Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2025, Тошкент вақти: 21:55

The Insider: Ўзбек банкирнинг Парижда ўғирланиши саҳналаштирилган бўлиши мумкин


Анорбанк эгаси Қаҳрамонжон Олимов.
Анорбанк эгаси Қаҳрамонжон Олимов.

Шу йил ёзида Парижда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солинганини иддао қилган ўзбекистонлик банкир Қаҳрамонжон Олимов "кредиторларидан қутулиш" ва ҳатто Ғарбда сиёсий бошпана олишни мақсад қилган бўлиши мумкин.

Ригадаги The Insider ҳамда L’Express француз нашри журналистлари ўзлари кўрган далиллар асосида шундай хулосага келган.

Журналистлар Франциянинг Le Monde нашри"жосуслик романлари сюжетига ўхшаш" деб таърифлаган воқеалар аслида саҳналаштирилган бўлиши мумкинлигини иддао қилишмоқда.

Уларга кўра, бу "инсценировка"да Анорбанк эгаси "қурбон" ролини ўйнамоқчи бўлган, аммо унинг гўёки ўзини ўғирлаб кетган ва қийноққа солган шахслар билан эски алоқалари ҳамда охирги ёзишмалари "жиноятчи-жабрланувчи" муносабатларига тўғри келмайди.

Озодлик олдинроқ ҳар икки нашр таянган далиллар билан яқиндан танишган ва расмий изоҳ сўраб, Анорбанк орқали Қаҳрамонжон Олимовга ҳамда Франция прокуратурасига мурожаат қилган.

Асосий қаҳрамонлар

3 июль куни Le Monde нашри Франция ҳудудида содир этилган одам ўғирлаш хроникаси ҳақида хабар берди. Le Monde мақоласи тўлиғича Олимов айтиб берган ҳикояга асосланган.

23 июнь куни Парижда ўғирлаб кетилгани айтилган ўзбекистонлик 48 яшар Қаҳрамонжон Олимов француз нашрига ўзини 1 миллиард долларлик активни бошқараëтган Анорбанк эгаси деб таништирган.

Анорбанк расмий сайтида Олимов банкнинг 100 фоиз акциялари эгаси сифатида кўрсатилган.

The Insider ва L’Express журналистлари Олимов версияси Ўзбекистоннинг маҳаллий нашрларида фаол чоп этилганига эътибор қаратишган.

Аммо журналистлар ўтказган қўшма суриштирув бу воқеада кўплаб зиддиятларни ўртага чиқарган.

Олимовнинг таъкидлашича, жиноятчиларнинг мақсади 10 млн доллар миқдорида товон пули ундириш бўлган.

Банкир жиноятни Ўзбекистон "ҳокимиятига яқин" Б. Р.нинг ишончли одами бўлган М. исмли шахс содир этганини иддао қилган.

Le Monde Қаҳрамонжон Олимовнинг ўз исмидан бошқа бирор исмни тилга олмайди.

The Insider эса Олимов томонидан ўғирлаш ва товламачиликда айбланаётган шахсларни аниқлаган.

  • Б. Р. — ўтмишда машҳур бўлган ўзбек олигархи Ботир Раҳимов. Раҳимов ўз вақтида Қаҳрамонжон Олимовнинг собиқ иш берувчиси бўлган. The Insider манбалари маълумотига кўра, Олимов айнан собиқ раҳбари Ботир Раҳимовнинг активлари ҳисобига ҳозирги мавқеига эришган. Раҳимов 2016 йилда, марҳум Президент Ислом Каримов вафотидан кўп ўтмай Ўзбекистондан Туркияга кўчиб кетган.
  • М. — Россия фуқароси, Раҳимовнинг Туркиядаги бизнес ҳамкори. (The Insider М. ҳақида тўлиқ маълумотга эга эканлиги, аммо унинг исмини очиқламаслик шарти билан муҳим маълумотларни қўлга киритганини айтмоқда)

The Insider М. номидан унинг адвокатига, шунингдек Ботир Раҳимовнинг қабулхонаси орқали унга саволлар юборган, L’Express журналистлари эса «жабрланувчи» Олимовга яқин манба билан суҳбатлашган.

The Insider Олимов билан гўёки уни ўғирлаган М. ўртасидаги ёзишмалар, сафар ҳужжатлари, молиявий ва процессуал материалларни ўрганган. Нашрга кўра, булар воқеага аниқлик киритадиган далиллардир.

Олимовнинг версияси

Олимов полицияга 2025 йил 22 июнь куни туш пайти Париж марказида уни мажбуран микроавтобусга ўтқазишгани, номаълум жойга олиб кетишгани ва у ерда М. уни қийноққа солиб, 10 млн доллар талаб қилишганини айтган.

Ўзининг сўзларига кўра, шундан сўнг у Ницца яқинидаги виллага олиб кетилган ва у ерда ҳам қийноқлар давом этган. М. гўёки Олимовни қатл қилишни саҳналаштирган, шунингдек видеога олиб ўзбек ҳокимиятини ҳақорат қилишга мажбурлаган.

Банкир 5 млн долларга тилхат ёзиб берган ва унинг бир қисми - 200 минг долларни тўлаб беришга рози бўлган. Шундан сўнг қўйиб юборилганини айтган Олимов кейинроқ полицияга мурожаат қилган.

"Ўғирлаб кетилган" Қаҳрамонжон Олимов ушлаб турилган Ниццадаги вилла.
"Ўғирлаб кетилган" Қаҳрамонжон Олимов ушлаб турилган Ниццадаги вилла.

"Инсценировкалигини тушуниб қолишдими?"

Суриштирувчи журналистларга кўра, Олимов ва М. ўртасидаги аудиоёзувлар ва ёзишмалар уларнинг мулоқоти «жиноятчи — жабрланувчи» муносабатига мос келмайди. Аксинча, улар ўзаро хушмуомала ва ҳатто дўстона муносабатда бўлишган.

Ницца яқинида жойлашган ва гўё Олимов мажбуран ушлаб турилган вилла эса туристик хизмат кўрсатувчи воситачи орқали криптовалютага ижарага олинган. Бошида ижарачи сифатида асли ўзбекистонлик француз фуқароси Шухрат Зиявидиновнинг паспорти юборилган — у Олимовнинг энг яқин ҳамкори ҳисобланади. Лекин кейинчалик ижарачи «хотини билиб қолмаслиги учун» аноним қолишни сўраган.

Олимовнинг сўзларига кўра, уни 22 июнда ўғирлашган, 23 июнда озод қилишган. Аммо ҳужжатлардан кўрилишича, Парижга қайтадиган биринчи класс авиабилети М.нинг шахсий ҳайдовчиси картаси билан тўланган, сўнг М. унинг нусхасини расмий Telegram рақамидан Олимовга юборган.

24 июнда Олимов полицияга ариза берган. Протоколга кўра, сўроқ 15:00 дан 22:30 гача давом этган.

Аммо Олимовнинг М. билан Telegram'даги ёзишмаларига қараладиган бўлса, бу икки шахс 2025 йилнинг 23 июнидан 26 июнига қадар дўстона мулоқот олиб боришган. Бундан ташқари, Олимов полицияга гувоҳлик бериб турган вақтида Telegram'да М. билан "тўловнинг 200 минг долларлик бир қисми"ни етказиш масаласини муҳокама қилган. Буларнинг ҳаммаси соат 19:00га яқин, яъни Олимов полицияда сўроқ бераётган пайтда содир бўлган.

The Insider ва L’Express хроникасига кўра, ёзишма 26 июнда узилган. Олимовнинг охирги хабари: «Мени шошилинч полицияга олиб кетишяпти. Алоқани ўчиряпман». М. жавоб беради: «Нима учун сени олиб кетишяпти? Улар инсценировкалигини тушуниб қолишдими?» Жавоб йўқ.

"Одам ўғирловчи" билан "қурбон" ўртасидаги мулоқот орадан икки кун ўтиб, 28 июнда қайта тикланади. М. янги рақамдан ёзади: «Бир томондан ариза ёзиб, иккинчи томондан мени огоҳлантирдинг. Мен тушунишга ҳаракат қиляпман —сен ҳали ҳам дўстмисан ёки йўқ?»

Бунга Олимов «Ўртамизда адоват йўқ, шунинг учун сенга ёздим. Вазият ўз йўли билан ривожланиб кетиб қолди. Мен назорат қилмаяпман». Сўнгра: «Аллоҳга шукрки, сени ушлашмади. Яратган сенга меҳрибон. Ҳозирча менга ёзмаганинг яхши. Ўйлайманки, тушундинг».

Бир неча соат давом этган қийноқлар қурбони экани тахмин қилинган Олимовга нисбатан тиббий кўрик орадан 8 кун ўтиб, 30 июнда ўтказилган ва унда фақат енгил кўкариш ҳамда тирналишлар аниқланган.

Эски келишувлар

The Insider ва L’Express воқеа иштирокчиларининг ўтмишига доир қатор фактларни аниқлаганини айтмоқда.

Жумаладан, ўзбек олигархи Ботир Раҳимов 2016 йилда Эгей денгизи соҳилидан меҳмонхона сотиб олади ва Туркияга жойлашади. Амалда Раҳимовга тегишли бўлган Kapitalbank ҳамда яна ўнлаб компаниялар Қаҳрамонжон Олимов бошқарувида қолади.

