Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:35

10 минг одам учун етарли жой: Хитойнинг энг йирик тергов ҳибсхонасига назар


Хитой ҳукумати Шинжон минтақасига уюштирган экскурсия давомида Associated Press (AP) агентлиги мухбирларига Урумчи шаҳрининг Даванчинг туманида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхонани кўриш имкони берилди.

Қамоқхонанинг битта бўлимида 240 дан ошиқ камера бўлиб, уларнинг бирида мухбирлар уйғур маҳбуслар қатор ўтириб, телевизорда Хитой Коммунистик партияси тарихи ҳақида хира, оқ-қора лавҳаларни томоша қилаётганига гувоҳ бўлган.

Ҳибсхона Хитойдаги, эҳтимол, бутун дунёдаги энг катта тергов ҳибсхонаси бўлиб, мажмуа қарийб 90 гектар майдонни эгаллаган. Яъни, марказ ҳудуди Ватикан шаҳридан икки баравар каттадир. Мажмуа кираверишига хитой тилида “тергов ҳибсхонаси” деган ёзув илиб қўйилган.

Хитой расмийлари маҳбуслар сони ўзгариб туришини айтиб, айни дамда ҳибсхонада нечта одам сақланаётганини очиқлашдан бош тортган. Шундай бўлса-да, AP сунъий йўлдош тасвирлари ва ҳибсхонага киритилган мухбирлар сўзларига таянган ҳолда марказда тахминан 10 минг одам учун етарли жой борлигини, лозим бўлса, ундан ҳам кўпроқ одам сиғиши мумкинлигини хулоса қилди.

Бундан олдин BBC ва “Reuters” агентликлари масофадан туриб ҳибсхона ҳақида хабар берган эди. AP мухбирлари мажмуага киритилган биринчи Ғарб оммавий ахборот воситаси бўлди.

Ушбу мажмуа Хитойда кўплаб уйғур ва бошқа мусулмон гуруҳлар ҳанузгача қамоқда сақланаётгани ва Пекин буни давом эттиришни режалаштираётганини кўрсатади. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларга кўра, 2019 йил давомида Даванчинг ҳибсхонасига қарийб бир милга чўзилувчи янги бинолар қўшилган.

Хитой сўнгги тўрт йил ичида бир миллион ёки ундан ҳам кўп мусулмон ҳибсга олинганини “террорчиликка қарши кураш” деб атаб келади. Аввалги йилларда олдинроқ Шинжонда туғилган саноқли экстремист уйғурлар пичоқ ва бомба ҳужумларини амалга оширган эди. Пекин кўраётган энг мунозарали чоралардан бири Хитой “қайта тарбиялаш марказлари” деб номлайдиган иншоотлардир. Собиқ маҳбуслар бу марказларни тиканли сим ва қуролланган соқчилар билан ўралган даҳшатли қамоқ лагерлари деб таърифлаган.

Аввалига Хитой бу марказлар мавжудлигини рад этди, аммо халқаро босим ортидан 2019 йилда барча маҳбуслар марказларни “тамомлаганини” билдирди. Аммо AP агентлиги мухбирларининг Даванчингга ташрифи, сунъий йўлдош орқали олинган суратлар ҳамда мутахассислар ва собиқ маҳбуслар билан суҳбатлар шуни кўрсатадики, кўплаб “ўқув марказлари” ҳақиқатан ҳам ёпилган бўлса-да, 3-сон тергов ҳибсхонасига ўхшаш марказлар қамоқхона ёки тергов изоляторларига айлантирилган. Шунингдек, кўплаб янги иншоотлар қурилган, шу жумладан, Даванчинг яқинида 2019 йилда қад кўтарган 35 гектар ерни эгаллаган янги қамоқхона.

Афтидан, бу ўзгаришлардан мақсад вақтинчалик ва ноқонуний “ўқув марказлари” ўрнига қонуний асосга эга қамоқхона ва тергов ҳибсхоналари тизимига ўтишдир. Бугунга қадар айрим уйғур маҳбуслар озод қилинган, бошқалари эса янги қамоқхона тармоғига кўчирилган.

Бироқ, тадқиқотчиларнинг айтишича, кўплаб бегуноҳ одамлар чет элга саёҳат қилгани ёки диний йиғилишларда қатнашгани учун ҳибсга олинган. Колорадо университетининг уйғурларни ўрганиб келаётган антропологи Даррен Байлер кўплаб маҳбуслар “ҳеч бир меъёр бўйича ҳақиқий жиноятга” қўл урмаганини, улар тегишли жараёнларсиз “хўжакўрсинга” судланаётганини таъкидлади.

“Полиция давлати ўрнини оммавий қамоқ давлати эгалламоқда. Аҳоли орасидан юз минглаб одам ғойиб бўлди”, деди Байлер.

“Бу одатий хатти-ҳаракатларни жиноятга тенглаштиришдир”.

Даванчингдаги 3-сон тергов ҳибсхонасига апрель ойида уюштирилган экскурсия давомида Хитой расмийлари иншоот Пекин ёпилганини иддао қилиб келаётган “ўқув марказлари”дан фарқ қилишини қайта-қайта урғулаган.

“Бизнинг ҳибсхонамиз ва ўқув марказлари ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ”, дея таъкидлаган Урумчи жамоат хавфсизлиги бюроси директори Чжао Чжонвей.

Шунингдек, расмийлар 3-сон тергов ҳибсхонаси Хитой реабилитация ва қонун устуворлигини таъминлашга содиқ эканини исботлашини айтиб, маҳбусларга иссиқ овқат берилаётгани, улар жисмоний машқлар билан шуғулланаётгани, юридик маслаҳатчилар хизматларидан фойдаланаётгани ҳамда ўз жиноятлари ҳақида теледастурларни томоша қилаётганини таъкидлашган. Расмийларнинг сўзларига кўра, маҳбусларнинг ҳуқуқлари ҳимояланмоқда ва фақат қонунбузарлар ҳибсга олинишидан хавотир олса арзийди.

“Кўряпсизми, BBC хабарида бу қайта тарбиялаш лагери экани айтилганди. Аслида ундай эмас, бу – ҳибсхона” деган ташқи ишлар вазирлиги расмийси Лью Чанг.

Бироқ, расмийларнинг даъволарига қарамай, мавжуд далиллар 3-сон тергов ҳибсхонаси ҳақиқатан ҳам қамоқ лагери бўлганини кўрсатади. “Reuters” нашри 2018 йилнинг сентябрь ойида эълон қилган суратда мажмуа киришида “Урумчи касб-ҳунар таълими ва ўқитиш маркази” деб ёзилганини кўриш мумкин. Канадада ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олаётган Шон Чжан тўплаган оммавий ҳужжатлар 2017 йилда айни жойда шу номли марказни қуриш бўйича буйруқ чиқарилганини тасдиқлайди.

Шунингдек, ҳужжатлар шуни кўрсатадики, “Hengfeng Information Technology” конгломерати Урумчи “ўқув марказини” жиҳозлаш учун 11 миллион долларлик шартномани қўлга киритган. “Hengfeng” ширкатига тегишли экани кўрсатилган телефон рақамига қилинган қўнғироққа жавоб берган шахс ширкат “ўқув маркази” қурилишида қатнашганини тасдиқлаган, аммо “Hengfeng” ширкатидан қўшимча изоҳ олишнинг иложи бўлмаган.

2018 йилда Даванчинг иншоотига ташриф буюрган собиқ қурилиш пудратчиси AP агентлигига марказ чиндан “Урумчи касб-ҳунар таълими ва ўқитиш маркази” бўлганини ва 2019 йилда тергов ҳибсхонасига айлантирилганини айтган. У оила аъзоларидан қасос олишларидан қўрқиб, исмини ошкор қилишни истамаган.

“Ичкаридаги барча собиқ талабалар маҳбусларга айланди”, деган у.

Кенг мажмуани қарийб 8 метр баландликдаги мовий рангга бўялган бетон девор, қоровул миноралари ва ғувиллаб турадиган электр симлари ўраб туради. Расмийлар AP мухбирларини асосий кириш эшиги орқали олиб кирган. Мухбирлар мажмуага киришдан олдин юзни сканерлаш мосламалари ва ҳарбий кийимдаги қуролланган соқчилар текширувидан ўтган.

