Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2025, Тошкент вақти: 18:56

Афғонистонда Толибоннинг «ахлоқ» сиёсати доирасида интернет бутунлай ўчирилди


Афғонистоннинг катта қисмида 29-сентябр куни интернет хизмати ишламай қолди.
Афғонистоннинг катта қисмида 29-сентябр куни интернет хизмати ишламай қолди.

Афғонистонда 29-сентябр куни кенг кўламли интернет узилиши содир бўлди. Бу ҳодиса ҳукумдор Толибон ҳокимияти бир неча вилоятларда оптик толали кабелларни кеса бошлаб, маҳаллий узилишларга сабаб бўлганидан бир неча ҳафта ўтиб рўй берди.

Озодлик радиосининг Радио Озодӣ ва Радио Машъал хизматлари ҳамда кўплаб халқаро ва маҳаллий ОАВ йирик узилишдан жиддий жабр кўрди.

“Афғонистон ҳозирда тўлиқ интернет блокировкасини бошдан кечирмоқда. Толибон ҳокимияти ‘ахлоқий чоралар’ни жорий этиш баҳонасида бир неча тармоқларни эрталабдан узиб қўйди”, — дейилади интернет назорати бўйича халқаро ташкилот NetBlocks баёнотида.

Толибон раҳбарияти оммавий узилиш ҳақида ҳали расмий изоҳ бермади ва унинг қанча давом этиши ҳам номаълум. Бироқ 26-сентябр куни Балх вилоятидаги маҳаллий Толибон вакили Ҳаҷи Захид X ижтимоий тармоғида интернет блокировкаси уларнинг раҳбари Ҳайбатуллоҳ Ахундзода топшириғига кўра “ғайриахлоқий фаолиятларни олдини олиш учун” жорий этилганини маълум қилди.

Толибон ўзининг кескин сиёсатини Ислом Шариати билан оқламоқда. Аммо ислом уламолари интернетни ўчириш қарорини диний жиҳатдан мутлақо асоссиз, деб баҳоламоқда.

Интернет блокировкаси Афғонистонда шахсий эркинликлар ва ахборот оқимини чеклашга қаратилган кенг қамровли тазйиқларнинг бир қисми ҳисобланади. 2021 йилда ҳокимиятни қўлга олганидан бери Толибон афғонларнинг, айниқса аёлларнинг ҳуқуқларини кескин чеклаб, норозиликларни шафқатсизлик билан бостириб келмоқда.

24-сентябр куни АҚШ Давлат департаментининг вакили Элизабет Стикни Радио Машъалга берган интервьюсида Вашингтон вазиятни яқиндан кузатаётганини билдирди.

“Бу хабарлар жуда ташвишли. Биз бу чекловларни Афғонистон халқига ёрдам сифатида кўрмаймиз. Аксинча, улар одамларнинг ҳаёти ва иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади”, — деди у.

АҚШ ва Ғарбнинг кўпчилик мамлакатлари 2021 йилда халқаро қўшинлар мамлакатдан шошилинч чиқиб кетганидан кейин ҳокимиятни қўлга киритган Толибонни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олишдан бош тортиб келмоқда.


XS
SM
MD
LG