Америка учун бу 1981 йилдан бери ўн бешинчи марта рўй бераётган шатдаун. Буниси аввалгиларга нисбатан кескинроқ бўлиши ва бир неча ҳафтага чўзилиши тахмин қилинмоқда.
АҚШда молия йили расман 30 сентябрда якунланади. Конгресс 1 октябргача 438 агентликни молиялаштириши шарт. Агар келишилмаса, "зарурий" деб топилмаган хизматлар тўхтайди ва бу ҳолат "шатдаун" деб аталади.
Сенатда сешанба куни бўлиб ўтган овоз беришда федерал харажатларни молиялаштиришга оид икки қонун лойиҳаси ҳам етарли қўллаб-қувватлашга эга бўлмади.
- Демократлар партияси таклиф этган қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан рад этилди, чунки улар Сенатда озчиликни ташкил этади.
- Республикачилар партияси кўпчиликни ташкил этганига қарамай, уларнинг лойиҳаси ҳам етарли овоз тўплай олмади.
Республикачилар етакчиси Жон Тун шатдаун бошланишидан аввал вазиятга изоҳ бериб, маъсулиятни демократларга юклаган:
“Биз ҳукуматнинг ёпилишига бор-йўғи бир неча соат қолган пайтдамиз. Демократларнинг олдида жуда аниқ икки йўл бор: улар 24 бетлик, партиялараро зиддиятлардан холи, вақтинча молиялаштириш резолюциясига овоз бериш орқали ҳукуматни очиқ сақлашни танлашлари мумкин ёки ҳукуматни ёпишни танлашлари мумкин. Биз айнан шу ҳолатда турибмиз”.
Бу сафарги келишмовчиликнинг асосий сабабларининг бири - соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш масаласи бўлди. Президент Доналд Трамп Оқ уйда журналистларга, агар тарафлар ўзаро келишувга эришмаса, демократлар қўллаб-қувватлаган дастурлар тўхтатилишини ва федерал ходимлар оммавий равишда ишдан бўшатилишини таъкидлаган.
Сенатдаги Демократлар етакчиси Чак Шумер буни шундай изоҳлаган:
“Ниҳоят, бир неча ойлик талаблар ва кучли босимдан сўнг, мен ва етакчи Жеффрис кеча Оқ уйга бориб, президент ва республикачилар билан учрашдик. Ёпиқ эшиклар ортидаги суҳбатда президент америкаликлар учун юзага келаётган инқирознинг кўламини тўлиқ англамаётгани яққол намоён бўлди. Тарифлар, иқтисодий ва энергетика сиёсатидаги хатолар туфайли соғлиқни сақлаш харажатлари кескин ошмоқда. Кайзер Фонди таҳлилига кўра, агар Қулай тиббий ёрдам тўғрисидаги қонун (Affordable Care Act) имтиёзлари бўлмаса, суғурта бадаллари ўртача икки баравардан кўпроқ ошади. Бу деярли ҳар бир америкалик оилага таъсир кўрсатади”.
АҚШда бюджет масаласида келишмовчиликлар анъанавий ҳолат ҳисобланади. Аммо бу йилги тортишувлар айниқса кескин тус олди. Президент Доналд Трамп 2025 йил январда лавозимга киришганидан бери федерал идоралар ходимлари сони ва молиялаштириш даражасини қисқартиришни давом эттирмоқда.
Федерал бюджет харажатлари тўғрисидаги қонун қабул қилинмагани сабабли, АҚШда барча ҳукумат идоралари тўлиқ тўхтамайди. Энг зарур хизматлар - чегара назорати, тиббиёт, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ҳаво қатнови ва бошқа муҳим соҳалар ўз фаолиятини давом эттиради.
АҚШ тарихида энг узоқ шатдаун 2018-2019 йилларда, Трампнинг биринчи президентлиги пайтида рўй берган бўлиб, у 35 кун давом этган. Трамп ўшанда Мексика билан ўртага чегара девори учун маблағ ажратилишини талаб қилган, Конгресс эса буни рад этганди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилишича, Вашингтондаги вазият сабабли элчихонанинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари вақтинча мунтазам янгиланмайди. Бу ҳолат АҚШ давлат идоралари ўз фаолиятини тўлиқ тикламагунча давом этади Фавқулодда хавфсизлик билан боғлиқ муҳим маълумотлар бундан мустасно.
Форум