Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2025, Тошкент вақти: 02:23

“Араш - бюджетни талаш?”


2024 йилги "Дунё садолари" фестивали Ўзбекистон бюджетига 6 миллиард сўмга тушган эди.
2024 йилги "Дунё садолари" фестивали Ўзбекистон бюджетига 6 миллиард сўмга тушган эди.

Эронлик таниқли хонанда, поп юлдуз, Араш Лабаф Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида 15-17 август кунлари бўлиб ўтадиган “Дунё садолари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этади.

Арашни Андижон вилояти ҳокимлиги таклиф қилган.

Аммо Араш Ўзбекистонда судга тортилган ва унга “Нигора Медиа Групп” МЧЖга 25 минг доллардан ортиқ зарарни тўлаш мажбурияти қўйилган.

Аммо, Араш учоқдан тушганидан сўнг, Ўзбекистон Прокуратураси ҳузуридаги МИБ ходимлари томонидан зарарни тўлаш учун ушлаб қолинадими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.


Гап шундаки, унга нисбатан даъво бор, чипта сотиб олиб концерт кўролмаганларнинг ва бунинг ортидан молиявий зарар кўрган тадбиркорлик субъектининг даъвоси бор.

Араш Лабаф 2017 йилда Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида олдиндан келишилган концертга келмаган ва оқибатда “Нигора Медиа Групп” 50 минг доллардан ортиқ зарар кўрган.

Nigora Media Group раҳбари Нигора Соимнинг Озодликка айтишича, у Арашнинг концерти учун келишилган шартноманинг барча талабларини бажарган. У олдиндан тўланиши керак бўлган 20 минг доллар юборилганини айтди ва тўлов ҳужжатини Озодликка тақдим қилган.

“EXTENSIVE MUZIK SWEDEN AB” билан “Nigora Media Group” МЧЖ шартномаси
“EXTENSIVE MUZIK SWEDEN AB” билан “Nigora Media Group” МЧЖ шартномаси

Нигора Соим пулни олиндан тўлашда қисман муаммолар бўлганини эътироф этди, аммо пулнинг қолган қисмини шартномада келишилгани каби Араш гуруҳи Тошкентга келгач, тўлашга ваъда берганини айтди.

Аммо Нигора Соим сўзларига кўра, Араш менеджерлари арзимас нарсаларни баҳона қилиб, концертга келмаган ва олинган пулни ҳам қайтармаган.

"Агар Араш ҳақ бўлганида судга келарди. Судда ҳатто видеоконференция ҳам ташкил қилинган, лекин на у, на менежери қатнашган. Менга судинг ҳам, бошқанг ҳам бир тийин деган. У қонуний равишда мендан қарздор. Энди у Андижонга ўз оёғи билан келганда, бизларнинг судларнинг қарорлари ижро этиладими ёки яна устимиздан кулиб кетадими?"

Нигора Соимнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Араш Лабаф билан боғланишга ҳаракат қилган Озодлик уринишлари натижа бермади.

Арашнинг продюсери Ҳенрик Улман Озодлик билан аввалги суҳбатида, Nigora Media Groupни уларни давомли алдаганликда ва шартларни бажармаганликда айблаган эди:

“Муаммо шундаки бажара олмайдиган ваъдаларни беришди ва бошидан охиригача ёлғон гапиришди. Шунинг учун концертдан бир неча кун олдин концертни бекор қилишга қарор қилдим”.

Суд қарори
Суд қарори

Тошкент туманлараро Иқтисодий суди “EXTENSIVE MUZIK SWEDEN AB” фирмасидан “Нигора Медиа Групп” МЧЖ ҳисобига 24.797 АҚШ доллари ва 7.200 000 сўм почта харажатлари ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Гарчи суд қарори Араш ва унинг менежерларига юборилган бўлса-да, улар шу пайтгача бу зарарни тўлашдан воз кечиб келмоқда.

Араш Андижонда бўлиб ўтадиган “Дунё садолари” халқаро мусиқа фестивали иштирок этадиган энг нархи қиммат санъаткор.

Унинг фестивалдаги чиқиши бюджетга 2 млрд 95 млн сўмга тушади, бу ҳозирги курс бўйича тахминан 164 минг доллар.

Бу ҳақда Давлат харидлари электрон тизимида маълумот бор. Буюртмачи Хонобод шаҳар ҳокимлиги. Етказиб беручи "QATAG`ON IDEAL MARKET" MСhJ. Шартнома жорий йилнинг 18 июлида имзоланган. Бу корхонанинг асосий фаолияти — ихтисослашмаган дўконларда бошқа товарлар чакана савдоси, раҳбари Азизов Акбарали Қамбарович.

Фестивалга чақирилган яна бир хорижлик санъаткор, туркиялик Мустафо Сандалга бериладиган пул эса 2 млрд 49 млн сўм, яъни 160 минг АҚШ доллари.

Газета.уз нинг ёзишича, Мустафо Сандални Наманган вилояти Поп туманида рўйхатдан ўтган Bregin Мilk Soft корхонаси олиб келади. Унинг фаолияти йирик шохли қорамолларнинг бошқа зотларини ва буйволларни кўпайтиришдан иборат. Компания атиги тўрт ой олдин, 2025 йил март ойида ташкил этилган ва июнь ойида қайта рўйхатдан ўтган.

