Расмий нуқтаи назардан, ушбу қарор туризмни рағбатлантириш ва савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиришни кўзлайди. Айрим экспертлар эса геосиёсий рақобат фонида Хитойнинг "юмшоқ куч" сиёсатидаги навбатдаги қадами сифатида ҳам баҳолашади.
90 ва 30 кунга боғлиқ муҳим шарт
Визасиз режим 1 июндан бошланади. Ўзбекистонликлар Хитойда, хитойликлар Ўзбекистонда чегарадан ўтганидан сўнг 30 кунгача, умумий ҳисобда 180 кун ичида 90 кун визасиз бўлиши мумкин. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда 13 май куни хабар маълум қилган.
"Битимга мувофиқ, томонлар давлатлари фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун ҳар бир алоҳида бўлиш муддати 30 кундан ошмайдиган муддатда ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда виза талабларидан озод қилинади. Бунда Томонларнинг давлатлари ҳудудига ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги лозим. Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолишлари керак бўлса, улар кириш визасини олдиндан олишлари лозим" деб ёзилган расмий хабарда.
Ўзбекистон аслида 2021 йил март ойида ҳам Хитой фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий қилган. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн 2023 йил октябрь ойида Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасида визасиз режимни жорий этиш бўйича Пекин ҳукуматида “кучли хоҳиш борлиги”ни таъкидлаганди.
Марказий Осиё ва Хитой алоқалари бўйича эксперт Темур Умаров визасиз режимни икки давлат алоқасининг катта ютуғи деб эмас, балки Хитойнинг туристларга эшик очиш сиёсати доирасидаги навбатдаги қадам дея баҳолайди:
"Чунки Пекин бу йўналишда бир қатор давлатлар билан шунга ўхшаш келишувлар тузмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон билан Хитойнинг ўртасида савдо ҳажмининг ошиши, Тошкентга инвестициялар ва берилаётган кредитлар ортиб бораётгани — икки давлат ўртасидаги яқинлашув тенденциясини ҳам кўрсатади”.
Нуфуз ошириш ҳаракатими?
Виза тартибини енгиллаштириш бўйича келишув 2024 йилда президент Шавкат Мирзиёев Пекинга қилган давлат сафари чоғида имзоланган. Шундай қилиб, постсовет давлатлар орасидан Ўзбекистон Хитой билан визасиз режим ўрнатган еттинчи давлат бўлиб қолди. Аввал Россия, Беларусь, Украина, Озарбайжон, Арманистон ва Қозоғистон шундай келишув тузган. Ҳозирда Қирғизистон ва Грузия ҳам Хитой билан визасиз режим масаласида музокараларни олиб бормоқда.
Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов буни Хитойнинг нуфуз ошириш ҳаракати деб ҳисоблайди:
“Хитой визасиз режим каби ёндашувни фақат постсовет давлатларига эмас, балки Лотин Америкасидаги бир неча мамлакатларга ҳам қўлламоқда. Бу Пекиннинг жамиятлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга интилаётганини кўрсатади. Ижтимоий-маданий тўсиқларни қисқартириш орқали Хитой ўз нуфузини оширишга ҳаракат қилмоқда. Геосиёсий жиҳатдан эса бу Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги рақобат фонида кечмоқда — яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммити ҳам минтақага нисбатан Брюсселнинг эътибори ортганини англатади. Хитой эса бу жараёндан орқада қолмаслик учун янги имкониятларни излаётгандек ва минтақага таъсирини ошириш йўлларини излаётгандек”.
Шунингдек, таҳлилчилар Хитой ва Ўзбекистоннинг демографик ва иқтисодий салоҳиятидаги фарқларга эътибор қаратишади. Қарийб 1,5 миллиард аҳолиси бор Хитойдан келувчи сайёҳлар, тадбиркорлар ва инвесторлар оқими инфратузилмага жиддий босим бўлиши мумкин. 37 миллионли Ўзбекистондан эса Хитойга асосан арзон сайёҳлар кириб бориши, ўзбекларнинг бу давлатдан иш топишига имконият йўқлиги тахмин қилинмоқда.
“Бироқ ҳозирча бу визасиз режим фақатгина сайёҳлик ва бизнес алоқалардан нарига ўтмайди. Чунки визасиз режим асосан 30 кунлик муддатга берилади. Бу эса ўзбек мигрантларининг Хитойда расман иш топиш имкониятини тўлиқ ёпади. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ёки Россия билан меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатлари билан солиштириб бўлмайди. Яқин келажакда бу йўналишда қандайдир имкониятлар очилиши эҳтимоли жуда паст” - дейди Илҳомов.
Тошкентнинг биринчи рақамли савдо ҳамкори
Ҳозирда Хитой маҳсулотлари Ўзбекистон бозорларини деярли эгаллаган. Пекин сармояси билан ташкил этилган қўшма корхоналар, қуёш панеллари ва томчилатиб суғориш тизимлари каби соҳалардаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Сўнгги йилларда хитойлик тадбиркорларга ерлар деҳқончилик қилиш учун берила бошлади. Айрим ҳудудларда фермерларнинг ерлари хитойликларга мажбуран берилаётгани ҳақида Озодлик суриштирувлар ҳам тайёрлаган.
Сиёсий таҳлилчи Наргиза Умаровага кўра, Хитой 1990 йиллар охири ва 2000 йиллар бошиданоқ ўзига яқин давлатлар билан таъсир доирасини кенгайтиришга киришган. 2024 йилда Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмаси 95 миллиард долларга етган — бу Россия билан айланмадан икки баробар кўп.
“Лекин 2017 йилга қадар Ўзбекистон анчагина ёпиқ давлат бўлган, шу жумладан иқтисодий ёрдам олиш масаласида ҳам. Асосий донорларимиз АҚШ билан афилланган ҳалқаро молиявий ташкилотлар эди. Орасида Хитойни учратмасдик. Вазият 2017-2018 йилари кескин ўзгара бошлади. Охирги икки-уч йилда Хитой Ўзбекистоннинг биринчи рақамли савдо ҳамкори бўлиб қолди” - дейди Умарова.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзининг 31 фоизи хорижий ҳукуматлардан жалб қилинади. Бунда Хитойнинг тараққиёт банки ва Хитой эксимбанкидан олинган қарзлар етакчи.
Таҳлилчи Темур Умаров бу ўлканинг таъсири ҳақида бундай фикрда:
“Аслида, Хитойнинг таъсири ортишининг ўзи минтақада хавф туғдирмайди. Агар бу таъсир монополияга айланса, яъни муайян соҳада Хитойнинг роли ҳаддан ташқари устувор, ягона таъсир этувчи кучга ўтса, у ҳолда хатарли вазиятга айланади. Бу – Марказий Осиё давлатлари томонидан эътибор қаратилишини талаб қиладиган ҳолат”.
Гап фақат сармояда эмас
2023 йилнинг ноябрида Хитой билан Қозоғистон ўртасида ҳам визасиз тартиб жорий этилган. Бу жараён қозоғистонлик фаолларнинг норозиликлари фонида ишга ошганди. Сиёсий таҳлилчи, собиқ дипломат Жарас Ўрмантай бугунги кузатишлари билан бўлишди:
“Шахсий кузатувимни айтадиган бўлсам, ҳозирда Олмота шаҳрининг ўзида хитойликларни кўп учратмаслик мумкин, аммо Медеу, Шимбулак, Кўктўбе каби сайёҳлик жойларида улар анча фаол. Бироқ, реал гап — биз кўпроқ илтимос қилувчи тарафмиз. Аввал биз Хитойга визасиз режим тақдим этдик, кейин улар бизга. Тўғри, Қозоғистонда хитойлик ишчиларга нисбатан иш ўринлари масаласида хавотирлар бор эди. Меҳнат низолари, митинглар, норозиликлар бўлган. Ҳукумат фаоллар ўртасида жуда кўп музокаралар олиб борилган. Бугун бу муаммолар асосан ғарбий Қозоғистонда, маҳаллий компанияларда кузатилади. Хитой компаниялари бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун иш ҳақини ошириш орқали муаммоларни бартараф этмоқда”.
Сўнгги ўн йилликда Хитой “Бир камар – бир йўл” ташаббуси доирасида Марказий Осиёда иқтисодий ва инфратузилмавий фаолиятни амалга оширяпти. Муттахассислар таъкидлашича, Пекин минтақага фақат сармоя эмас, балки инсон ресурсларини ҳам йўналтирмоқда. Туризм, талабалар алмашинуви, кичик савдо ва сервис орқали Хитой стандартлари, тили ва маданияти тарқалаётгани, шу орқали назорат механизмлари ҳам кучаётгани ҳақида тахминлар мавжуд.
Хитой ҳукумати сўнгги пайтларда чет эллик блогерлар ва машҳур шахслар орқали ўзини ижобий тарзда намоён этишга ҳаракат қиляпти. 2025 йил апрелида қирғизистонлик бир гуруҳ блогерлар Хитойга таклиф этилди ва бу мамлакат ҳақида видеолавҳаларни тайёрлашди. Қолаверса, Пекин Ғарб юлдузларини ҳам таклиф этиб, яхши тарафларини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, яқинда “Оскар” соҳиблари Эдриан Броуди ва Жоржина Чапман Хитойда бўлишди. Бундан ташқари, 39 миллиондан зиёд обуначига эга блогер Даррен Уоткинс Хитойда соатлаб жонли эфир олиб борди Маҳаллий ахборот воситалари бу ташрифлар Ғарбдаги Хитойга нисбатан салбий тасаввурни ўзгартиришга хизмат қилмоқда, деб ёзди.
Бироқ инсон ҳуқуқлари борасида Хитойга қаратилган танқидлар ҳануз қолмоқда. Бирлашган миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, Шинжонда миллионлаб мусулмонлар “қайта тарбия” лагерларига қамалган. Хитой бунга “экстремизмга қарши кураш” деб изоҳ бериб келмоқла, аммо хориж экспертларига ушбу ҳудудга кириш тақиқланган.
Форум