Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:27

Ўзбекларнинг катта авлоди севган актëр Риши Капур оламдан ўтди


Риши Капур турмуш ўртоғи¸ актриса Ниту Сингҳ билан.
Риши Капур турмуш ўртоғи¸ актриса Ниту Сингҳ билан.

Афсонавий ҳинд актёри ва режиссёри Раж Капурнинг ўғилларидан бири, Болливуд актёри ва продюсери Риши Капур 67 ёшда вафот этди.

Ришининг отаси Раж Капур ҳинд киноси асосчиларидан биридир.
Ришининг отаси Раж Капур ҳинд киноси асосчиларидан биридир.

Ўзбекистонлик кинотасвирчи ва фотосуратчи Умида Аҳмедова Озодлик билан суҳбатда “Риши Капурга ўз пайтида миллионлаб ўзбек қизлари ошиқ бўлганлигини эслайди.

"Бобби" фильми экранларга чиққанда , хамма ëқни Риши Капур портретлари босиб кетган эди. Студент қизларнинг хонасида албатта Риши Капур сурати тўрда илиб қўйиларди. Кўчаларда "Ма шаир ту нахи" деган қўшиқ янграб турарди. Эсимда , Тошкентда Осиë¸ Африка ва Лотин Америка фильмлари фестивали ўтаëтган "Ўзбекистон" мехмонхонаси олдида бир қиз ўзининг суратини кўтариб Риши Капурни кутиб ўтирган эди. Портретига "Ришига Санобардан" деб езиб қўйилганди. Роса кулган эдик. Алвидо Риши!"

1973 йили Риши Капур бош рольни ўйнаган “Бобби” фильмини томоша қилган ўзбекистонлик фаол Фарида Шарифнинг тармоқда ëзишича¸ зоҳиран чучмал кўринган бу фильм аслида ижтимоий тотувлик ҳақида бўлган:

Мана сизга хинд киносининг ижтимоий мавзуни қандай яратганига мисол. Қиз насроний ва камбағал оиладан. Унинг севгилиси индуизм динига эътиқод қиладиган бадавлат оила вакили. Фильмда эса мусулмон шоирининг ғазаллари янграйди. Булар икки турли эътиқод ва табақа мансуби бўлмагани учун ҳам бирга бўлмаслиги керак эди. Аммо кинода севги ғолиб чиқади".

Бундан 12 йил аввал “Бобби” фильми ҳақида “Чодирхаëл” дастурида бир лавҳа қилган эдим. Бу лавҳадаги мавзу фильмдаги бош қаҳрамон ролини ўйнаган Риши Капур ўлган куни яна долзарб бўлди.

Капурлар оиласи акс этган постер
Капурлар оиласи акс этган постер

Онамни йиғлатган Риши

1973 йилда Раж Капур суратга олган “Бобби” фильми ўзбек экранларига ҳам чиқарилди. Уйимиз ëнидаги “Космос” номли усти очиқ кинотеатрда ота-онам билан биргалашиб бу кинони кўргани бордик.

Ота-онам кино кўришар, мен эса ëғоч скамейка тагида укаларим билан ўйнаб ўтирардим. Ëмғир томчилагандек бўлди. Қарасам онам тинимсиз йиғлаяпти. Иккита ходага тортилган улкан сурп экранда эса хушрўй бир йигит Риши Капур “Main Shayar to nahin” (Мен шоир эмасман асло) дея қўшиқ айтаëтган эди.

Фильмда ўта бой оиланинг фарзанди ўртаҳол оиладан чиққан қизга ошиқ бўлади. Ота-она никоҳга рози бўлмайди. Изтиробли тўқнашувлардан сўнг фильм бахтли бир якун топади.

Кинонинг бор-йўқ мазмуни шундан иборат. Аммо бу кино ичига қандай синоат кўмилибдики, ëшу қарини бирдай ҳаяжонга солди. Гарчи ҳинд киноларида бўса тақиқланган бўлса-да, икки ëшнинг бир-бирига яқинлашиш саҳнаси ўспирин болалар миясидан тутун чиқарар эди.

Хўш, ҳинд кинофильмларининг жозибаси нимада? Нега ҳинд фильмлари ўзбек томошабинларининг севимли эрмаги бўлиб қолмоқда? "Бобби" ҳақидаги хотираларимдан туғилган бу савол атрофида ўшанда ўзбекистонлик таниқли театр ва кино арбоби Афзал Рафиқов билан суҳбатлашган эдим.

XS
SM
MD
LG