Мухбирлар мажмуанинг бир бурчагида ниқоб кийиб олган маҳбуслар қатор бўлиб ўтирганини кузатишган. Уларнинг аксари этник уйғур эканини хулоса қилишган. Марказ директори Чжу Ҳонгбин камера деразаларидан бирини тақиллатиб, “буларни синдиришнинг иложи йўқ”, деган.

AP мухбирлари бошқарув хонасида ходимлар ҳар бир камерани кўрсатиб турувчи йигирмага яқин экранни кузатиб ўтирганига гувоҳ бўлишган. Бошқа бир экранда CCTV хитой давлат телевидениеси дастурлари намойиш этилаётган бўлган.

“Биз улар нима томоша қилаётганини назорат қиламиз”, деган Чжу.

“Улар қоидаларни бузса ёки ўзларига зарар етказишга ёки ўлдиришга уринса, билиб оламиз”.

Чжу, шунингдек, маҳбусларга улар содир этган жиноятлар тўғрисида маълумот бериш учун видеодарслар намойиш этилишини айтган.

“Уларга нима учун одам ўлдириш ва ўғирлик ёмон эканини уқтириш керак”, деган Чжу.

Ўриндиқлар ва компьютерлар билан жиҳозланган 22 та хонада маҳбуслар адвокатлар, қариндошлари ва полиция билан видео суҳбатлашиши мумкинлигини айтишган. Шунингдек, мажмуада Урумчи прокуратураси бўлими жойлашган.

Мажмуадаги тиббиёт хонасида эса мухбирлар беморларни ташиш аравачаси, кислород идиши ва дори-дармон сақланадиган шкафни кўришган. Деворда беморлар билан муомала қилиш протоколлари илинган бўлган. Шунингдек, мухбирлар деворда очлик эълон қилган маҳбусларни бурнига найча тиқиб, мажбуран овқатлантириш кўрсатмаларига гувоҳ бўлишган.

Чжаонинг айтишича, ҳибсхонада маҳбуслар содир этгани гумон қилинаётган жиноятга қараб, судгача 15 кундан бир йилгача ушлаб турилади. Расмий марказда суд жараёни бутун Хитой билан бир хил эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, ушбу марказ хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, шаҳардан олисда қурилган.

Урумчидаги 3-сон тергов ҳибсхонаси Нью-Йорк шаҳридаги Райкерс ороли билан тенг келади. Шаҳарда яна камида уч тергов ҳибсхонаси ҳамда ўндан ортиқ қамоқхона бор.

AP мухбирлари 3-сонли ҳибсхона тўлиқ қувват билан ишламаётганини кузатган. Расмийлар бир бўлим ёпилганини айтган. 20 га яқин одамга мўлжалланган камераларда 6–10 маҳбус ўтирганини кузатишган. Аммо ҳукуматнинг 2019 йилги статистик маълумотларига кўра, ўша йили Шинжонда ҳибсга олишлар сони 2017 йилда тазйиқлар бошланган пайтга солиштирганда қарийб икки бараварга кўп бўлган. Шинжонда бугунга қадар юз минглаб одам қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Уларнинг аксарияти беш йил ёки ундан кўпроқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Шинжондаги ҳукумат матбуот котиби Сюй Гуйсян кўпроқ одам қўлга олинганини “террорчиликка қарши кураш” доирасида кўрилган “қатъий чора” деб атади.

“Табиийки, ушбу жараён давомида қонунда белгиланган тартибда жазога тортилганлар сони кўпаяди. Бу ишимиз самараси кўрсаткичидир”, деган Сюй.

“Ушбу чоралар террорчилар жавобгарликка тортилиши эҳтимолини оширади”.

