Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2019, Тошкент вақти: 04:42

Швейцария прокуратураси Каримова пулларидан $133 миллионини Ўзбекистонга қайтаришга қарор қилди


Швейцария Бош прокуратурасининг 24 июнь куни маълум қилишича¸ Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган пулларининг 133 миллион доллaрлик қисми Ўзбекистонга қайтариладиган бўлди.

«Олти йилдан бери олиб борилаëтган мураккаб жиноят иши терговининг бир қисми сифатида Бош прокуратура ширкатлар¸ хусусан¸ Ўзбекистон бозорига кирмоқчи ëки фаолиятини давом эттирмоқчи бўлган хориж ширкатларидан катта миқдордаги пулнинг ноқонуний олиниш схемасини фош қилувчи далилларга эга бўлди. Бу схеманинг таркибий қисми ўлароқ¸ бу пуллар хориж¸ асосан¸ Швейцарияда ювилган. Тергов хулосасидан келиб чиқиб¸ музлатилган пулларнинг 130 миллион франки (133 миллион АҚШ доллари) ни Ўзбекистонга қайтаришга оид дастлабки қарорга келинди»¸ дейилади Швейцария Бош прокуратураси расмий сайтида эълон қилинган баëнотда.

Ҳозирча Швейцария прокуратураси бу маблағнинг қайси форматда¸ айнан қайси тизимга¸ қайси шартлар билан қайтарилишини очиқламади.

Швейцария федерал прокуратураси 2012 йил ëзида очган жиноий иш доирасида Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган банк ҳисобларидаги 800 миллион франк маблағ музлатиб қўйилган эди.

Аввалига Каримов ҳукумати¸ сўнгра унинг ўрнига ҳокимиятга келган Мирзиëев маъмурияти бу пулларнинг Ўзбекистондан ўғирлангани иддаоси билан уларни мамлакатга қайтариш уринишини бошлади.

Озодлик бу пулларнинг Ўзбекистонга қайтарилиш эҳтимоли кучайгани ҳақида 2018 йил июнида мазкур жараëн тафсилотларига яқин Швейцария¸ Швеция ва Британия мулозимларига таяниб хабар қилган эди.

2017 йилнинг 19 октябрь куни Швейцариядаги Le Temps газетаси “Швейцариядаги коррупция миллионлари хорижликлар ҳасадини қўзғамоқда” номли мақола эълон қилган ва унда Каримованинг ҳали суд ҳукм чиқармаган 800 миллион франк музлатилган маблағи устида бир неча давлат ўртасида тортишув бораëтгани¸ асосий даъвогарларнинг¸ Ўзбекистон¸ АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари экани хабар қилган эди.

Мақолада¸ бу пулни олиш учун “кескин ва ўнғайсиз бир парад” бошлангани ва Швейцария ҳукумати билан бу борада махфий сўзлашувлар бораëтгани ëзилган эди.

Бернда ҳозир бу пулларни қайтариш методи устида жиддий бош қотирилмоқда. Бу жараëнга Гулнора Каримова иши юзасидан текширув ўтказган Конфедерация Давлат вазирлиги¸ Федерал адлия бошқармаси¸ Ташқи ишлар департаменти ҳамда Тараққиëт ва ҳамкорлик департаменти жалб этилган”¸ деган эди бу музокараларнинг ўтган йили охирларидаги ҳолатини ўрганган Швейцария нашри.

Бу хабар ортидан Озодлик гаплашган Европа мулозимлари¸ Швейцария ҳукумати музлатилган пулларнинг ҳақиқий эгаси Ўзбекистон экани ва Тошкент ҳокимиятидаги ўзгаришлар пулларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳам қонуний¸ ҳам маънавий замин яратганига кўпроқ ишонч ҳосил қилганини айтган эди.

Ўзбекистон янги президенти ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатмоқда. Мирзиëевнинг АҚШ сафари давомида унинг ислоҳотлари ҳақида Оқ уй анча юқори фикр билдирди. Тошкент ҳукумати Швейцарияда яшовчи бадавлат бизнесменларни бу жараëнда ўзига лоббичилик қилишга ëллаган. Буларнинг ҳаммаси Тошкентга Гулноранинг пулларини олишда ëрдам беради”¸ дейди Озодлик гаплашган швейцариялик мулозим.

Швейцария прокуратурасининг 24 июнь кунги баëнотида¸ музлатилган пулларнинг қолган қисми тақдири нима бўлиши ҳақида маълумот берилмаган.

Швейцария прокуратурасининг бу хабари арафасида 23 июнь куни Гулнора Каримова Швейцарияда музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтариш борасида ҳукумат билан музокара қилаëтганини билдирган эди.

Президент Мирзиëевга ëзган очиқ хатида Зангиота қамоқхонасида сақланаëтган Гулнора Каримова¸ қолган пулларнинг қайтарилиши жараëнида ҳамкорлик қилажагини билдирган.

Бундай ҳамкорлик эвазига марҳум президентнинг тўнғич қизи ўзининг озод этилиб¸ Лондонда яшаëтган болалари олдига боришига изн берилишини сўрамоқда.

"Швейцария прокуратураси Гулнора Каримова баëнотини тасдиқлади"

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган активлари тақдирини яқиндан кузатиб келмоқда.

Таҳлилчининг Озодликка айтишича¸ 133 миллион долларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши Гулнора Каримвоа ва унинг қизи Имон Каримова таъкидлаган Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик натижасидир.

-Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага нисбатан коррупция эмас¸ балки пул ювиш айбини қўйган ва айни шу шубҳа асосида унга қарашли камида 850 миллион доллар маблағни музлатиб қўйган. Иш бу пуллар манбаи жиноий экани тасдиқланган тақдирда ëпилади. Ҳозиргача Гаяне Авакян ва Рустам Мадумаров бу ҳақда иқрорлик кўрсатмаси берган. Сўнгги сўз Гулнора Каримовада қолаëтган эди. Мана энди¸ Каримова ҳам музлатилган пулларнинг жиноий йўл билан топилганига оид кўрсатмага қўл қўйган шекилли¸ Швейцария прокуратураси бу пулларнинг бир қисмини қайтариш ҳақида қарор чиқарди¸ дейди Алишер Илҳомов.

Таҳлилчи суҳбат давомида қолган пулларнинг кимга тегиши¸ Ўзбекистонга қайтариладиган пулларнинг кимга ва нимага қайтарилиши¸ шунингдек¸ Гулнора Каримованинг яқин орада амнистия қилиниш-қилинмаслиги ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:42 0:00
Бевосита линк

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG