсадида дарахтларга ҳамда йўлларга сув сепишни бошлаган. Бу чора қисқа муддатда зарарли заррачаларни пасайтириши мумкинлиги айтилади.
Тармоқлардаги муҳокамаларда бозорда хона ичига мўлжалланган ҳаво тозалагич ускуналарига талаб кескин ошгани, уларнинг ҳақида ҳам ёзишяпти.
Жаҳон банкининг 2024 йилдаги ҳисоботига кўра, Тошкентда PM2.5 майда зарралари таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 нафар киши бевақт вафот этади. Бу кўрсаткич ўпка, юрак-қон томир ва онкологик касалликларнинг кўпайиши билан боғлиқлиги қайд этилган.
Ҳавонинг ифлосланиши асосан пойтахт мисолида кўрсатилаётган бўлса- да, тармоқлардаги муҳокамалар бошқа шаҳарларда ҳам муаммо жиддий тус олганини кўрсатади.
Таҳлилчилар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари мамлакат раҳбариятининг экологияга доир қарорлари кечикканини айтиб, ҳукумат, ниҳоят, ҳаво сифати ва атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган маънили сиёсат бошлашига умид қилаётганликларини айтишмоқда.
25 ноябрь куни шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистонда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани туфайли муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан, 28 ноябрь куни жума намозидан кейин Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат «истисқо намози» ўқилишини эълон қилди.
Форум