Рақамли технологиялар инсон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига кириб бормоқда.
Молия, тиббиёт, қурилиш, нашриёт каби соҳалар. Улар тасвирий санъатни ҳам четлаб ўтгани йўқ.
Компютернинг имкониятларидан илҳомланиб ўзларини текспрессионистлар деб атайдиган бир гуруҳ америклик рассомалар ўз асарларини Урганчдаги Замонавий санъат музейида намойш этишди.
"Бизнинг асарларимиз технология ва экспрессионизм махсули. Буларнинг барчаси технология ёрдамида яратилган, ҳис-туйғулар ҳам бор бу ерда. Мана бу менинг асарим. Мен буни яратишда I Phone ва унинг алгоритмик ишловидан фойдаландим. Дунё шу қадар тез ўзгаряпти, ҳамма нарса жуда тез ҳаракатда ва бизда. Бу асарлар ана шундай ҳаракатчан дунё ҳақида гапиради”, дейди фотограф-рассом Дай Ли.
Текспрессионистлар анъанавий тасвирий санат қадриятларидан фарқли жонли ранглар ва соддалаштирилган шакллар билан ички ҳис-туйғуларни ифода этди.
Бу ерда битта қоида: чўтка, компютер ва ғоя.
“АҚШнинг Техас штати Хюстон шаҳридан Урганчга келдим. Мана булар мени тасвирий санъат асарларим. Техспрессионизм деб аталади бу, менга ёқда шу услубда ишлаш”, - дейди Стивен Пэйр.
Экспрессионизм санъатда ўзига хос инқилобий ҳаракат деб ҳам аташ мумкин, чунки у дунёни субъектив талқин қилиш орқали муаллифнинг кучли ҳиссий кечинмаларини ифодалайди.
Экспрессионизм воқеликни акс эттиришдан кўра кўпроқ муаллифнинг ҳиссий ҳолатини ифодалашга интилади.
Америкалик Синтия Бет Рубин ўзининг рассомлик асари билан атроф муҳит ҳимоясига эътибор қаратади.
“Бу уммоннинг микроскопик кўриниши. Мен бу асарни яратишда Род Айланд университети илмий лабороториясидаги ўта кучли микроскопдан фойдаландим. Мен одамларга океан, умуман атроф муҳит ҳимояси ҳаётмиз учун қанчалар муҳим эканини етказишни мақсад қилганман”, - дейди рассом.
Техспрессионизм экспрессив тасвирий санъатни анимацион филмлар ва видео ўйинларни ўз ичига олиши мумкин бўлган "рақамли санъат" каби жанрлардан, шунингдек, ишончли бадиий ниятни ўзида мужассам этмайдиган "янги медиа" асарларидан ажратиб туради.
Урганчлик рассом Соли Қодиров “Хелло Узбекистан: Текспрессионизм 2025” кўргазмаси ўзбекистонлик ва америкалик рассомларни бир-бирига яқинлаштирадиган ўзига хос маданий ҳодиса сифатида таърифлайди.
"Бу рассомлар рақамли технологиялар ёрдамида асар яратишар экан. Уларнинг Урганч шаҳрида кўргазма қилиши бежиз эмас менимча. Чунки алгоритм асосчиси Ал Хоразмийнинг ватани бу ер", - дейди Соли Қодиров.
Урганчдаги Замонавий санъат музейи 1983 йилда 1910 йилдаги почта бўлими пойдеворида қурилган санъат галереяси бугунги кунда Ўзбекистондаги иккинчи йирик музей ҳисобланади.
Унинг кенг тўплами миллий тасвирий санъат тарихида, жумладан, хоразмлик усталарнинг асарларида салмоқли из қолдирди. Сўнгги йилларда Урганчдаги Замонавий санъат музейи Япония, Хитой, Полша ва Швейцария билан бир қанча халқаро кўргазмаларни ташкиллаштирди.
Форум