Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2025, Тошкент вақти: 20:51

Қирғизистон, "рус дунёси" ва мигрантлар. Путиннинг Бишкекка ташрифи


Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров. Бишкек, 25 ноябр, 2025
Россия президенти Владимир Путин ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров. Бишкек, 25 ноябр, 2025

27 ноябрь куни Бишкекда МДҲ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг саммити бўлиб ўтмоқда. Янги йилдан бошлаб ташкилот бош котиблигига Қирғизистон вакили Таалатбек Масадыков тайинланди. Арманистон вакили бу сафар ҳам КХШТ саммитига келмади.

1992 йилда таъсис этилган ва "Тошкент шартномаси" ҳам деб аталадиган КХШТ билан Ўзбекистон 1999 йилда аъзолик шартномасини узайтирмаган, 2006 йилда қайта кирган ва 2012 йилда яна чиқиб кетган эди. 2021 йилдаги саммитда президент Мирзиёев меҳмон сифатида иштирок этган бўлса-да, расмий Тошкент Москва етакчилигидаги ҳарбий блок, шунингдек, ЕАЭС иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида тўлақонли қатнашиш ҳақидаги Москва чақириқларини эътиборсиз қолдириб келади.

Бишкекдаги саммит Украина уруши борасидаги бўлинишлар кучайган, шунингдек, ўтган ой Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбари Вашингтонда президент Трамп билан муҳим келишувлар имзолагани ортидан ўтмоқда.

Саммит арафасида Қирғизистонга давлат ташрифи билан борган президент Владимир Путин Бишкекда дабдаба билан кутиб олинди.

Бишкек четидаги "Манас" халқаро аэропортига 25 ноябр куни қирғиз миллий ўтовлари ўрнатилиб, байрамона тус олди. Совуқ ҳавода енгил миллий либослардаги қизлар ва тарихий ботирлар кўринишида от минган йигитлар сафга тизилдилар. Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путинни куй-қўшиқлар садосида кутиб олди.

Аэропорт залида ўтказилган қисқа концертдан кейин давлат раҳбарлари сиреналар янграган кўплаб автомобиллар қуршовида пойтахтга йўл олдилар ва уч кунлик расмий тадбирлар бошланди.

Путинни кутиб олиш. Бишкек, 25 ноябр, 2025 йил.
Путинни кутиб олиш. Бишкек, 25 ноябр, 2025 йил.

Жапаров Россияни “стратегик иттифоқчи, ишончли ҳамкор ва яқин дўст” деб атади, мамлакатдаги россиялик компаниялар сони охирги йилларда уч баравар ошганини айтди.

Путин эса икки давлат алоқалари ўзаро ҳурмат ва манфаатлар асосида ривожланаётганини таъкидлаб, Қирғизистонга инвестициялар деярли 2 миллиард долларга етганини билдирди.

Учрашувда саккизта ҳужжат, жумладан “Иттифоқчилик ва стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида” баёнот имзоланди.

Украина элчихонасини тўсган монитор

Путиннинг Қирғизистонга давлат ташрифидан олдин Президент администрацияси билан Украина элчихонаси ўртасига баланд монитор ўрнатилгани ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Расман “Интимақ ўрда” деб аталмиш президент қароргоҳи ва Украина элчихонаси ёнма-ён жойлашган. Кузатувчилар буни Путин билан учрашувлар вақтида деразадан Украина байроғи кўринмаслиги учун қўлланилган чора деб аташмоқда. Аммо давлат раҳбарининг матбуот котиби мазкур LED-экранни расмий тадбирлар пайтида ишлатиладиган янги протокол элементи сифатида изоҳлади.

Президент қароргоҳи ва Украина элчихонаси ўртасига ўрнатилган LED-экан.
Президент қароргоҳи ва Украина элчихонаси ўртасига ўрнатилган LED-экан.

