Линклар

Шошилинч хабар
04 ноябр 2025, Тошкент вақти: 22:16

"Таппи тарихда қолди". Биогаз Тожикистон қишлоқ аҳолисининг ҳаётини қандай ўзгартирмоқда


65 ёшли Галатмо Алиева биоўғитлар ёрдамида етиштирилган бодрингларни териб олмоқда.
65 ёшли Галатмо Алиева биоўғитлар ёрдамида етиштирилган бодрингларни териб олмоқда.

Тожикистон қишлоқ ҳудудларида тажриба сифатида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида хонадонларда ўрнатилган биореакторлар нафақат овқат пишириш учун газ олиш ва чорва тезагини утилизация қилиш имконини беради, балки экологик тоза сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштиришга ҳам ёрдам бермоқда.

Аммо бу қурилманинг афзалликлари фақат шулар билан чекланмайди.

Душанбеден атиги 20 километр узоқликда жойлашган бир қишлоқ уйида — гуллаб-яшнаётган боғлар ва яшил сабзавотзорлар орасида — ноодатий қурилма ишлаб турибди: бу — биореактор. Ташқаридан у улкан ҳаво тўлдирилган матрасни эслатади. Аммо ичида мураккаб кимёвий жараён кечади — таппи тозаланган биогазга айланади. Бу газ аҳоли учун илгари овқат пиширишда ишлатилган оддий ёқилғи — ўтин ва таппининг ўрнини босмоқда.

Озодлик-Осиё журналисти Ваҳдат шаҳрининг Бурунов жамоатига қарашли Файзбахш қишлоғига бориб, ярим йил олдин ҳудудда биринчи бўлиб биогаз тизимини ўрнатган фермерлар оиласи билан суҳбатлашди. У ерда уч авлод вакиллари бу оддий технология уларнинг кундалик ҳаётини қандай ўзгартирганини амалда ҳис этишган.

Алиевлар оиласининг уч авлоди
Алиевлар оиласининг уч авлоди

"Аёллар оғир меҳнатдан халос бўлишди»

Оила бошлиғи — 67 ёшли Мирали Алиев — аввалига биогаз қурилмаси самарасига ишонмаганини тан олади, аммо ҳозир унинг оиласи биогазсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмайди. Қўшнилар эса оддий органик чиқиндидан газ олиш мумкинлигига ҳайрон қолишади ва тизим қандай ишлашини қизиқиб сўрашади.

«Биз учун бу вақт жиҳатидан катта тежамкорлик бўлди. Илгари кунлаб таппи ясардик, ҳозир эса уни шунчаки аралаштириб, биореакторга юклаймиз ва биогаз оламиз. Ҳаммасига кунига ўртача ярим соат кетади», — дейди у.

Суҳбатга унинг турмуш ўртоғи, 65 ёшли Галатмо қўшилади:
«Энг муҳими — энди аёллар оғир жисмоний меҳнатдан халос бўлишди», — дейди у.

Бир неча ой аввал бу ерда йилига 3–4 мингта таппи ясалган — бу меҳнатнинг асосий юки, шундоқ ҳам хўжалик ишларидан чарчаган аёллар елкасига тушарди.

Таппи — бу газ йўқ, электр энергияси эса соатлаб бериладиган юзлаб тожик қишлоқларида одатий ёқилғи ҳисобланади. Тезак йиғилиб, сомон ёки тупроқ билан аралаштирилади, қўл билан шакл берилиб, қуёшда қуритиш учун деворларга, тўсиқларга ёки ер устига қўйилади. Қуригандан сўнг улар устма-уст терилади ва ўтин ўрнида ишлатилади.

Алиевлар уйининг ҳовлисида ўрнатилган биогаз реактори
Алиевлар уйининг ҳовлисида ўрнатилган биогаз реактори

Ёқилганда ҳавога чиқадиган аччиқ тутун соғлиқ ва атроф-муҳит учун зарарли. Бундан ташқари, хом тезак ернинг унумдорлигини пасайтиради, айниқса органик ресурслар етишмайдиган ҳудудларда бу жуда сезилади.

«Биз катта оиламиз — беш фарзанд ва тўрт набира. Илгари вақтнинг катта қисми ўтин йиғиш ва таппи ясашга сарфланарди, ҳозир эса оилага кўпроқ вақт ажратилади, — дейди Галатмо, бодрингларни банкаларга солиб, тузлаб қўяркан. — Ҳозир қишга тайёргарлик кўряпмиз: компот, тузлама тайёрлаяпмиз. Мна, ҳозир мана шу бодрингларни консервалаяпман».

Биогаз қурилмаси қандай ишлайди?

