Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:42

ЕТТБ эксперти: Ўзбекистон ҳукуматига алоқадор шахс ва ширкатлар билан ишламаймиз


Самарқанддаги йиғин ЕТТБнинг 20 йилдан кейин Ўзбекистонда ўтказган илк йиллик анжумани бўлди.
Самарқанддаги йиғин ЕТТБнинг 20 йилдан кейин Ўзбекистонда ўтказган илк йиллик анжумани бўлди.

ЕТТБ расмийлари Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан потенциали катта ва истиқболи порлоқ давлат сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, 2017 йилдан бери мамлакатга киритилган 3 миллиард доллар атрофидаги сармоялар натижаси ҳақида гапиришга ҳануз эрта, аммо шу кунга қадар "фавқулодда катта ўзгаришларни кузатишмоқда".

Айни пайтда барча халқаро инвесторлар ва экспертлар ҳам Ўзбекистон борасида бунчалик умидбахш эмас. Улар мамлакатда ҳануз бизнес муҳитининг шаффоф эмаслиги, ҳукумат мулозимлари ўзига афилланган бизнеслар манфаатларини ҳимоя қилиши, уларга арзон кредит ва имтиёзлар тақдим этиш ҳоллари кенг тарқалганини айтишади.

Жаҳон банки ўтган йилги ҳисоботида Ўзбекистонда олигархиялашув кучайиб бораётганидан огоҳлантирган.

Озодлик ва ҳамкорларининг қатор суриштирувлари шубҳали бизнес алоқалари ҳукуматнинг энг юқори доиралари, шахсан президент Мирзиёев оиласи аъзоларига ҳам бориб тақалишини ўртага чиқарган. Ўзбекистон расмийлари бу суриштирувлар хулосаларини жавобсиз қолдириб келади.

Озодликнинг Ўзбекистонда энергетика, қишлоқ хўжалиги ва қатор соҳалардаги хусусий ширкатлар ортида аслида ҳукумат бўғинларидаги юқори лавозимли амалдорлар ўтирганига оид саволларига жавобан ЕТТБнинг минтақа бўйича етакчи эксперти Эрик Ливни “бўлиши мумкин эмас” деб жавоб берди.

Эрик Ливни билан суҳбат ЕТТБнинг шу йил 16-18 май кунлари Самарқандда ўтган 32-йиллик анжумани пайтида ёзиб олинган.

-Ўзбекистонда ЕТТБ орқали молиявий ёрдам олаётган хусусий сектордаги энг муҳим ўйинчилар кимлар?

Эрик Ливни: Хусусий сектор ҳақида гапирадиган бўлсак, бу биз инвестиция киритаётган йирик компаниялар, бизнинг улушимиз бўлган компаниялардир. [Масалан], озиқ-овқат сотувчиси “Корзинка”. Бу ажойиб муваффақият, ўсиш тарихига мисол. Яна бир жуда қизиқ кейс бу Ўзбекистонда фаолият бошлаган биринчи тўлиқ рақамли банк бўлмиш TBC банкидир.

-Бу банк ҳақида кўпроқ сўзлаб бера оласизми?

Эрик Ливни: Истеъмолчилар кредит олишини тубдан ўзгартиради, чунки TBC ходимларининг менга айтишича – яқинда улардан интервью олдим – одамлар ухлайди, аммо банк ишлашда давом этади. Бу жуда содда изоҳ. Ҳамма нарса автоматлаштирилган. Сабаби, сунъий интеллектга таянувчи алгоритм асосида ҳар бир истеъмолчини кўриб чиқади, ишлаётгани ёки йўқлиги, қанча даромад топаётгани, солиқ тўлайдими, йўқми, кредит тарихи яхшими ёки унча яхши эмасми, қанча сарфлай олади – ҳаммасини ҳисоблаб чиқади. Мана шу маълумотлар асосида одамлар эмас, банк ходимлари эмас, балки сунъий интеллект, алгоритм, компьютер кредит бериш ёки бермаслик ва қандай ставка билан бериш борасида қарор чиқаради. Яъни, ҳатто фоиз ставкасини компьютер ҳисоблайди.

-Шунда кредит EТТБ томонидан...

Эрик Ливни: Йўқ, йўқ, кредитни ТВС банк беради. Биз бутунлай парда орқасидамиз. Биз ТВС улушига эгамиз. Улар қандай ишлашига умуман аралашмаймиз. ТВС ўз бизнес моделига эга банк. Ўзбекистон учун ТВС банкнинг кириб келиши муҳим воқеа бўлди. Мамлакат замонавий банкингга нисбатан кўникмаган. Бу дегани мана шунақа банклар кириб келганида кўплаб қонун ва процедуралар ўзгариши керак бўлади. Ҳозирда Ўзбекистондаги регулятор - Марказий банк ТВС билан яқиндан ишламоқда.

Табиийки, бошқа йирик лойиҳаларимиз ҳам бор. Яна бир мисол келтираман: Indorama. Бу қароргоҳи Сингапурда жойлашган компания бўлиб, Ўзбекистонда анча вақтдан бери фаолият юритиб келади. Indorama муваффақияти вертикал ўсиш маҳсулидир. Улар [ўз фаолиятларини] асосидан пахтани қайта ишлашдан бошлашган. Бошида маҳаллий етиштирувчилар пахтасини қайта ишлашган. Бугунга келиб ўзлари ҳам пахта етиштиришяпти.

ЕТТБнинг минтақа бўйича етакчи эксперти Эрик Ливни
ЕТТБнинг минтақа бўйича етакчи эксперти Эрик Ливни

Уларнинг ўз йирик, замонавий ва табиатга зарар келтирмайдиган фермерлик хўжаликлари бор. Бундан ташқари, бугунга қадар Ўзбекистоннинг икки туманида етиштирилган пахтани харид қилишади. Шунингдек, қиймат занжирида юқорига кўтарилиб, икки ўғит заводини сотиб олишган. Биттасини яқинда олишди. Эндиликда пахта етиштириш учун ўғитни ўзлари ишлаб чиқаришяпти. Қайта ишлаш учун пахта харид қилишади, пахтани йигиришади. Бунинг барчасини экспорт қилишади ёки маҳаллий тўқимачилик саноатини [хомашё билан] таъминлашади. Лекин аксар қисмини экспорт қилади.

- Яъни, бу иш билан бошдан-оёқ шуғулланишади?

Эрик Ливни: Деярли тўлиқ вертикал интеграция[ни йўлга қўйишган].

- Indoramaни тилга олганингиз яхши бўлди. Indorama ҳақида биз кўпдан бери ёзиб келамиз. Indorama билан ишлашадиган фермерлар билан суҳбатлашганмиз. Табиийки, мамнун фермерлар ҳам бор, аммо бизга фермерларнинг ўзларидан келиб тушадиган шикоятларда фермерлар ҳуқуқлари поймол қилинаётгани иддао қилинади. Бундан ташқари, яқинда сизнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларингизни кузатиб келадиган Bankwatch ташкилоти ҳуқуқлар бузилаётган ҳолатлар бўйича ҳисобот ёзди. Булардан хабардормисиз?

Эрик Ливни: Етарлича маълумотга эга эмасман. Айрим публикациялардан хабарим бор, лекин тафсилотларини билмаганим учун бу ҳақда гапирмаган бўлардим.

- Indorama заводларида бўлганмисиз?

Эрик Ливни: Заводларида бўлганим йўқ, қароргоҳларида бўлганман. Умумий амалиёт ҳамда қишлоқ хўжалиги операциялари раҳбарларидан интервью олдим.

Ишлаш осон эмаслигини биламан, айниқса, шартнома асосида ишлайдиган фермерлар бор ҳолатларда. Осон эмас. Бундай муносабатлар ҳар қандай мамлакатда ҳам осон кечмайди. Буни ҳал қилишнинг бир йўли – фермерлар танлаш ҳуқуқига эга бўлган вазиятни яратиш. Идеал вазиятда фермерлар кимга сотиш бўйича қарор чиқара олишлари керак. Мазкур ҳолатда агар уларга Indorama ёқмаса, бошқа бировга сотишлари мумкин.

ЕТТБ етакчи минтақавий эксперти Эрик Ливни билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:11 0:00

- Уларда мана шундай танлаш имконияти бор деб ўйлайсизми?

Эрик Ливни: Қаранг, бу имконият уларга рад этилгани йўқ. Аммо гап улар буни кўтара олишлари ёки йўқлигида, чунки улар жойлашган жойларини ўзгартира олмайдилар. Шундай экан, маҳсулотни бошқа вилоятга, бошқа қайта ишлаб чиқариш [заводига] олиб бориш логистикаси қимматроққа тушиши мумкин. Қолаверса, бошқа жойда улар яхшироқ шартларга йўлиқадиларми ёки йўқми, буни айтиш қийин. Биласизми, бу эркин бозор. Шундай экан, ҳамма оптимал йўлини излайди. Табиийки, харидорлар озроқ тўлашни хоҳлайдилар, сотувчилар эса даромадларини максималлаштиришни истайдилар. Бундай вазиятда доим шикоятлар бўлади.

- Сизда фермерлар ёки ишчилар билан учрашиш имконияти бўлдими?

Эрик Ливни: Жуда кўп фермер билан кўришдим. Айнан Indorama учун ишлаётганлар билан эмас. Бир неча марта Фарғона водийсига бордим.

- Indorama мато фабрикалари бор [у ерда], тўғрими?

Эрик Ливни: Indoramaники эмас. Кўплаб фермага бордим, нафақат пахта [фермаларига], балки бошқа кўплаб фермага. Иссиқхоналарни кўриш учун. Узум қандай етиштириляпти, ажойиб ўзбек гилослари қандай етиштириляпти, кўриб келдим.

Мен сезон бошланганда бордим. Агрологистика марказлари мана шу ажойиб гилосларга тўла эди. Муаммо уларни қайта ишлашда эди.

- Иложи борича тез суръатда.

Эрик Ливни: Тезкорлик билан уларни саралаш, ювиш керак эди. Мева барра сақланиши учун бунинг барчасини тезда қилиш керак. Мен борган агрологистика марказларидан бири Жанубий Кореяга ҳаво [транспорти] орқали гилос экспорт қилишга муваффақ бўлибди. Менимча бу ажойиб муваффақият.

Яхши нархда сотишган. Шундай экан, ҳамма фойда кўради бундан: фермерлар, агрологистика компанияси. Ўзбекистон эса мамлакат ўлароқ қаттиқ валюта қозонади.

- Аввалги мавзуни ниҳоясига етказсак. ЕТТБ мутахассислари, расмийлари, маъмурияти барча иддаоларни жиддий қабул қилаётган бўлса керак. Бу иддаоларни қай йўсинда текширасизлар?

Эрик Ливни: Банкимизда ижтимоий иштирок учун масъул махсус жамоа бор. Улар “фронт линиясида” десак бўлади. Улар нодавлат ташкилотларни кузатадилар, улардан келиб тушаётган шикоятларни тинглайдилар, муаммо нимада эканлигини тушунишга ҳаракат қиладилар, кейин ўша [шикоятларни] кўриб чиқадилар. Шундай экан, биз бунга жиддий қараймиз. Репутациямиз ҳақида жуда қайғурамиз. Шундай экан, ҳар қандай иддао кўриб чиқилиши керак. Айтиб ўтганимдек, бу масала билан шуғулланувчи махсус жамоамиз бор.

  • 2023 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 23 млрд доллардан ошди.
  • Асосий кредиторлар узоқ йиллардан буён ОТБ ($5,4 млрд), ЖБ ($4,4 млрд) ва ИТБ (0,9 млрд), 2017 йилдан буён эса ЕТТБ (0,9 млрд) ҳисобланади.
  • Ўзбекистоннинг ташқи қарзи аҳоли (2023 йил 1 январь ҳолатига 36 миллион) жон бошига тақсимланса, 650 доллардан кўпроқни ташкил этади.

- 2003 йилда EТТБ Тошкентда йиллик йиғинини ўтказган эди.

Эрик Ливни: Роппа-роса йигирма йил олдин.

- Роппа-роса йигирма йил олдин. Марҳум Каримов даврида, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, иқтисодий муаммолар билан боғлиқ вазият мураккаб эди. EТТБнинг йиллик саммитида бу кўп танқид қилинган эди. Бу сафар – икки кундан бери кузатяпман – бугунги тузумга нисбатан жиддий танқид эшитмадик. Танқид қиладиган ёки ҳеч бўлмаса ўртага ташлайдиган нарса қолмади деб ўйлайсизми? Ёки ҳеч ким бу масалаларни кўтармаётгани муаммолими?

Эрик Ливни: Агар 2003 йилдаги Ўзбекистонга бугунгисини солиштирадиган бўлсак, бу қарийб иккита алоҳида давлат, дейиш мумкин. Агар Ўзбекистонни ичида яшасангиз, бу ўзгаришларни кўришингиз анча қийин. Аммо, агар сиз ҳар 5 йилда келсангиз, ҳар 10 йилда келсангиз ҳар сафар улкан ўсишни кўрасиз. Бу ўсиш ҳаётнинг ҳар бир соҳасида - жамоат ҳаёти, давлат бошқаруви ва бизнес фаолиятида кузатиляпти. Таниб бўлмайдиган даражадаги ўзгаришлар. Мен хусусий сектор нуқтаи назаридан айтадиган бўлсам, мисол учун Фарғона, Андижон, Қўқон ёки бирор шаҳарга борсак, биринчи бўлиб тадбиркорлардан ўз ширкатингиз ҳақида гапириб беринг, деб сўраймиз ва улар нима деб жавоб беришади биласизми. Ширкатимиз 2017 ёки 2018, 2019 йилда очилган, деб гап бошлайди. Бунинг сабаби бизнинг банк Ўзбекистонга қайтгани эмас, балки Ўзбекистон бизнесга очилганидир”.

-Бу ҳолатлар 2017 йилдан бери содир бўлмаяпти, деб ўйлайсизми?

- Мутлақо. Ҳеч ким ҳеч кимнинг бизнесини тортиб олмаяпти. Тадбиркорлар мулки тортиб олинган ҳолатлар ҳақида эшитганим йўқ. Менда Ўзбекистонга қайтган кўплаб тадбиркор ўзбек дўстларим бор. Айримлари Москвадан, айримлари Европадан [қайтди]. Улар Ўзбекистонни 2010 йилда, 2012 йилда тарк этишган, чунки бизнесларини тортиб олишган. Энди эса қайтишяпти. Ижтимоий капитал, пул, тажрибалари билан қайтишяпти, чунки Ўзбекистон бизнес учун очилди. Ҳаётнинг барча жабҳасида бунга гувоҳ бўляпмиз. Саволингизга жавобимнинг мағзи шу.

Бу форум жамоатчилик олдида [Ўзбекистонни] танқид қилиш учун яхши фурсат деб ўйламайман. Ечилиши керак муаммолар ҳар доим бўлади. Сизга биз қўллаб келаётган Хорижий инвесторлар кенгашидан мисол келтиришим мумкин. Ўтган йилнинг ноябрида уларнинг [йиғинини] уюштиришни қўлладик. Ўша ерда юзма-юз гаплашилди.

-Ўзбекистон томонидан ким қатнашганини очиқлай оласизми?

Эрик Ливни: Президент. Президент Мирзиёев раҳбаримиз Одиль [Рено-Бассо] билан биргаликда бу кенгашга расман раислик қилди. Иккиси Тошкентда барча йирик хорижий инвесторлар билан бир стол атрофида ўтиришди. Тўғридан-тўғри мулоқот бўлди. У ерда хоҳлаган гапингизни айта оласиз.

[Айтайлик], сиз бюрократия, солиқ, инфратузилмадан фойдаланиш билан боғлиқ муаммога йўлиқдингиз. Муаммо нимада эканлигини [ошкора] айта оласиз. Президент буни қайд этади, унинг ёрдамчиларига кўрсатма берилади. Эшитиш, муаммоларни ҳал қилиш хоҳиши бор. Сиёсий ёки бошқа очко тўплаш учун қилинмаяпти бу. Мамлакатда жуда конструктив муҳит ҳукм сурмоқда. Диалог олиб боришингиз мумкин…

ЕТТБ анжумани Ўзбекистонга қайтди. Қийноқлар ҳам
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:48 0:00

- Халқ билишни хоҳлайди, биласиз.

Эрик Ливни: Одамлар билишни хоҳлайди ва бу яхши. Агар муаммо бўлса… Масалан, мамлакатда амалга оширилган айрим хусусийлаштириш амалиётлари бизга хуш келмади. Айримлари, қайтараман. Аксар хусусийлаштириш амалиётлари китобдагидек амалга оширилмоқда. Лекин бизга маъқул келмаган бир-икки ҳолат бор эди. Биз буни айтдик. Биз буни кўтардик, чунки…

- Бу ҳақида кўпроқ тафсилот бера оласизми? Ҳеч бўлмаса қайси соҳада экани ҳақида бирор умумий маълумот?

Эрик Ливни: Жуда конкрет мисолларни бермаган бўлардим…

- Қайси соҳаларда? Масалан, энергетика ёки…

Эрик Ливни: Йўқ, йўқ, йўқ, энергетика соҳасида эмас, балки қурилиш материаллари соҳасида. Аммо айтмоқчи бўлаётганим, биз ҳукуматга хусусийлаштириш бўйича жуда яхши, замонавий қонунни ишлаб чиқишда кўмаклашдик. ДАБА, яъни Давлат Активларини бошқариш агентлиги салоҳиятини ошириш, процедураларни уюштириш, давлат мулки сотилиши мумкин бўлган ким ошди савдоларини уюштириш бўйича тренинглар ўтказдик.

Улар одатда кўрсатмаларга амал қилишади ва айрим мулкларни жуда яхши нархларда сотишяпти. Яқинда Тошкентда айрим меҳмонхоналар, ер участкалари ва бошқалар яхши нархларда сотилди. Айрим ҳолатларда хусусийлаштириш ким ошди савдосисиз амалга оширилганини кўрдик. Бу хавотир туғдиради, чунки жараён қанчалик шаффоф, қанчалик рақобат асосида ўтказилса, хорижий ва маҳаллий инвесторлар шунчалик кўпроқ иштирок этади.

- Асосий масала ҳам шу, шаффофликни таъминлаш.

Эрик Ливни: Айнан. Ҳукуматни бу масалаларда янада қатъийроқ бўлишга ундаяпмиз. Яна такрорлайман, эшитиш, яхшироқ натижа кўрсатиш истаги бор деб ўйлайман.

- Мирзиёевнинг иккинчи муддати ўртасидамиз. Кўпчилик фақат эшитиш билан чекланмай, ислоҳотларни амалга ошириш керак деяпти. Президент хусусий сектор бўйича ислоҳотларини ҳақиқатан амалга оширяпти деб ўйлайсизми?

- Қаранг, яна... Сизга аниқ бир мисол келтираман. Яқиндагина адвокатлар билан суҳбатлашдим, чунки шахсан ўзбек адвокатларини, инвестиция муҳитини, айниқса, қонун устуворлиги нуқтаи назаридан англаб етмоқчи эдим. Табиийки, яхшилаш мумкин нарсалар ҳар доим бўлади. Аммо аллақачон қанчалик иш қилинганини кўриб турибмиз. Масалан, судьяларни молиявий мустақиллик билан таъминлаш, суд тизимидаги коррупция рискини озайтириш учун маошлар кескин оширилган. Судьяларни нодавлат [ташкилотлар] вакилларини ўз ичига олувчи кенгашлар, адвокатлар уюшмаси тайинламоқда ва ҳоказо.

- Transparency International ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳануз жуда коррупциялашган давлат. Қатор мустақил матбуот нашрлари, шу жумладан Озодликнинг суриштирувлари - Украинадаги уруш фонида Кремлнинг ортиб бораётган босими остида - Ўзбекистондаги энергетика заҳиралари Россияга сувтекинга сотилганини ўртага чиқарди. Сизнинг бундан хабарингиз борми ва ЕТТБ кредитларининг бундай ширкатлар қўлига ўтиши олдини олиш учун конкрет чораларингиз борми?

Эрик Ливни: Биз бу масалада жуда қатъий муносабатдамиз. Яъни, сиёсатга аралашган шахсларга ҳар қандай кўринишда алоқаси бўлган ширкатлар билан мутлақо ишламаймиз. Бундай шахслар бошқарув кенгашида, менежментда бўлган, бенефициари бўлган, қариндош ёки оилавий алоқаларини ишга солган ёки ҳокимиятдаги ҳозирги ёки аввалги сиёсий алоқаларини ишга солишдан фойда кўрган шахсларга алоқадор бизнес вакиллари билан ишламаймиз. Албатта, бу биз ишлашимиз мумкин бўлган ширкатлар сонини чеклайди ҳатто. Яъни, одатан йирик ширкатлар эмас, балки ўзини ўзи яратган бизнес вакиллари билан ишлаймиз. Биз бунинг учун махсус текширувлар ўтказамиз ва махсус гуруҳимиз текшируви билан коррупция ва сиёсатдан ҳоли бизнес вакилларини танлаймиз. Бунда бирор шубҳани эътибордан четда қолдирмаймиз. Чунки, бу бизнинг нуфузимизга зарар етказиши мумкин. Биз ҳар бир ширкатни алоҳида текширамиз. Агар бу борада айблов ёки фактлар бўлса, ишонинг буни албатта текширамиз”.

Форум

XS
SM
MD
LG