Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:48

Қирғизистон ҳукумати Асқаров мукофотланишидан норози бўлди


Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаменти томонидан "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" мукофоти берилишига норозилик билдирди. Қирғизистон ҳукумати ҳуқуқ фаолига бу мукофотнинг берилиши миллатлараро низони қўзғайди, деб ҳисобламоқда. Асқаровга мукофотни топшириш маросими бугун Вашингтонда бўлиб ўтади.

Вазирлик баёнотида "Қирғизистон фуқароси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланиши Қирғизистонда таажжуб билан қабул қилингани" айтилган.

Айни дамда қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ фаолининг бундай нуфузли мукофот билан тақдирланиши мамлакатда "миллатлараро тинчлик ва муросанинг мустаҳкамланишига қарши қаратилган, ғаразли мақсадда қилинган ҳаракат" деб баҳоланган.

Бундай ҳаракатнинг Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги иккитомонлама муносабатларга жиддий шикаст етказиши урғуланган баёнотда Асқаровнинг мамлакатдаги барча суд инстанциялари томонидан "миллатлараро душманлик, оммавий тартибсизликни келтириб чиқариш, 2010 йил июнидаги қонли воқеалар чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимининг ўлдирилишига алоқадорлик"да айбланиб, жазога тортилгани таъкидланган.

Бугун Вашингтонда Ўш воқеаларида айбланиб бир умрга қамалган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари бўйича мукофоти топширилади.

Мазкур мукофот ҳар йили инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги фаолияти учун ҳукумат томонидан таъқиб қилинаётган жасоратли ҳуқуқ фаоллари ва ташкилотларга берилади.

Бишкекдаги “Бир дунё Қирғизистон” ташкилотининг билдиришича, Вашингтонда мукофотни Азимжон Асқаров номидан унинг ўғли Шерзод қабул қилиб олади.

Азимжон Асқаров 2010 йил 15 сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини таъкидлайдилар. Унинг ҳамкасблари ва халқаро ташкилотлар Асқаровнинг айбсиз эканига амин бўлган ҳолда, қарийб беш йилдан буён ҳуқуқ фаолининг озод қилиниши учун ҳаракат қилиб келади.

Азимжон Асқаров Озодлик радиоси билан суҳбатлардан бирида ўзнинг қамалишини ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг ўч олиши сифатида баҳолаб, тергов жараёнида қийноқларга солинганини айтган:

- Бозорқўрғон тумани милицияси камерасида 7 одам ўлган. Шуларнинг олтитаси бўйича мен охиригача ишлаганман ва бу ишларни ниҳоясига етказганман. Бир иш бўйича БМТинсон ҳуқуқлари қўмитасининг қарорини чиқартирганман. Ўша қарорда БМТ қўмитаси Қирғизистон ҳукумати зиммасига қамоқда ўлдирилган Тошкенбой Мўйдинов оиласига тавон пули тўлаш мажбуриятини юклаган. Бу иш 2004 йилда бўлган, 35 ёшли бу болани қўлга олиб, ярим соат ичида ўлдиришган. Мен бу ишларнинг ҳаммасини ошкор қилганман, милициядаги коррупция бўйича кўп ишларни амалга оширганман. Мени қўлга олишганида ИВС начальниги оёқлари билан қўлларимни депалаб, “Сени мана шу қўлларинг мени олти ой ишсиз қўйиб, бола – чақам очга қолган”, деб тепиб, мени қўлимни пўстак қилиб ташлади. Буларни эсласам ҳалигача азобланаман. Шунақанги даҳшатли азобларга солишган, - деган эди Азимжон Асқаров.

Шу йилнинг 13 июль куни эълон қилингaн бaёнотдa “Бир дунё Қиғизистон” тaшкилоти Aсқaров ишида aдолaтсизлик вa дискриминaцияга йўл қўйилгaнини aйтиб, соғлиги кескин ёмонлaшгaн фaолни дaрҳол озодликкa чиқaришни тaлaб қилaди.

“Бир дунё Қирғизистон”, “Қилим шaми” кaби мaҳaллий инсон ҳуқуқлaри тaшкилотлaри ҳaмдa Жaзони ижро этиш хизмaтининг Кузaтувчи кенгaши тaрaфидaн ҳуқуқ фaолини озодликкa чиқaриш тaлaби билaн мaмлaкaт етакчиларига юборилгaн хaт шу кунгача жaвобсиз қолмоқдa.

Human Rights Watch ташкилоти шу йилнинг март ойида Европа Иттифоқи лидерларини Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга қарийб 5 йилдан буён қамоқда қолаётган Азимжон Асқаров масаласида босим ўтказишга даъват этган.

Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш масаласи Атамбаев 2012 йилда Германияга бориб, канцлер Ангела Меркел билан учрашган пайтда ҳам кўтарилган эди.

- Биз Азимжон Асқаров масаласида узоқ гаплашдик. Мен Қирғизистон демократик давлат бўлишни хоҳлаётганидан келиб чиқиб, бу ишни президент эмас, суд кўриб чиқиши шарт деб ҳисоблайман. Бу ҳолат демократияга асосланган ҳар қандай давлатга хос бўлган кўринишдир, -деб билдирган эди Атамбаев Ангела Меркел билан учрашувидан сўнг.

Орадан кўп ўтмай Amnesty International, Human Rights Watch каби қатор халқаро ташкилотларнинг Азимжон Асқаровнинг зудлик билан озод этиш чақириқларига жавобан эса Атамбаев “Асқаровнинг айбсизлигига далил-исботлар йўқ” қабилида жавоб берган.

Қирғизистон Олий суди эса 2013 йилнинг 16 октябрида Азимжон Асқаров тергов давомида қийноқларга солингани юзасидан аризани кўриб чиқишдан бош тортган эди.

Азимжон Асқаров 2011 йилнинг мартида People in Need ҳуқуқ ҳамжамиятининг Homo Homini, 2012 йилда Журналистларни ҳимоля қилиш қўмитасининг Халқаро матбуот эркинлиги мукофоти билан тақдирланган.

Маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаров ишига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида унинг суратлар кўргазмасини ўтказиб келади. Қуйида 2014 йил июнида уюштирилган Асқаров суратлари кўргазмасидан видеорепортажни кўришингиз мумкин (Озодлик архивидан).

Бишкекда умрбод қамалган Азимжон Асқаров суратлари кўргазмаси бўлиб ўтди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:31 0:00

XS
SM
MD
LG