Туркманистон шимолида жойлашган Тошҳовуз вилоятидаги давлат хизматчилари жорий ёзги меҳнат таътилини қаерда ўтказиш ҳақида оғиз очмайди.
Бир неча давлат хизматчисининг Озодлик радиоси туркман хизматига хабар қилишича, ҳокимият идоралари уларга Туркманистоннинг Каспий денгизи бўйида жойлашган ҳашаматли Аваза курорт шаҳрига йўлланмалар сотиб олишни буюрган. Нархлар ўта қимматлиги учун у ердаги меҳмонхоналар йил бўйи бўш туради.
− Улар бизга, кимки Авазага бормайдиган бўлса, лавозимидан 100 фоиз бўшатилади, деб айтди, − деди вилоятнинг энг йирик шаҳри тошҳовузлик давлат хизматчиси исмини ошкор қилмаслик шарти билан. Авторитар Туркманистонда ҳукуматга эътироз билдириш ёки танқидга заррача тоқат йўқлиги учун одамлар очиқ гапириш учун жазога тортилишдан қўрқади.
Давлат хизматчиларига кўра, улар 10 кечалик дам олиш йўлланмаси учун одам бошига, тахминан, 740 АҚШ доллари тўлаши керак.
Тошҳовузда сотилаётган йўлланмалар нархига меҳмонхона харажатлари ва нонушта киради, дейди турманистонлик хизматчилар. Улов, тушлик ва кечки овқат учун ёнидан пул тўлаши кераклиги айтилади.
Тошҳовуздаги давлат амалдорлари Озодликнинг бу иддаоларга муносабат билдириш сўровини рад қилди.
Туркманистонда давлат хизматчиларининг ўртача маоши 230 АҚШ долларини ташкил қилади ва бу улкан энергия ресурсларига эга бўлган мамлакат учун жуда пастдир.
Авазага бориш ҳам осон эмас
Тошҳовузлик дам олувчилар ушбу шаҳар билан Авазага энг яқин йирик шаҳар Туркманбошига тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўқлигидан шикоят қилди.
Пойтахт Ашхобод ёки мамлакатнинг бошқа вилоятларидан Авазага бораётганлар одатда Туркманбошига учоқ, поезд ёки автобусда боради. У ердан курорт шаҳарга бориш учун кўпинча такси ёки бошқа автобусга ўтириши керак бўлади.
“Сифати паст хизматлар”
Авазада дам олганларнинг кўпчилиги у ердаги хизматлар сифати ёмонлиги¸ хусусан¸ интернет тезлиги пастлиги ва шаҳарнинг аксарият қисмида суратга тушишга тақиқ борлигидан шикоят қилди.
Аваза шаҳри 2007-2017 йилларда қурилган ва у авторитар президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Туркманистонда дунё талаблари даражасидаги сайёҳлик инфратузилмасини яратиш режасини бир қисми бўлган.
Лойиҳага миллиардлаб доллар маблағ сарфланганига қарамай, Аваза ҳалигача машҳур сайёҳлик масканига айланмади.
Меҳмонхоналар нархини аксарият туркманларнинг чўнтаги кўтармайди. Боз устига, виза олиш узоқ вақт талаб қилиши ва кўпинча беҳуда иш экани сабабли Аваза халқаро миқёсда ҳам эътибор қозона олмади.
У ердаги кимсасиз курортдан кўпинча Бердимуҳамедов халқаро йиғинлар, концертлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун фойдаланади.
Яна у ерда шамол деярли эсмаётган пайтда виндсёрфинг бўйича кўпчилик бехабар ҳам қолган халқаро мусобақа ўтказилган эди.
2013 йили халқаро эстрада юлдузи Женнифиер Лопес Бердимуҳамедовнинг 56 ёшини нишонлаш учун Авазада концерт бергандан сўнг инсон ҳуқуқи ҳимояси фаолларидан балога қолди.
Шундан сўнг Лопес бир қанча халқаро инсон ҳуқуқи ҳимояси билан шуғулланадиган ташкилотлар меъёри билан ўлчаганда, Туркманистондаги инсон ҳуқуқига риоя қилиш аҳволи ёмонлигидан бехабар бўлгани хусусида баёнот беришга мажбур бўлди.
Иқтисодий бўҳрон
Туркманистон 1991 йили мустақилликка эришгандан сўнг аҳоли табиий газ, электр қуввати, сув ва коммунал хизматлардан бепул ёки анча-мунча субсидия олиб фойдаланиб келди. Ҳатто туз сингари товарларнинг маълум миқдори бепул тарқатилар эди. Туркманбоши даврининг иқтисодий сиëсати ортидан қумли чўллардан иборат Туркманистон постсовет тарихидаги энг оғир иқтисодий бўҳрон домига тушиб қолди. Ҳукумат субисидия дастурларини қисқартирди ёки бутунлай бекор қилди - оқибатда олдин бепул ёуки ўта арзон бўлган коммунал хизматлар ва бошқа нарсалар учун энди пул тўлаш лозим.
Бундан ташқари, кўпгина давлат хизматчилари мактабларни таъмирлаш¸ давлат газета ва журналларига обуна бўлишга мажбурланаётганидан шикоят қилмоқда.
Оқибатда кўплаб туркман оилалари кун кўришга қийналиб қолди¸ кўпчилик иш тополмагани учун бошқа жойлардан иш ахтариб, мамлакатдан чиқиб кетди.