Аммо қамоққа улоқтирилганларнинг кўплаб қариндошлари яқинлари шубҳали айбловлар билан қўлга олинганини айтиб, Шинжон қонунчилик тизими шаффоф эмаслигини айтиб келадилар. Гарчи Хитой одатда юридик қайдларни жамоатчиликка эълон қилса-да, Шинжонда судланганлар бўйича ҳужжатларнинг деярли 90 фоизи жамоатчилик билан улашилмаган. Сиздирилган оз сонли ҳужжатлар шуни кўрсатадики, кўпчиликка “терроризм” ёки “айирмачилик” айбловлари қўйилган. Айрим ҳолатларда ҳамкасбларини порнография томоша қилмасликка чорлаш, қасам ичиш ёки қамоқхонада ибодат қилиш каби айбловлар жиноят ишини очиш учун асос бўлган.

Тадқиқотчи Жин Бунин уйғурлар расмийлар “террорчи ҳаракатлар” деб атайдиган хатти-ҳаракатлари учун иқрорномаларни имзолашга мажбур қилинганини аниқлаган. Бугунга қадар айримлар озод қилинган. Улар орасида Даванчинг ҳибсхонасида ушлаб турилганлар ҳам бор. Ушбу ҳибсхонада сақланиб, кейин қўйиб юборилган шахснинг қариндоши AP нашрига бу ҳақда сўзлаб берган, аммо у оиласи хавфсизлигини ўйлаб, исмини ошкор қилишдан бош тортган.

Бошқа маҳбуслар эса қўйиб юборилмаган. “Intercept” нашри қўлга киритган полиция ҳисоботларида 2017 йилда Урумчининг битта маҳалласида қўлга олиниб, Даванчингга олиб кетилган саккиз нафар уйғур иши ҳақида маълумот келтирилган. Улар диний матнларни ўқигани, файлларни улашиш дастурларини ўрнатгани ёки шунчаки “ишониб бўлмайдиган одам” бўлгани учун жавобгарликка тортилган. Ҳисоботларга кўра, 2018 йил охирида прокуратура уларни чақириб, икки йилдан беш йилгача “таълим олишга” ҳукм қилган.

AP журналистлари тергов ҳибсхонасида қийноқ ёки калтаклаш изларига гувоҳ бўлмаган. Уларга собиқ ёки ҳозирги кунда мажмуада сақланаётган маҳбуслар билан бевосита гаплашишга изн берилмаган. Аммо Шинжондан қочиб кетган уйғур Зумрет Довутнинг айтишича, Даванчингда ишлаган марҳум дўсти Париде Амати шафқатсиз муомалага гувоҳ бўлганини сўзлаб берган. Хусусан, Париде икки ўсмир ўлгудек калтакланганидан кейин, Мисрда ўқиётган пайтда террорчилик билан шуғуллангани тўғрисида иқрорномаларни имзолашга мажбур бўлганини айтиб берган.

Даванчинг муассасасида ишлаган ўқитувчи ҳам у ерни “дўзахдан ҳам ёмон” деб таърифлаган. Бу ҳақда ўқитувчининг бошқа лагерда ишлаган ҳамкасби Қалбинур Содиқ сўзлаб берган. Ўқитувчининг айтишича, машғулотлар пайтида электр таёқчалар ва темир стуллар билан қийноққа солинаётган одамлар овозларини эшитган.

Шинжондаги бошқа ҳибсхоналардаги шароитлар ҳақидаги турли ҳисоботлар мавжуд. Баъзилар уларда шароит оғир бўлса-да, жисмоний зўравонлик йўқлигини, бошқалар эса қийноққа солинганини сўзлаб берган. Бундай ҳисоботларни мустақил равишда текшириш мушкул. Шинжон расмийлари эса маҳбуслар ҳуқуқлари поймол қилингани ҳақидаги барча айбловларни рад этиб келади.

Хитой расмийлари уйғурлар сохта айбловлар билан ушлаб турилганини инкор этишда давом этмоқда. AP журналистлари 3-сон тергов ҳибсхонасига элтувчи йўлда сунъий йўлдош тасвирларида кўриш мумкин бўлган янги ҳибсхоналарга гувоҳ бўлишган.

Мухбирлар бу иншоотлар нима экани ҳақида сўраганда, расмийлар бундан хабарлари йўқлигини иддао қилишган.

XS
SM
MD
LG