2017 йилда Олимов Раҳимов бизнеслари «таҳдид остидалиги» ва "қудратли одамлар" томонидан тортиб олинишига ишонтириб, активларни «қанчага бўлса ҳам» сотиб юборишни таклиф қилади.

Олимов ўзини «воситачи» қилиб кўрсатиб, ўнлаб компанияни, жумладан йирик хусусий банк ва қурилиш ҳамда суғурта компанияларини ўзига 13,5 млн долларга расмийлаштиришни таклиф қилади. Раҳимов таклифни рад этади, аммо Олимов бир йил ичида қўшимча 10 млн доллар тўлаб бериш ва яна қандайдир тақсимланмаган дивидендлар ваъда қилганидан сўнг, узоқ ўйлаб, келишувга рози бўлади.

Озодлик ихтиёридаги Қаҳрамонжон Олимов ва М. ўртасидаги ёзишма скриншоти.
Озодлик ихтиёридаги Қаҳрамонжон Олимов ва М. ўртасидаги ёзишма скриншоти.

Ушбу музокараларда Раҳимовнинг Туркиядаги бизнес ҳамкори бўлган М. ҳам иштирок этган. Раҳимов унга қарздор эди. Натижада, 10 млн долларни Олимов тўғридан-тўғри М.га тўлаб беришига келишилган.

Сотув амалга ошган, Раҳимов бизнес-империяси учун 13,5 млн доллар олган — бу унинг фикрича, ҳақиқий қийматнинг 5 фоизи атрофида. Аммо М. ҳеч нарса олмаган.

Шундан кейин М. Олимовдан қарзни ундириш учун у билан 2019 йилда Европада, кейин Москвада бир неча бор учрашган. Олимов эса 10 млн долларни тўлашдан қочиб юрган, ўзининг юқори даражадаги «ҳомийлари»га ишора қилган.

Раҳимов Ўзбекистонга қайтгач, Олимов «воситачи» эмас, балки активларнинг асосий бенефициарига айланганини аниқлаган. Кўп ўтмай Олимов қиммат активлар харид қила бошлаган — Германияда меҳмонхона сотиб олган, Ўзбекистонда ўзининг хусусий банкини таъсис қилган (француз журналистларига кўра ҳозирда у $1 млрд долларлик активларни бошқаради), шунингдек Siemens ва EDF билан ТЭС қуриш консорциумига кирган.

Натижада, Раҳимов Ўзбекистонга ҳеч нарсасиз қайтган, Олимов эса олигархга айланган.

Раҳимов 2018 йилги битимни қайта кўриб чиқишни талаб қила бошлайди, Олимовдан 200 млн доллардан ортиқ компенсация талаб қилиб адвокатлар ёллаган.

Худди шу фонда Олимовнинг Францияда «ўғирланиши» ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

The Insider ва L’Express журналистлари Олимовнинг ўғирланиши инсценировкасидан энг кўп зарар кўрган — Раҳимов, деган хулосага келишган.

"Чунки, агар жиноятни М. — унинг ҳамкори амалга оширган бўлса, демак, Раҳимовни «ташкилотчи» сифатида кўрсатиш мумкин.

"Ўғирланиш"дан ягона манфаатдор — Олимовнинг ўзи: у икки қарздорни бир вақтда йўқ қилди ва ўзини Франция ва Ўзбекистон ҳокимиятларидан ҳимоя талаб қилувчи «жабрланувчи» қилиб кўрсатди", дейилади суриштирув хулосасида.

Бундан ташқари, журналистларнинг ишонишича, Олимов Раҳимовни «ўзбек ҳокимиятига яқин» дея таърифлаш орқали иқтисодий низони сиёсийлаштирмоқда. Бу эса унга келажакда эҳтимолий сиёсий бошпана талаб қилишда асқотиши мумкин.

The Insider ва L’Express журналистлари иддаосича, ҳозирда Олимов эгалик қилаётган Анорбанк Ўзбекистонда ноқонуний пул ўтказмалари билан боғлик жиноий тергов марказида. Олимовнинг энг яқин ҳамкори миллиардлаб сўмлик жиноят иши бўйича қўлга олингани айтилади.

"Шундай вазиятда Олимов учун ўзини «ўзбек ҳокимиятига яқин шахсдан жабр кўрган" одам сифатида кўрсатиб, Европада сиёсий бошпана олиш имконияти алоҳида муҳим қиймат касб этиши мумкин", дейилади журналистик текширув хулосасида.

Озодлик The Insider ва L’Express журналистлари таҳлил қилган, шунингдек, ўз ихтиёридаги қўшимча далиллар юзасидан Қаҳрамонжон Олимов ва Франция прокуратурасидан расмий жавоб кутмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG