Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:19

Бош прокуратура йилнинг бош ньюсмeйкерига айланди; Озодлик билан конструктив ҳамкорлик қилди


Бош прокуратура мулозими Сурайë Раҳмонованинг 24 декабрь кунги тақдимотида хорижий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ҳам тилга олинди.
Бош прокуратура мулозими Сурайë Раҳмонованинг 24 декабрь кунги тақдимотида хорижий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ҳам тилга олинди.

24 декабрь куни Тошкентдаги “Тараққиëт стратегияси” марказида Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозимлари 2018 йил давомида амалга оширилган муҳим ишлар тўғрисида жамоатчиликка ҳисоб берди.

Қонунчилик ижросини таъминлаш бўйича мамлакатнинг бош органи тақдимотида¸ ахборот воситалари¸ хусусан¸Озодлик каби хорижий ахборот воситалари билан йил давомида қилинган конструктив ҳамкорлик ҳам алоҳида тилга олинди.

Мазкур тадбирда Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими раҳбари Сурайë Раҳмонова ўз бўлими томонидан 2018 йилда Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

24 декабрь куни матбуот анжуманида Бош прокуратуранинг юқори лавозимли мулозимлари¸ хусусан¸ Бош прокурор ўринбосари иштирок этди.
24 декабрь куни матбуот анжуманида Бош прокуратуранинг юқори лавозимли мулозимлари¸ хусусан¸ Бош прокурор ўринбосари иштирок этди.

2018 йилнинг май ойида Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими раҳбарлигига тайинланган юридик фанлари доктори Сурайë Раҳмонова тақдимотида айтилишича¸ йил давомида прокуратура органлари томонидан “жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида” оммавий ахборот воситаларида жами 20 минг 263 та чиқиш қилинган¸ қонунчиликни тарғиб қилишга қаратилган 111 391 та тадбир амалга оширилган.

Йил якунларида келтирилган рақамларга кўра¸ 2018 йил давомида оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар бўйича Бош прокуратура бошқа давлат тизимларидан илгарилаб кетган – матбуотда 6226 та¸ радиода 5383 та¸ телевидение орқали 8163 та¸ электрон ахборот тизими орқали эса¸ 491 та чиқиш уюштирган.

Бу чиқиш ва тадбирларда асосий эътибор коррупцияга қарши кураш¸ гиëҳвандликнинг олдини олиш¸ давлат дастурлари ва хотин-қизларга оид қонунчилик ижросига қаратилган.

Коррупцияга қарши кураш бўйича Бош прокуратура видеоролиги
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:13 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистондаги айрим мустақил ахборот каналлари¸ Бош прокуратура ахборот-таҳлил хизмати ишини “бутун бошли миллий телевидение қилаëтган ишдан яхшироқ”¸ дея баҳолади.

24 декабрь кунги чиқишида Сурайë Раҳмонова “Бош прокуратура томонидан хорижий электрон оммавий ахборот воситалари”¸ хусусан¸ Озодлик¸ BBC O’zbek, Reuters, RT, Sputnik¸ РИАНовости ва ИтарТАСС каби агентликлар билан конструктив ҳамкорлик амалга оширилаëтгани”ни тилга олди.

Озодлик кузатишлари бўйича¸ 2018 йил мобайнида Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими нафақат маҳаллий¸ балки хорижий ахборот воситалари¸ хусусан¸ Озодлик радиоси билан конструктив ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистондаги етакчи давлат тизимига айланди.

Facebook, Instagram ва Telegram тармоқларида ўз ахборот-таҳлил каналини юритаëтган Бош прокуратура матбуот хизмати 2018 йил давомида прокуратура органлари фаолиятига оид Озодлик ўрганаëтган янгиликлар¸ шунингдек¸ аҳолидан Озодликка келган шикоят ва аризаларга Telegram канали орқали тезлик билан¸ аксар ҳолларда саноқли соатлар ичида жавоб қайтариб келди.

Хусусан¸ 2018 йил давомида Бош прокуратура матбуот хизмати Озодликнинг 100 дан ошиқ мурожаатига жавоб берди¸ Озодликда ëритилган янгилик ва шикоятларга аниқлик киритди¸ айрим ҳолларда расмий раддия берди.

Мазкур бўлим йилнинг энг шов-шувли воқеалари – собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров¸ Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ 1-ўринбосари Мирағлам Мирзаев¸ МХХ собиқ полковниги Нодир Тўрақулов¸ Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарларининг ҳибсга олиниши ва улар устидан очилган жиноят ишлари¸ шунингдек Каттақўрғон ИИБда ўғирликда гумонланган аëлнинг таҳқирланиши бўйича Озодлик эълон қилган маълумотларни тасдиқлади ва бу ишларга оид тергов сири нуқтаи-назаридан чекланган бўлса-да¸ расмий маълумотни жамоатчиликка тақдим қилди.

Озодлик мақолалари¸ қолаверса¸ Sizdan Telegram каналида ëритилган ўнлаб муаммолар йил давомида Бош прокуратура назоратига олинди¸ кўп ҳолларда муаммолар ўз ижобий ечимини топди.

Хорижий ахборот воситалари¸ хусусан¸ Озодлик билан тезкор конструктив ҳамкорликни 25 декабрь куни шарҳлаган Сурайë Раҳмонова:

- Бу нафақат матбуот хизматининг, балки прокуратурада иш юритиш юзасидан раҳбариятнинг муносабати натижаси, имкон ва шароит бўлмаса¸ ташаббуснинг ўзи камлик қилади¸ деди жумладан.

Президентнинг давлат тизимлари ва амалдорларидан халқ олдида ҳисоб бериш¸ журналистлар саволларидан қочмаслик ва эскича иш услубини ислоҳ қилишни талаб қилаëтганига қарамай¸ Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари¸ айниқса Озодлик саволларига жавоб беришдан қочаëтган идора ва амалдорлар ҳамон кўпчиликни ташкил қилади.

Хусусан¸ Давлат хавфсизлик хизматининг ҳозирга қадар на расмий саҳифаси¸ ва на оммавий ахборот воситалари вакиллари боғланиши учун берилган расмий контакт имконлари мавжуд.

Қатор вазирлик ва идоралар¸ хусусан¸ вилоят ва туман ҳокимликларининг аксар мулозимлари Озодликнинг ўзбекистонликлар номидан берилган саволларини охиригача эшитиб-эшитмай суҳбатни узиб қўйиш анъанасини 2018 йилда ҳам давом эттирдилар.

XS
SM
MD
LG