Линклар

Шошилинч хабар
01 июн 2025, Тошкент вақти: 13:38

Президент қизининг Кремлга сафари нимани англатади?


Саида Мирзиёева ва Михаил Мишустин. 29 май, 2025 йил, Москва.
Саида Мирзиёева ва Михаил Мишустин. 29 май, 2025 йил, Москва.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг амалдор фарзандлари Кремлда катта эҳтиром билан қабул қилинди. Бу – Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсирини “эҳтимолий ворислар” орқали мустаҳкамлашга қаратилган стратегияси сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон бу ташриф Россия томонидан таклиф этилганини маълум қилди. Тожикистон эса сафарга ким ташаббус кўрсатгани ҳақида индамади.

Патентни Тошкентда расмийлаштириш таклифи

Россияда ўзбек муҳожирларига нисбатан зўравонлик кучайган бир пайтда, Ўзбекистон президентинин қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, патент олиш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф этди.

Бироқ расмий ахборотларда Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликларга нисбатан айнан куч ишлатиш, ҳуқуқларини бузиш каби долзарб масалалар кўтарилгани ҳақида маълумот йўқ.

Мирзиёеванинг Телеграм-каналида эълон қилинган хабарда у бош вазир билан учрашувда миграция тартиб-тамойилларини тезлаштириш чора-тадбирлари ва патентларни расмийлаштириш босқичларининг бир қисмини Ўзбекистон ҳудудига кўчириш имконияти муҳокама қилингани тилга олинган.

Айни пайтда маҳаллий матбуот бу учрашув Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг май ойи бошида Россиядаги ўзбек мигрантлар ҳуқуқларининг поймол этилаётгани бўйича билдирган хавотиридан сўнг амалга ошганига эътибор қаратди.

Москвада муҳожирлар масаласининг муҳокама қилиниши - "Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги ватандошлар тақдирига бефарқ", деган танқидларга маълум маънода жавоб сифатида ҳам кўрилмоқда.

Россияда хавфсизлик кучлари Марказий Осиё давлатларидан бориб ишлаётган муҳожирларни калтаклаган, хўрлаган ҳолатлар ёзилган видеолар сўнгги ойларда кўпайган. Россия томони буни махсус рейд деб атайди ва муҳожирларнинг маҳаллий қонунларни бузиши, миграция талабларига бош эгмаганлар кўплигига боғлайди. Ўзбекистонлик фаоллар орасида "Тошкент бунга тегишли чора кўрмаяпти", деган норози фикрлар кўпайган.

Москва вилоятининг Сахарово марказига патент олиш учун келган муҳожирлар. Архив.
Москва вилоятининг Сахарово марказига патент олиш учун келган муҳожирлар. Архив.

Мирзиёеванинг билан Мишустиннинг 29 майдаги учрашуви акс этган расмий лавҳаларда асосий эътибор Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган байрам маросимлари ва Ўзбекистонда рус тилига нисбатан кўрсатилаётган эҳтиромга қаратилди.

Мишустин Тошкентни "Москва учун ишончли ҳамкор" деб таърифлар экан, Ўзбекистон раҳбариятига рус тилига бўлган эҳтиёткор муносабат учун миннатдорчилик билдирди.

Бир ой аввал эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Самарқанддаги “Мотамсаро она” монументи пойида рус тилидаги ёзув йўқлигидан норози бўлганди.

Ўзбекистон президентининг қизи Россия бош вазири билан суҳбат давомида Москвани "биз учун севимли шаҳар" дея фикр билдирди ва 9 майдаги байрамда 30 лидернинг иштирокини "катта воқеа" сифатида таърифлади.

Кадр сиёсатига қаратилган эътибор

28 майда Саида Мирзиёева Россия президенти администрацияси раҳбари Антон Вайно, унинг ўринбосарлари ва Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко билан учрашган.

Мирзиёева тармоқларга бўлишган хабарларда Россия президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Сергей Кириенко билан музокара давомида “кадрлар сиёсати масаласи” муҳокама қилинганини билдирган.

“Ёшлар ва кадрлар сиёсати масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва раҳбарларнинг янги авлодини тарбиялаш бўйича тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан томонлар манфаатдор экани таъкидланди” – деган Мирзиёева.

У “кадрлар сиёсати масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини” таъкидлагани билан, қайси соҳалардаги, қандай лавозимлар ёки мутахассислар ҳақида сўз кетганини очиқламаган.

“Хақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партияси лидери, профессор Хидирназар Аллақуловнинг фикрича, айнан шу ноаниқлик “Ўзбекистондаги кадр сиёсатидаги муҳим қарорлар Москва билан мувофиқлаштирилаётгани мумкин” деган гумон ва таҳминларни янада кучайтирди.

“Кадрлар масаласини муҳокама қилган бўлса, бунга икки жиҳатдан қараш мумкин. Яъни, ўзини отаси Шавкат Мирзиёев ўрнига президент бўлиши масаласи. Иккинчи вариант эса Ўзбекистондаги муҳим мансабларга кимларни тайинлаш масаласини Россия Саида Мирзиёева орқали Шавкат Мирзиёев олдига кўндаланг қилиб қўйяпти. Демак, Ўзбекистондаги кадрлар масаласини ҳамма вақт Россия билан маслаҳатлашиб, Россиянинг гапи билан, кўрсатмаси билан ишга ошишини ўзлари исботлаяпти” – деди Аллақулов.

40 ёшли Саида Мирзиёева отасининг президентлик йилларида Ўзбекистон давлат тизимида юқори лавозимларга кўтарилди. Ҳозирда президент ёрдамчиси сифатида ишлаётган Мирзиёева Ўзбекистонда давлат раҳбаридан кейинги муҳим шахс ҳисобланади.

У расмий учрашувларда доим қатнашади, хорижий делегацияларни қабул қилади, вилоятларга бориб туради, Ўзбекистонни халқаро миқёсда намоён этади. Сиёсий экспертлар Саидани отасининг эҳтимолий вориси сифатида кўрадилар.

Геосиёсий вазият ва ташрифлар

Президент қизининг Москвага ташрифи Италия бош вазирининг Ўзбекистонга сафарига тўғри келгани, бу воқеа Россия ва Европа ўртасидаги сиёсий қарама-қаршилик фонида кечаётгани билан геосиёсий вазиятга оид турли таҳлилларга асос яратди.

Қолаверса, 28 май куни Россия президенти Владимир Путин Тожикистон давлат раҳбарининг ўғли, Душанбе шаҳар ҳокими, шу билан бирга Тожикистон парламенти юқори палатаси — Миллий мажлис раиси Рустам Эмомалини ҳам қабул қилган.

“Италиянинг бош вазири Жоржа Мелони Ўзбекистонга 28-29 майда Ўзбекистонга келди. 30 майда эса Италия ва Марказий Осиё саммитини ўтказиш учун Қозоғистонга борди. Албатта, бу Россияга ёқмайди. Шундай шароитда Москвага чақирилган икки президент фарзандларига бу масалалар ҳам айтилади. Яъни, Шавкат Мирзиёевга ва Эмомали Раҳмонга уларнинг Европа билан ривожланаётган алоқаларидан норозилигини Саида ва Рустам орқали етказади деган фикрдаман” – дейди мухолифат фаоли Хидирназар Аллақулов.

Владимир Путин ва Рустам Эмомали. 28 май, Москва.
Владимир Путин ва Рустам Эмомали. 28 май, Москва.

Тожикистон президентининг ўғлининг Москва сафари ҳақида Кремль сайтида қисқагина хабар эълон қилинди, ҳеч қандай тафсилотлар берилмади. Кремлнинг Телеграм-каналига эса фақатгина 14 сониялик овозсиз видео жойланди — унда Россия президентининг душанбелик меҳмон билан учрашгани акс этган.

Аммо Тожикистон давлат оммавий ахборот воситалари бу учрашувни кенг ва батафсил ёритишди. “Ховар” давлат ахборот агентлигининг маълумотига кўра, Путин билан Рустами Эмомали Тожикистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг кенг доирадаги масалаларини муҳокама қилган.

Лекин экспертлар улар нима ҳақида гаплашгани эмас, балки Путиннинг Тожикистон президентининг эҳтимолий ворисини расман қабул қилганига кўпроқ эътибор қаратишмоқда. Чунки бу Путиннинг Рустам Эмомали билан биринчи очиқ учрашуви бўлди.

“Айтиш жоиз, Эмомали Раҳмон ҳаёти давомида барча мақсадларига эришди — энг асосий мақсади эса ҳокимиятни ўғлига мерос қолдириш эди. Владимир Путин эса Рустам номзодига узоқ вақт қарши бўлиб келган. Россия сиёсий доираларида Рустам Москва кўришни истайдиган номзод эмаслиги ҳақида маълумотлар бўлган. Бироқ муҳими — Эмомали Раҳмон ўз мақсадига эришди. Ва биз эслаймиз, 9 май куни у Парад трибунасида Путиннинг чап томонида ўтирганди — Си Цзинпин ўнг томонда эди. Бу унинг энг яқин меҳмонларидан бири сифатида қабул қилинганини кўрсатди” – деди сиёсий таҳлилчи Темур Варқи “Настоящее время” каналига берган интервьюсида.

Рустам Эмомали ҳозирда 37 ёшда. Унинг давлат хизматидаги фаолияти 2011 йилда бошланган, илк расмий лавозимини эса 2013 йилда олган — отаси уни Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари этиб тайинлаган. Тўрт йил ўтгач, 2017 йилда у Душанбе шаҳрининг ҳокими бўлди, 2020 йилда эса парламент юқори палатаси — Миллий мажлис раиси этиб сайланди.

У Тожикистонда ҳозирги президентнинг вориси экани ҳақида таҳминлар 2016 йили бошланган. Ўша йили мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритилиб, президентликка номзодлар учун ёш чегараси 35 ёшдан 30 ёшга туширилган.

Форум

XS
SM
MD
LG