Алиевлар хўжалигида учта сигир бор, шу боис уларда биореактор учун доим «ёқилғи» мавжуд. Ҳар куни эрталаб Мирали Алиевнинг набираси Илҳом ўзининг одатий машғулотини бошлайди: тахминан 30–35 килограмм тезак ўлчаб олади, 70 литр сув қўшиб, яхшилаб аралаштиради.

«Бирга икки» нисбатини аниқ сақлаш керак. Ҳосил бўлган омихтани у қурилмага жойлайди, у ердан эса герметик биореакторга қувурлар орқали ўтади. Ишини тугатгач, Илҳом қўлини ювиб, пойтахтдаги университетдаги дарсларига шошилади.

Илҳом ҳар куни эрталаб биореакторни ёқилғи билан тўлдиради.
Илҳом ҳар куни эрталаб биореакторни ёқилғи билан тўлдиради.

Шу пайтда биореактор ичида табиий ферментация жараёни кечади: органик чиқиндилар парчаланиб, биогаз ҳосил бўлади. Қурилма камераси бу аралашма билан ярмигача тўлдирилади — бу газ ҳосил бўлиши учун энг қулай шароитни таъминлайди.

Ҳосил бўлган газ стабилизатор ва фильтр орқали ўтиб, сўнгра қувур бўйлаб тўғридан-тўғри ошхонага йўналтирилади — чой қайнатиш, тушлик тайёрлаш ёки идиш-товоқ ювиш учун сув иситиш мақсадида.

Қайта ишлангандан кейин ҳам кам бўлмаган қимматли маҳсулот қолади — бу биоўғит. У алоҳида қувур орқали махсус сақловчи идишга йўналтирилади. Бу озуқавий моддаларга бой суюқлик боғ ва томорқаларга қўлланади: у билан сабзавотлар ва мевали дарахтлар озиқлантирилади. Ер эса бундай ғамхўрликка миннатдорлик билан жавоб қайтаради — ҳосил кўпайиб, ўсимликлар соғлом ва бақувват бўлади.

Мирали Алиевнинг 41 ёшли ўғли Жамшиднинг айтишича, органик чиқиндилардан олинган бу ўғитни оила ўз томорқасида ишлатади. Бу ерда улар нафақат ўз эҳтиёжи учун, балки сотиш учун ҳам сабзавотлар етиштиришади — картошка, сабзи, бодринг ва помидор.

«Аввал йилига бир тоннача минерал ўғит сотиб олардик, — дейди фермер. — Масалан, ўтган йили 800 килограмм сарфладик, бу йил эса атиги 200 килограмм. Бир 50 килограммлик қоп 300 сомони (30 доллардан ортиқ) туради, фақат шу мавсумнинг ўзида биоўғитга ўтиш ҳисобига 4800 сомони тежадик».

Бироқ гап фақат тежамкорликда эмас. Жамшиднинг айтишича, табиий ўғитга ўтилгандан кейин ҳосил сифати анча яхшиланган.

«Илгари кимёвий ўғитлар билан экишганда, тузлаб қўйилган банкалар — айниқса помидор ва бодринглар — кўпинча “портларди”. Бу йил эса, тфу-тфу, бирорта ҳам банка бузилмади», — дейди фермер.

Жамшиднинг сўзларига кўра, биоўғитга ўтгандан кейин у яна бир қизиқ ҳолатни пайқаган:

«Бизда тарвуз мавсуми аллақачон тугаган, — дейди у. — Аммо биоўғит билан бойитилган ер ҳали ҳам “тирик”. Ҳосилни йиғиб олдик, лекин шудгорда ҳали ҳам кичик-кичик тарвузлар чиқяпти — сувли, ширин. Бу ернинг унумдорлиги ҳали ҳам сақланиб турганини англатади, ҳатто ҳосил йиғилгандан кейин ҳам».

Эндиликда Алиевлар маҳсулотини харидорлар ўзи излаб келади.
«Улар маҳсулотни тўғридан-тўғри томорқадан улгуржи сотиб олади. Одамлар билади — биздаги маҳсулот экологик тоза», — дейди Жамшид фахр билан.

Жамшиднинг айтишича, ҳосил йиғиб олинганидан кейин ҳам биоғўда билан бойитилган ердан кичик-кичик тарвузларни териб олиш мумкин.
Жамшиднинг айтишича, ҳосил йиғиб олинганидан кейин ҳам биоғўда билан бойитилган ердан кичик-кичик тарвузларни териб олиш мумкин.

Қурилма қўшни қишлоқ аҳолисини ҳам қизиқтира бошлаган, деб давом этади Жамшид.

«Қўшним кўрибди — бизда бодринглар жуда серҳосил, шундан кейин ўзи ҳам шундай қилишга қарор қилиб, шудгорга ўғит ташлаган. Мен уни дарҳол огоҳлантирдим: бундай тезак ичида алаф уруғлари қолади, кейин бутун ер шу алаф билан қопланади. Бизда эса биореактордан чиққан ўғит — у иссиқлик ва ферментация жараёнидан ўтган, барча уруғлар ва зарарли бактериялар ҳалок бўлган. Ер соф ҳолда қолади, сабзавотлар эса бақувват, мазали ва кимёвий моддаларсиз ўсади. Энди эса қўшнимнинг ўзи сўраяпти — қурилмани қаердан олиш мумкин, деб», — дейди у.


Лойиҳа қандай пайдо бўлди

БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) маҳаллий «Нексигол Мушовир» компанияси билан ҳамкорликда амалга ошираётган мазкур лойиҳа 2024 йилдан бошлаб Тожикистоннинг бир нечта туманларини — асосан Хатлон вилояти ва Республикага боғланган туманларни қамраб олди. Мамлакат бўйлаб ҳозирча 37 та биореактор ўрнатилган.

«Биз бу пилот лойиҳани ишлаб чиқар эканмиз, бир нечта муҳим омилларни ҳисобга олдик, — дейди ПРООН вакили Сухроб Раупов. Қишлоқ жойларда аёллар ва болалар соатлаб таппи ясаб, кейин уларни печкаларда ёқишади. Бу уларнинг соғлигига зарарли, ҳавони ифлослайди. Биз уларни шу оғир ва носоғлом меҳнатдан халос этишни, ер ва ҳосил ҳолатини яхшилашни, шу билан бирга, оилаларга тежам ёки ҳатто даромад манбаи яратишни истадик. Агар уларда биоўғит ортиқча ҳосил бўлса, уни қўшнилар ёки фермерларга сотишлари мумкин».

Агролойиҳа менежери Абдуҳабиб Охунжоновнинг таъкидлашича, биореакторлар турли ҳажм ва қувватда бўлади. Энг кичик модел — «Система-6» — икки ёки учта сигирнинг тезаги билан ишлайди. Бу бир ўртача оилани ҳар куни овқат пишириш учун етарли биогаз билан таъминлаш имконини беради. Каттароқ қурилмалар эса фермер хўжаликларига мос бўлиб, улар ишлаб чиқарган биогазни электр энергиясига айлантириш мумкин.


«Кичкина биореактордан фойдаланиш жуда осон, — дейди Охунжонов. — Оиланинг ҳар бир аъзоси техника хавфсизлиги бўйича йўриқномадан ўтади. Керак бўладиган нарса фақатгина шу: ҳар куни реакторга сув билан аралаштирилган тезак қўшиш, аралаштириш — ва жараён ўзи кетаверади».

«Система-6» қурилмаси Алиевлар оиласига 28 800 сомонига (уч минг доллардан сал ортиқ) тушган — бу суммага етказиб бериш, ўрнатиш, маслаҳат хизмати ва божхона харажатлари ҳам кирган. Қийматнинг 10 фоизини оиланинг ўзи тўлаган, қолган қисмини эса БМТ Тараққиёт дастури гранти қоплаган. Қурилма Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган бўлиб, унга ўн йиллик кафолат берилади.

«Ҳисоб-китобларимизга кўра, харажатлар атиги ярим йил ичида қопланади — ёқилғи тежами ва биоўғитдан фойдаланиш ҳисобига», — дея таъкидлайди Охунжонов.

Экологик таъсир — бу технологиянинг яна бир муҳим устунлигидир.

«Биогаздан фойдаланиш атмосферага чиқиндиларни камайтиради ва оилалар ўтин ҳамда кўмирдан воз кечаётгани сабабли, ўрмонларни кесиш ҳажмини қисқартиради. Шунингдек, тупроқ сифати яхшиланганини ҳам кузатдик, — дейди “Нексигол Мушовир” компанияси директорининг ўринбосари Акмалжон Насруллоев. — Агрoхимик ва тупроқшунос сифатида мен тезак қайта ишлангандан кейин қоладиган биоўғит таркибини таҳлил қилдим. У озуқавий моддаларга жуда бой ва ернинг унумдорлигини анча оширади».

Сухроб Рауповнинг таъкидлашича, БМТ Тараққиёт дастури лойиҳани кенгайтиришни режалаштирмоқда ва яқин вақт ичида бу технология барча қишлоқ аҳолисига етиб боришига умид қилмоқда.

«Чунки бу фақат тежам ва қулайлик эмас — балки соғлиқни яхшилаш, табиатни асраш ва ҳосилдорликни ошириш ҳамдир. Бу эса қишлоқ ҳудудларининг келажаги учун жуда муҳим», — дея хулоса қилади у.

XS
SM
MD
LG