Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 20:54

Ўзбекистон хабарлари

ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари бюроси директори сайловларни кузатиш учун Тошкентга келди

Ингибьёрг Сольрун  Гисладоттир
Ингибьёрг Сольрун  Гисладоттир

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир 20 декабрь куни Тошкентга келди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Гисладоттир 22 декабрь кунги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларни мониторинг қилувчи ЕХҲТ кузатувчилар гуруҳига раҳбарлик қилади.

МСК таъкидича¸ ЕХҲТ 1999 йилдан бери илк марта бу йилги сайловларни кузатиш учун тўлақонли миссия юборган.

Бу миссия таркибига Тошкентда жойлашган 11 нафар халқаро эксперт¸ 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган. Миссия ўз фаолиятини 25 ноябрдан бошлаган.

ЕХҲТнинг оралиқ ҳисоботида¸ қатор камчиликлар баробарида¸ Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва овоз бериш амалиëтида "сезиларли прогресс" кузатилгани айтилган.

ЕХҲТ миссияси сайловларга оид ўз якуний хулосасини 23 декабрь куни тақдим қилади.

Сайловларни МДҲ¸ ШҲТ каби бошқа қатор халқаро тизимлардан келган юзлаб экспертларнинг кузатиши айтилмоқда.

Мирзиëев президентликка келганидан бери биринчи марта ўтказилаëтган сайловларда Каримов даврида тузилган беш партия номзодларигина иштирок этмоқда.

Муҳожиратдаги мухолиф партия ва ҳаракатлар бу сайловларга қўйилмади¸ улар етакчиларининг Ўзбекистонга қайтишига ҳам изн берилмади.

Кун янгиликлари

Ҳаж мавсумига кейинги ҳафта якунида старт берилади — ЎМИ

Ўзбекистонда бу йилги ҳаж мавсуми 23 майдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада кейинги ҳафта охиридан 7 июнга қадар Ўзбекистондан Саудия Арабистонига ҳар куни авиақатновлар амалга оширилиши айтилган

Қайд этилишича, Саудия Арабистонининг Мадинаи Мунаввара шаҳрига учадиган Uzbekistan Airways учоқлари Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоий аэропортларидан парвоз қилади.

ЎМИ вакиллари “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши жорий мавсумга тайёргарлик ишларини давом эттираётгани, жумладан зиёратчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, гуруҳ раҳбарларини бириктириш, сафар олди машғулотлар ўтказиш, шифокорлар ва ошпазлар гуруҳини жалб этиш ҳамда сафар ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари якунига етказилаётганини қўшимча қилишган.

Тўққизта вилоят аҳолиси ҳафталик сел хавфидан огоҳлантирилди

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига келган сел оқибати (архив сурати)
Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига келган сел оқибати (архив сурати)

Жорий йилнинг 16-22 май кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин туфайли Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Ўзгидромет раҳбарига кўра, сел ҳодисалари мамлакатнинг 9 вилояти ҳудудида, шу жумладан Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Кўкдала, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Хабарномада тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.

Бу йил баҳор мавсумида Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари дохил Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар сел-тошқин ҳодисаларидан сезиларли зарар кўрди. Табиий офатлар оқибатида Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида бир неча киши қурбон бўлгани маълум.

Уруш бошидан бери Россияда болаларга қарши жинсий жиноятлар сони 6 баравар ошди

Украинада кенг кўламда босқин бошланган 2022 йил февралидан буён Россияда вояга етмаганларга қарши жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари билан боғлиқ жиноятлар сони қарийб 6 баравар, болаларга нисбатан шаҳвоний ҳаракатлар сони эса 1,5 баравардан кўпроққа ошган. Бу ҳақда “Можем объяснить” Телеграм канали Россия Олий судининг расмий статистик маълумотларидан келиб чиққан ҳолда маълум қилди.

Қайд этилишича, бу жиноятларнинг каттагина қисми урушдан қайтганлар томонидан, шу жумладан “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати томонидан ёлланган ва жанговар ҳаракатларда иштирок этгани туфайли афв этилган собиқ маҳкумлар тарафидан содир этилган.

2022 йил 24 февралидан кейин матбуотда Россия ҳарбийлари томонидан вояга етмаганларнинг жинсий зўрлангани билан боғлиқ камида 11 та ҳолат ёритилган. “Можем объяснить” Телеграм канали бу шов-шувли ҳодисалардан камида иккитасини мисол ўлароқ келтирган: ўтган йил баҳорида урушдан қайтган ёлланма 10 яшар ўгай қизини калтаклаб, жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатларини содир этган, собиқ вагнерчилардан яна бири эса 10 ва 12 яшар икки қизалоқни зўрлаган.

Оммавий ахборот воситаларида Украина урушидан қайтганлар томонидан содир этилган қотиллик ва зўравонлик дохил оғир жиноятлар ҳақидаги хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлиб турибди. Бу каби юзлаб воқеа маълум. Улар туфайли юзага келган шов-шувлар Кремлни ўз назорати остидаги журналистларга бундай воқеаларни ёритмасликни тавсия қилишга мажбурлаган.

Жорий йилнинг март ойида Россия Давлат думаси ҳарбий хизмат ўташ ҳақида шартнома имзолаган шахслар унча катта бўлмаган ва ўртача оғирликдаги жиноятлар бўйича жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилган. Бунгача жиноятлари учун судланган уруш қатнашчилари Россия президенти томонидан имзоланган афв фармони асосида жазодан озод қилинар эди.

UNICEF'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари алмашди

БМТ Болалар жамғармаси логоси
БМТ Болалар жамғармаси логоси

БМТ Болалар жамғармасининг (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонасига Реҳина Мария Кастижио раҳбар этиб тайинланган. Бу ҳақда ваколатхона матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Кастижио хоним Тошкентда иш бошлашдан олдин UNICEFнинг Хорватия ва Парагвайдаги ваколатхоналарини бошқарган.

Мулозима БМТ Болалар жамғармасида 2016 йилдан фаолият юритиб келмоқда. Унгача эса Кастижио хоним Боливия, Эквадор ва Перудаги UNAIDS директори, Швейцарияда UNAIDS хусусий сектор билан ҳамкорлик бўлими раҳбари лавозимларида ишлаган ҳамда БМТ Бош котиби Кофи Аннан Ижроия аппаратида Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича масъул ходими бўлган.

АҚШдаги Ғарбий Вашингтон университетида иқтисод ва халқаро муносабатлар бўйича таҳсил олган ҳамда Нотр-Дам университетида давлат бошқаруви ва халқаро муносабатлар бўйича магистрлик даражасини олган Кастижио хоним испан, инглиз ва француз тилларида равон сўзлаша олиши айтилган.

Реҳина Мария Кастижиодан олдин UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Мунир Мамедзаде раҳбарлик қилган. Ваколатхонани 2020 йил августидан бери бошқариб келган жаноб Мамедзаде Озодликка ҳам бир неча бор интервью берган эди.

Боку қидирувда бўлган икки шахсни Тошкентга экстрадиция қилди

Озарбайжон халқаро қидирувга берилган икки кишини Ўзбекистонга экстрадиция қилган.

Озарбайжон Бош прокуратураси қайдича, жиноятчиликка қарши кураш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида бу мамлакат Бош прокуратурасининг 32 ёшли украиналик Арсен Калдарар ва 44 ёшли Абдураҳмон Қаюмовни жиноий жавобгарликка жалб қилишга оид илтимосномаси қаноатлантирилган.

Ўзбекистонда товламачилик ҳаракатларини содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган бу икки шахс 2024 йил февралида Озарбайжонда ушланиб, ҳибсга олинган эди.

Хабарномада бу икковлон Озарбайжон Пенитенциар хизмати махсус қўриқчилари томонидан Ўзбекистоннинг салоҳиятли ташкилотлари ходимларига топширилгани айтилган.

Урганчда бешинчи қаватдан қулаган ўсмир касалхонага етказилди

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида вояга етмаган боланинг 5-қаватдан қулаб тушгани ҳолати юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда 2007 йилда туғилган ўсмирнинг Урганчдаги кўп қаватли уй 5-қаватидан Captiva автомобили устига қулагани акс этган видео тарқалган эди.

Шамсутдиновга кўра, касалхонага етказилган жабрланувчига айни пайтда зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

БП мулозими Урганчда содир бўлган ҳодисанинг сабаблари аниқланаётганини қўшимча қилган.

