Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:35

"Геосиёсий зарурият". Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиёга ташрифи


Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон Самарқандда. 23 апрель, 2024
Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон Самарқандда. 23 апрель, 2024

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазир Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиёнинг бешта постсовет давлати ва Мўғулистонга ташрифи, шубҳасиз, эътиборга молик воқеа бўлди. Аммо бу ташриф Британия минтақани ҳамкорликни чуқурлаштиришни “геосиёсий зарурият” деб билишига ишонтириш учун етарлими?

Фотосуратларда сўзлар кўринмайди, лекин кўриб табассум қиласиз.

Улардан бирида Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Ашхободдаги туркманлар анъанавий ўтовига қушдек учиб киради.

Британиянинг Қирғизистондаги элчихонаси интернетга жойлаган бошқа суратда эса Кэмерон бетон ариққа ўйчан тикилиб турибди.

Ўзбекистондан олинган эсда қоларли кадрда Кэмерон бу мамлакатнинг ташриф қоғози – палов тўла қозонга ҳайратла тикилгани акс этган.

“Дэвид Кэмерон бу ҳафта Марказий Осиё бўйлаб саёҳат қилганидан жуда хурсанд”, деб ёзди AFP мухбири Жейк Корделл Х’да.

Аммо Кэмерон Марказий Осиёнинг беш постсовет давлати ва Мўғулистонга беш кунлик сафаридан қайтганидан сўнг, унинг ташрифи шунчаки саёҳат эмасми, деган савол туғилади.

Жавоб қайси давлат ҳақида сўралганига боғлиқ бўлиши мумкин.

"Геосиёсий зарурият"

Кэмероннинг минтақага ташрифи Британия парламенти Ташқи ишлар қўмитасининг “Чорраҳадаги давлатлар: Британиянинг Марказий Осиёдаги иштироки” номли ҳисоботи чоп этилганидан бир неча ой ўтиб амалга оширилди.

Ҳисоботда Лондон ва минтақа ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг паст даражаси қайд этилиб, у билан алоқаларни чуқурлаштириш “геосиёсий зарурият” деб аталади. Минтақага ташрифлар ташқи ишлар вазири ва бош вазир даражасида бўлиши кераклиги тавсия этилади. Кэмерон бу лавозимни 2010 йилдан 2016 йилгача эгаллаган эди.

Ҳужжатнинг асосий мавзуси – Россиянинг Украинадаги уруши ва минтақанинг Москва учун Лондон томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтиш имконияти сифатида деб аталади.

Аммо калтакни ишлатишдан олдин – иккиламчи санкциялар таҳдидидан бурун сиз сабзи ҳам кўрсатишингиз керак.

Минтақанинг баъзи мамлакатларида инглиз сабзиси бироз кичикдек кўринади.

24 апрель куни Ташқи ишлар қўмитаси раиси Алисия Кейнс Кэмероннинг ташрифидан мамнунлигини билдирди ва “Буюк Британияга минтақадаги юмшоқ кучи ва таъсирини оширишга ёрдам бериши мумкин бўлган” 50 миллион фунт стерлинг (62 миллион доллар) миқдоридаги ёрдамни қайд этди.

“Россия ва Хитой ўртасида жойлашган Марказий Осиё давлатлари учун уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга”, деб ёзади у парламент веб-сайтидаги шарҳида.

Кэмероннинг Туркманистон пойтахти Ашхободдаги видеосида Британия ташқи ишлар вазири Россия ва Хитой ўртасида жойлашган Марказий Осиёни тасвирлаш учун «сендвич» атамасини ишлатган ва Эрон “ўша тоғлардан бор-йўғи 40 километр нарида” эканини таъкидлаган.

“Мен Буюк Британиянинг бу мамлакатга келган биринчи ташқи ишлар вазириман, бундан ҳам муҳими биринчи Вазирлар Маҳкамаси вазириман. Мен Тожикистонга, Қирғизистонга ташриф буюрган ва 1997 йилдан бери Ўзбекистонга биринчи бўлиб ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири бўлдим, – деди Кемерон 24 апрель куни чоп этилган видеода – эҳтимол, биз бу мамлакатларда кўпроқ иш қилишимиз керак эди”.

Бироқ, Туркманистон, эҳтимол, манфаат даражаси бўйича "бу давлатлар" Британияга деярли тенг эмаслигини аниқ кўрсатиб беради.

Туркманистон дунёдаги энг авторитар давлатлардан бири бўлиб, унинг мавжудлиги деярли Хитой ва Россия ундан табиий газ сотиб олишига боғлиқ.

OzodNazar: Мирзиёев Камерон билан нега учрашмади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:36 0:00

Буюк Британия Бизнес ва савдо департаменти маълумотларига кўра, 2023 йил охирги чорагида Туркманистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми атиги 66 миллион фунт стерлингни (82,5 миллион доллар) ташкил қилган. Бу Тожикистонни ҳисобга олмаса, Кэмерон шу ҳафта ташриф буюрган бошқа мамлакатлар билан савдодан камроқ.

Глазго университети профессори Лука Анчески “Озодлик» радиоси туркман хизматига берган интервьюсида Буюк Британия ишсизлик юқори бўлган минтақага таклиф этаётган "ширин кулчалар"дан бири – Британия қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий мигрантлар учун квоталар кенгайтирилиши эканлигини таъкидлади.

"Аммо Туркманистон мисолида бунинг аҳамияти йўқ, чунки расмийлар фуқароларнинг мамлакатдан чиқиш имкониятини барибир қатъий чеклайди", деб тушунтиради Анчески. Унинг фикрича, ҳукмрон Бердимуҳамедовлар оиласи Кэмероннинг Туркманистонга ташрифини "фото имконият" сифатида кўради”.

Суратларга қараганда Кэмерон Туркманистоннинг расмий “миллий етакчиси” Гурбангули Бердимуҳамедов билан эмас, балки президент Сердар Бердимуҳамедов билан учрашганга ўхшайди. Сердарнинг отаси ва мамлакатнинг амалдаги ҳукмфармоси катта Бердимуҳамедовдир. Кэмерон таътилда бўлган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам шахсан учраша олмаган.

"Қозоқлар ҳамон Ғарбни тушунмайди"

Қозоғистон Кэмерон учун аниқроқ ҳудуд бўлиб кўринади, Қоғозистон билан савдо йилига 3 миллиард доллардан ошади, бу унинг сафари давомида ташриф буюрган бошқа беш мамлакатнинг умумий савдосидан кўп.

2013 йилда Кэмерон Марказий Осиёнинг энг бой мамлакати Қозоғистонга ташриф буюрган биринчи Британия бош вазири бўлган эди.

Унинг таклифлари, айниқса, Украинадаги урушнинг геосиёсий оқибатлари фонида Ғарб кучлари ва Москва билан мувозанатни сақлаши керак бўлган Остона учун маъқул келади.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан бўлиб ўтган тадбирда сўзлаган Кэмерон (у президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳам учрашган) Лондон Марказий Осиё давлатларидан Хитой ёки Россиядан воз кечишни сўрамаётганини таъкидлади.

Москва эса ундай ўйламайди.

Россия матбуоти ва Telegram каналларида Кэмероннинг минтақага келиши худди Франция етакчиси Эммануэл Макроннинг ўтган йилги Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифида бўлгани каби шубҳалар тўлқини билан кутиб олинди.

Кремлпараст EurAsia Daily веб-сайтида чоп этилган мақолалардан бирида муаллиф Алан Пухаев “Қозоқлар ҳалигача Ғарбни тушунмаяпти”, деб афсус билдирди.

“Биз аллақачон ёзганимиздек, англо-саксонларнинг Марказий Осиёга қизиқиши, айниқса, охирги пайтларда, тасодифий эмас, – деб ёзган у рус дипломатлари тобора кўпроқ фойдаланаётган атамани асосан Буюк Британия ва АҚШга нисбатан ишлатиб. – Дунё катта уруш ёқасида ва Ғарбга кўпроқ табиий ресурслар керак."

Албатта, Брюссел ҳам, Вашингтон ҳам, Лондон ҳам ҳамкорликнинг бу жиҳатига қизиқишини яширмаяпти.

Минтақа билан яқинда олиб борилган дипломатик алоқаларнинг пресс-релизларида доимо муҳим хом ашё – электр транспорт воситалари ва умуман яшил энергияга ўтиш учун муҳим бўлган минераллар ҳақида сўз боради. Бироқ, бу саноатда асосан Хитой устунлик қилади.

Аммо бу соҳадаги алоқалар, айниқса Қозоғистонда кучайиб бораётган бир пайтда, Ғарб ҳукуматларининг етакчи хусусий компанияларни минтақага сармоя киритишга кўндириш Марказий Осиёнинг сармоявий жозибадорлиги не чоғлигига боғлиқ бўлиб қолаверади.

Шу ой бошида Bloomberg агентлиги Остонанинг халқаро арбитражнинг йирик, аммо муаммоли Қашағон нефть конини ўзлаштираётган йирик хорижий нефть компанияларига қарши даъволари 150 миллиард доллардан ошгани ҳақида хабар берган эди.

Кашағонни ривожлантирувчи консорциум таркибига Британиянинг Shell трансмиллий корпорацияси киради, бу ҳақда Нуртлеу Кэмерон билан бирга матбуот анжуманида гапириб ўтган.

Дипломатик пойга давом этади

Украинадаги уруш Марказий Осиё учун кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди, аммо бу минтақага дипломатик қизиқиш ортишига ҳам олиб келди. Бунақаси 2001 йилда АҚШ Афғонистонга бостириб кирганидан бери кузатилмаган.

2023 йил сентябрь ойида минтақа давлатлари раҳбарлари АҚШ президенти Жо Байден билан Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида олти томонлама учрашувда кўришган эди.

Бир неча ҳафта ўтгач, минтақа раҳбарлари Берлинга ташриф буюриб, канцлер Олаф Шольц билан музокара ўтказишди. Макроннинг ноябрь ойидаги ташрифига келсак, минтақанинг икки йирик иқтисодиётига (Қозоғистон ва Ўзбекистон) устувор аҳамият берилди, бироқ энг кичик иқтисодга эга давлатлар ҳам фаол.

22 апрель куни Кэмерон билан учрашувдан бир неча кун ўтиб Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Римга учиб кетди. Италиянинг WeBuild қурилиш компанияси дунёдаги энг баланд бўлиши тахмин қилинаётган Роғун ГEСининг асосий пудратчиси ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ғарб билан алоқалар кучайган даврда ҳуқуқлар ва демократия ҳақидаги ундовлар тўхтаб қолмаяптими, деб ҳайрон бўлишмоқда.

23 апрель куни, авторитар ҳукмдор Раҳмоннинг Римга ташрифидан сал аввал бир кечада Европада жойлашган тожик мухолифатининг камида саккиз нафар фаоли ҳибсга олинган эди.

“Менинг фикримча, бу ҳибсларни автократиянинг ғалабаси ва демократиянинг мағлубияти сифатида кўриш мумкин”, деди «Озодлик»ка мухолифатдаги Тожикистон Миллий альянси аъзоси Маҳмуджон Файзраҳмонов.

Мухолифатдаги “Гуруҳ 24” 25 апрель куни ўз фаоллари қўйиб юборилганини ва ҳукуматга қарши намойишлар ўтказиш режаларидан воз кечиб, Италияни тарк этганини эълон қилди.

Кэмерон эса Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан музокараларида тарихан Марказий Осиё республикалари ичида энг эркин мамлакат бўлиб келган давлатда сиёсий эркинлик даражаси кескин пасайиб кетгани ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Кэмерон Бишкекда Британия матбуотига берган интервьюсида, шунингдек, Буюк Британия Қирғизистон ҳукумати билан “Россия уруш машинаси”га товар етказиб берилишига йўл қўймаслик учун ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаб, Бишкек ва Москва ўртасидаги «табиий» савдо алоқаларига Лондон қарши эмаслигини таъкидлади.

Форум

XS
SM
MD
LG