Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:11

Тадқиқотлар 10 йилда Туркманистондан аҳолининг учдан бир қисми чиқиб кетганини кўрсатди


Турманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.
Турманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ​мамлакатдаги демографик вазиятга доир ташвишли рақамлар билан танишгач, аҳолини қайтадан рўйхатга олишга буйруқ берди.

Аммо вазият билан таниш бир неча манбанинг “Озодлик” радиосига исмини айтмаслик шарти билан маълум қилишича, янги тадқиқот ҳам Туркманистон демографик буҳрон домига тушиб қолганини ниқоблай
олмади.

Ашхободдаги бир неча манбага кўра, энг сўнгги маълумотлар “аҳоли сонининг кескин камайиб кетгани ва сўнгги 10 йилда тахминан 2 миллион киши мамлакатдан чиқиб кетганини кўрсатди”.

2008 – 2018 йилларни қамраб олувчи сўров натижалари расман эълон қилинмади. Лекин ҳисоб-китоблар тўғри бўлса, мамлакат иқтисодий имкониятлар камлиги, тобора ўсиб бораётган молиявий қийинчиликлар ва шахсий эркинлик йўқлигидан зарар кўрмоқда.

Умумий ҳисоб-китобларга қараганда, Туркманистон аҳолиси 2018 йили 5,4 миллион киши бўлган. Бироқ эълон қилинган маълумотларга ишонилса, ушбу рақам учдан бирга қисқариб кетган бўлиб чиқяпти.

‒ Туркманистон Давлат статистика қўмитаси йиққан махфий маълумотга кўра, 2008 – 2018 йилларда 1 879 413 киши ё доимий яшаш, ёки доимий ишлаш учун чет мамлакатларга чиқиб кетган, ‒ деди манба “Озодлик”
радиосининг Туркман хизматига берган интервьюсида.

Манбанинг изоҳича, ушбу рақам чет элларда ишлаётган туркман мигрант ишчиларини ўз ичига олмайди.

Статистика билан боғлиқ бу маълумот 2012 йилда ўтказилган, аммо натижалари эълон қилинмаган умуммиллий рўйхатга олишга асосланади. Унинг натижалари президент Бердимуҳамедовга ёқмаган эди. Аммо орадан 6 йил ўтиб ўтказилган тадбир натижалари ҳам унга маъқул келмади.

Шаффофлик, матбуот эркинлиги ва мустақил ОАВ бўлмагандан кейин Туркманистондаги вазиятга оид аниқ маълумот олишнинг имкони йўқ. Аммо кейинги йилларда ҳокимият идоралари мамлакатдан чиқиб кетаётган ватандошлар оқимини камайтиришга уриниш ҳоллари кўзга ташланмоқда.

Хабарларга кўра, 2017 йили миграция идоралари мутасаддилари ўнлаб Туркманистон ватандошларини халқаро рейслардан тушириб олиб қолган. Айрим йўловчиларга авиачипталарга сарфлаган харажатлари қоплаб берилган, бироқ нима учун ортга қайтарилгани хусусида ҳеч қандай тушунтириш берилмаган.

2018 йили ёши 40 дан паст бўлган ватандошларга чет элга чиқишга рухсат берилмагани хусусида кўплаб шикоятлар бўлгани билан боғлиқ хабарлар пайдо бўлган эди.

Кўплаб туркманлар, қаршиликларга қарамасдан, Россия, Қозоғистон ва Туркия сингари мамлакатларга кетишга ҳаракат қилмоқда. Туркманистон бой табиий ресурсларга эга бўлишига қарамай, ишсизлар даражаси юқорилиги ва озиқ-овқат нархи ошиб бораётгани сабабли қийин
аҳволга тушиб қолган.

Баъзи хабарларда айтилишича, одамлар қатъий меъёрланган ҳолда сотилаётган нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари учун узундан-узоқ навбатда туришга мажбур бўлмоқда.

Туркманистоннинг инсон ҳуқуқига риоя қилиш кўрсаткичлари ҳам ўта паст. Ҳукуматни танқид қилишга жазм этган кишилар ё қамоққа, ёки бўлмаса руҳий касалликлар шифохонасига ташланади, мустақил матбуот йўқ.

Мамлакат тарихида Ғарб меъёрларига кўра эркин ҳисобланадиган сайлов умуман ўтказилмаган.

XS
SM
MD
LG