Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:40

НАТО ўзбек зобитларига инглиз тили ўргатмоқда


Ўзбекистон НАТОнинг "Тинчлик учун ҳамкорлик" дастурига 1994 йилда қўшилган.
Ўзбекистон НАТОнинг "Тинчлик учун ҳамкорлик" дастурига 1994 йилда қўшилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг 15 зобитига НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури доирасида инглиз тили ўргатилади. Мазкур дастур НАТОнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа бўйича ваколатхонаси томонидан амалга оширилади. Тошкентда жойлашган ваколатхона вакилининг Озодликка айтишича, ўзбек ҳарбий зобитларига инглиз тилини ўқитиш орқали Ўзбекистоннинг НАТО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштириш кўзда тутилган. НАТОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси икки йилдан бери фаолият юритади.


НАТО таклиф қилаётган дастур доирасида олти ойлик инглиз тили курсларига Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг 15 нафаргача зобити Тошкентдаги Британия кенгаши мутахассислари томонидан танлаб олиниши айтилмоқда. Дарсларни ҳам Британия кенгаши мутахассислари ўтади.

Тошкентда жойлашган НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқа қилиш ваколатхонаси вакили Александр Винников ўтган ҳафта Ўзбекистон мудофаа вазирлиги расмийлари билан ўтказилган маросимда бу ҳақда эълон қилди.

НАТО вакили Винников Озодликка берган интервьюсида бу каби дастур Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани ва ўзбек зобитлари учун инглиз тили курсларида асосий эътибор ҳарбий терминологияга қаратилади, дея билдирди.

- Мазкур дастурга танлов асосида 15 нафаргача ўзбек ҳарбий хизматчиси танлаб олинади. Бу дастурдан мақсад ўзбек зобитларнинг инглиз тили билимини ошириш орқали Ўзбекистоннинг НАТОга ҳамкор ташкилотлар доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирокини кенгайтиришдан иборатдир, дейди Тошкентдаги НАТО ваколатхонаси расмийси.

Унинг айтишича, инглиз тили курслари Тошкентда ташкил этилган НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурига доир ўқув марказида ўтказилади.

Мазкур дастур пилот тарзда ташкил қилинаётгани боис 15 нафрагина зобит жалб этилаётганини билдирган Винников, унинг натижаларига кўра, бу каби дастурларни давом эттириш масаласи кўриб чиқилади, дея қўшимча қилди.

- Ҳозирча 15 кишидан бошлаяпмиз, чунки бу пилот босқичдаги тадбир. Натижалардан келиб чиқиб, балки келаси йили ҳам шундай дастурни амалга тадбиқ этиш масаласини кўриб чиқишимиз мумкин. Ундан ташқари Ўзбекистон қуролли кучларининг ҳаммасини инглиз тилига ўргатишга эҳтиёж йўқ. Чунки бу дастур асосан халқаро ташкилотлар билан муносабат қиладиган зобитлар учун мўлжалланган, дейди НАТО расмийси.

НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқа қилиш ваколатхонаси Тошкентда 2014 йилнинг май ойида расман очилган эди. Лекин Ўзбекистон ҳукумати ваколатхонага 2013 йилнинг мартида аккредитация берган.

Винниковнинг айтишича, ўшандан бери Ўзбекистон ҳарбийлари учун мўлжалланган қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон қуролли кучлари учун ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш дастуридир, дейди у.

- Ҳарбий таълимни такомиллаштириш дастури икки йил давомида амалга оширилди ва Ўзбекистон мудофаа вазирлиги таркибига кирувчи “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури ўқув марказида ўтказилди. Унда ҳарбий таълим билан шуғулланувчи мутахассислар тайёрланиб, Ўзбекистон қуролли кучларини замонавий талабларга жавоб берувчи, энг муваффақиятли тажрибага асосланган ўқув методологиялари бўйича тайёрлашни йўлга қўйиш мақсад қилинди. Бу дастур анча муаваффақиятга эга бўлди,- дейди НАТО расмийси.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг халқаро ташкилотлар билан алоқа қилиш бошқармаси вакиллари Озодлик билан гаплашишни исташмади.

2013 йилда Шимолий Альянснинг Тошкентда ваколатхонаси очилиши кўпчилик тарафидан Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсатини Россиядан узоқлаштириб, Ғарб томон бураётганига навбатдаги ишора ўлароқ баҳолаган эди. Айниқса, Ўзбекистон бу ҳодисдан бир неча ой аввал Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиққани бу фикрга асос бўлган эди.

Бундан ташқари НАТОнинг Тошкентда ваколатхонаси расмий очилиши, 2014 йилнинг май ойига, Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, мамлкат шарқида россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлагани боис Москва билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келган эди.

НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай ваколатхона очилиши муносабати билан Озодликка берган интервьюсида Шимолий Альянснинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаши Россияга қарши қаратилмаган, дея билдирган эди.

- Мен Россиядаги бу каби эътирозларни кузатганим йўқ ва Россияни бу ердаги режаларимиздан хабардор қилишга эҳтиёж ҳам кўрмайман. Лекин Россия бу режаларимиздан яхши хабардор бўлган, биз буни сир сақлаганимиз йўқ. Бундан ташқари Брюсселда ҳам россиялик ҳамкасбларимдан бунга оид эътирозни эшитганим йўқ. Шу кунларда Россия нимадан ҳафа бўлиб қолишини олдиндан айтиш қийин, лекин Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигимиз Совуқ уруш тугаган пайтда бошланган, бу ҳамкорликда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ ва ўзгармай қолади. Шунинг учун Россиянинг хавотирланишига асос йўқ, менимча,- деган эди НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жэймс Аппатурай.

Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурига 1994 йилда қўшилган. Бу дастур бўйича 1990-йиллар охирларида Ўзбекистон қуролли кучлари зобит ва аскарлари Шимолий Альянсга аъзо мамлакатлар, жумладан АҚШ, Британия, Германия каби мамлакатларда тайёргарликдан ўтган.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Тошкент ҳукумати НАТО билан ҳамкорликни минимум даражага тушириб қўйди. Лекин сўнгги йилларда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларини қўллаб-қувватлаш учун муҳим бўлган Шимолий таъминот тармоғи Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтгани учун ўзаро муносабатлар қуюқлашди. Шунингдек 2014 йилда Афғонистондан хақларо қўшинларнинг олиб чиқилишида Ўзбекистон ўз ҳудудини транзит сифатида тақдим этди.

XS
SM
MD
LG