Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2025, Тошкент вақти: 02:23

Марказий Осиё ёшларини Россияга жанговор дронларни йиғишга қандай жалб қилишмоқда


Украинада учириб туширилган Shahed учувчисиз дрони. Бундай дронлар «Алабуга» махсус иқтисодий зонасида йиғилади.
Украинада учириб туширилган Shahed учувчисиз дрони. Бундай дронлар «Алабуга» махсус иқтисодий зонасида йиғилади.

Москва Марказий Осиёдан қизлар ва йигитларни Украинага қарши урушаётган дронлар йиғиладиган «Алабуга» иқтисодий зонасида ўқиш ва ишлашга чақирмоқда. Россияликлар айниқса Қирғизистонда катта муваффақиятга эришган: «Алабуга» вакиллари мамлакатнинг таълим ва фан вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолагани учун мактаб ва коллежларга тўсиқсиз ташрифлар уюштириб, ўқувчиларни саралаб олишмоқда. «Алабуга» ёлловчилари минтақанинг бошқа мамлакатларига ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Махсус зонанинг коллежи ўсмирларни изламоқда

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида яшовчи Самира (исми ўзгартирилган) ўз ўсмир қизини Россиядаги «Алабуга Политех» коллежига ўқишга юбормоқчи бўлган. У Татарстандаги бу ўқув муассасаси Кремлнинг ҳарбий машинаси билан боғлиқ эканини тасаввур ҳам қилмаганди.

«Алабуга» махсус иқтисодий зонасида жойлашган коллеж ҳарбий‑саноат мажмуасининг жанговор дронлар ишлаб чиқарадиган корхонаси билан яқин ҳамкорликда ишлайди. Россия ушбу учувчисиз аппаратлар билан Украинага зарба бермоқда; бу зарбалар тинч аҳоли қурбонларига ва вайроналарга олиб келмоқда.

— Мен интернетда бу муассаса ҳақида маълумот изладим. Ўқиб чиққач, ҳайратда қолдим, — дейди Самира.

«Алабуга Политех»нинг реклама буклетлари ва варақалари Қирғизистондаги мактаблар ва коллежларда эркин тарқатилаётгани айтилмоқда.

«АлабугаПолитех» буклети.
«АлабугаПолитех» буклети.

Буклетларда камуфляж кийимдаги ёшлар ва «Энг яхшилар сафига қўшил!» деган шиор акс этган, бошқа варақда эса Украинадаги Россия босқини рамзи бўлган Z ва V ҳарфлари туширилган дрон тасвири бор. Реклама Россия армияси учун дрон йиғишни ўргатишни ваъда қилади.

Ўтган баҳорда «Алабуга Политех» ёлловчилари Қирғизистон мактабларига кириб, 14 ёшдан ошган болаларни Россияда ўқишга таклиф қилишди. Улар техника таълими, карьера имконияти, стипендия ва 70 минг рубльгача маош ваъда қилди. Журналистлар эса иш ҳақи кам бўлиши ва меҳнат шароити оғирлиги ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Махсус иқтисодий зона ёшларни Қирғизистондан ташқари бошқа қўшни давлатлардан ҳам жалб қилиш учун «Алабуга старт» дастурини йўлга қўйди. Дастур сайтида Қозоғистонлик «Амина» бепул касбий малака олиш имкониятини мақтайди. Сайт шарқона қиёфали қиз сурати билан безатилган ва «юқори технологияли композит ишлаб чиқариш»да юқори маошли иш таклиф этилаётгани ҳақида ёзади, маҳсулотлар ҳақида эса маълумот бермайди.

Қозоғистонлик пиарчи Дария Бублик «Алабуга» вакиллари унга 16–22 ёшли қизларни жалб қилиш учун пул таклиф қилганини ва ОАВ ёшлар амалда ҳарбий дронлар заводида ишлашини ёзганини маълум қилди. Унинг айтишича, «Алабуга»да аллақачон кўплаб Қозоғистонлик ва Қирғизистонлик қизлар ишлаб юрибди.

Татаристондаги «Алабука» махсус иқтисодий зонасида жойлашган дронларни йиғиш заводи.
Татаристондаги «Алабука» махсус иқтисодий зонасида жойлашган дронларни йиғиш заводи.

«Алабуга старт» сайтидаги маълумотларга кўра, махсус иқтисодий зонада ўзбекистонлик аёллар ҳам ишламоқда. Июль ойидаги хабарда айтилишича, Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилган ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев ўз ватандошлари билан учрашган.

Ҳудди шу сайтдаги қисқа хабарларда «Алабуга старт» дастурини тожикистонлик икки қиз — «Сафия» ва «Сабрина» — реклама қилади. Душанбе шаҳридан меҳнат вазири ўринбосари Шариф Норзода ҳам бу дастур ҳақида ижобий фикр билдириб: «Бу ёшдаги қизлар учун ажойиб имконият», — деганини сайт келтиради.

Бироқ «Алабуга»дан россияликлар Қирғизистонда айниқса муваффақиятга эришган.

Июн ойида Қирғизистоннинг таълим ва фан вазирлиги «Алабуга» иқтисодий зонаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолади. Россия зонаси бу ҳужжат Қирғиз Республикаси фуқароларини иш билан таъминлашга кўмаклашишга қаратилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, ҳужжат имзоланишидан ҳам аввал «Алабуга» вакиллари Қирғизистонга келиб, таълим муассасаларига кириб юрган эди. Буни Қирғизистон олий ва ўрта махсус ҳамда аспирантура таълими департаментининг бош мутахассиси Динара Бекташева тасдиқлайди. Унинг айтишича, «Алабуга Политех» коллежи вакиллари 2023 йилдан бери Қирғизистон мактабларига ташриф қилиб келмоқда (шу йили Татаристонда дронлар ишлаб чиқариш бошланган).

«Улар буни ўз ташаббуслари билан амалга оширган, — деди Бекташева. — Биз мактабларга ташрифларда иштирок этган эмасмиз».

Аммо Чуй вилояти Тўқмоқ шаҳри мактаби директори Мирлан Токтобеков апрель ойида «Алабуга Политех»нинг уч вакили келганида, юқори раҳбарият кўрсатмасига биноан, уларни муассасага киритганини айтди. Токтобеков қўшимча қилди: икки ўқувчи ариза ёзган, бир нафари ўқишга қабул қилинниши учун мурожаат топширган.

Болалар учун бепул парвоз. Катталарга ҳамроҳ йўқ

Қирғизистонлик манбаларнинг айтишича, Россия томони парвозни фақат болалар учун бепул таклиф қилади; ота‑оналар учун чипталар кўзда тутилмаган. Бундан ташқари, катталар учун ҳеч қандай ҳамроҳлик режалаштирилмаган. Бу ҳолат «Алабуга»га танланган ўқувчиларнинг ота‑оналарини жиддий хавотирга солган.

«Мен ҳужжатларни тайёрлашга улгурмаслигимни айтиб, боламни юбормаслигимни билдирдим; лекин улар буни тушунган ҳолда ҳам қизимни олиб кетиши мумкинлигини айтди. Улар мавжуд ҳужжатларни юборишимни талаб қилиб, шу асосда қизимни олиб кетишларини айтдилар», — дейди Самира.

Унинг сўзларига кўра, вербовчилардан бири бир неча бор боғланган, ёзган ва қўнғироқ қилган.

«Биз эътибор бермасак ҳам, улар тинимсиз қўнғироқ қилишарди», — деди Самира.

Ираннинг Shahed учувчисиз аппаратлари намунасидаги жанговор дронлар «Алабуга» махсус иқтисодий зонасида 2023 йилдан бери ишлаб чиқарилмоқда.
Ираннинг Shahed учувчисиз аппаратлари намунасидаги жанговор дронлар «Алабуга» махсус иқтисодий зонасида 2023 йилдан бери ишлаб чиқарилмоқда.

Қирғизистонда таълим соҳасида эксперт бўлган Мырза Каримов болаларни катталарсиз жўнатиш вазиятини, юмшоқ қилиб айтганда, одатдан ташқари деб ҳисоблайди.

«Агар бизнинг таълим вазирлигимиз келишув имзолаган бўлса, у ҳолда кимдир вазирликдан гуруҳни тузиб, уларни у ерга олиб бориши керак, — деб ҳисоблайди Каримов. — Болалар 18 ёшдан кичик бўлганида, уларни шунчаки юбориб, у ерда қабул қилишларига умид қилиш тўғри эмас. Ҳатто мактаб ёшидаги болалар халқаро спорт тадбирларида иштирок этганда ҳам, уларни доимо давлат вакили кузатиб боради».

Чуй вилоятида яшовчи Казыбек (исмини ошкор этмасликни сўради) унинг ўғли 15 июль куни кетгани ва парвозни Россия томони тўлаганини айтди.

«Ўғлим менга Қирғизистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан жами 21 бола келганини айтди. Болалар сентябргача эркин, деб айтишди. Улар ҳарбий‑патриотик ўйинлар ўтказилишини билдиришди», — деди у.

Казыбек ўғли пейнтбол вақтида жароҳат олса, ҳеч қандай даъво қилинмаслиги ҳақидаги ҳужжатни имзолаганини қўшимча қилди.

«Алабуга Политех»нинг расмий сайтида пейнтбол ўйини видеоси эълон қилинган; унда «душман байроғи» деб аталган байроқнинг марказида НАТО рамзи тасвирланган.

Россияга иқтисодий жиҳатдан катта даражада боғлиқ ва у билан дўстона муносабатлар сақлаётган Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсатда кўпвекторли ёндашувга уриниб, Ғарб билан ҳам ҳамкорлик қилади. Улар антиғарбона ёки антинатовий риторикадан қочишади.

Қонуний ҳарбий нишон

«Алабуга старт» сайтига кўра, 2023 ва 2024 йилларда дастурда Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Беларусдан 40 қиз иштирок этган. Аммо ўсмирлар коллежга йўл олаётганини ҳисобга олганда, «Алабуга» иқтисодий зонасида Марказий Осиёдан келганлар сони, эҳтимол, бу рақамдан кўпроқ.

Қирғизистон таълим вазирлиги вакили Динара Бекташева айтишича, ҳозирда «Алабуга Политех» коллежида Қирғизистондан 58 киши таълим оляпти. У коллеж дронлар ишлаб чиқариши ҳақидаги маълумотларни рад этиб, ўқув муассасаси атрофида «кўп дезинформациялар» борлигини билдирди.
Аммо «Алабуга»да дронлар ишлаб чиқарилаётгани Россияда яширилмайди; коллеж ва махсус иқтисодий зона ўртасидаги боғлиқлик тасдиқланган.

Июль ойида Россия Мудофаа вазирлигига қарашли «Звезда» телеканали хабар қилганида, махсус иқтисодий зона «Алабуга»да ираннинг Shahed дронлари модели асосида яратилган «Герань» учувчисиз аппаратларини серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани айтилди. Телеканал коллеж талабалари иштирок этган йиғиш ишларининг кўламини намойиш қилди.

«Звезда» репортажида махсус иқтисодий зона «Алабуга» директори Тимур Шагивалеев заводда «минглаб» учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқарилаётгани ва «Алабуга Политех» талабалари бу ишда қатнашганини маълум қилди. Кадрларда кўпчилиги ўсмирларга ўхшайдиган ёш ходимлар деталларни йиғиш билан банд.

«Юзлаб станоклар, минглаб ишчилар; қаерга қарама — ҳамма жойда ёшлар. Йигитлар ва қизлар бу ерда ишлашади ва шу ерда коллежда ўқишади», — дейди репортаж муаллифи.

Украина ҳарбийлари «Алабуга»ни «қонуний ҳарбий нишон» деб аташади.

2025 йил 2 апрелда «Алабуга» зонасига зарбадан кейинги оқибатлар.
2025 йил 2 апрелда «Алабуга» зонасига зарбадан кейинги оқибатлар.

2024 йил 2 апрелда Украина дрони Татарстандаги эркин иқтисодий зонага зарба берди, натижада етти киши, жумладан кәмолотга етмаганлар, жароҳат олди. Келаси ҳужумлар 23 апрел ва 15 июн кунлари амалга оширилди — икки киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланди. Киев бу зарбалар Украинага қарши қўлланилаётган дронлар ишлаб чиқариладиган объектларга қаратилганини билдирди.

Ушбу материални тайёрлашда Қирғиз редакцияси «Азаттык» ва «Idel.Реалии» нашрларидан фойдаланилди.

XS
SM
MD
LG