Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2025, Тошкент вақти: 12:36

Ҳиндистон АҚШни 30 одам ўлимига сабаб бўлган диний қўзғолонларга сиёсий тус беришда айбламоқда


Ҳиндистон АҚШ ҳукумати комиссиясини Деҳлида камида 30 одам ўлимига сабаб бўлган жамоалараро зўравонликни сиёсийлаштиришда айблади. Президент Дональд Трамп мамлакатга сафар қилаётган пайтда рўй берган тўқнашувлар оқибатида 200 дан ошиқ одам жароҳатланди.

Сўнгги ўн йилларда ҳинду ва мусулмон тўдалари ўртасида кузатилган шафқатсиз тўқнашувлар давомида дўконлар, масжид ва жамоат транспорти олов домида қолди. 27 февралга келиб¸ зўравонликлар ҳовури пасайган бўлса-да, касалхоналар ўлганлар сонининг ортиб бораётганини билдирди.

26 февраль куни АҚШнинг Диний эркинлик бўйича халқаро комиссияси зўравонликлар кўламидан хавотирга тушганини изҳор қилиб, полиция мусулмонларга қарши уюштирилган ҳужумларга аралашмагани ҳақидаги хабарлардан иқтибос келтирди.

− Ҳукумат ўз ватандошларини ҳимоя қилиш вазифасини бажара олмади, − деди АҚШ комиссари Анурима Бҳаргива.

Аммо бу хабарни полиция ҳам, Ҳиндистон федерал ҳукумати ҳам рад этмоқда. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги комиссия изоҳларини “ноаниқ ва чалғитувчи”, “масалани сиёсийлаштиришга қаратилган”, деб атади.

27 февраль куни мусулмонлар кўпчиликни ташкил этувчи Чандбоғ ҳудудидан ўтадиган шоссе атрофида куйиб кул бўлган дўконлар ва жамоат транспорт воситаларини кўриш мумкин эди. Камуфляж ва дубулға кийиб олган ўнлаб полиция ходими навбатчилик қилаëтган кўчалар шиша синиқлари ва ёндирувчи бомба қолдиқлари билан тўлиб-тошган.

Зўравонлик нишонига айланган мусулмонларга кўра, ҳинду оломон ҳиндпараст шиорларни айтиб бақирган ва ҳеч бир жазосиз исён қилган, полиция эса талончиларни қўллаган. Мусулмон исёнчилари ҳам зўравонлик қилган¸ ўлган ва жароҳатланганлар орасида ҳиндулар ва хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам бор.

Зўравонликлардан кейинги манзара¸ уларнинг асосан мусулмонларга қаратилганини кўрсатади. Айтилишича¸ ҳинду оломон тўс-тўполон кўтарган пайт полиция қаёққадир ғойиб бўлган. Полиция бундай иддаоларни рад этмоқда.

Зўравонлик якшанба куни бошланди. Ўша куни Деҳлида Ҳиндистоннинг ватандошлик тўғрисидаги янги қонуни тарафдорлари билан мухолифлари ўртасидаги тўқнашувлар бошланди. Кўп ўтмай бу тўқнашувлар ишчилар яшайдиган мавзеларида кенг миқёсли диний ғалаёнга айланиб кетди.

Тўқнашувлардан бир неча соат олдин Бош вазир Нарендра Моди мансуб “Бҳаратия Жаната Парти” (БЖП) аъзоси Капил Мишра ватандошлик ҳақида қонун мухолифлари митингига келиб, полициядан намойишчиларни тарқатиб юборишни талаб қилди. У митингга йиғилганларга қарата, агар бу ишни полиция бажармаса, ўзи билан тарафдорлари қилишини таъкидлади.

Кўпчилик, жумладан, ҳиндуларнинг ўзлари ҳам Мишра билан унинг ҳинду миллатчи тарафдорлари ғалаëнларни бошлаб берганини айтмоқда.

Ҳиндистоннинг ўтган йил декабрида қабул қилинган ватандошлик ҳақидаги қонунига қарши норозиликлар ўшандаëқ бошланган эди. Қонунга кўра, қўшни мамлакатларда таъқибга учраган ҳинд, сикҳ ва христиан жамоалари вакиллари Ҳиндистонда ватандошлик олиши мумкин, аммо мусулмонлар бундай имтиёздан маҳрум.

Мухолифлар камситувчи қонун деб баҳолаган бу ҳужжатнинг Ҳиндистон дунёвий анъаналарини бузишини айтилмоқда.

Қонун тарафдорлари, жумладан, Моди бошлиқ партия етакчилари норозилик намойишлари ҳиндуларга қарши қаратилганини ва уларни Покистон маблағ билан таъминлаётганини иддао қилмоқда.

Модининг миллатчи БЖП партияси қонун Покистон, Бангладеш ва Афғонистонда таъқибга учраган камсонли дин вакилларини ҳимоя қилиш учун кераклигини айтмоқда.

Май ойида ҳокимиятга қайта сайланганидан сўнг Модининг “Аввало ҳиндулар” деган сиёсат юритаётгани тарафдорларини илҳомлантириб юборган бўлса¸ 180 миллионлик мусулмонлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Ҳиндулар мамлакат жами аҳолисининг 80 фоизини ташкил қилади.

Трампнинг Ҳиндистонга илк давлат ташрифи вақтида унинг шарафига Моди туғилиб ўсган Гужарат штатида қуюқ зиёфат берилди. АҚШ раҳбари зўравонлик муаммосини Моди билан муҳокама қилмаганини айтди. Трамп ватандошлик тўғрисидаги қонунга изоҳ беришдан бош тортди ва кетишидан олдин буни ҳиндларнинг ўзига ҳавола қилишини билдирди.

XS
SM
MD
LG