Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2025, Тошкент вақти: 18:54

Флотилия можароси. Исроил ëрдамни тўхтатди


Ғазога йўл олган Флорида кемаси ҳам Исроил денгиз кучлари томонидан тўхтатилган.
Ғазога йўл олган Флорида кемаси ҳам Исроил денгиз кучлари томонидан тўхтатилган.

2 октябр куни Исроил денгиз кучлари Global Sumud флотилиясига тегишли Оксигоно (Oxygono)номли кемани тўхтатди. Исроил денгиз кучларининг Оксигоно кемасига чиққани Global Sumud флотилиясининг жонли эфирида кўринди. Бир ҳарбий кема ичидаги камерага қўл урганидан сўнг эфир тўхтаб қолди.

Флотилия ташкилотчилари маълум қилишича, Исроил кучлари Ғазога ёрдам олиб кетаётган 39 та кемани тўхтатган, битта кема урушдан вайрон бўлган Ғазо томонга ҳаракатланишда давом этмоқда.

Исроил армияси Ғазога гуманитар ёрдам олиб кетаётган кема карвонини тўхтатиш амалиëтини 1 октябр куни кечқурун бошлади. Бу ҳолат дунë бўйлаб халқаро норозиликлар ва дипломатик хавотирларга сабаб бўлди.

Ғазога ёрдам етказишга уринаётган халқаро флотилия 2 октябр куни тонгда номаълум кемалар уларнинг қайиқларига яқинлашганини хабар қилди. Ташкилотчилар айтишича, Исроилга тегишли ҳарбий кема «хавфли манёврлар» вақтида алоқа тизимларига зарар етказган.

Испания бош вазири Педро Санчес Исроилни Global Sumud флотилиясида иштирок этаётган фаолларга таҳдид солмасликка чақирди ҳамда улар орасида Испания фуқаролари борлигини таъкидлаб, дипломатик ҳимояни кафолатлади.

- Мен Исроил ҳукуматига флотилия таркибидаги испан ватандошларимиз тўлиқ дипломатик ҳимояга эга бўлиши¸ бошқача бўлиши ҳам мумкин эмаслигини бошидаëқ етказдим. Улар Исроилга ҳеч қандай хавф ёки таҳдид туғдирмайди. Шу боис умид қиламанки, Исроил давлати, бу ҳолатда Нетаняху ҳукумати, бу флотилияга таҳдид солмайди, деди Испания бош вазири Педро Санчес.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги кемаларни тўхтатиш жараëни билан боғлиқ видео эълон қилди. Унда Исроил денгиз кучлари аъзоси флотилияга хавфсизлик текшируви мақсадида Ашдод портига йўналишни ўзгартиришни маслаҳат бергани, бунга эса Ғазо блокадаси сабаб қилиб кўрсатилгани акс этган.

Флотилия бортидаги йўловчилар 1 октябр кечаси 20 га яқин номаълум кема яқинлашганини хабар қилишди. Бу ҳолат уларни ҳимоя жилетларини кийишга ва босиб олиш эҳтимолига тайёргарлик кўришга мажбур қилди.

Швециялик иқлим фаоли Грета Тунберг 2 октябрь куни Исроилнинг Global Sumud Flotillaни тўхтатиши ва уни асирга олиши муносабати билан олдиндан ёзиб олинган баёнотни эълон қилди.

- Менинг исмим Грета Тунберг. Мен Швеция фуқаросиман. Агар сиз бу видеони кўраётган бўлсангиз, демак мен ўз хоҳишимга қарши равишда Исроил кучлари томонидан олиб кетилганман. Бизнинг инсонпарварлик миссиямиз зўравонликдан холи ва халқаро қонунларга мувофиқ эди. Илтимос, ҳукуматимдан менинг ва бошқаларнинг дарҳол озод қилинишимизни талаб қилишларини сўранг, деган Грета ўз баëнотида.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни швециялик иқлим фаоли Грета Тунберг минган кема бортига чиққан ҳарбийлар унга зарар етказмагани¸ унинг “соғ-саломат ва хавфсиз” эканини маълум қилди.

Флотилиянинг етакчи кемаси Алмадан олинган жонли эфирда кема экипажи палубада ўтириб, Исроил ҳарбийларининг кемага чиқишини кутгани, кейин эса видеонинг узилиб қолгани кўринади.

Жонли эфирларда шунингдек Исроил кучлари Метеке кема фаолларига нисбатан сув пушкалари ишлатгани, иштирокчилар эса денгиз операцияси давомида қўлларини кўтариб таслим бўлгани ҳам кўринади.

Афинадаги мувофиқлаштирувчилар чоршанба куни назорат хонасида воқеалар ривожини кузатиб боришди, чунки Алма ва Сириус кемаларидан жонли эфирлар Исроил кучлари томонидан тўхтатилган пайтда узилиб қолган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти чоршанба куни эрталаб флотилиянинг Ғазо томон ҳаракатини яқиндан кузатаётганини, бортдагиларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳурмат қилишга чақирганини маълум қилди.

- Биз флотилияни яқиндан кузатиб турибмиз. Ҳеч кимга зарар етмаслигини ва одамларнинг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини хоҳлаймиз, деди БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик.

Чоршанба куни флотилиянинг Исроил ҳарбийлари томонидан тўхтатилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг дунëнинг бир қатор давлатларида норозилик намойишлари бошланди.

Италия, Тунис, Греция, Малайзия, Аргентина ва Туркиянинг бир қатор шаҳарларида Фаластин тарафдорлари норозилик намойишлари ўтказиб, Global Sumud Flotilla фаолларини озод қилишни талаб қилишди.

- Сумуд флотилия билан боғлиқ охирги янгиликларни эшитганимиздан кейин Малайзиядаги АҚШ элчихонаси олдига келиб, намойиш ўтказишга қарор қилдик. Ниятимиз АҚШ элчихонаси орқали Исроилга босимни кучайтириш. Шунингдек, Малайзия ҳукумати ҳам ҳаракат қилиши кераклигини айтмоқчимиз. Ростини айтсам, биз жуда хафамиз ва ғазабдамиз. Мен нима дейишни ҳам билмайман чунки воқеалар ривожи бундай бўлишини кутмагандим. Лекин шундай бўлди. Ҳис-туйғуларимиз ҳар хил, биз ўзимизни ҳимоясиз ҳис қиляпмиз. Хабарларга кўра, Малайзия ҳам Трампнинг тинчлик режасини қўллаб-қувватлаган, Трамп эса бу ерга саммитга келяпти. Менимча, бу ҳолат биздаги вазиятни янада кескинлаштиради, чунки биз Трампнинг бу ерда бўлишини истамаймиз, дейди малайзиялик намойишчи Или.

Global Sumud Flotilla таркибида 40 дан ортиқ фуқаролик кемалари бўлиб, уларда тахминан 500 нафар депутат, ҳуқуқшунос ва фаоллар бор. Флотилия – Исроилнинг Ғазога қўйган блокадасига қарши энг йирик рамзий ҳаракат ҳисобланади.

Ҳаракатнинг мақсади Исроил денгиз блокадасини бузиш ва қарийб икки йиллик урушдан вайрон бўлган Ғазога озиқ-овқат ҳамда инсонпарварлик ёрдамларини етказиш.

Кемалар озиқ-овқат маҳсулотлари, памперслар ва тиббий асбоб-ускуналари билан тўлдирилган.

Кемалар йўлга чиқишидан олдин фаоллар Тунисда икки кунлик тайёргарлик машғулотларидан ўтишган. Уларга Исроил ҳарбийлари билан тўқнаш келинса, қандай йўл тутиш ҳам ўргатилган.

Исроил 2007 йилда жорий этган денгиз блокадасининг сабабини ҲАМАСга қурол олиб кирилишини тўхтатиш деб кўрсатиб келади. Ҳукуматнинг айтишича, бу блокадани бузишга қаратилган уринишлар ҲАМАСни қўллаб-қувватловчи пропаганда намойиши, холос.

Исроил ўтмишда ҳам Ғазода амалга оширган ҳаракатларини геноцид деб баҳолашни кескин рад этган ва уларни ўзини ҳимоя қилиш билан изоҳлаб келган.

Форум

XS
SM
MD
LG