Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

АҚШ сенаторлари Фейсбукни Россия рекламаларини жойлаштиргани учун кескин танқид қилди


Вашингтон. (Чапдан ўнгга) Фейсбук ижтимоий тармоғи бош ҳуқуқшуноси Колин Стретч, Твиттернинг бош ҳуқуқшуқноси вазифасини бажарувчиси Шон Эджетт, Гугл корпорациясининг Ҳуқуқни қўллаш ва ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича директори Ричард Салгадо 31 октябрь куни Сенатнинг Ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасида кўргазма бермоқда.
Вашингтон. (Чапдан ўнгга) Фейсбук ижтимоий тармоғи бош ҳуқуқшуноси Колин Стретч, Твиттернинг бош ҳуқуқшуқноси вазифасини бажарувчиси Шон Эджетт, Гугл корпорациясининг Ҳуқуқни қўллаш ва ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича директори Ричард Салгадо 31 октябрь куни Сенатнинг Ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасида кўргазма бермоқда.

АҚШ сенаторлари Фейсбук ва бошқа етакчи ижтимоий тармоқ компанияларини кескин танқид қилиб чиқди. Бунга ўтган йили президент сайлови кампанияси вақтида россиялик операторларнинг айни тармоқлардан ноқонуний тарзда фойдаланиши олдини ола билмагани сабаб бўлди.

– Нима учун муаммо миқёсини тушуниб олишимизда Фейсбук бизга ёрдам бериши учун 11 ой керак бўлди? – дея савол берди демократ сенатор Крис Кунс 31 октябрь куни Фейсбук, Твиттер ва Гугл компаниялари етакчилари Сенатнинг Ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасида кўргазма бераётган пайтда.

Фейсбук Сенат қўмитасида тинглов ўтказилиши олдидан Россия ҳомийлик қилган ҳамда ушбу ижтимоий тармоққа сайловолди кампанияси вақтида қўйилган реклама ва хабарлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Кунс қўяётган савол шунга ишорадир.

– Улар ижтимоий тармоқларимиз, дўстлигимиз, оилаларимиз, таассуфларимиз ва кўз қарашларимизни ўзимизга қарши ишлатмоқда, – деди демократ сенатор Шелдон Уайтҳауз.

Фейсбук ижтимоий тармоғи бош ҳуқуқшуноси Колин Стретч:

“2016 йилги сайлов хусусида гапнинг пўскалласини айтмоқчиман: биз Фейсбук компаниясида бу ишга ниҳоятда жиддий қараяпмиз. Сайловга четдан аралашувни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Қалбаки аккаунтлар ортига яширинган чет эллик ўйинчилар бизнинг платформа ва бошқа Интернет хизматларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, адоват уруғини сепишга, сайловни барбод қилишга уринди. Бу нафақат мавжуд қадриятларимиз, қолаверса, Фейсбук амал қиладиган қоидаларга ҳам зиддир”.

“Интернетнинг чек-чегараси йўқ”

АҚШнинг амалдаги қонунчилиги америкалик бўлмаган кишиларнинг сайловга оид реклама беришини тақиқлайди. Лекин республикачи сенатор Жон Кеннеди АҚШдаги сайлов рекламаларини чет элдан туриб харид қилинишини Фейсбук тақиқлай олишига шубҳа қилишини яшириб ўтирмади.

Республикачи сенатор Линдси Грэҳем Колин Стретчдан, Эрон билан Шимолий Корея ҳам ўтган йилги сайлов вақтида Россия қилган ишни қилиши мумкинми, деб сўради.

– Албатта, бунинг имкони бор, чунки Интернетнинг чек-чегараси йўқ, – деб жавоб берди у.

Сенатнинг Ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси жорий ҳафтада Россия операторларининг сайлов вақтида ижтимоий тармоқлардан фойдаланганига оид учта тинглов ўтказади. Ушбу тинглов биринчисидир.

Конгрессда ўтказиладиган тинглов олдидан Фейсбук АҚШдаги президент сайлови арафасида иккиланиб турган сайловчиларга таъсир кўрсатишга четдан уринишлар бўлганини ошқор қилди. Айни мақсадда россиялик операторлар ушбу ижтимоий тармоқ орқали 80 мингта хабар тарқатган экан.

Твиттер ҳам тинглов олдидан россиялик операторлар билан боғлиқ жуда кўп аккаунтларни топганини, ўша операторлар Интернет тадқиқотлари агентлигида ишлаганини маълум қилди.

Олдинги тахминлар ҳеч нарса бўлмай қолди

Ошкор қилинган маълумотлар Россиянинг сиёсий фикрга таъсир кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари олдинги тахминлардан анча юқори бўлганидан далолат бермоқда.

Фейсбук вакилларининг айтишича, янгиликлар лентасига жойлаштирилган ёки бошқа фойдаланувчилар маъқуллаши ёки “лайк” қўйиши орқали тарқалган ва сайловчилар кўриши мумкин бўлган хабарлар ирқий муносабатлар сингари жамиятни бўлиб ташлашга қаратилган ижтимоий ва сиёсий мазмунда бўлган.

Фейсбук ижтимоий тармоғидан ҳар ойда 2 миллиарддан кўп киши фойдаланади. АҚШнинг ўзида унинг 214 миллион фойдаланувчиси бор. Унинг янгиликлар лентасида пайдо бўладиган одатий хабарлар Россиянинг номи зикр этилган агентлиги тарқатган 3000 дан ошиқ рекламадан мазмунан фарқ қилади.

Автоматик твитлар

Твиттер маъмурлари Интернет тармоқларига боғлиқ 2752 та аккаунтни аниқлаганини, уларнинг ҳаммасини ёпганини ва номларини Конгресс терговчиларига топширганини хабар қилди.

Россия билан аккаунтлар орқали 2016 йил сентябридан 15 ноябрига қадар 1,4 миллионта сайлов билан твит – кичик хабар жойлаштирилган ва уларнинг тенг ярми автоматик тарзда тарқалган, деди компания вакили.

Шон Эджетт, Твиттернинг бош ҳуқуқшуқноси вазифасини бажарувчи:

“Ходимларимизнинг аниқлашича, “Раша Тудей” еттита аккаунт орқали сайловга оид реклама сотиб олган ва бу билан ўша пайтлар мавжуд қонун-қоидаларни бузган. Биз ўша аккаунт эгаларининг реклама беришини бутунлай тақиқлаб қўйдик. Ўша реклама пулини Твиттердан сайлов вақтида фойдаланиш ва жамоатчиликни жалб қилиш масалаларини тадқиқ қилиш ишларига сарфламоқчимиз”.

Компания вакиллари Россия билан боғлиқ 9 та аккаунт эгаси реклама сотиб олганини, уларнинг аксарияти ушбу мамлакатнинг RT ахборот хизматига тегишли эканини айтди. Хабарларга кўра, Твиттер бундан буён RT ва Россиянинг “Спутник” давлат оммавий ахборот воситаси реклама олмасликка қарор қилди.

Дунёдаги энг йирик Интернет қидирув тизими бўлмиш Гугл тарқатган блог хабарида Россия Интернет тадқиқотлари агентлиги унинг хизматлари ва YouTube каналларидан фойдаланишда “чекланган” суиистеъмол ҳолатларига йўл қўйгани маълум қилинди. Унга кўра, 2016 йилги сайлов кампанияси вақтида ўша Россия ташкилотига тегишли 2 та аккаунт 4700 АҚШ долларилик реклама сотиб олган.

XS
SM
MD
LG