Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:58

Хитойнинг Толибон билан муносабатлари илиқлашмоқда


Толибон асосчиларидан Мулла Абдул Ғани Бародар ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И. Тяньцзинь , Хитой - 28 июль, 2021
Толибон асосчиларидан Мулла Абдул Ғани Бародар ва Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И. Тяньцзинь , Хитой - 28 июль, 2021

Чоршанба куни Хитой Ташқи ишлар вазири толибларнинг юқори мартабали расмийлари делегацияси билан учрашди. “The Associated Press” агентлиги АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этар экан, Хитой билан радикал гуруҳ ўртасидаги алоқалар илиқ бўлиб қолаётганини хабар қилмоқда.

Хитой Ташқи ишлари вазирлиги сайтида вазир Ван И Тяньцзинь шаҳрида Толибоннинг юқори мартабали раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар ва унинг делегацияси билан тушган суратлар эълон қилинди. Суратларда тарафлар музокара олиб бораётгани тасвирланган.

Ван Хитой Афғонистоннинг суверен мамлакат ўлароқ мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини ҳамда Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва НАТО қўшинлари тез суръатда олиб чиқиб кетилаётгани «Америка сиёсатининг муваффақиятсизлигини кўрсатади ва афғон халқига ўз мамлакатларини барқарорлаштириш ва ривожлантириш учун муҳим имконият беради».

Учрашув кун тартиби эълон қилинмади. Толибон Афғонистонда тобора кўпроқ ҳудудни ўз назорати остига оларкан, Хитой жангари гуруҳ тинчлик музокаралари давомида ўз бўйнига олган мажбуриятларини бажаришини ёки, ҳеч бўлмаганда, зўравонликни озайтиришини хоҳлайди.

Вахон водийсида Хитой ва Афғонистон қисқа умумий чегарага эга. Хитой узоқ йилларда бери исёнкор жангариларнинг ўтмишда нотинч бўлган Шинжон минтақасига ўтишидан хавотир олиб келади. Шунингдек, Хитой Афғонистонда нефть, газ ва мис қазиб олиш бўйича шартномалар имзолаган, аммо бу шартномалар анча пайтдан бери қоғозда қолаяпти.

«Толибон Афғонистондаги муҳим ҳарбий ва сиёсий кучдир ва гуруҳ тинчлик ўрнатиш, ярашиш ва қайта қуриш жараёнида муҳим роль ўйнаши кутилмоқда», деди Ван.

Ван толиблар миллат ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўйиши ва тинчлик музокараларига эътибор қаратишига, тинчлик мақсадларини белгилашига, «ижобий имиж» яратишига ва барча фракциялар ва этник гуруҳлар ўртасида бирдамлик ўрнатишга ҳаракат қилишига умид қилишини айтди.

Ван, шунингдек, Хитой Толибон «Шарқий Туркистон исломий ҳаракати»га қарши «қатъият билан» курашишига умид қилаётганини қўшимча қилди. Пекин ушбу гуруҳни Шинжон мустақиллиги учун курашишда айблаб келади. Аммо кўпчилик мутахассислар бу ҳаракат аслида чора кўра оладиган шаклда мавжуд эмаслигига ишонади.

Толибон делегацияси сафида Толибон диний кенгаши ва Тарғибот қўмитаси раҳбарлари ҳам бўлган.

31 августга қадар АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Хитой учун яхши янгиликдир, чунки Вашингтоннинг асосий стратегик рақибига айланган Пекин шундоқ биқинига АҚШ қўшинлари юборилганидан мамнун эмас эди.

Бародарнинг ташрифи Покистон ташқи ишлар вазири ва разведка бошлиғи Хитойга сафар қилганидан кўп ўтмай содир бўлди.

Покистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишда муҳим роль ўйнаши айтилмоқда. Толибон раҳбарияти Покистонда бўлиб, Исломобод толибларни тинчлик музокараларида қатнашишга чорлаб босим ўтказиб келаётган эди.

Вашингтоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ҳам шу ой бошида Исломобод ва Кобул ўртасидаги муносабатлар янада совиб кетиши ортидан Покистонга қисқа ташриф билан борди.

Бу ҳолат АҚШ 31 августда ўз қўшинларини олиб чиқиб кетгунига қадар бошқа мамлакатлар иштирокида тинчлик битимини тузишга ҳаракат қилаётганини кўрсатиши айтилмоқда.

Душанба куни Тяньцзинь шаҳрида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Ван билан учрашиб, Давлат департаменти Афғонистонни АҚШ ва Хитой ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган «глобал масалалар» рўйхатига киритганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG