Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 23:54

Гулнора Каримова қамоқхонада инсон ҳуқуқларини ўрганмоқда


Гулнора Каримова Зангиотадаги 21-сонли аëллар колониясида сақланмоқда. 3 июль куни олинган бу сурат Gazeta.uz сайтидан олинди.
Гулнора Каримова Зангиотадаги 21-сонли аëллар колониясида сақланмоқда. 3 июль куни олинган бу сурат Gazeta.uz сайтидан олинди.

Гулнора Каримованинг Тошкент вилояти Зангиота туманидаги умумий тартибдаги 21- аёллар қамоқхонасидаги шароитининг оғирлиги ҳақидаги чиқишлар муносабати билан Адлия вазирлиги 3-4 июль кунлари бу ердаги вазиятни ўрганиб чиқди.

Вазирлик Матбуот хизмати мазкур ўрганиш хулосаси ҳақида Газета.uz нашрига маълумот берди.

Вазирликнинг билдиришича¸ жорий йилнинг 14 март куни мазкур колонияга олиб келинган Гулнора Каримова қамоқхонанинг умумий режимдаги 7-отрядининг 2-секторида сақланмоқда.

Вазирликка кўра¸ унинг сақланиш шароитлари Жиноят-ижроия кодексининг 117-моддасига мос ва Каримова ҳам кўп кишилик хонада сақланмоқда.

Ушбу кодекснинг 9-моддасига мувофиқ¸ вазирлик таъкидича¸ Каримовага колония кутубхонасидаги илмий¸ бадиий ва бошқа ахборот материалларидан фойдаланиш ҳаққи берилган.

Адлия вазирлиги бу хулосасини тасдиқлаш мақсадида Гулнора Каримованинг қамоқхона кутубхонасида олган китоблари рўйхатини тақдим этган.

18 март куни Каримова томонидан олингани айтилган китоблар рўйхатида Некрасов ва Чернишевский китоблари қатори¸ “Инсон ҳақлари”(2 жилдлик) ва А. Саидовнинг "Ўзбекистон Республикасининг Конституцион ҳуқуқи" деб номланган илмий қўлланмалар ҳам бор.

Китоб ва муаллифлар номи қўпол хатолар билан ëзилган бу рўйхатнинг қамоқхона кутубхоначиси ëки Гулнора Каримова томонидан ëзилгани очиқланмаган.
Китоб ва муаллифлар номи қўпол хатолар билан ëзилган бу рўйхатнинг қамоқхона кутубхоначиси ëки Гулнора Каримова томонидан ëзилгани очиқланмаган.

Адлия вазирлигига кўра¸ Каримованинг ташқаридан пул ва бошқа нарсалар олиш ҳаққи ҳам таъминланган. Унинг ҳисобига қизи юборган пулга Каримова колония дўконида тўрт марта харид қилган ва ҳисобида етарлича пули бор¸ дейилади вазирлик ҳисоботида.

Каримованинг яқинлари ва адвокати билан учрашишига ҳам Жиноят-ижроия кодексида кўзда тутилган тартибда рухсат этилган¸ хусусан 12-15 апрель кунлари оила аъзоси билан узоқ муддатли кўришувга¸ 2¸17 апрель¸ шунингдек¸ 17 июнь куни швейцариялик адвокати билан учрашишига рухсат берилган¸ дейилади Адлия вазирлиги ҳисоботида.

Адлия вазирлиги шунингдек¸ Гулнора Каримовага тегишли тиббий ëрдам кўрсатилмаëтгани ҳақидаги даъволарни ҳам асоссиз деб топган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус гуруҳи томонидан 2017 йил декабрь ойида ўтказилган тиббий кўрик хулосасига кўра¸ Каримовада бир қатор сурункали касалликлар борлиги аниқланган.

2019 йил мартида 21-колонияга олиб келинганидан бери унга вазирликнинг тажрибали мутахассислари¸ хусусан¸ кардиолог¸ гинеколог¸ стоматолог, врач-инфекционист эндокринолог, врач-гастроэнтеролог ва психиатр хизмати кўрсатилган".

Адлия вазирлигининг билдиришича¸ тиббий текширувлар натижасида¸ маҳбус Каримованинг жазони ижро этиш муассасасида сақланишига тўсқинлик қилувчи касалликлар аниқланмаган.

Вазирлик ҳисоботида¸ Гулнора Каримовага нисбатан қамоқда жисмоний¸ руҳий ва психологик босим ўтказилаëтгани ҳақидаги иддаолар ҳам тасдиқланмагани айтилади.

Ëзилишича¸ Гулнора Каримова март ойидан бери қамоқхонадаги ишларга бирор марта ҳам жалб этилмаган¸ у билан бир хонада сақланаëтган аëллар унинг истакларини бажармоқда.

Марҳум президентнинг тўнғич қизи шароитининг оғирлиги ҳақидаги хабарлар унинг хонадошларини ҳайратга солганини таъкидлаган вазирлик¸ “Каримова дераза олдидаги кроватда ëтишни исташини айтганда¸ бу кроватдаги аëл унга ўз жойини бўшатиб бергани"ни таъкидлаб ўтган.

Адлия вазирлиги расмийлари Каримованинг шахсан ўзи билан ҳам суҳбат бўлгани ва у шароити ҳақида шикоят қилмаганини таъкидлайди.

Қамоқхонада ўз ҳақларининг бузилиши мавзуида гапиришни истамаган Каримова¸ вазирлик ҳисоботида ëзилишича¸ ўзига яқин маҳбусларнинг бошқа секторга ўтказилгани ва жиноят иши давомида¸ унинг назарида¸ йўл қўйилган қонунбузарликларга эътироз билдирган.

Каримованинг сурункали касалликлари боис¸ у колониянинг тиббий бўлимига ўтказилган ва вазирлик расмийлари билан учрашув ҳам санчастда бўлиб ўтган.

Адлия вазирлиги ўрганишлари хулосасига кўра¸ Каримова ўз шароитини махсус ўрганган мулозимларга тиббий хизмат сифатидан шикоят қилмаган¸ унинг баданида бирор шикаст аломатлари кўрилмаган.

Айни пайтда¸ вазирлик маҳаллий нашрга¸ Гулнора Каримованинг 3-4 июль кунлари бевосита қамоқхонада олинган бирор суратини тақдим қилмаган.

Швейцариядаги пулларнинг қайтиш-қайтмаслиги Гулнора Каримованинг қўлида эмас!

Адлия вазирлиги ҳисоботида Гулнора Каримованинг Швейцарияда музлатилган пул ва бошқа бойликларини Ўзбекистонга қайтариш истиқболига оид маълумот ҳам тақдим этилган.

Вазирлик¸ Гулнора Каримованинг Латвия¸ Швейцария¸ Франция¸ Швеция¸ Ҳолландия каби қатор мамлакатларда коррупцион схемалар орқали топилган катта миқдордаги пулларни ювишда айбланаëтганини эслатиб ўтади.

Бу активларни қайтариш бўйича музокара ва тадбирлар Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқда кўзда тутилган тартибда ҳукумат даражасида олиб борилмоқда. Бу активлар хориж давлатларининг ваколатли идоралари томонидан музлатиб қўйгани боис¸ улар Каримова (унинг оила-аъзолари) ихтиëрида эмас.

Шунингдек¸ шахсан Гулнора Каримованинг пулларни Ўзбекистонга қайтиб бергани ëки қолган активларнинг бевосита Каримова ëхуд бошқа шахслар томонидангина қайтарилиши ҳақидаги маълумот ҳуқуқий асосга эга эмас ва ҳақиқий воқеликка мос келмайди”¸ дейилади Адлия вазирлигининг Газета.uz нашри эълон қилган хулосасида жумладан.

3 июль куни Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа музлатилган 850 миллион долларнинг 555 миллионини Ўзбекистонга қайтариш жараëнининг Федерал жиноят суди ҳукми билан вақтинча тўхтатиб қўйилганини маълум қилди.

Адвокатга кўра¸ Ўзбекистон ва Швейцария прокуратураси истагига зид равишда маҳкама пуллар тақдирини белгилаш жараëнида уларнинг расмий эгаси бўлган Каримованинг қатнашишига имкон берган.

24 июнь куни Швейцария федерал прокуратураси музлатилган пулларнинг 133 миллион долларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича дастлабки қарорга келинганини маълум қилган эди.

Бу баëнот арафасида Каримова¸ қизининг Instagram саҳифаси орқали¸ 133 миллионнинг қайтарилиши жараëнида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилгани¸ Ўзбекистон ичкарисида 1 миллиард 200 миллион долларлик маблағ ва бойликларни ҳукуматга топширганини таъкидлаган эди.

Каримова адвокати 4 июль куни мижозига нисбатан “зўравонлик билан ҳибсда сақланиши тўхтатилмас экан”¸ музлатилган пулларни қайтариш борасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмаслиги ҳақида баëнот берди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG