Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:56

АҚШ разведкаси етакчилари Россияни президент сайловига мисли кўрилмаган аралашувда айблади


АҚШ Миллий разведка хизмати бошлиғи Жеймс Клеппер Сенат эшитувларида.
АҚШ Миллий разведка хизмати бошлиғи Жеймс Клеппер Сенат эшитувларида.

АҚШнинг энг юқори лавозимли разведка хизмати расмийси россиялик ҳакерлар ҳужуми сўнгги президентлик сайлови жараёнига мисли кўрилмаган аралашув эканлигини айтди.

Бу ҳада АҚШ Сенатида россиялик ҳакерларнинг АҚШ президентлик сайловига аралашгани эҳтимоли юзасидан 5 январь куни ўтказилган эшитувлар давомида Миллий разведка хизмати бошлиғи Жеймс Клеппер ҳисобот берди.

Сенатнинг Қуролли кучлар бўйича қўмитаси олдида сўзлаган Клеппер: “Бизнинг сайлов жараёнларимизга аралашишга қаратилган бундан-да агрессив¸ бундан-да тўғридан-тўғри ҳаракат бўлмаган, деб ўйлайман”, деди.

Вашингтон Россия ҳукуматини АҚШ Демократик партияси компьютер сервери ва электрон почталарига ҳужум қилишда айблаб келади. Бу ҳужумлар кўлам ва мақсадини тафтиш қилиш учун Конгрессда бир неча эшитув режалаштирилган.

АҚШ разведка агентликлари октябрь ойида юқори лавозимли Россия расмийлари дастаклаган ҳакерлар АҚШ компьютер серверларига ҳужум қилгани, бу эса президентлик сайловларига ўз таъсирини кўрсатгани ҳақидаги ўз хулосасини тақдим этди. Ҳужумлар Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампнинг Демократик партияси номзоди Ҳиллари Клинтон устидан қозонган ғалабасига шубҳа уйғотмай қолмади.

Аммо 20 январь куни АҚШнинг янги президенти сифатида қасамëдга келтириладиган Трамп резведка хизматининг бу хулосаларига ишончсизлик билдириб келмоқда. Разведка хизмати ходимларига кўра, Россия ўзи билан алоқаларни тиклаш тарафдори бўлган Трампнинг сайловда ғалаба қозонишини таъминлашга уринган.

Кремль Демократик партия компьютер серверларига киберҳужум уюштиргани ҳақидаги бу айбловларни рад этиб келмоқда.

Сенат эшитувларидан бир кун аввал Трамп WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг Демократик партия ва Клинтон кампанияси фаолларининг ўз сайти эълон қилган электрон мактублари Россия ҳукуматидан олинмагани ҳақидаги гапини қўллади. Трампнинг бу ҳаракатини юқори лавозимли демократлар ҳамда республикачилар қоралади.

Эшитувлар бошланишидан аввал Трамп Twitterда Ассанж гапини маъқуллаганини рад этди, аммо бир вақтнинг ўзида унинг иддаолари рост бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.

“Мен шунчаки унинг гапини такрорладим. Ҳақиқат қаердалигини одамларнинг ўзлари англаб олишлари керак”, деб ёзди Трамп. “Матбуот мени “разведкага” қарши қилиб кўрсатиш учун ёлғон тарқатмоқда. Мен аслида разведканинг катта мухлисиман”, дея твитлади сайланган президент.

Эшитувлардан олдин Клеппер Миллий хавфсизлик агентлиги етакчиси Майк Рожерс ва Мудофаа вазирининг разведка хизмати бўйича ўринбосари Марсел Леттр билан тайёрлаган баëнотни эълон қилди.

“Текширувларимизга кўра, яқинда содир бўлган, сайловни мўлжалга олган маълумот ўғирлаш ва фош қилиш ишлари Россиянинг энг юқори лавозимли расмийлари рухсати билан амалга оширилган бўлиши мумкин”, дейилади разведка хизмати раҳбарлари баëнотида.

“Россия АҚШ ҳукумати, армияси, дипломатик, тижорий ҳамда бошқа муҳим инфратузилмасига йирик таҳдид солувчи катта киберўйинчидир”.

Қўмита раиси, Россия ҳукуматига нисбатан кескин ëндашув тарафдорларидан бири республикачи Жон Маккейн разведка хизмати хулосаларини қўллаб келади. Маккейн бундай ҳужумлар уруш ҳаракати ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини айтди.

17 агентлик ишини назорат қилувчи Клеппер Маккейннинг киберҳужумларни Америкага қарши уруш ҳаракати ўлароқ баҳолаш мумкинми¸ деган саволига жавобан: “Бу уруш ҳаракатими-йўқлиги разведка жамияти айта олмайдиган жиддий сиëсий саволдир. Аммо, менимча, бу ҳаракатнинг юки ниҳоятда оғирлиги бор гап”, деди.

Клеппер Россиянинг АҚШ президент сайловлари аралашуви фақат ҳакерлик ҳужумлари билан чекланмаганини ҳам таъкидлади.

“Бу кўп қиррали кампания бўлган. Ҳакерлик унинг бир бўлаги¸ холос. Классик тарғибот, дезинформация, ёлғон янгиликлардан ҳам фойдаланилган”.

9 декабрь куни The Washington Post газетаси Марказий разведка агентлиги ҳакерлик ҳужумлари мақсади нафақат АҚШ сайлов тизимига бўлган ишончни пастлатиш, балки Трамп ғалаба қозонишини таъминлаш бўлганини аниқлагани ҳақида хабар берди.

The New York Times газетаси эса кейинроқ разведка хизматлари расмийлари рус ҳакерлари Республикачилар партияси компьютерларига қўл суққани, аммо улар обрўсига зиëн еткизадиган материалларни ошкор қилмаганини аниқлаганини ëзди..

Трампдан фарқли ўлароқ, президент Барак Обама АҚШ разведка хизмати хулосаларини қўллаб келмоқда. 29 декабрь куни Оқ уй ҳакерлик ҳужумларига жавобан Россия разведка хизматларига қарши янги санкцияларни жорий қилди.

Оқ уй шунингдек Россиядаги ўз дипломатларига нисбатан бўлаëтган босимларга жавобан 35 рус дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди.

Обама Россия амалга оширгани айтилаётган ҳужумларни тўлиқ ўрганиб чиқиш ҳақида буйруқ берди. Президент 20 январь куни ўз лавозимидан кетгунига қадар ушбу тергов натижаларини эълон қилишни ваъда қилган.

Клеппер ҳисобот тафсилотларини муҳокама қилмаслигини, унинг махфий нухсаси 5 январь куни Обамага берилганини айтди. Кейинги ҳафтада ҳисоботнинг махфий бўлмаган қисми жамоатчиликка эълон қилинади.

Айни пайтда¸ Сенатнинг бошқа икки қўмитаси ҳам Россиянинг АҚШ президентлик сайловларига аралашуви юзасидан ўз махсус текширувини ўтказмоқда.

XS
SM
MD
LG