Италиялик қўшиқчи In-Grid ва ҳиндистонлик артист Алиша Чинай икковининг шартномаси ўзбекистонлик солиқ тўловчига 837 млн сўм, ёки 65 минг долларга тушмоқда.

Бу санъаткорлар Маgnat Construction Planet компанияси томонидан шартнома асосида олиб келинмоқда. У улгуржи савдо билан шуғулланади ва бу фирма ҳам Акбарали Азизов Қамбаровичга тегишли.

Газета.уз таъкидига кўра, энг қиммат учта шартнома шоу-бизнесга умуман алоқаси бўлмаган компаниялар билан тузилган.

Бу давлат харидларининг шаффофлиги ва пудратчиларни тайинлаш борасида саволлар туғдиради.

Зеро, мустақил манбаларнинг қайдича, Араш Лабаф ва Мустафо Сандалга бериладиган пул миқдори уларнинг шоу бозордаги ҳақиқий нархига нисбатан анча бўрттирилган.

Масалан, Россияда тадбирлар ва тўйлар ўтказиш билан шуғулланувчи PROCONCERT компанияси тарифига кўра, Араш Лабафнинг хизмат ҳақи 50 минг доллар қилиб кўрсатилган.

Негадир Андижонга у уч каррадан ҳам ортиқ нарх билан олиб келинмоқда. Қолаверса, 2017 йилда Араш Тошкентга “Нигора Медиа Групп” МЧЖнинг таклифи билан шунча пулга келишга рози бўлган эди.

Андижонда ўтказиладиган тадбирнинг шохи борми, деган ўринли савол пайдо бўлиши табиий.

Аммо, Андижон вилояти ҳокими, президент Шавкат Мирзиёевнинг эрка ҳокимларидан бири деб айтиладиган Шуҳрат Абдураҳмоновга бу пулларни давлат бюджетидан бериш чўт эмас, шекилли.

"Аслида бундай тадбирлар бюджетнинг пулини ўмариш учун ташкил қилинади. Масалан, артистга бериладиган гонорар билан, қоғозга ёзилгани фарқ қилади. Буни исботлаш жуда қийин. Чунки иккинчи томон ҳам бу махинациядан манфаатдор бўлади ва ҳужжатларга икки томо н келишгандек имзо қўяди", дейди АҚШда яшаётган ўзбекистонлик журналист ва ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммад..

Ўтган йили Хонободда ўтказилган “Дунё садолари” фестивалига маҳалий журналистларнинг қўйилмагани ҳам анча саволларни туғдирган эди.

Бу фестивалга ҳам бюджетнинг 6 миллиард сўмдан ортиқ пули сарфланган эди.

"Даракчи" газетаси, жумладан бу тадбир ҳақида бундай деб ёзган эди:

“Биринчи кунда кутиб олиш учун дабдаба-ю карнай-сурнайлар қўштирноқ ичидаги "маддоҳлар" мақтовлари ўзи шундоқ ҳам “ўзидан кетган” Андижон ҳокимининг кибрига кибр қўшди.

Фестивалнинг илк куни одатдагидай ўтди-ю, ҳамма нарса кечги овқатга борганда кескин ўзгарди. Хал қаро бир фестивални ўтказиш маъсулияти елкасидаги ҳокимнинг ширакайф сўзга чиқиб “юксак аратор”лигини кўрсатиши кимнинг ҳам тушига кирибди дейсиз.

Тадбирни ёритиш учун нақд 350 км.дан ортиқ масофани автомашинада босиб келган ОАВ вакилларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тадбирга киритмаса бўладими?!”

Бу йилги тадбирган хорижий хонандалар гонорари учун қарийб 5 млрд сўм — яъни 390 минг доллардан ортиқ маблағ Андижон вилояти бюджетидан ажратилади.

Бу эса шу вилоятдаги ҳар бир солиқ тўловчи, ҳатто хорижлик юлдузларни умуман тингламайдиган одам ҳам, уларнинг қўшиғи учун пул тўлаши керак деганидир.

5 млрд сўм — бу бир нечта мактаб синфларини таъмирлаш ёки касалхона учун замонавий ускуналар олиш мумкин бўлган маблағ. Аммо маҳаллий ҳокимият бу пулни бир кечалик саҳнага сарфламоқда. Бу тадбирнинг тўғрими ёки йўқлиги ҳақида жамоатчиликда мунозара бўлиши табиий.

Андижондаги “Дунё садолари” халқаро фестивали — маданий тадбир сифатида аҳамиятли бўлиши мумкин.

Аммо бюджет маблағларидан фойдаланишда шаффофлик, устуворлик ва жамоатчилик розилиги масалалари жавобсиз қолмоқда.

Маданият — халқ учун. Лекин уни молиялаштиришда халқнинг розилиги, халқнинг эркинлиги бўлиши шарт эмасми?

Сиз нима дейсиз?

Жавобларингизни шарҳларда қолдиринг!

Форум

XS
SM
MD
LG