Бишкек тарқатган расмий маълумотларга кўра, Путиннинг уч кунлик давлат ташрифи президент Садир Жапаров таклифига асосан амалга ошди. Россия президентига саккиз нафар вазир, Марказий банк раиси, “Росатом” компанияси раҳбари ҳамда Роман Абрамович, Муса Бажаев, Пётр Фрадков каби олигархлар ҳамроҳлик қилди.

КХШТ саммити

Путин 27 ноябрда Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) навбатдаги саммитида ҳам иштирок этяпти.

Янги йилдан бошлаб ташкилотнинг бош котиблигига Қирғизистон вакили Таалатбек Масадиқов тайинланди. Арманистон бу сафар ҳам ташкилот саммитида иштирок этмади. Аммо Россия Ереван келишилган ҳужжатларни қабул қилишдан бош тортмаслигини билдирди. Арманистон ҳозирча бунга жавоб бермади.

Арманистон 2023 йил бошида ташкилотнинг ҳарбий машғулотларини ўтказишдан бош тортган. 2024 йил феврал ойида бош вазир Никол Пашинян Ереван бу ташкилотга аъзолигини тўхтатганини маълум қилган.

Армения ҳукумати 2022 йилда Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ҳудудини назоратига олганда ва икки давлат ўртасида чегара низоси юз берганда ташкилот ёрдамга келмагани учун бир неча бор норозилик билдирган.

Арманистон шундан бери аъзолик бадалини тўламай келмоқда, шу билан бирга КХШТдан бутунлай чиқиб кетганини ҳам расман эълон қилмаган.

1992 йили Тошкентда имзоланган келишув билан тузилган КХШТга аввалига Арманистон, Беларус, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлган. Кейинчалик Тошкент бу альянсдан чиқиб кетган.

Фаолларни ранжитган баёнотлар

Ташриф арафасида Қирғизистонда Кремл маблағ ажратаётгани айтилган Nomad TV телеканали расман фаолият бошлади. Каналнинг очилиш маросимида Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова иштирок этди.

Дўстлик, ахборот ва гуманитар ҳамкорлик хақида гапирган Захарованинг телеканалга берган интервьюсида Қирғизистонни “Киргизия” дея тилга олиши фаолларда норозилик туғдирди.

“Мария Захарова Бишкекнинг қоқ марказида “Киргизия” деб, идеология ҳақида катта “монолог” айтиб ўтирибди. Маҳаллий мустақил оммавий ахборот воситаларини камситиб, энди халқни бошқа давлатнинг пропагандаси билан суғоринглар энди” – дея фикр билдирди “Говори ТВ” канали раҳбари Қайиргул Урумканова.

Қирғизистонликлар “Киргизия” деган сўзни совет-колониал мероси сифатида кўришади. Шунинг учун давлатнинг Конституцияда белгиланган ўз номи “Қирғизистон” ёки “Қирғиз Республикаси” дея аташни ҳурмат белгиси деб билишади.

Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар ортидан Мария Захарова Телеграм каналида тарқатган Nomad TV хақидаги хабарда “Қирғизистон” сўзини ишлатган.

Nomad TV канали логотипи ва тармоқларда каланга тегишли экани айтилган саҳифалар.
Nomad TV канали логотипи ва тармоқларда каланга тегишли экани айтилган саҳифалар.

Путиннинг Қирғизистонга ташрифи доирасида фаолларнинг танқидига учраган ҳолатлардан яна бири - Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсаловнинг “биз рус дунёсининг бир қисмимиз” деган сўзи бўлди.

“Қирғизистон ва Россия Федерацияси нуқтаи назаридан қараганда, биз ҳақиқатан ҳам ягона медиамаконга тегишлимиз. Мен айта олмайманки, Nomad қандайдир тарзда муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди. Бу факт. Кимдир инкор қилиши, кимгадир ёқмаслиги, кимгадир ёқиши мумкин. Лекин биз ҳақиқатан ҳам рус дунёсининг бир қисмимиз. Биз рус тили ва Россия медиамакони ичидамиз” – деган у Nomad TV очилишида журналистларга берган интервьюда.

Ҳозирча Байсалов фаолларнинг танқидига нисбатан муносабат билдирмади.

“Ҳозир иқтисодий жиҳатдан Россияга боғланиб қолганмиз, бу бизга ёқадими-йўқми, реаллик шундай. Географик жойлашувимиз ҳам кўп векторли ташқи сиёсат юритишга мажбур қилади. Бу ҳолат баъзан ноқулай ва танқидга арзийди, аммо ҳақиқат шу. Ёнимизда Хитой бор, шу билан бирга Россиянинг геосиёсий орбитасига ҳам боғланиб қолганмиз. Энергия ресурслари, нефть, қурилиш материаллари, металл, ёғоч, шунингдек меҳнат миграцияси соҳаларида ҳам Россияга қарамлик сақланмоқда. Яқин йилларда бу боғлиқликдан чиқиб кетиш осон эмас, чунки альтернатив йўлни дарҳол топиш қийин” – дея фикр билдирди таҳлилчи Миржан Балибаев “Озодлик”нинг қирғиз хизматига.

Ташриф олдидаги ҳибслар

Путиннинг Қирғизистонга ташрифидан уч кун аввал Бишкекда собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорлари қамалиб, бу ишда Россиянинг номи ҳам аталган. Ҳибсга олинган 12 одамнинг ичида Атамбаевнинг ўғли Қодирбек Атамбаев ва аввал собиқ президент бошқарган Социал-демократлар партиясининг ҳозирги лидери Темирлан Султанбеков бор.

Расмий хабарларда улар ҳокимиятни ағдаришга уринаётгани ва ҳозирда Россияда яшаётган собиқ премьер-министр Сапар Исаковни қайтариб, давлат раҳбари қилиш ниятида экани айтилган.

Ички ишлар вазирлиги дастурхон атрофида бу борада муҳокама қилинганига оид видеони тарқатган. Унда гумонланувчилар йиғилиб, "Исаков Москвада Федерал хавфсизлик хизмати ҳимояси остида экани ва Кремль уни Қирғизистоннинг бўлажак президенти сифатида эҳтимолий номзод деб кўраётгани" ҳақида гаплашгани акс этган. Россия томони бунга ҳозирча бу воқеага муносабат билдирмади.

Россиядаги мигрантларнинг ҳужжатларни текшириш рейди. Новосибир, 2024 йил.
Россиядаги мигрантларнинг ҳужжатларни текшириш рейди. Новосибир, 2024 йил.

Мигрантлар ва тикувчилар муаммоси

Россияда сўнгги пайтларда Марказий Осиёдан бориб ишлаётган мигрантларга қарши назорат кучайтирилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш қийинлашган ва мигрантлар яшаган, ишлаган жойларга бостириб бориб, текширишлар кўпайган. Москва бундай рейдларни қонунсиз миграцияга қарши кураш деб атайди.

Куч тизимлари ходимлари рейдлар давомида мигрантларни ур-тепкига олгани ва таҳқирлагани акс этган видеолар интернетда сўнгги бир йилда кўп тарқамоқда.

Шунингдек, Украинадаги урушга мигрантларнинг жалб этилиши ҳам инсон ҳуқуқларига боғлиқ асосий масалаларнинг бирига айланган.

Путиннинг Қирғизистонга ташрифи чоғида мигрантлар учраётган муаммолар муҳокама қилинганини журналистларга давлатнинг ташқи ишлар вазири Жээнбек Қулубаев билдирди. Аммо таҳқирли ҳаракатларни тўхтатишга боғлиқ қандай музокаралар бўлгани хақида ҳозирча маълум эмас.

Путин Қирғизистонга келган пайт. 25 ноябр, 2025 йил.
Путин Қирғизистонга келган пайт. 25 ноябр, 2025 йил.

Кремл раҳбарининг ташрифи Россияга Қирғизистонда тикилган кийим-кечакларни юбориш билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг маҳсулотлари икки-уч ойдан бери рус чегарасидан ўтказилмаётган бир пайтга тўғри келди. Тадбиркорлар охирги ойларда шу сабабли цехлар бирин-кетин ёпилаётгани маълум қилишган ва бунга чора кўришни сўрашган. Россия томони буни юкларнинг ҳужжатларига ва санитария талабларига боғлиқ янги чоралар киритилгани билан тушиндириб келмоқда.

Путин Бишкекка келганида ушбу масала муҳокама қилинганини ва тегишли топшириқлар берилганини Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев “Озодлик”нинг қирғиз хизматига билдирди. Бироқ қандай топшириқлар берилгани ва масала қанча вақтда ҳал этилишига аниқлик киритмаган.

Путиннинг ташрифи муносабати билан Бишкекдаги мактаблар ва бошқа таълим муассасалари уч кун давомида онлайн ўқитиш тартибига ўтди. Ота-оналар ва талабаларга бу ҳақда ўқитувчилар ташрифдан бир кун олдин хабар берди. Бироқ сиёсий тадбирларнинг таълим жараёнига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида расмий тушунтирилмади. Сўнгги йилларда Бишкекда президентлар ташрифлари кунлари ўқишни онлайнга ўтказиш одатий ҳолга айланган.

Москванинг минтақадаги таъсири

Ўтган ойда Путин Тожикистонга давлат ташрифи билан келган ва Душанбеда ҳам шундай тантана билан кутиб олинган.

Вашингтонда Марказий Осиё давлатлари лидерларининг АҚШ президенти билан 6 ноябрда ўтган саммитидан кейин Қозоғистон президенти Москвага борган, Ўзбекистон президенти эса Путин билан телефон орқали мулоқот қилган.

Айрим экспертлар буни Марказий Осиёнинг Москва, Вашингтон ва Пекин билан алоқаларини мувозанатлашга қаратилган ҳаракати сифатида кўрадилар. Бошқалари эса Украинадаги уруши сабаб Ғарб билан муносабатлари кескинлашган Москванинг Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолиш ва геосиёсий рақобат шароитида мавқеини мустаҳкамлашга уриниши деб баҳолайдилар.

Россия-Марказий Осиё самити. Душанбе, 9 октябрь, 2025 йил.
Россия-Марказий Осиё самити. Душанбе, 9 октябрь, 2025 йил.

Хитойнинг Global South лойиҳаси тадқиқотчиси Юнис Шарифли “Эркин Европа/Озодлик радиоси” таҳлилчиси Рэд Стэндишга бу борада изоҳ берганда: “Россия минтақадаги ролини қайта тиклашга ва уни янгича белгилашга уриниб келмоқда, - деган.

Унинг таъкидлашича, Москва Украинадаги урушдан кейинги иқтисодий шароитлар ўзгариши билан минтақада ўз таъсирини бошқа йўналишларга бурмоқда. Бунга электрон тижорат соҳасини мисол қилган тадқиқотчи “Росатом” компанияси Марказий Осиё ҳукуматлари билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги йўлларини излашга йўналтирилганини ҳам қўшимчалаган.

Гаагадаги Халқаро Жиноят Суди 2023 йил март ойида Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер чиқарган. У Украинадан болаларни ноқонуний депортация қилиш билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда. Бу ордерни Рим статутига аъзо давлатлар бажариши керак. Яъни агар Путин улар ҳудудига кирса, уни ушлаб судга топширишлари лозим.

Марказий Осиёдаги давлатлардан фақат Тожикистон унга аъзо. Лекин ордерни бажармагани учун тожик ҳукумати расмий тушинтириш бермаган.

Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистон Рим статутига қўшилмаган. Россия 2016 йили Рим статутидан чиққан ва Гаага судининг юрисдикциясини тан олмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG