Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:30

"Раҳмат дейиш ўрнига.." Президент топшириғини бажарган наманганлик тадбиркор ҳокимдан сўкиш эшитди


Тадбиркор Анасхон Дедабаев.
Тадбиркор Анасхон Дедабаев.

Наманган вилоят, Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев фуқарони уятли сўзлар билан ҳақорат қилган аудоиси ижтимоий тармоқларда тарқаган навбатдаги амалдор бўлди.

30 ноябрь куни тармоқларга сиздирилган аудиода ҳоким тадбиркор Анасхон Дедабаевга, ўз таъбирича, “кўрсатиб қўйиш” билан таҳдид қилган:

Президент Шавкат Мирзиёевнинг розилиги билан Янги Наманган туманидаги “Мустақилликнинг 5 йиллиги” маҳалласида ўз ҳисобидан маҳалла фуқаролар йиғини биноси, министадион, болалар ўйингоҳи ва бошқа қурилишлар қилган Анасхон Дедабаевга ажратилган ер аввал бошқа одамларга сотиб юборилгани сабабли, тадбиркор тинмай судга, прокуратурага чақирилмоқда.

Озодликка юборилган аудиода Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев тадбиркорнинг шикоятлари тўхтамаётгани учун унга “кўрсатиб қўйиш” билан таҳдид қилган:

Ҳоким: - Ҳов, Анас, танидингми, мен Жобирман.

Анасхон Дедабаев: - Ака, ман Анасхонман.

Ҳоким: - Анасжонсан, пид...з, с...ка. каллангга... сени.

Анасхон Дедабаев: - Нимага мени сўкяпсиз?..

..Ҳоким: - Сен ифлоссан, ифлоссан, билиб қўй.

Анасхон Дедабаев: - Ака, оғзингизга қараб гапиринг.

Ҳоким: - Любой жойда гаплашаман сен билан.

Озодлик билан суҳбатда тадбиркор ҳоким билан ўртасида юзага келган можаро тарихи ҳақида сўзлаб берди.

Анасхон Дедабаевнинг айтишича, 2021 йилнинг 19 феврал куни Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев билан юз-юз суҳбатлашиб, маҳалласи учун ўз ҳисобидан МФЙ биноси ва мини стадион қуриб бермоқчи эканини айтган.

Тадбиркор Анасхон Дедабаевнинг президент билан учрашуви.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00

Бу учрашувдан сўнг вилоят ҳокими қурилиш бўйича ўринбосарига тадбиркорга ер ажратиб бериш ҳақида топшириқ берган. Аммо, масала ҳал бўлмаган.

Ўзининг сўзларига кўра, шундан сўнг тадбиркор Тошкентга, Президент админстрациясига борган. Администрация вакиллари унинг мурожаатини ўрганиб чиқиб, вилоят ҳокимига қўнғироқ қилишган. Эртаси куни ҳокимлик кўрсатган ер ажратилиб, қарор чиқарилади. Тадбиркор ўз ҳисобидан қурилишни бошлаган ва уни бир йилга қолмай битирган.

Тадбиркор олти хонадан иборат маҳалла идораси , министадион, болалар ўйин майдончаси, ечиниш ва ювиниш хоналари, новвойхона, икки қаватлик маиший хизмат, фитнес зал биноси, тобутхона қурилишини поёнига етказган.

Аммо, асосий машмашалар шундан кейин бошланди, дейди тадбиркор:

“Администрациядан телефон қилишганидан кейин ҳаммаси келишиб ерни ажратиб беришди. Қарорни қўлимга топшириб, қизил чизиқни белгилаб беришди. Мен айтган жойларига қурдим. Қураётганимда кўплаб одамлар бу ер меники, менга қарашли, деб келди. Биттасини пул бериб рози ҳам қилдим, сабаби, девор ва дарахтлар шу одамга тегишли экан. Норози бўлмасин, дедим. Ўзи ҳисоблаб берди, рози қилдим. У кетгандан кейин бошқа одамлар келди. Хуллас, “Гранд пласт трейд” бировнинг мулкини тепасига ҳужжат қилиб олган экан”.

Анасхоннинг айтишича, бу ер аввал бир неча кишига қарор устига ноқонуний қарор чиқартирилиб, сотиб юборилган:

“Мана, қуриб битказдим. Лекин мени безовта қилаётган нарса суд билан прокуратура. Чақираверади, чақираверади, худди мен ўзимча бориб қуриб олгандай. Кейин билсам бу ер фуқароларга уй-жой қуриш учун сотиб юборилган экан. Ички ишлар “Гранд пласт трейд”га жиноят иши қўзғатган. Суд процесслари давом этяпти”.

Бу ернинг аввалги эгаси бўлган “Гран пласт трейд” МЧЖга Наманган тумани ҳокимининг 2018 йил 24 мартдаги ва унга ўзгартириш киритиш ҳақидаги 2019 йил 18 апрелдаги қарори билан бино-иншоот қуриш учун ажратиб берилган.

Бироқ жамият раҳбари Акмал Убайдуллаев 56 контурдаги 1,62 гектар ер майдонидан белгиланган мақсадда фойдаланмай, ер майдонини келгусида талон-торож мақсадида олинган банк кредитлари учун гаров сифатида қўйиб, ер майдонини ўзга шахсларга қурилиш мақсдида сотиб юборгани аниқланган.

Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Наманган судининг ҳукмида ёзилган.

Суд ҳукмидан нусха.
Суд ҳукмидан нусха.

Айни пайтда бу иш юзасидан тергов давом этмоқда ва жамият раҳбари Акмал Убайдуллаев қамоққа олинган.

Анасхон Дедабаевнинг иддао қилишича, ҳоким ҳам, суд ҳам, жинояти тасдиқланган “Гран пласт трейд” МЧЖ раҳбарини ҳимоя қилиш билан овора:

“Мен ўзимнинг маҳаллам учун бир фойдали нарса қуряпман, президентнинг топшириғини бажаряпман. Лекин булар ер сотган, давлатнинг пулини талон-торож қилган ташкилотни ҳимоя қилишмоқда. Аслида, жиноят суди ер ноқонуний сотилганини тасдиқлаган. Лекин яна мени сўроқ қилиш билан овора булар. Шунча нарсани қуриб бир сўм ҳам кредит олганим йўқ, уйимни молимни сотиб қурдим. Лекин булар раҳмат дейиш ўрнига мени доим безовта қиляпти”.

Анасхон Дедабаев президент топшириғини бажарганини, эл олдида юзи ёруғ эканлигини айтар экан, бундан кейин келадиган синовларга ҳам тайёрлигини айтади.

Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев Озодликнинг қайта ва қайта қилган қўнғироқларига жавоб бермади.

Наманган вилоят ва Наманган тумани ҳокимликларининг ахборот хизматларидан ҳам ҳозирча расмий изоҳ олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистонда вилоят, туман ҳокимларининг, давлат ташкилотлари раҳбарларининг қўл остидаги ходимларни ҳақорат қилиши янгилик эмас.

Ҳақорати жамоатчиликка ошкор бўлган мулозимларнинг аксарияти кечирим сўраш билан жазодан қутулиб қолган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг этика ва регламент қўмитаси ўз тарихида фақат битта мулозим - Фарғона вилояти собиқ ҳокими, ҳозирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг фуқароларни ҳақорат қилганини муҳокама қилган.

Бундан ташқари Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ва ўнлаб туман ҳокими, МИБ, ДСИ бошлиқларининг ходимларига нисбатан ҳақорати қайд этилган аудиоёзувларини Озодлик жамоатчиликка ошкор қилган эди.

Гарчи Ўзбекистон президенти ўз чиқишларида бир неча марта ходимларини ҳақорат қилган раҳбарлар қаттиқ жазоланишини айтган эса-да, аксарият раҳбарлар ҳеч қандай жавобгарликка тортилмаган.

Таҳлилчиларга кўра, ҳоким ва бошқа амалдорларнинг қўл остидагилар ва оддий фуқароларни ҳақорат қилиши, ҳатто уларни дўппослаши Ўзбекистондаги бошқарувнинг жиддий муаммоларидан бирига айланган. Экспертларга кўра, муаммо Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг табиатида, яъни давлат институтлари шаклланмагани, қонун устуворлиги йўқлиги ва давлатнинг, мутахассислар тили билан айтганда, "қўл билан бошқарилишида"дир.

Ўзбекистонда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг этикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” орқали тартибга солинади. Аммо ахлоқ одоб қоидаларига риоя этилишини назорат қилишнинг механизми амалда ишламаслиги айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG