Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2019, Тошкент вақти: 16:52

Швейцариялик адвокатга Зангиота қамоғидаги Гулнора Каримова билан учрашишга рухсат берилмади


Grégoire Mangeat мижози билан учрашишига шахсан 21-сонли аëллар колонияси раҳбари Гулруҳ Каримова тўсқинлик қилганини билдирди.

Ўзбекистон Биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Grégoire Mangeat (Грегуар Манжа) га 18 июль куни қамоқда сақланаëтган ўз мижози билан учрашишга рухсат берилмади.

Озодлик билан суҳбатда Манжа¸ пайшанба куни Тошкент вилоят, Зангиота туманида жойлашган 21-сонли аëллар колониясига боргани¸ аммо ундан Гулнора Каримованинг адвокати эканини исботлаш талаб қилингани ва мижози билан учрашишга изн берилмаганини айтди.

- Улар мендан Гулнора Каримованинг адвокати эканимни тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишни талаб қилди. Мен уларга ишончномани кўрсатдим. Шундан сўнг қамоқхона маъмурлари қайтиб чиқиб¸ Швейцария прокуратурасидан берилган рухсатни кўрсатинг¸ дейишди. Ҳозиргача бунақа ҳужжатлар сўралмаган. Тушунишимча¸ улар мени мижозимдан узоқ тутишмоқчи. Қамоқхона дарвозаси олдида 6 соат кутганимдан кейин¸ Тошкентга қайтишга мажбур бўлдим¸ деди Манжа 18 июль куни Тошкент вақти билан кечки соат 6 дан сўнг.

Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати¸ ўз мижозининг саломатлиги оғирлашгани ва шу боис Каримовани ўзига кўрсатмаëтганларини тахмин қилади.

Гулнорани "Тез ëрдам"да олиб кетишди?

Каримованинг адвокати кун давомида Twitter саҳифасида ўзининг Зангиотадаги аëллар қамоқхонаси дарвозаси олдида кутаëтгани акс этган суратларни соатма-соат эълон қилиб борди.

Мижози билан учрашишига 21-колония раҳбари Гулруҳ Каримованинг шахсан ўзи рухсат бермаганини таъкидлаган Манжа¸ унинг (Гулруҳ Каримованинг) суратини ҳам эълон қилди.

Швейцариялик адвокат 18 июль куни тасвирга олган видеодан эса¸ Зангиота қамоғидан чиқиб кетаëтган шошилинч "Тез ëрдам" машинаси ҳам кўрилади.

Бу бугун ҳисобида иккинчиси”¸ дейилган изоҳда Манжа¸ ўз ишончли манбаси "Тез ëрдам"да олиб кетилганлардан бири Гулнора Каримова экани¸ ўз мижози адвокатининг қамоқхона эшиги олдида кутаëтганидан ҳатто хабари ҳам йўқлигини ëзди.

Манжанинг ўз манбасига таяниб, Twitterда ëзишича¸ "Зангиота қамоқхонасида кейинги ҳафталар ичи камида икки аëл ўлган”.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган айни қамоқхонадаги вазиятдан хабардор маҳаллий мулозим иддаосича¸ бу аëллар “қамоқхона маъмуриятининг ниҳоятда ноинсоний шафқатсизлиги ва аҳмоқлиги оқибатида ўлган”.

Улардан бири Марина Финк¸ у қон кетиш оқибатида ўлган. Иккинчиси¸ Тожинисо Маматқулова – қон босимининг ниҳоятда кўтарилиб кетиши оқибатида ўлган. Бу икки аëл айнан Гулнора Каримовага қўйилган диагноз – гипертония ва қон кетиш оқибатида ўлган. Аëллар ўлимидан олдин аҳволи ëмонлиги¸ йўқловга чиқмаслик учун рухсат берилишини сўраган. Аммо қамоқхона бошлиғи Гулруҳ Каримова бу сўровни рад қилиб¸ бу икки касал аëлни камида бир соат тикка қуëшда туришга мажбурлаган. Кейинги бир неча ой ичида Зангиота қамоғида саккизта аëл ўлган”¸ дейди швейцариялик адвокатнинг Зангиота қамоғидаги ўлимлар ҳақидаги иддаосини қувватлаган тошкентлик мулозим.

Озодлик об-ҳавонинг ниҳоятда исиб кетиши ортидан юзага келган оғир шароит ва қамоқхона маъмуриятининг шафқатсизлиги оқибатида Зангиота қамоғида ўлган аëллар сонининг ошиб бораëтгани ҳақидаги бу иддаолар бўйича расмийлардан, шу жумладан 21- колония раҳбариятидан изоҳ ола олмади.

Адлия вазирлигининг тегишли бошқармалари¸ Зангиота қамоқхонасидаги аҳвол учун унга масъул Ички ишлар вазирлиги жавоб беришини¸ швейцариялик адвокатнинг ўз мижози Гулнора Каримова билан нега учраштирилмагани масаласида эса Бош прокуратура изоҳ беришини билдирди.

ИИВ ва Бош прокуратурадан 18 июль, кун давомида саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади – матбуот хизматига ажратилган телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.

Адлия вазирлиги хулосаси

Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Twitterда, Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Имон эса Instagram орқали Гулнора Каримованинг қамоқхонадаги шароити¸ унга тиббий ëрдам кўрсатишнинг ëмонлашгани ҳақида тинимсиз ëзиб келмоқда.

Бундай чиқишларга аввалига Ўзбекистон Омбудсмани¸ унинг ортидан эса¸ Адлия вазирлиги расмий жавоб эълон қилди.

Хусусан¸ 3-4 июль кунлари бу ердаги вазиятни ўрганиб чиққанини билдирган Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримованинг Жиноят-ижроия кодексида кўзда тутилган ҳақ-ҳуқуқлари таъминлангани¸ унга тегишли тиббий ëрдам кўрсатилаëтганини билдирди.

Вазирлик текширувчилари иддаосича¸ Каримова ўзлари билан юзма-юз суҳбатда қамоқхонада ҳақларининг бузилиши мавзуида гапиришни истамаган¸ фақат ўзига яқин маҳбусларнинг бошқа секторга ўтказилгани ва жиноят иши давомида¸ унинг назарида¸ йўл қўйилган қонунбузарликларга эътироз билдирган.

Ўтган ой Грегуар Манжа ва Имон Каримова Гулнора Каримованинг қамоқхонада “зўравонларча ушлаб турилгани”¸ кунига бир неча марта ҳушидан кетаëтганига қарамай¸ унга тиббий ëрдам кўрсатилмаëтгани¸ энг муҳими – унга берилган жазонинг аниқ муддати расман айтилмаëтгани боис¸ Тошкент ҳукумати билан музлатилган миллионларни қайтариш борасидаги ҳамкорлик тўхтатилганини эълон қилган эди.

Бунгача Каримова ва унинг қизи Швейцария банкларида музлатилган 850 миллион доллар пул ва бошқа бойликларини Ўзбекистонга қайтариш борасида Бош прокуратура билан музокаралар олиб борилаëтгани¸ ҳамкорлик натижасида Каримова бу бойликнинг 133 миллионини Ўзбекистонга қайтаришга розилик берганини билдирган эди.

Аммо Ўзбекистон томони яширин музокара шартини бузиб¸ ваъдасида турмагани ортидан¸ Каримова томон иддаосича¸ бу ҳамкорлик тўхтаган.

Бунинг ортидан Грегуар Манжа 1 июль куни Швейцария судининг музлатилган пулларнинг қолган 555 миллион долларини Ўзбекистонга қайтаришни вақтинча тўхтатиш ҳақида ҳукм чиқаришига эришди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Каримова иши бўйича берган сўнгги расмий баëнотига кўра¸ жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Март ойида уй қамоғидан Зангиота колониясига ўтказилган Каримовага берилган “жазонинг ўталмай қолган муддати” қанча экани¸ унга нисбатан давом этаëтгани айтилган жиноят ишларининг ëпилмаган-ëпилмагани ҳақида Тошкент ҳукумати ҳозиргача сукут сақлаб келмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2017 йил эълон қилган баëнотда айтилишича¸ Гулнора Каримовага Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик), 178 (Чет эл валютасини яшириш), 182 (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 189 (Савдо ëки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 228 (Давлат проба тамғаларини тайëрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 243 (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айблов эълон қилинган.

Айни баëнотда¸"Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда"¸ дейилган эди.

Гулнора Каримова Ўзбекистондан ташқари яна ўнга яқин давлатда коррупция ва пул ювиш бўйича очилган жиноят ишлари фигурантидир.

АҚШ Адлия вазирлиги қошидаги прокуратура идорасининг Нью Йорк жанубий ҳудуди бўйича прокурори 2019 йилнинг 7 март куни Гулнора Каримовага нисбатан расмий айблов эълон қилди.

Каримова қарийб 10 йил давомида турли молиявий схемалар орқали акциялари АҚШ биржасида сотувга қўйилган уч йирик халқаро телеком ширкати – TeliaSonera, VimpelCom ва МTCдан жами 865 миллион доллар пора олганликда айбланмоқда.

АҚШ Адлия вазирлиги баëнотида таъкидланишича¸ Каримова АҚШнинг Foreign Corrupt Practices Act (“FCPA”) – Хориждаги коррупцияга қарши кураш ҳақидаги қонунига кўра¸ ҳозирга қадар энг катта пора олганликда айбланган шахсдир.

Шарҳларни кўринг (8)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG