Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2025, Тошкент вақти: 19:47

"Чорва боқиш қийин, ем қиммат". Гўшт нега қимматламоқда ва ечим нимада?


Тошкентдаги гўшт бозори. (Архив сурати)
Тошкентдаги гўшт бозори. (Архив сурати)

Гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ошиши бутун Марказий Осиёдаги кузатилаётган ҳолат. Экспертлар бунга, аввало чорвачилик соҳасидаги тизимли муаммолар ҳамда давлат бошқарувининг самарасизлигини асосий сабаб қилиб кўрсатишади.

Гўшт — Марказий Осиё халқлари анъанавий таомларининг асосий таркибий қисми. Мазали самса, гуручи ўйнаб турган палов, бешбармоқ ёки мантини гўштсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ сўнгги пайтларда бу маҳсулотни сотиб олиш минтақа аҳолисининг кўп қисми учун тобора оғирлашмоқда.

Сўнгги бир неча ой ичида Қозоғистонда суякли мол гўшти нархи деярли 20 фоизга ошган: агар ёзда мамлакатнинг энг йирик шаҳри — Олмаота бозорларида 1 килограмм гўшт 3 800 тенгеден (тахминан 7 доллар) сотилган бўлса, ҳозир у 4 500 тенгега (яъни 8,5 доллар атрофида) чиқди. Бир йил олдин эса бу нарх 3 200 тенгени ташкил этарди.

«ЕМ ҚИММАТ, СУВ КАМ»

«Ҳаридорлар камайди, одамларда пул йўқ», — дейди Олмаотанинг энг катта савдо маскани — “Яшил бозор”идаги гўшт растасида савдо қилувчи сотувчи.

Нархлар нега ошганини бошқа бир сотувчи шундай изоҳлайди:

«Чорва боқиш қийин, ем маҳсулоти жуда қиммат, сув етишмайди. Шунинг учун ҳайвонни юқори нархда олиб келишади, биз эса улгуржи нарх қандай бўлса, шундай нархда сотиб оламиз».

Инфляция (расмий маълумотларга кўра, октябрь ойида йиллик инфляция даражаси 12,6 фоизни ташкил этган) ва Қозоғистонда келгуси йил бошидан ошиши кутилаётган солиқ бозордаги ижара ҳақига ҳам таъсир қилган. Буларнинг барчаси пировардида гўшт нархини янада қимматлаштиради. Натижада оғирлик охир-оқибат охирги истеъмолчи — харидор елкасига тушмоқда.

2025 йил февралида Олмаота бозорларида 1 кг гўшт нархи 3200-3500 тенгени ташкил этган. Ҳозирда 1000 тенге.
2025 йил февралида Олмаота бозорларида 1 кг гўшт нархи 3200-3500 тенгени ташкил этган. Ҳозирда 1000 тенге.

Чорвадор-фермерлар эса гўшт нархининг ошиб бориши — бу қандайдир тизимдаги хатолик эмас, балки бозор қонунияти деган қатъий фикрда.

Қостанай вилоятидан бўлган фермер хўжалик эгаси Жанибек Кенжебаевнинг айтишича, расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 8 миллиондан ортиқ бош қорамол бор, аммо амалда бу рақам 5–6 миллиондан ошмайди. Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда кўп деҳқонлар молларини сўйишга мажбур бўлган.

«Қорамолчилик билан шуғулланиш эндиликда фойдасиз бўлиб қолди: ем, ёқилғи, ветеринария хизматлари қимматлашди, гўшт эса “ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар” рўйхатида қолгани учун нархни сунъий равишда ушлаб туришди. 4–5 йил ичида ички босим тўпланди, энди эса у портлаб чиқди», — дейди у.

“Қозоғистон гўшт иттифоқи” раҳбари Мақсут Бактибаев ҳам гўшт нархининг ошишига асосий сабабни қорамоллар сонининг қисқаришида кўради. Унинг айтишича, сўнгги 5–6 йил мобайнида чорвадорлар учун бу соҳа зарарли бўлиб келгани туфайли бозордаги талаб таклифдан ошиб кетган.

«Фермерларни маҳсулотни ўз қийматидан паст нархда сотишга мажбурлашарди. Рози бўлмаса, қўшни фермердан сотиб олишарди. Шу сабабли қорамоллар сони камайди, фермерлар фаолиятини тугатмоқда. Бу соҳадаги кичик бизнеснинг ярмидан кам қисмигина қолди», — дея таъкидлайди Бактибаев.

Унинг фикрича, муаммонинг илдизи ҳукуматнинг бу соҳада тизимли ишламаётгани. Дунёда ҳудуди бўйича тўққизинчи ўринда турадиган Қозоғистонда яйлов ерлар етишмайди: қишлоқ хўжалиги ерларининг катта қисми хусусий мулкка айланган, кўп ерлар эса фойдаланилмаётган ва деградацияга учраган. Натижада чорвадорлар мол-қўйни қўйиб юборадиган жой тополмаяпти.

«Биз дунёда мол гўшти ишлаб чиқарувчи етакчи ўн мамлакат қаторига киришимиз мумкин эди. Лекин бунга доимий давлат сиёсати керак. Ҳозир эса бундай сиёсат йўқ», — дейди Бактибаев.

Ҳукумат эса бу фикрларга қўшилмайди. Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги гўшт қимматлашига қорамоллар сонининг қисқариши сабаб бўлди, деган фикрни рад этди. Расмийлар нарх ўсишини ем маҳсулотлари, ёқилғи ва коммунал тарифларнинг ошиши билан изоҳлайди. Шунингдек, тирик молга чет элдаги юқори талаб ҳам бозорга босим ўтказган: қўй ва сигирларни қўшни давлатларга олиб чиқиб кетиш ҳоллари кузатилган.

Шу билан бирга, ҳукумат умумий вазиятни барқарор деб ҳисоблайди: расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида сўйилган гўшт ҳажми 1,5 фоизга ошиб, 529 минг тоннани ташкил этган. Бунинг ичига 182,3 минг тонна мол, 56,4 минг тонна қўй гўшти ва 69,3 минг тонна от гўшти киради. Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, бу ҳажм ички талабни тўлиқ қоплайди ҳамда экспорт учун ҳам етарлидир.

Гўшт нархларига оид фаол муҳокамалар фонида Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров янги йил байрами олдидан нархлар ўсиши кутилмаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гўштнинг ўртача нархи 3 249 тенге (6 доллардан бироз кўпроқ), дўконларда эса гўшт тахминан 3,5 минг тенгедан (6,6 доллар), лаҳм гўшт эса 5 минг тенгедан (9,5 доллар) сотилмоқда.

Вазирнинг таъкидича, нархлар барқарор ҳолатда, тирик молни мамлакатдан чиқариш тақиқланган, гўшт экспорти назорат остида, шу боис дефицит ёки кескин нарх тебранишлари кутилмаяпти.

НАРХЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ: "ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТДАН САМАРАСИЗ ВА УМИДСИЗ"

Сўнгги ойларда гўшт нархининг ўсиши фақат Қозоғистонда эмас, балки бошқа Марказий Осиё давлатларида ҳам кузатилмоқда.

Қўшни Қирғизистонда вазиятни барқарорлаштириш учун давлат нархларни тартибга солиш чорасини жорий этди. Бу чора дастлаб уч ойга мўлжалланган бўлиб, август ойи ўрталарида бозорда нархлар кескин ошганидан кейин киритилган, кейинчалик эса йил охиригача узайтирилган. Бишкекда мол гўшти учун «чегара» 1 килограммга 680 сом (тахминан 7,8 доллар) этиб белгиланди.

Иқтисодчи Искендер Шаршеевга кўра, нархларни сунъий равишда ушлаб туриш — энг яхши усул эмас.

« Агар давлат нархларга аралашмасликни ва бозорни ўз-ўзини тартибга солишга қўйиб бермоқчи бўлса, у ҳолда халқаро стандартга мос корхоналар очиш керак. Шунда гўштнинг сифати ҳам яхшиланади, ички бозорда етишмовчилик ҳам бўлмайди. Ҳозир эса дефицит ортиб бормоқда. Халқаро бозорда бизнинг маҳсулотлар расман бўлмаса-да, “органик” деб баҳоланади, шу боис қўшнилар уларни харид қилишга интилмоқда», — деган Шаршеев. Унинг сўзларига кўра, давлат назорати тугагач, нархлар яна кўтарилишда давом этади.

Қирғизистон расмийларига кўра, гўшт қимматлашишининг сабаби ем ва ветеринария препаратларининг қимматлиги, шунингдек, қорамоллар қўшни давлатларга олиб чиқиб кетилаётганидадир.
Қирғизистон расмийларига кўра, гўшт қимматлашишининг сабаби ем ва ветеринария препаратларининг қимматлиги, шунингдек, қорамоллар қўшни давлатларга олиб чиқиб кетилаётганидадир.

Ҳукумат гўшт нархларини давлат томонидан тартибга солиш чораси самара бергани ҳақида ҳисобот берган бўлса-да, расмий статистикага кўра, бу чора амал қилган даврда ҳам нархлар ошишини тўхтамаган: республика бўйича чакана савдода говядина ўртача 1 килограмми учун 714 сомдан сотилган. Бишкек бозорларида эса суякли гўшт ҳозирда 720–730 сомдан сотилмоқда.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси гўшт нархининг ўсишига асосий сабаб сифатида таннархнинг ошишини — яъни чорва еми ва ветеринария препаратлари қимматлашганини, шунингдек, қўшни мамлакатларга экспорт ошганини келтиради. Шу муносабат билан мамлакат ҳукумати ички бозорда етишмовчиликнинг олдини олиш ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида қора ва майда шохли молни экспорт қилишни тақиқлади.

Август ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бир қатор амалдорларни, жумладан, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари ва ветеринария хизмати раҳбарини ҳибсга олди. Уларга нисбатан чорвани Ўзбекистонга ноқонуний чиқариш билан боғлиқ коррупция схемасини ташкил этганлик айблови қўйилган. Қўмита маълумотларига кўра, амалдорлар қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини мамлакатдан олиб чиқиш бўйича квоталарни четлаб ўтишга ёрдам берган, натижада хорижга тахминан 40 минг бош қорамол ва қўй олиб чиқилган. Бу эса Қирғизистон ичида гўшт нархининг кўтарилишига сабаб бўлгани айтилади.

ЭКСПОРТГА ҚАРАМ ЎЗБЕКИСТОН ВА ТОЖИКИСТОНДА ВАЗИЯТ ҚАНДАЙ?

Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп мамлакати — Ўзбекистонда гўшт нархининг ўсиши, ўз навбатида, импорт қимматлаши билан изоҳланмоқда. Анъанавий етказиб берувчилар бўлган Қирғизистон ва Қозоғистон ўз бозорларини тўлдириш учун экспортни чеклаганидан кейин Ўзбекистонда гўшт нархлари охирги ойларда тез суръатда ўсди.

Тошкентда суяксиз мол гўштининг 1 килограмми 165 минг сўмгача (тахминан 14 доллар) чиқди, суякли гўшт эса 155 минг сўм (12 доллар) атрофида. Вилоятларда гўшт 120–130 минг сўм (9–10 доллар) атрофида сотилмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2025 йил сентябри якунларига кўра, суяксиз мол гўшти 25,2 фоизга, суякли мол гўшти эса 23,2 фоизга қимматлаган.

Нарх ошишига ташқи омиллардан ташқари ички сабаблар ҳам таъсир кўрсатган. Ўзбекистондаги чорвачилик соҳаси ҳануз тубдан ислоҳ этилмаган. Фермерлар муаммоси Қозоғистондагидек: мол сонини кўпайтиришни хоҳлаганлар яйлов ерлари етишмаслиги сабаб буни амалга ошира олмаяпти. Шунингдек, чўлланиш жараёни ҳам катта таъсир кўрсатмоқда — у ўсимликлар қатламини йўқ қилмоқда ва ем маҳсулотини тайёрлашни янада қийинлаштирмоқда.


Тошкентдаги озиқ-овқат бозори.
Тошкентдаги озиқ-овқат бозори.

Гўштнинг катта қисми ҳали ҳам хусусий хўжаликларда етиштирилади. Ем нархларининг кескин тебранишлари ҳамда уларни етиштириш учун яроқли ерлар камлиги чорва боқишни тобора қиммат ва оғир ишга айлантирмоқда.

Тожикистонда эса, мамлакатнинг ўз ички ишлаб чиқариши етарли бўлмагани учун бу йил гўшт нархи кескин ошди. Минтақадаги энг камбағал давлатлардан бири бўлган, иқтисоди асосан меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига таянадиган бу мамлакатда гўшт оддий аҳоли учун тобора «деликатес»га айланмоқда.

Тожикистонда минимал ойлик маош тахминан 100 доллар атрофида. Бир килограмм аралаш (суякли) мол гўшти ҳозирда 105 сомони (11,4 доллар)дан сотилмоқда — бу йил бошидаги 90 сомони (8 доллар)лик нархдан анча юқори. Суяксиз, лаҳм гўшт гўшт турлари эса янада қиммат: 13–17 доллар оралиғида сотилмоқда.

Ҳукумат мамлакатда гўшт етишмовчилигини юмшатиш мақсадида Афғонистондан тирик мол олиб киришга рухсат берди. Мамлакат жанубидаги Кўлоб туманида оддий чегара ўтиш пунктлари ёнида махсус санитария назорати пости қурилди. Бу пунктларда ҳайвонлар текширувдан ўтказилади ва мамлакатга киришдан олдин 20 кунлик карантинда сақланади.

Кўлоб тумани Озиқ-овқат хавфсизлиги маркази раҳбари Фаттоҳ Саидов Озодлик радиоси тожик хизматига берган суҳбатида шундай деди:

«Афғонистондан тўғридан-тўғри гўшт ёки сут маҳсулотларини импорт қилиш ҳали ҳам тақиқланган, чунки афғон томони ветеринария назоратини кафолатлай олмайди».

Чегараолди ҳудудларда яшаётган аҳоли эса тирик мол савдоси орқали гўшт нархлари барқарорлашишига умид билдирмоқда.


Гўшт Марказий Осиё таомларнинг асосий масаллиғи. Суратда: Хўжанд шаҳридаги Пайшанба бозори.
Гўшт Марказий Осиё таомларнинг асосий масаллиғи. Суратда: Хўжанд шаҳридаги Пайшанба бозори.

Бундан ташқари, жорий йил ёзида дунёдаги энг йирик чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланган Монголия Тожикистонга гўшт етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрлигини маълум қилди. Бироқ ҳозирча импорт ҳажми ошгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.

ҚИММАТЧИЛИК ВА ЕТИШМОВЧИЛИК: ТУРКМАНИСТОНДА ГЎШТ ОЛИШ УЧУН СОАТ 5 ДАН НАВБАТЛАР

Марказий Осиёнинг энг ёпиқ давлати — Туркманистонда аҳоли нафақат гўшт нархининг ошиб бориши, балки унинг етишмовчилиги билан ҳам тўқнаш келмоқда. Озодлик радиосининг Туркман хизмати манбаларига кўра, Ашхободдаги хусусий дўконларда ноябр ойи бошларида 1 килограмм гўшт 155 манатдан сотилган (бу расмий курс бўйича 44,2 долларга, «қора бозор» курсида эса тахминан 7,7 долларга тенг).

Давлат дўконларида нархлар бозорга нисбатан арзонроқ, аммо музлатилган гўшт учун соат 5:00 дан навбатлар пайдо бўлади. У ерда гўшт ҳафтасига икки марта сотилади ва барчага етмайди. Бир килограмм 40 манат (қарийб 11 доллар) туради, битта одамга — 2,5 килограммдан ортиқ сотилмайди. Харидорлар гўшт сифатсизлигидан нолийди, аммо кўпчилик бозордаги мол гўштини сотиб олиш имконига эга эмас. Мамлакатдаги минимал иш ҳақи 1 280 манатни ташкил этади.

Туркманистон ҳукумати озиқ-овқат танқислигини расман инкор этади, аммо сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бўшаб қолган дўкон расталари, сифатсиз маҳсулотлар ва ҳатто келиб чиқиши номаълум суякларнинг сотилиши акс этган видеолар тобора кўпроқ тарқалмоқда.

Мамлакат чорвадорлари харажатлар даромаддан ошиб кетаётганини айтишмоқда — ем маҳсулотлари қимматлашган, ҳайвонлар ўлимига олиб келаётган касалликлар эса чорвачиликни зарарли соҳага айлантирмоқда.

ЭКСПЕРТЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Экспертлар минтақа ҳукуматлари қабул қилаётган "ёнғинга қарши чоралар" — давлат нарх назорати ёки Афғонистон ва Монголиядан тирик мол олиб киришга рухсат бериш — муаммони фақат қисман ва вақтинча ҳал қилиши мумкин, деб ҳисоблашади экспертлар. Уларнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатларига чорвачиликни ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ва ўйланган стратегия, шунингдек, ўзаро ҳамкорликдаги сиёсат зарур.

«Қозоғистон гўшт иттифоқи» раҳбари Мақсут Бактибаев фикрича, гўшт нархини барқарорлаштиришнинг ягона йўли — ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш. Аммо бунга эришиш учун фермерларга тушунарли ва барқарор қоидалар керак.

«Фермер учун чорвачилик фойда келтирадиган соҳа бўлиши лозим. Ер беринг, арзон кредит беринг, аниқ қоидалар жорий қилинг. Экспортни бугун ёпиб, эртага очиш мумкин эмас — бу ишончни йўқотади. Чорвачиликда ҳамма нарса 10–15 йил олдиндан режалаштирилади», — дейди у.


Хўжанднинг Пайшанба бозоридаги палов. Тожикистон, 14 июн 2024 йил.
Хўжанднинг Пайшанба бозоридаги палов. Тожикистон, 14 июн 2024 йил.

Ўзбекистондаги экспертлар фикрича, мамлакатга гўшт танқислиги ва нарх ошишини барқарорлаштириш учун импортни диверсификация қилиш, чорвачиликни субсидиялаш, ем ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уни арзонлаштириш, шунингдек, эркин бозорни рағбатлантириш ҳамда фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш зарур.

Тошкент бу йўналишда илк қадамларни қўйди: 31 октябрда президент чорвачиликни қўллаб-қувватлаш чораларига доир қарор чиқарди. Ҳужжатда гўшт ва бошқа чорва маҳсулотларини импорт қилиш тартибини соддалаштириш ҳам кўзда тутилган. 2026 йилдан бошлаб ветеринария рухсатномалари ва сертификатларини кўриб чиқиш муддати икки баробарга қисқартиради.

Қозоғистонлик аграр соҳа эксперти Толеутай Раҳимбеков яқинда TENGE TALKS YouTube-каналига берган интервьюсида гўшт нархининг ўсишига қарши чора сифатида фермерларнинг кучини бирлаштиришни таклиф қилди. Унинг фикрича, Қозоғистонда гўшт нархининг янада ўсишининг олдини олиш учун кичик фермерларни кооперативларга бирлаштириш керак — шунда улар техника сотиб олиш ва ем ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Раҳимбековнинг таъкидлашича, мамлакатдаги қорамолнинг 80–90 фоизи кичик хўжаликларда жойлашган бўлиб, уларда одатда 100–200 бош мол боқилади. Аммо бу фермерларнинг кўпчилигида ўз техникаси йўқ, емни мустақил тайёрлаш имконияти мавжуд эмас. Шунинг учун улар емни йирик хўжаликлардан катта устама билан сотиб олишга мажбур.

Шу орада ҳукумат идораларида катта режалар ишлаб чиқилмоқда. Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўтган йили “Кучли АПК” (аграр-саноат комплекси) номли дастур лойиҳасини тақдим этди, унда асосий мақсад сифатида 2028 йилгача қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажмини икки баробар ошириш белгиланган. Аммо вазирлик жорий йил кузида маълум қилишича, 2025 йилнинг биринчи саккиз ойида аграр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми атиги 3,4 фоизга ўсган, холос.

XS
SM
MD
LG