Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни тергов изоляторида ушлаб туриш тўғрисидаги биринчи инстанция суди қарори ўзгаришсиз қолдирилди. У 26 августгача ҳибсда қолади. Айни дамда унинг турмуш ўртоғи устидан ҳам тергов бошланди.
Бишкек шаҳар суди 16 августда Атамбаевни ҳибсда ушлаб туриш тўғрисидаги қуйи суд қарорини ўз кучида қолдирди, дея хабар берди собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесарев журналистларга суднинг ёпиқ мажлисидан сўнг. Ушбу тадбир Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси биносида (ДМХҚ) бўлиб ўтди.
Атамбаевнинг иши бўйича суд мажлиси бўлаётган пайт собиқ президентнинг ўнлаб қариндошлари ва тарафдорлари билан бирга ДМХҚ биноси олдига келган хотини Раиса Атамбаева ҳокимият идоралари унинг кўплаб қариндошларига босим ўтказаётганини, уйлари ноқонуний равишда тинтув қилинганини ва ўзига қарши ҳам жиноят иши қўзғатилганини айтди.
Атамбаевага кўра, унга қарши тергов ишлари собиқ президент девонининг адлия тизимини ислоҳ қилиш бўйича бошқармаси бошлиғи Манасбек Арабаев иши билан боғлиқ равишда бошланган. Арабаевга июнь ойида коррупция айби қўйилган эди.
Қирғизистон бош прокуратураси Озодлик мухбирига Раиса Атамбаеванинг иши терговда эканини айтди, аммо бу ишга оид бирор тайинли гап айтмади.
Атамбаев полицияга икки кунлик қаршилик кўрсатгандан сўнг 8 августда ҳибсга олинган эди.
Ҳокимият идоралари Атамбаев сўроқ бериш учун юборилган учта чақирув қоғозини менсимай, Ички ишлар вазирлигига келмагани сабаб уни ҳибсга олиш чоралари кўрилганини айтмоқда.
Ҳуқуқни қўллаш идоралари айтишича, Атамбаев 2011-2017 йиллардаги президентлик чоғида хизмат вазифасини суиистеъмол қилгани учун 5 та банд бўйича айбланмоқда.
Слесаревнинг 15 августда билдиришича, Атамбаевга қаршилик кўрсатганидан сўнг жами 14 та жиноят бўйича айблов қўйилган, улар сирасига ҳокимият идоралари вакилларига нисбатан зўравонлик қилиш, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш, одам ўлдиришга уриниш, одамларни гаровга олиш, ўқотар қуролларни ноқонуний қўллаш ва бир қанча коррупция ҳолатлари киради.
Собиқ президент ва тарафдорларининг қаршилик кўрсатиши хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли зобити ўлими, 170 дан ортиқ киши, жумладан, ҳуқуқни қўлловчи идораларнинг 79 ходимининг жароҳатланишига сабаб бўлди.
Зўравонлик Атамбаев билан унинг сайланган вориси Сўўрўнбай Жээнбеков ўртасида кураш давом этаётганини кўрсатди ва Марказий Осиёнинг ушбу мамлакатидаги беқарорлик юзасидан хавотирлар уйғотди.