Таҳлилчилар тазйиқлар бундан кейин ҳам кучайиши мумкинлигини айтишади. Айни дамда “Стоп мигрант” номли Telegram-бот фаолият бошлади.
"Ноталар қандай натижа беряпти?"
Августда Подмосковьеда россиялик эркакнинг ўзбекистонлик мигрантни “сен қулсан” деб ҳақорат қилиши - ўзбек жамиятида норозилик уйғотган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса “хориждаги фуқаролар давлат ҳимоясида эканини" билдирган баёнот билан чекланган.
Москвага нота йўллангани хақида эса ҳолат жамоатчиликдаги кескин танқид қилингандан сўнг, 2 сентябрда эълон қилинди. Аммо бу хақида вазирликнинг август ойи фаолиятига бағишланган брифингнинг охирида қисқача сўз бўлган холос.
“Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган маълумотларни мунтазам равишда кузатиб боради ҳамда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўриш мақсадида хорижий мамлакатларнинг ваколатли идоралари билан яқин ҳамкорлик қилади. Хусусан, август ойида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан Россия ташқи ишлар вазирлигига мазкур видеодаги шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чоралар кўриш мақсадида расмий нота юборилди” - деди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов.
Бироқ Россия томони бунга ҳозирча муносабат билдирмади. Муҳожирни ҳақорат қилган шахс қўлга олингани ёки жазолангани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Дипломатик ноталарга жавоб бериш муддати халқаро ҳуқуқда қатъий белгиланмаган. Яъни, расмий тартибда аниқ вақт чегараси йўқ. Аммо амалиётда агар нота жиддий сиёсий ёки инсон ҳуқуқлари масаласига тегишли бўлса, жавоб бериш тезроқ амалга оширилиши керак.
Бу - жорий йилда Ўзбекистоннинг Россияга йўллаган иккинчи нотаcи. Июнда Москвадаги рейд пайтида ОМОН аскарлари ўзбекистонлик мигрантларни ҳақорат қилиб, куч ишлатгани акс этган видеолар тарқалган. Ўшанда Ўзбекистон биринчи марта нота йўллаганди. Россиянинг Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова ҳолат ўрганилаётганини айтган. Лекин натижаси хақида маълумот берилмаган.
Собиқ депутат, жамоат фаоли Расул Кушербоев ноталарнинг натижаси номаълум эканига танқидий фикр билдирди:
“Билганимиз шуки, охирги вақтларда бир нечта ҳолатда гувоҳ бўлдик: жамоатчиликнинг кескин муносабатидан сўнггина Ташқи ишлар вазирлиги нота йўлламоқда. Фақат очиқ қолаётган савол бор: юборилаётган ноталар қандай натижа беряпти? Ҳозир ҳам биз билмаган ҳолатларда қанча ўзбекистонлик Россиянинг антимиграцион сиёсатининг қурбони бўляпти? Яна қанчаси “қулсан” деб ерга урилаяпти? Тармоқларда фақат битта-иккита ҳолатни кўряпмиз, холос. Лекин аниқки, бугун рус жамиятида империалистик кайфият жуда кучайган".
Кушербоев бу ҳолатларни Москвадаги иқтисодий мураккабликлар ва Украинадаги уруш билан боғлайди. Унинг фикрича, жамиятдаги инқироз учун айбдор излаш тенденцияси мигрантларга нисбатан салбий сиёсатни шакллантириши мумкин.
Навбатдаги назорат - "Стоп мигрант"
Охирги пайтларда Россияда муҳожирларнинг ишлаш ва яшаш имкониятларини чекловчи бир қатор қонунлар қабул қилинди. Шу билан бирга, Кремль “қонунсиз миграцияга қарши кураш” деб атаган рейдлар давомида полиция ва куч ишлатар тузилмаларнинг Марказий Осиёдан борган мигрантларга босими кучайган ва бу жараён яқин орада тўхтайдиганга ўхшамаяпти.
Айни дамда “Адолатли Россия" партиясининг ташаббуси билан яратилган “Стоп мигрант” номли Telegram-бот ишга туширилди. У орқали фуқаролар мигрантларнинг устидан арз қила олади. Яъни, миграция қонунчилиги бузилиш ҳолатлари - рўйхатдан ўтмаслик, ноқонуний меҳнат фаолияти, антисанитария ва бошқалар хақида хабар бериш таклиф қилинмоқда.
Партия раҳбари Сергей Миронов маҳаллий каналларинг бирига берган интервьюда мигрантлар борасида шундай фикр билдирган:
“Бизда шундай “ақлли” одамлар борки, улар чиндан ҳам меҳнат муҳожирлари орқали барча демократик муаммоларимизни ҳал қилиш мумкин деб ўйлашади. Россияга келган муҳожирларнинг фақат 28 фоизи ишлашни режалаштирган. Савол туғилади: қолганлари нега келяпти? Нега оилалари билан келяпти? Кимдир мигрантлар сони 5–6 миллион дейди, кимдир 15 миллионгача дейди. Бизда таклиф бор, яқинда кузги сессия бошланади, биз қонун лойиҳаларини киритамиз. Агар кимгадир чиндан ҳам ишчи кучи керак бўлса, исботласин, оиласиз келсин ва кетсин. Агар оила аъзоларидан кимдир жиноят содир этса, у қонун олдида жавоб бериши керак, ва бутун оила мамлакатдан чиқарилиши керак. Уларга бу ерда ўрин йўқ”.
Лекин Мироновнинг "мигрантларнинг фақат 28 фоизи ишлашни режалаштирган" деган фикри қайси тадқиқотга асослангани айтилмаган.
Бу каби ташаббуслар Давлат Думасидаги депутатлар томонидан илгари ҳам кўп бора янграган. Ўтган йили ЛДПР мигрантларнинг устидан арз қилиш учун махсус веб-сайт ишга туширган эди.
1 сентябрдан эса Москвада мигрантларни назорат қилиш учун “Амина” номли илова амалиётга жорий этилди.
Бир неча кун аввал файласуф Александр Дугин Россияда қолишни истаган мигрантларни христианликни қабул қилиб, “рус” бўлишга чақирган. Унинг фикрича, православ динини қабул қилган ва Россия армияси сафида Украинага қарши урушган ўзбек, тожик ва бошқалар мигрант эмас, балки “хақиқий рус” ҳисобланади. Акс ҳолда, “ ватанига кетсин” деган чақириқни илгари сурган файласуф.
Расмий баёнотлардан нега фойда йўқ?
Бу каби ҳолатлар қизғин муҳокама бўлиб, турли норозиликларни туғдираётганда, ҳамда Тошкент Кремлга нота йўллаган пайтда - 2 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашган. Аммо бу учрашувда ўзбекларнинг Россияда тахқирланишига оид масала кўтарилганми ёки йўқми, расмий маълумотларда айтилмаган.
“Ўзбекистон томонининг расмий идоралари ҳам босим остида деб ўйлайман, чунки Россиянинг тажовузкор сиёсатини кузатмоқда. Бу ҳолда имкониятларни баҳолаш ва ҳаракат қилиш зарурлиги мавжуд. Лекин охирги пайтларда, айниқса Озарбайжонда, миллий манфаатлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кескин ҳаракатларга гувоҳ бўлдик. Бу ўз навбатида, Россия томонини айрим ҳаракатларни қайта кўриб чиқишга мажбур қиляпти” - дейди собиқ депутат Расул Кушербоев
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг жорий йилнинг июнь ойидаги маълумотига кўра, Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликлар сони ҳозир бир миллионга етмайди. Вазирликнинг матбуот котиби 7-8 йил аввал бу кўрсаткич 5-6 миллион атрофида бўлганини айтган.
19 июнда Россия президенти Владимир Путин Россия ва Ўзбекистон миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишини маълум қилган. Аввалроқ эса Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева, президент админстрацияси раҳбари бўлиб тайинлашидан сал олдин Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, мигрантларга патент бериш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф этган.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларни ўзлари яшаб турган давлатнинг тегишли назорат органларига, шунингдек Ўзбекистон элчихоналари ва консулликларига мурожаат қилишга чақирмоқда.
Бироқ мигрантларнинг Россияда полицияга мурожаат қилиши – ўзини муаммо гирдобига улоқтиришга баробарлигини айтишади. Шу билан бирга, элчихона ва консуллик ходимларига мурожаат қилишдан кутилган самарани ололмаётгани, баъзи ҳолларда эса муомалада совуққонлик ва қўполликка дуч келаётгани ҳақида ҳам шикоятлар мавжуд.
Форум