Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:19

Пандемия vs. шахсий ҳаёт дахлсизлиги: Вирус тарқалишини назорат қилувчи иловалар хавотир уйғотмоқда


Жаҳон бўйлаб карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинар экан, тестлар кўламини кенгайтириш билан бир қаторда вирусга чалинганларнинг ким билан мулоқот қилганини аниқлаш коронавируснинг қайта тарқалиши олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Вирусга чалинганларнинг ким билан бевосита алоқада бўлганини аниқлашни кўзловчи «контакт тестлари» ОИТВ, Эбола ва қизамиқ каби юқумли касалликларга қарши курашда бир неча ўн йилдан бери муҳим роль ўйнаб келади.

1970 йилларда бир пайтлар энг даҳшатли касалликлардан бири бўлган чечакни йўқ қилиш мақсадида касалликни юқтирган барча шахс аниқланган, изоляция қилинган, яқинлари эса касалликка қарши эмланган эди.

Аммо коронавирус ўта тез суратда тарқалаётгани учун беморларнинг ким билан бевосита алоқада бўлганини аниқлашда улар билан савол-жавоб қилиш каби анъанавий кузатиш услублари самарасиз бўлиб қолди.

Кейинги ҳафталарда АҚШнинг 44 штатида вирусга чалинганларнинг ким билан алоқада бўлганини телефон орқали аниқлаш учун ўн минглаб одам жалб қилинди.

Айни пайтда¸ соғлиқни сақлаш мутахассислари бу вазифани уддалаш учун ўн минглаб одам ҳам етмаслигини айтмоқда.

Айрим ҳукуматлар касаллик тарқалиш траекториясини аниқлашнинг анъанавий услубларига қўшимча равишда мобил қурилма иловалари ҳамда геолокация маълумотларидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу технологиялар воситасида вирусни юқтирган одам мулоқотда ёки яқин алоқада бўлган шахсларни огоҳлантириш мумкин бўлади.

Пандемия бошланганидан ҳозирга қадар ўнлаб шундай назорат иловалари яратилди.

Аксар давлатларда бундай кузатиш дастурларида иштирок этиш мажбурий эмас ва фойдаланувчилар иловани ўзлари кўчириб олишлари лозим.

Айни пайтда¸ назорат иловалари улардан қанча кўп одам фойдаланса шунча яхши самара беради. Бу эса аҳолининг кундалик юриш-туришига оид маълумотни илова ишлаб чиққанлар ёки ҳукумат расмийлар қўлига тақдим қилиш демакдир.

Бундай усулдан фойдаланиш танқидчилари автоматлаштирилган назорат иловаларининг аксари шаффоф эмаслиги¸ уларга маълумот тўплаш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича чекловлар ўрнатилмаганини айтмоқда.

Мухолифлар фикрича¸ айрим иловалар шахсий ҳаёт дахлсизлигини қўпол равишда бузади ва бу ўз навбатида ошиқча давлат назорати ва шахсий хавфсизлик ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти «Хитой ва Россия каби шусиз ҳам шахсий ҳаëтга ошиғич аралашадиган назорат чораларини жорий қилган ҳукуматлар қўлида бундай иловалар дискриминация ва репрессияни янада кучайтириши» ҳақида огоҳлантирди.

Қолаверса, глобал миқёсда бундай иловалар бўйича муроса йўқлиги туфайли турли давлатлардан олинган маълумотлардан фойдаланишда қийинчиликлар юзага келди.

Массачусетс технология институтининг MIT Technology Review журнали вирус тарқалишини назорат қилувчи иловалар ҳақида маълумот жамланган маълумотлар базасини яратди. Унга бугунга қадар 25 та илова киритилди.

MIT Technology Review журналида ёзилишича, фойдаланувчи ҳақида геолокация маълумотларини тўпловчи иловалар шахсий ҳаёт дахлсизлигини қўпол бузади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳам бундай иловалар ҳукуматлар қўлига шахсий маълумотлар конини топшираётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.

HRW ташкилоти тадқиқотчиси Дебора Браун ҳукуматлар йўлга қўйган геолокация иловалари «инсон ҳуқуқларига жиддий таҳдид солишини» таъкидлади.

- Одамлардан шахсий ҳаёт дахлсизлигидан воз кечиб, синовдан ўтмаган технологияларга шахсий маълумотларини юбориш сўралмоқда. Пандемия тарқалишини чеклаш ҳамда жамиятни қайта очиш муҳим мақсадлар, лекин уларга кенг назоратсиз ҳам эришиш мумкин, — деди Браун.

Хитой, Эрон ва Россия каби давлатлар бунга яққол мисол бўла олади.

Хитойда ишлаб чиқилган тизим полицияга карантин қоидаларини бузганларни аниқлаш имконини беради. Тизим орқали, шунингдек, фуқароларнинг исми-шарифи, қаердалиги, ҳатто онлайн тўловлари тарихи ҳақида маълумот тўпланмоқда.

Эрон март ойида коронавирусни «аниқлаш»ни кўзловчи AC19 иловасини эълон қилганидан кейин, айрим фойдаланувчилар мамлакат ҳукуматини дастур ёрдамида фуқароларнинг ҳар бири ҳаракати ҳақида маълумот тўплашда айблади.

Эронлик фаолларга кўра, мазкур илова Эрон разведка хизматларига кейинчалик дастурни автоматик тарзда янгилаш пакети орқали фойдаланувчилар қурилмаларига вирус ва троян ўрнатиш имконини беради.

Эрондаги иловани Telegram мессенжери клонларини яратишда ҳамда Эрон разведка агентликлари учун фойдаланувчилар ҳақида маълумот тўплашда айбланиб келаётган Smart Land Strategy ширкати яратгани хавотирларни янада кучайтирди.

Илова ишлаб чиқилганидан кейин, Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига ёппасига SMS юбориб, уларни AC19 иловасини ўрнатишга чорлади.

Миллионлаб эронлик бу кўрсатмани бажарди. 9 март куни эса Google ширкати иловани ўзининг Play Store сайтидан олиб ташлади. Аввалроқ Smart Land Strategy яратган бошқа иловалар ҳам платформадан ўчириб ташланган эди.

Freshfields-Bruckhaus-Deringer халқаро ҳуқуқшунослик ширкати ходими Олга Числова Россияда федерал миқёсда мобил телефон тармоқлари операторлари ва уларнинг GPS тизимлари ёрдамида ишловчи тизим йўлга қўйилганини айтди.

Числованинг сўзларига кўра, тизим орқали нафақат коронавирус аниқланган шахс билан алоқада бўлганларга, балки тез ёрдам марказларига ҳам хабар юборилади.

Москвада уйда ўтириш буюрилган беморлар эса ўз телефонларига «ижтимоий кузатиш» иловасини ўрнатишлари шарт.

Марказий маълумот базасига уланган илова Россия ҳукуматига фойдаланувчилар телефон қўнғироқлари, қаерда эканликлари, мосламалари камераси, хотираси ҳақида маълумот тўплаш имконини беради.

Privacy International ташкилоти геолокация ҳақида маълумот тўплайдиган иловалардан ҳукуматлар осонликча ғараз мақсадларда фойдалана олиши ҳақида огоҳлантирди. Ташкилот бу каби «ижтимоий назорат қуроллари» аҳолининг ҳукумат ва соғлиқни сақлаш расмийларига бўлган ишончини емиришини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG