Линклар

Шошилинч хабар
20 май 2022, Тошкент вақти: 23:02

Ўзбек энди картошкани кўп еяпти. Бу маҳсулот импорти муттасил ошмоқда


Ўзбекистон жорий йилнинг 11 ойида 455,8 минг тонна картошка импорт қилди. Бу кўрсаткич озиқ-овқат бозорини ёритишга ихтисослашган EastFruit нашрига кўра, бу 2017 йилга нисбатан 2,2 баравар кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон 13 та хорижий давлатдан қиймати 44,5 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 389,5 минг тонна картошка импорт қилган.

Картошка импорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда қарийб 103 минг тоннага ошган.

Ҳукуматнинг хориждан уруғлик келтириб, фермер хўжаликларига мажбурлаб эктириши ҳам ҳозирча ижобий натижа бермади.

Фермерлар, картошка етиштириш ҳали ҳам маъмурий буйруқбозлик асосида йўлга қўйилгани, уруғликнинг сифатсизлиги ва бу экинни етиштиришга қулай ҳудуд нотўғри танланаётгани ҳақида гапирмоқдалар.

Картошканинг асосий озиқ-овқат импорт маҳсулотига айланиши, Ўзбекистонда шу пайтгача кузатилмаган.

Ўзбекистон бозорларида картошканинг нархини барқарор сақлаб туриш учун ҳукумат, сўнгги йилларда картошка импортини кескин оширишга мажбур бўлди.

EastFruit нашрига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга картошканинг асосий етказиб берувчилари Эрон, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон ва Нидерландия бўлган.

Давстатқўмга кўра, 2021 йилнинг ўтган 10 ойида Ўзбекистон энг кўп картошка импорт қилган давлатлар:

  • Қозоғистон – 128 минг тонна
  • Эрон – 127 минг тонна
  • Покистон – 100 минг тонна
  • Қирғиз Р. – 19 минг тонна
  • Нидерландия – 11 минг тонна
  • Россия – 4,4 минг тонна
  • Франция – 616 тонна
  • Афғонистон – 374,6 тонна
  • Германия – 66,3 тонна

2017 йилгача картошканинг импорти 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2021 йилга келиб 8 бараварга ортди ва жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 455,8минг тонна картошка валютага сотиб олинди.

Ўзбекистон бозорларида айни пайтда бир кило картошканинг ўртача нархи 4500-5000 сўм бўлиб турибди.

Ҳукумат нархни барқарор ушлаб туриш учун хориждан картошка сотиб олишни давом эттирмоқда.

Сурхондарё вилоятида картошка захираси билан шуғулланадиган, матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган тадбиркорнинг айтишича, айни пайтда Қозоғистондан олиб келинган картошка захира қилинмоқда:

“Ҳукумат тадбиркорларга 4 фоизли валюта кредити бериб, картошка сотиб олиб захира қилиш ва уни вақт-вақти билан бозорга чиқариб туриш ҳақида қарор чиқарган. Бизнинг вилоятдан ҳам 4-5та тумандан тадбиркорлар Тошкентга вагонларда келган картошкани туманларига ташиб холодильникларда захира қилмоқда. Бундан аввал Покистондан, Афғонистондан, Эрондан картошка сотиб олган эдик. Бир ойлардан кейин сотишга рухсат берар экан. Аммо бизга килоси 4700-4800 сўмдан тушмоқда. Сифати яхши. Бозордаги нарх-наво ҳам ҳозир шунча”.

Исми сир қолишини сўраган наманганлик фермерлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда картошкачиликни ривожлантириш бўйича махсус программа ишлаб чиқилмагани ва бу маъмурий буйруқбозлик усулида давом этаётганлиги учун ҳам бу соҳада ижобий ўзгариш бўлмаяпти:

“Халқимизда картошкани иккинчи нон, камбағалнинг овқати дейишади. Гўшт тополмаган одам картошка қовуриб, утсига иккита тухум чақиб ейди. Ўзбекистон ерида ҳамма нарса кўкаради деб жар соламизу, ўзимиз Покистондан ёки Қозоғистондан картошка сотиб олиб еймиз. Аслида бу Ўзбекистон учун уятли ҳолат. Нега шундай бўляпти? Асосий сабаб, ҳали ҳам пахта ва ғалла монополиясидан воз кечилмаганликда, ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини ери, иқлими ва шароитига қараб тўғри районлаштира олмаганимиздадир”.

Фермер ўзининг иддаосини бундай дастаклайди:

“Мана икки йил аввал бизнинг фермерларга кредитга қиммат уруғлик бериб, картошка экасан дейишди. Ҳукуматга яқин қайсидир бир тадбиркорнинг Россиядан олиб келган сифатсиз уруғини қиммат нархда олиб экдик, бўлмади, куйиб қолдик. Чунки, бизнинг ерларга у тўғри келмайди. Картошка салқин иқлимда яхши бўлади. Лекин ура-урачилик, буйруқбозлик деҳқонни ҳам гаранг қилиб қўйди. Кўришдики, бизда бўлмайди, кейин Наманган вилоятидаги об-ҳавоси салқинроқ учта тумандан пахтани чиқариб ташлаб, ўшаларга беришди. Ҳозир улар қандай ҳосил оляпти, мен билмайман”.

Озодлик 2020 йилнинг июль ойида андижонлик фермерларнинг чириган картошка уруғи сотиб олишга мажбурлангани ҳақида хабар қилган эди.

Бухоролик фермер Шуҳрат Раззоқовнинг фикрича, сифатли уруғлик бўлмагани учун ҳам картошкадан юқори ҳосил олиб бўлмаяпти:

“Уруғчилик хароб аҳволда. Ҳали ҳам четдан уруғлик сотиб оламиз”.

Сурхондарёлик тадбиркор ҳам бу соҳа ривожланмаганининг асосий сабабини уруғчиликда деб билади:

“Собиқ иттифоқ даврида уруғчилик институти бўларди. Ўшанинг бор-йўғи 16 гектар ери бўлган. Ахир бу нима бўлади? Мана энди бу йил Ангор, Узун, Олтинсой туманига 50 гектардан уруғчилик учун ер ажратилди. Балки энди бир ўзгариш бўлар?”

Ўзбекистонда картошка нархи жорий йилнинг октябрь ойида бир 43 фоизга қимматлашди. 3,5 минг сўмлик картошка бир ҳафтанинг ичида 5000 сўмга чиқди.

Кейинчалик ҳукумат нарх-навони ушлаб туриш мақсадида бир неча турдаги озиқ-овқат маҳсулотини, жумладан картошкани қўшимча қиймат солиғидан озод қилди.

Аммо, бу ҳозирча ижобий натижа бергани йўқ. Тошкентда картошка нархи кўтарилиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG