Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:56

Ядровий қуроллар бўйича АҚШ-Россия музокараларига Хитойни жалб қилиш осон бўлмаяпти


Россиянинг қитъалараро учувчи Сармат ракетаси
Россиянинг қитъалараро учувчи Сармат ракетаси

Хитой Венада АҚШ ва Россия вакиллари ўртасида ядровий қуроллар бўйича 22 июнда ўтказилган музокараларда қатнашишдан бош тортди. Вашингтон стратегик ядровий қуролларга чеклов қўювчи New START шартномаси ўрнига янги келишув имзоланиши учун курашиб келади, чунки 2010 йили имзоланган ушбу келишув 2021 йил февралида ўз кучини йўқотади.

Венада бўлиб ўтган учрашувлар ортидан АҚШ ва Россия вакиллари июль ёки августда музокараларни давом эттиришга умид изҳор қилишди.

Вашингтон музокарачиси Маршалл Биллингслининг сўзларига кўра, Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков билан шартнома юзасидан ўтказилган музокараларда сезиларли силжишлар кузатилган. Жумладан, томонлар янги шартномани ишлаб чиқиш учун бир неча техник гуруҳларни ташкил этишга келишиб олди.

Музокаралар давом этиши кутилаётган бўлса-да, Вашингтоннинг айрим талаблари қийинчилик туғдирмоқда. Жумладан, Вашингтон Россия билан музокараларда Хитой ҳам қатнашишини, бир шартнома билан учала давлат ядровий қуроллари захираларини чеклашни истайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп уч йилдан бери уч тарафлама келишув имзоланишига эришишга курашиб келади.

Бу орада Вашингтон Россияни ўз мажбуриятларини бажармасликда айблаб, бошқа қурол назорат қилиш келишувларидан чиқди.

Пекин эса ядровий қуролларни қисқартириш шартномаларини имзоламаган, шунинг учун АҚШ расмийлари Хитойдаги ядровий, гиперсоник ҳамда кибер қуроллар кўлами юзасидан хавотир изҳор қилиб келади.

Вашингтон, шунингдек, Пекинни ўз ядровий кучлари кўламини оширишда айблаб келади. 24 июнь куни Биллингсли Хитой ўзининг тез суръатда ўсиб бораётган арсеналини «дунёдан яшираётганини» таъкидлади.

Ушбу уч давлат ўртасида келишувга эришиш осон бўлмайди. АҚШ расмийлари ностратегик қуролларни ҳам ўз ичига олувчи келишувни имзолашни истайди. Қолаверса, Вашингтон қуроллар захирасини қаттиқ назорат қилиш тарафдори. Мутахассислар бу талабни амалга ошириш учун бир неча ой ёки йил талаб қилинишини айтмоқда.

Қолаверса, Россия ва АҚШ муносабатлари кескин совиб кетган. Вашингтон Москвани муддати тугаган Ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномани бузишда айблаб келади.

Москва ҳам, ўз навбатида, Вашингтонни келишув шартларини бузишда айблади.

АҚШ ва Россия New START шартномасини яна беш йилга узайтиришни муҳокама қилиши мумкин. Аммо Вашингтон келишувни узайтириш Хитойни қуролларни назорат қилиш жараёнига жалб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишидан хавотирда.

Агар Трамп маъмуриятининг Хитойни жалб қилиш истаги туфайли Москва ва Вашингтон келишувни узайтирмаса, ярим асрда илк маротаба бу икки давлат истаганича ядровий қурол ишлаб чиқаришига йўл очилади.

Вашингтоннинг чақириқларига қарамасдан, Хитой ҳукумати музокараларда қатнашишдан бош тортмоқда.

Венадаги музокаралар арафасида Хитой ва Вашингтон расмийлари Twitterда тортишди. Хусусан, Биллингсли Хитой байроқлари қўйилган бўш музокара столи суратини тиркаб, Хитойни «#буюкмахфийликдевори ортида яшириниб, ядровий захираларини ва яна кўплаб бошқа нарсани яширмоқда» , деб ёзди.

Бунга жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг қурол назорати бўлими етакчиси Фу Цунг «Қандай қизиқ манзара. Хитойнинг розилигисиз музокара столига Хитой миллий байроқларини қўйибсизлар!», деб ёзди.

Бу орада Россиянинг Австриядаги элчиси Дмитрий Любинский музокара ўтказилган хонада Хитой байроқлари бўлмаганини таъкидлади.

Трамп маъмурияти Пекин кейинги ўн йил ичида ўз ядровий қуроллари захирасини икки баробарга оширишга уринаётганини айтиб келади.

Айни дамда Москва ва Вашингтон умумий ҳисобда 12 170 та ядровий каллакка эга бўлиб, бу дунёдаги ядровий каллаклар захирасининг 90 фоизини ташкил қилади. Пекинда эса атиги 320 каллак бўлиб, Хитой расмийлари ўз қуроллари сонини чекловчи келишувни имзолашга ошиқаётгани йўқ.

Россия президенти Владимир Путин АҚШ ва Россия ўртасидаги шартномани узайтиришга рози эканлигини изҳор қилди, аммо музокараларга Хитойни ҳам жалб қилишга уринаётган Трамп маъмурияти ҳали бир қарорга келгани йўқ.

XS
SM
MD
LG