Мирзиёев “БМТ-аёллар” тузилмаси раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “БМТ-аёллар” тузилмаси раҳбари Сима Сами Бахус билан (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “БМТ-аёллар” тузилмаси раҳбари Сима Сами Бахус билан (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг ўринбосари, “БМТ-аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Бахус хоним Мирзиёевга БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг “саломи ва энг эзгу тилаклари”ни етказган.

“БМТ-аёллар” раҳбари бошчилигидаги делегация 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё хотин-қизлар форумида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган.

Учрашувда Ўзбекистоннинг “БМТ-аёллар” тузилмаси билан конструктив ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек,

Самарқандда ўтказилган анжуман якунлари юқори баҳоланиб, форумни Осиё минтақасида аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий мулоқот платформасига айлантириш муҳимлиги таъкидланган.

Ўзаро ҳамкорлик бўйича, шу жумладан минтақавий даражадаги аниқ лойиҳа ва дастурларни ўз ичига олган ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган дастурни қабул қилиш зарурлиги қайд этилди”, дейилган хабарномада Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда “БМТ-аёллар” тузилмаси ваколатхонасини очиш масаласини қўллаб-қувватлагани қўшимча қилинган.

Ўзбекистонда аёллар ва болаларга қарши зўравонлик масаласи узоқ йиллар мобайнида долзарб муаммо бўлиб келган. Сўнгги йилларда бундай муаммо борлиги яширмай қўйилгани манзарасида мамлакат расмийлари ҳам оиладаги зўравонлик ва гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қарата бошлагани кузатилади.

Қодиров ўзбек тилини билмаганларга қарши чекловлар таклиф қилмоқда

“Миллий тикланиш” лидери Алишер Қодиров
“Миллий тикланиш” лидери Алишер Қодиров

Ўзбекистонда давлат тилини билмайдиган инсон нафақат давлат хизматида ишлаши, балки давлат хизматларидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмай қолишига эришилиши керак. Бу иддао “Миллий тикланиш” партияси лидери, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодировга тегишли.

Сиёсатчи ўз Телеграм-канали орқали ёйинлаган постида “Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт”лиги, “лекин бу Ўзбекистонда яшаётган русларни ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас”лигидан баҳс этган.

"Миллий тикланиш" лидери бу мулоҳазаларни Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг “Россияга ишлашга рус тилини биладиган, мамлакат анъаналарини ҳурмат қиладиган кишилар келиши муҳим”лиги ҳақидаги баёнотига жавобан билдирган.

Қодировга кўра, Ўзбекистонда яшаётган ва шу мамлакат фуқароси бўлган барча миллат вакиллари давлат тилини билишлари зарур.

Қонунларимизда босқичма-босқич боғча ва бошланғич таълимда бошқа миллатли ватандошларга ўз она тили ва қадриятларини ўрганишига шароит яратиш билан бир қаторда, ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши керак”, дея билдирган “Миллий тикланиш” лидери Алишер Қодиров.

Қуйи палата вице-спикери Қодиров авваллари ҳам жамоатчилик ўртасида баҳс-мунозарага сабаб бўладиган чиқишлар қилган. Дейлик, шу йил январь ойи охирларида у Ўзбекистонда рус тилидаги таълим ва ёйинни чеклаш таклифи билан чиққанди.

Масалан, 3 фоизга ҳам бормайдиган рус ватандошлар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп! Бу номутаносиблик тузатилиши керак”, деб ёзган эди у 24 январь куни Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида.

Алишер Қодиров бу постини россиялик миллатчи ёзувчи Захар Прилепин ва тарихчи Михаил Смолин баёнотларига жавоб ўлароқ қолдирган.

Битирув оқшомларини кафе ва ресторанларда ўтказиш тақиқланди

Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари битирувчиларига битирув кечаларини кафе ва ресторанларда ўтказиш тақиқланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирликнинг мактабларда 2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказишга оид тавсияларига мувофиқ, бу йил битирувчиларга турли ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшомлари”ни ўтказишдан ташқари имтиҳон ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда ҳамда таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар, уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш, битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш, ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши ман этилади.

Хабарномада бу йилги “Сўнгги қўнғироқ” тадбири 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилиши, унга мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилиши, тадбир маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилиши, унга фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари ва ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилиши, йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилиши айтилган.

Ўзбекистонда "Сўнгги қўнғироқ" тадбири билан боғлиқ қатор чекловлар аввалги йилларда ҳам кузатилган, бироқ улар асосан ноқонуний пул йиғимларига алоқадор бўлган.

Вазирлик: Меҳнат қонунчилиги энг кўп таълим тизимида бузилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорийнинг январь-апрель ойларида меҳнат қонунчилиги энг кўп халқ таълими соҳасида бузилган. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, ўтган тўрт ой ичида меҳнат қонунчилигининг бузилиши энг кўп халқ таълими муассасалари (5 612 та ҳолат) кузатилган. Бу йўналишда мактабгача таълим муассасалари (2 173 та ҳолат) иккинчи, соғлиқни сақлаш тизими эса (1 215 та ҳолат) учинчи ўринда.

Бандлик вазирлиги меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар қишлоқ хўжалиги (452 та ҳолат) ва қурилиш ташкилотларида (266 та ҳолат) ҳам қайд этилганига эътибор қаратган. Бироқ сўнгги икки соҳадаги қонунбузарликларни таълим тизимидаги қонун бузилишлари билан қиёслаб ҳам бўлмайди.

Вазирлик келтирган рақамлардан келиб чиқилса, йил бошидан буён мамлакатда меҳнат қонунчилиги бузилиши билан боғлиқ 10 мингтага яқин ҳолат қайд этилган.

Илк тўрт ойда давлат бюджет дефицити 25 триллион сўмдан ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда давлат бюджети дефицити 25 триллион сўмдан (Марказий банкнинг шу кундаги курси билан тақрибан 2 миллиард АҚШ доллари) кўпроқни ташкил этган. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёйинлаган инфографика маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Йилнинг илк чорагида давлат бюджети дефицити қарийб 20 триллион сўмга (1,56 миллиард АҚШ доллари) етгани ҳақида хабар қилинган ва бу сўнгги 12 йил ичидаги рекорд кўрсаткич экани урғуланган эди.

Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети дефицити 2023 йилда ҳам рекорд даражага етиб, 59 триллионн сўмни (5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ) ташкил этган. Ўтган йил якунида ҳукумат харажатлар чегарасини тутиб туролмагани учун парламент орқали лимитни оширишга мажбур бўлган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 25 декабри куни имзоланган 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлар 280,7 триллион сўмни ташкил этиши, дефицит эса 10,3 триллион сўм бўлиши кутилаётган эди. Бироқ бюджет дефицити илк тўрт ой ичида йиллик кутилмадан қарийб икки ярим баравар ошиб кетгани қатор саволларни пайдо қилмоқда.

Вояга етмаган ўқувчининг она бўлишига оид ҳолат юзасидан иш қўзғатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Болалар омбудсмани Самарқанд вилоятидаги мактабнинг 8-синф ўқувчисининг она бўлиши билан боғлиқ ҳолатни ўз назоратига олган.

Қайд этилишича, 2009 йилда туғилган П.З. ўтган йилнинг август ойида ўзига аввалдан таниш бўлган, 2006 йилда туғилган Ш.Э. билан яқин муносабатда бўлган. Вояга етмаган қиз 2024 йилнинг 6 май куни шифохонада чақалоқни дунёга келтирган.

Мазкур ҳолат юзасидан (вояга етмаган қизнинг ёшидан келиб чиқиб, ариза билан мурожаат қилинмаган бўлса-да) туман ИИБ томонидан ЖКнинг 128-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган”, дейилган хабарномада айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Ўзбекистонга инвестиция киритиш бўйича Хитой ҳамон олдинда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар ҳажми бўйича ҳали ҳам Хитой пешқадамлик қилмоқда. ХХР 2023 йил якунларига кўра ҳам Ўзбекистонга энг кўп инвестиция киритган мамлакат бўлган эди.

2024 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 107,1 триллион сўмни ташкил этганини очиқлаган Статистика агентлиги бундан асосий капиталга ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар улуши 68,9 фоизга етганини қўшимча қилган.

Агентлик қайдича, ўзлаштирилган жами хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмида энг юқори улушга эга бўлган инвестор давлатлар ичида биринчи ўринда Хитой (23 фоиз), иккинчи ўринда Россия (13,8 фоиз), учинчи ўринда эса Туркия (8,5 фоиз) турибди. Шунингдек, жорий йилнинг илк чорагида Ўзбекистонга салмоқли даражада инвестиция киритган давлатлар қаторида Саудия Арабистони (7,2 фоиз), Бирлашган Араб Амирликлари (4,8 фоиз) ва Германия (3,8 фоиз) каби давлатлар ҳам санаб ўтилган.

Статистика агентлиги аввал маълум қилганидек, 2022 йили Ўзбекистонга ётқизилган сармоя ва берилаётган кредитлар бўйича Россия биринчи ўринни (20,3 фоиз), Хитой эса иккинчи ўринни (16,4 фоиз) эгаллаган эди.

Мудофаа вазирлиги 9 май оқшомида мушакбозлик уюштирмоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 9 май куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да “Янги Ўзбекистон” боғида мушакбозлик ташкил этилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 8 май куни ҳам Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкентнинг асосий кўчалари бўйлаб ҳарбийлар юришини уюштирган эди. Пойтахтдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидан бошланган кечаги тадбир Magic City майдонида ниҳоясига етганди.

Мудофаа вазирлиги уюштирган чоршанба кунги тадбирларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этиб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйган эди.

Бунинг ортидан шу куннинг ўзида Россия пойтахтига йўл олган Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий ҳамжамияти саммитида қатнашган, 9 май куни эса у мезбон президент Владимир Путинга ҳамроҳлик қилиб, Москванинг Қизил майдонида уюштирилган ҳарбий парадда иштирок этди.

Ўзбекистон ТИВ Қозоғистонга йўл олган мигрантларни огоҳлантирди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат-ўтказиш масканларидан бири

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонга кириш қоидаларига ўзгартишлар киритилгани муносабати билан бу мамлакатга боришни режалаётган ўзбекистонликларга мурожаат қилди.

Унда вазирлик Қозоғистонга кириш ва чиқишда Ўзбекистон фуқароларига барча зарур ҳужжатларни ўзлари билан олиб юришни тавсия қилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон-Қозоғистон ёки Россия-Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда нафақат Қозоғистонга, балки Россия Федерациясига ҳам киришда ҳеч қандай тўсиқлар йўқлигига олдиндан ишонч ҳосил қилиш лозим, чунки Россия ва Қозоғистон ўртасидаги маъмурий ва жиноий ишлар бўйича қарорларни ўзаро тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги келишувларга мувофиқ Қозоғистоннинг ваколатли органлари Россия Федерациясининг миграция ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши ёки тўланмаган жарималар мавжудлиги бўйича текширув ўтказадилар”, дейилган ТИВ мурожаатида.

Агар Россия Федерациясида бўлиш даврида қайд этилган қоидабузарлик ёки тўланмаган жарима аниқланса, вазирлик қайдича, Қозоғистон томони Ўзбекистон фуқаросининг Қозоғистонга кириши ёки чиқишини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

ТИВ муҳожирлар учун муаммо юзага келмаслиги учун уларга Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармасининг расмий веб-сайти “Хизматлар” бўлимида махсус онлайн шаклни тўлдириш орқали Россияга кириш учун тақиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текширишни тавсия қилган.

Аввалроқ Қозоғистон полицияси Улитау вилоятида ишлаган 16 нафар мигрант депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди. Тўққиз нафари тожикистонлик, етти нафари ўзбекистонлик бўлган бу муҳожирлар, қозоқ полицияси маълумотига кўра, Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлагани аниқланган. Бунинг ортидан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 май куни Қозоғистонга йўл олган фуқароларни ёнида рухсатномалар бўлиши зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Вазирлик буни Қозоғистон халқаро аэропортларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий этилгани билан изоҳлаган эди.

Апрель ойида эса Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига Россияга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса ҳам, ҳуқуқбонлар мазкур тавсияга тожикистонлик фуқароларнинг сиқувга олинаётгани сабаб бўлган, дея тахмин қилмоқдалар.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган терактлар ортидан Россияда мигрантлар ксенофобиянинг янги тўлқини билан тўқнаш келишган. Мазкур иш бўйича ҳибсга олинганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG