Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

Аҳоли учун 100 минг сўмликни босиш арафасида пул машиналарининг куйиб қолгани айтилмоқда


Ўзбекистон Марказий банки Олий Мажлис Сенати 2019 йил 15 январда 100 минг сўмлик номиналдаги банкнота намунаси ва дизайнини маъқуллади, дея хабар берганидан саноқли кунлар ўтиб¸ нафақат ўзбек сўми¸ балки бошқа давлат пулларини босиб чиқараëтган қиммат машиналардан иккитаси ишдан чиққан.

Бу жараëнга бевосита алоқадор мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ кейинги бир ой ичида иккита пул босиш машинасининг кетма-кет куйиб қолганига босма фабрика жойлашган Юнусобод туманида светнинг тез-тез ўчиб туриши сабаб бўлган.

Тошкент молия тизимидаги бошқа бир мулозим эса¸ бунга 2000 йилларда олиб келинган бу машиналарнинг эскирганини сабаб қилиб кўрсатди.

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган "Давлат Белгиси" Давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Тошкент босма фабрикасининг Озодлик боғланган расмийси¸ "фабрика режимний объект бўлгани боис¸ унинг иш фаолиятига оид бирор маълумот берилмаслиги"ни таъкидлади¸ айни пайтда машиналарнинг ишдан чиққани хабарини "бўлмаган гап" деб атади.

100 минг сўмлик банкнотани босиш тўхтаб қолди…

10 январь куни Озодлик Тошкент босма фабрикасида янги 100 минг сўмлик купюраларни босиб чиқариш бошланганини хабар қилиши ортидан Ўзбекистон Марказий банки бу янгиликни расман тасдиқлаган эди.

Озодликка бу хабарни юборган жараëнга бевосита алоқадор мулозимнинг 24 январь куни билдиришича¸ бугунга келиб пул босиб чиқарадиган машиналарнинг куйиб қолгани сабабли¸ янги банкнотларни босиш тўхтаб қолган.

Бу мулозим¸ махсус қўриқланадиган стратегик давлат объектига оид маълумотни жамоатчиликка билдириш ваколати йўқлиги боис¸ шахси сир тутилишини сўради.

" 20 000 лист қоғоз запас қилиб қўйилганди президент 100 минг сўмлик ҳақидаги қарорга қўл қўйишини кутиб. Складда ҳозир босилган 100 минг сўмликлар бор¸ фақат аҳолига тарқатишга етмайди - министр¸ ҳоким¸ президент аппаратидагиларга берилади булар. Бу орада машина бузилиб қолди​. Мияси - плата куйди. Шунга ҳозир пул чиқмаяпти. Гендиректор Абдулла Ариповдан гап эшитган¸ ҳозир бу ерда роса жанжал. Пулни Германиядан олиб келинган спец машина босади. Бунақа машина иккита эди. Биттаси бузуқ¸ иккинчисига қоғоз формати тушмайди"¸ деди Озодликка бу ҳақда хабар берган жараëнга бевосита алоқадор мулозим.

Озодлик суҳбатдошининг таъкидлашича¸ дунë матбаа саноатидаги етакчи ширкат ҳисобланган Германиянинг Koenig&Bauer компаниясидан сотиб олинган бу машиналар нархи 3 миллион евро туради ва улар платасини алмаштириш янгиси билан қарийб бир хил нархга тушади.

Ремонт қилишнинг иложи йўқ. Ҳаракат қилиб кўришди. Платани Германиядан - KBA (Koenig & Bauer AG) фирмасидан сотиб олиш керак. У ҳам 3 миллион еврога яқин туради. Бунга фабриканинг пули йўқ. Директор Марказий банкдан қарз олиши керак. Туалет қоғоз олиш учун ҳам фабрика МБ дан рухсат олиши керак. Юнусобод туманида тез-тез свет ўйнайди¸ шунинг учун шақиллаб ишлаб турган машинанинг секунд ичида “томи кетиб” - платаси куйди. Генератор бор¸ лекин барибир светнинг ўйнаши таъсир кўрсатади. Техникларнинг савияси жуда паст. Бу фабрика секретний зона бўлгани учун¸ у ерда кимларнинг нимага ишга олинганиниям биров суриштирмайди”¸ дейди Тошкент босма фабрикасидаги иш жараëнидан бевосита хабардор мулозим.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон молия тизими мулозимларидан бири¸ Тошкент босма фабрикасида охирги марта Германиядан пул босиш машинасининг 2006 йилда олиб келингани ва ўтган муддат ичида бу машиналарнинг “моралний эскирганини” айтади.

Тошкент босма фабрикасининг Озодлик 25 январь куни боғланган расмийси¸ бу хабарни "бўлмаган гап" деб атади.

"Биз режимнинг объектимиз¸ сизга ҳеч қандай маълумот беролмайман. Лекин иш нормалний давом этаяпти"¸ деди фабриканинг ўзини таништирмаган расмийси.

“Экспорт пулларини босиш ҳам тўхтаган”

Озодликка “Давлат белгиси” фабрикасида бўлаëтган жараëнлар ҳақида хабар берган мулозимга кўра¸ бу ерда Ўзбекистоннинг тўрт хил номиналдаги пуллари баробарида¸ хориж давлатлари банкнотлари ҳам босиб чиқарилади.

5000¸ 10 000¸ 50 000 ва 100 000 сўмлик билан бир пайтда¸ экспортга ҳам пул босилади бу ерда. Жанубий Африка республикаси¸ Гондурасга ўхшаган дунëнинг 28 та давлатининг пули Тошкент босма фабрикасида босилади. Дунëда полиграфия соҳасида Франция биринчи ўринда туради¸ кўп заказларни Франция олади¸ лекин уларни реалний босиш Тошкентда қилинади. Чунки пулнинг қоғози пахтадан бўлади¸ Ўзбекистоннинг пул қоғози Американикидан кейин¸ иккинчиликда туради. Масалан¸Франция ва Германияда полиграфия саноати зўр¸ лекин пахтаси йўқ. Чет эл купюраларини Ўзбекистонда босиш арзон тушади. Тошкентда чет давлатлар пулининг босиб чиқарилиши давлат сири ҳисобланади”¸ дейди Тошкент босма фабрикасидаги жараëнга бевосита алоқадор мулозим.

Тошкентдаги молия тизимида ишловчи мулозим ҳам 1992 йилдан бери Ўзбекистонда¸ асосан¸ Осиë ва Африка давлатлари банкнотлари босилиб келинаëтгани¸ матбаа станокларининг эса Германиядан сотиб олинишини тасдиқлади.

Озодлик суҳбатдошлари¸ жорий вазиятда Тошкент босма фабрикаси раҳбариятининг қаттиқ босим остида қолганини айтади.

Ҳозир директорга ҳамма томондан босим бўлаяпти. Бу жойга Каримов администрациясининг бошлиғи Зелимхон Ҳайдаровнинг укаси 23 йил директор бўлган. Биров бир нарса деëлмаган унга¸ ҳатто прокуратурани эшикдан кирғизмасди. Тўлиғича МХХда эди контрол. Ҳозирги директор президентнинг собиқ маслаҳатчиси Бахтиëр Жумаев. Нима қилишини билмаяпти. 100 мингталик ва экспорт пулларни босиш тўхтаб қолгани президентнинг қулоғига етиб борган-бормаганидан хабарим йўқ. Лекин шундан қўрқишаëтгани аниқ”¸ дейди фабрикадаги вазиятдан бевосита хабардор мулозим.

1995 йилдан 2018 йил сентябрига қадар Ўзбекистон Марказий банки ҳузуридаги "Давлат белгиси"​ давлат ишлаб чиқариш бирлашмасига Сулаймон Худойқулов раҳбарлик қилган.

(Маълумот учун, "Давлат белгиси"​ давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси — қалбакилаштиришдан ҳимояланган қимматли қоғозлар, паспорт қоғозлари, акциз маркалар учун қоғозлар, пул босиладиган қоғозлар, банкнотлар, сертификатлар, лотерея билетлари, векселлар, чеклар, акциз​ ва почта маркалари, коллекция ва эсдалик тангалари тўплами, эсдалик нишонлари ва шу кабиларни ишлаб чиқарувчи бирлашмадир).​

Дунëнинг пул босувчи давлатлари

Очиқ манбаларнинг бирортасида дунëдаги 20 дан ошиқ давлат банкнотларининг Ўзбекистонда босиб чиқарилишига оид маълумот йўқ.

2018 йил сентябрида Африканинг Либерия давлати ҳукумати чет элда бостириб келинган 104 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги миллий купюралари мамлакат ҳудудига кириши билан йўқолиб қолганини билдиргани ортидан¸ BBC News мухбири Christopher Giles “Давлатлар нега пулини ўз ҳудудидан ташқарида босади” деган мақола ҳозирлаган эди.

Унда айтилишича¸ дунëда банкнотлар босиб чиқариш бизнесининг 11 фоизи Британиянинг De La Rue ширкати ҳиссасига тўғри келади ва биргина шу ширкат дунëдаги 140 давлат Марказий банки буюртмасини бажаради.

Пул босиш бўйича Германиянинг Giesecke & Devrient¸ Канаданинг Canadian Banknote Company ва АҚШ ҳамда Швеция ҳудудида жойлашган Crane ширкатлари бу бозорда асосий рақобатчилар экани айтилган бу мақолада¸ Ўзбекистон номи тилга олинмаган.

АҚШ ва Ҳиндистондан ташқари аксар давлатлар ўз пулини бошқа давлат ҳудудида босиб чиқаришини таъкидлаган мутахассислар¸ бунинг сабабини “пул босишнинг қиммат ва қийинлиги”¸ билан изоҳлаган.

Дунëнинг аксар давлатларида нақд пул муомаладан чиқиб бораëтганига қарамай¸ экспертлар пул босиш бизнесининг қисқармаëтгани¸ аксинча¸ Осиëда талабнинг ортиши ҳисобига¸ кучайиб бораëтганини таъкидлайди.

Тахминларга кўра¸ бир йиллик пул босиш бизнеси ҳажми камида 10 миллиард долларни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG