Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Россия Халқаро фазо станциясига лаборатория модулини учирди


Чоршанба куни Россия Халқаро фазо станциясига (ХФС) лаборатория модулини муваффақиятли учирди. Станцияга кечикиб жўнатилган модулдан экипаж аъзолари илмий тажриба ўтказишда фойдаланади.

“Наука” модули ортилган “Протон-М” ракетаси маҳаллий вақт билан соат 19:58 да Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан учирилди. 20 тонна вазнга эга модуль ХФСга саккиз кунда етиб боради.

Модуль 29 июль куни ХФСга автоматик тарзда уланади.

“Кўп мақсадли лаборатория модули” деб ҳам номланувчи “Наука” модулини учириш техник муаммолар туфайли бир неча бор кечиктирилганди. Режа бўйича модуль 2007 йилда учирилиши керак эди.

2013 йилда мутахассислар модулнинг ёқилғи тизимида ифлосланишни аниқладилар. Муаммони бартараф этиш учун жуда кўп вақт кетди. Бошқа “Наука” тизимлари ҳам модернизация қилинди ёки таъмирланди.

Дастлаб жорий йилнинг 15 июлига белгиланган парвоз очиқланмаган муаммоларни бартараф этиш зарурати сабабли чоршанба кунига қолдирилди.

“Наука” уланишидан олдин эски рус модулларидан бири бўлмиш “Пирс” олиб ташланади.

ХФСнинг россиялик экипаж аъзолари “Наука” келишига тайёргарлик кўриш учун кабелларни улаш учун икки марта очиқ фазога чиқдилар.

“Наука” станцияга етиб борганидан кейин, уни ишга ҳозирлаш учун кўплаб амалиётни бажариш керак бўлади. Модуль сентябрь ойида тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.

Ҳозирда ХФС экипажи NASA астронавтлари Шейн Кимбро, Меган Макартур ва Марк Ванде Хей; “Роскосмос” космонавтлари Олег Новицкий ва Пётр Дубров; Япония Аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги астронавти Акихико Хошиде ҳамда Европа космик агентлиги астронавти Томас Пескетлардан иборат.

1998 йилда Россия станциянинг илк модули бўлмиш “Заря” модулини учирганди. Унинг ортидан 2000 йилда яна бир катта модуль – “Звезда” ва кейинги йилларда учта кичик модуль юборилди. Улардан охиргиси бўлмиш “Рассвет” модули станцияга 2010 йилда етиб борганди.

XS
SM
MD
LG