Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2021, Тошкент вақти: 08:22

HRW: Россияда кўриб чиқилаётган янги қонун лойиҳаси интернет цензурасини кучайтиради


Россия президенти Владимир Путин интернет кафедаги компьютер экранида

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Россия парламентини мамлакат расмийларига Россия давлат оммавий ахборот воситалари тайёрлаган контентни цензура қилган сайтларга тўсиқ қўйиш ҳуқуқини берувчи янги қонун лойиҳасини рад этишга чорламоқда. Ташкилотга кўра, бу қонун қабул қилинса, Россияда Интернет цензураси янада кучаяди.

23 ноябрь куни ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Анастасия Злобина баёнот эълон қилиб, глобал интернет ширкатларнинг «онлайн контентни ўчириш ёки модерация қилиш масаласида кўп ҳолатларда ноаниқ ва номувофиқ бўлган сиёсати ва амалиётларини танқид қилса арзийди», - деди.

«Аммо ушбу қонун лойиҳасида таклиф қилинганидек, миллионлаб россияликлар фойдаланадиган онлайн платформаларни бутунлай блоклаш маълумот олиш ҳуқуқини ҳимоя қилмайди, балки унинг тескарисини қилади», - дейди у.

19 ноябрь куни Россия парламентида тақдим этилган янги қонун лойиҳаси «оммавий аҳамиятга эга маълумотларни» цензура қиладиган сайт эгалари рўйхатини тузишга чорлайди. Ушбу рўйхатга цензураси расмийлар назарида «камситувчи бўлган ёки иқтисодий ва сиёсий санкцияларга асосланган» сайтлар киритилади.

Таклиф қилинаётган қонун бош прокурорга рўйхатга олинган сайтларни тўлиқ ёки қисман блоклаш ҳақида буйруқ чиқариш ҳуқуқини беради.

Қонун лойиҳасида ёзилишича, апрель ойидан бери Россия расмийлари Twitter, Facebook ва YouTube каби онлайн платформалар Россиянинг Russia Today ва «РИА Новости» сингари давлатга тегишли медиа компанияларини цензура қилган камида 20 та ҳолатни қайд этган.

Злобинанинг таъкидлашича, Россия ҳукумати шусиз ҳам қонунга зид бўлмаган контентни ўзбошимчалик билан ва суд қарорисиз блоклаш ҳуқуқни берувчи бир неча воситага эга. 2019 йилда қабул қилинган ва Россия ҳукуматига Интернет трафикни кузатиб бориш, фильтрлаш ҳамда унинг йўналишни ўзгартириш имконини берувчи «суверен интернет» қонуни бунга яққол мисолдир.

Ўтган ой расмийлар томонидан ноўрин деб топилган контентни блоклашдан бош тортганларни жаримага тортиш кўзда тутилган қонун лойиҳаси парламентда биринчи ўқишда қабул қилинди.

2019 йилнинг декабрь ойида маълумотларни сақлаш қоидаларига риоя қилмаганлар тортиладиган жарима миқдори 6 миллион рублгача кўтарилди.

Злобина сўнгги йилларда Россия ҳукумати бир неча марта мамлакат қонунчилигига риоя қилмагани учун Интернет хизматлари ва платформаларига тўсиқ қўйишни буюрганини таъкидлади.

Июнь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россияга қарши қўзғатилган тўртта ишни кўриб чиқди. Суд бутун бошли сайтларни блоклаш сайт эгаларининг маълумот тарқатиш ҳуқуқи ҳамда жамоатчиликнинг маълумот олиш ҳуқуқини бузади, дея қарор чиқарди.

XS
SM
MD
LG