Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:42

Қирғизистон суди оммавий тартибсизликларда айбланган собиқ президент Атамбаев ва бошқаларни оқлади


Алмазбек Атамбаев 2019 йилдан бери қамоқда сақланмоқда.
Алмазбек Атамбаев 2019 йилдан бери қамоқда сақланмоқда.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2020 йилнинг 9 октябрида ҳокимиятни босиб олишга уринганликда айбланаётган собиқ президент Алмазбек Атамбаев доҳил қатор сиёсатчиларни оқлади.

Октябрь воқеаси юзасидан етти нафар сиёсатчи судланаётган эди. Улар: собиқ президент Алмазбек Атамбаев, унинг маслаҳатчиси Фарид Ниязов, тансоқчиси Қанат Сағимбаев, социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султанбеков, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов, “Туран” партияси етакчиси Жениш Мўлдўқматов ва собиқ Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабанов. Бабанов иши алоҳида ажратиб олиниб тергов қилинган.

2020 йилнинг октябридаги воқеалар бўйича тергов материалларида, Атамбаевнинг 2020 йил 5 октябрь тунида қамоқдан ноқонуний бўшатилгани, кейин Бабанов, Султанбеков, Сағимбаев, Мўлдўқматов ва Ниязов бошчилигидаги тарафдорлари билан аввалдан келишиб олиб, ҳокимиятчи эгаллаб олишга ҳаракат қилгани қайд этилган. Улар 9 октябрда ўз тарафдорларини Бишкекдаги “Медиа Форум” биноси олдида йиққани, кейин эса ҳокимиятни босиб олиш учун "Ала-Тоо" майдонига келгани, у ердан кутилмаганда тартибсизликлар бошланиб кетгани белгиланган.

Ўша йилнинг 10 октябрида Атамбаев ва унинг бир қанча тарафдорлари қўлга олиниб, Жиноят кодексининг 264-моддаси (“Оммавий тартибсизлик “) бўйича жиноят иши очилган эди.

Собиқ президент Атамбаев барча айбловларни инкор этиб келмоқда. У суд жараёнларида саволларга жавоб беришдан бош тортиб келган. Атамбаев 28 июнда ўтган сўнгги суд мажлисида иштирок этишдан ва сўнгги сўз айтишдан бош тортган. Бу мажлисда Бабанов ҳам иштирок этмади.

"Бу сиёсий иш бўлган. Суд ҳолис қарор чиқарди. Бироқ, умумий суд тизимида ислоҳотлар бўлмади. Мен қамоқда ўтирганда қамалган минглаб одамнинг ярмидан кўпига адолатсиз ҳукмлар чиқарилганига гувоҳ бўлдим. Ўша оддий фуқаролар тақдири ҳал бўлиб, ўшалар оқлангандагина ислоҳотлар олиб борилди дейиш мумкин”, - деди судда оқланганларнинг бири, "Туран" сиёсий партияси етакчиси Жениш Мўлдўқматов.

Оқланганлардан яна бири - социал-демократлар партияси раҳбари Темирлан Султанбеков эса:“Суд бизни айбсиз деб топди, аммо бошқа айбдорлар бор. Воқеада ўлганлар, яраланганлар бор. Айбдорларни топиб, жазвобгарликка тортиш керак",- деб айтди.

Суд ҳукми бир неча кундан сўнг ўз кучига киради. Бунга қадар прокуратура мазкур ҳукм устидан юқори инстанция судига шикоят аризаси киритиши мумкин.

Қирғизистон парламенти собиқ депутати Рискелди Мўмбеков суд ҳукмига муносабат билдирар экан, октябрь воқеалари бўйича ўша пайтдаги ҳукумат раҳбарларининг жавобгарчилиги кўриб чиқилиши зарур, деб ҳисоблашини билдирди:

“Бугунги қарор адолатли бўлди. Бироқ мазкур воқеа юзасидан жиноят ишини очишга асос йўқ эди. Жиноят иши юзасидан мен ҳам гувоҳ сифатида иштирок этганман. Ички ишлар вазирлиги бунга алоқаси бўлмаган одамларга нисбатан жиноят иши очган. Октябрь воқеасида жабрланганлар бор. Суд уларни жабрланувчи сифатида тан олди. Шу сабабли энди ўша даврдаги президент, Миллий хавфсизлик қўмитаси ва ИИВ раҳбарларига нисбатан иш қўзғатилиши керак”.

Уч йилдан бери қамоқда ётган собиқ президент Алмазбек Атамбаевга бундан ташқари бошқа айбловлар ҳам билдирилган эди. Жумладан, собиқ президентга нисбатан Бишкекдаги Қалис-Ўрда мавзесидаги мактаб қурилишида коррупцияга йўл қўйганлик ва “Себат” маориф тизимининг туркиялик 10 нафар ходимига қирғиз фуқаролигини ноқонуний берганлик айбловлари бўйича иккита жиноят иши очилганди. 16 июнь куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Атамбаевни бу икки жиноят иши бўйича оқлаган эди.

Атамбаев 2013 йили қонундаги ўғри Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуий равишда муддатидан олдин бўшатиб юборганликда айбланган эди. 2020 йилнинг июнида мазкур иш бўйича у 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шу йилнинг 15 мартида Олий суд бу ҳукмни тасдиқлаган.

Бундан ташқари Атамбаев 2019 йилда Бишкек иссиқлик электр марказини модернизациялаш жараёнида коррупцияга йўл берганликда ҳам айбланмоқда. Мазкур жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.

Алмазбек Атамбаев 2019 йилниг августидан буён қамоқхонада сақланмоқда. Собиқ президент барча айбловларни инкор қилади ва буни сиёсий таъқиб деб баҳолаб келади.

Алмазбек Атамбаев Асқар Ақаев, Қурмонбек Бакиев ва Роза Ўтунбаевадан кейинги Қирғизистоннинг тўртинчи президентидир. У 2011 йилдан 2017 йилгача мамлакатни бошқарган.

2017 йилдаги президентлик сайловида у Сўўрўнбай Жээнбеков номзодини қўллаб-қувватлаган. Бироқ Жээнбеков президентликка сайланганидан сўнг Атамбаев мухолифатга ўтган ва президентликка ўзи олга сурган шахсни танқид қила бошлаган.

Шундан сўнг Атамбаев қонундаги ўғри Батукаевни қамоқдан ноқонуний бўшатганликда айблана бошланган. У Ички ишлар вазирлиги ўтказаётган терговга қатнашишдан бош тортгани ортидан 2019 йил августида Қўйтош қишлоғида яшаётган Атамбаевни қўлга олиш амалиёти ўтказилган. Махсус амалиёт чоғида миллий хавфсизлик қўмитаси зобити вафот этган ва 175 киши турли жароҳатлар олган.

XS
SM
MD
LG